1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари (6-қисм)

17:45 / 21.02.2018 3827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5. Ҳолидан хабар топиш учун ғийбат қилиш. Мен айтаманки, одамларнинг ёмон сифатлари ва ярамас ишларини олим, зоҳид, имом ёки пайғамбар каби улуғ зотлар олдида (булар ўша ишни қиладиган одам ҳақида бирор нарса гапирсалар, биз хабардор бўлиб қолар эдик деган мақсадда) айтиш жоиз. Чунончи, саҳобийлар розияллоҳу анҳум одамларнинг ёмон сифатлари ва ярамас ишларини Пайғамбар алайҳиссаломга айтар, лекин уни айтишдан мақсадлари бир мусулмонни таҳқирлаш ёки камситиш бўлмай, балки шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитиб, у одамнинг ҳолини баён қилсалар ва бизларни хабардор айласалар деган мақсадда бўлар эди.

Ҳикоя. Саҳобийлар розияллоҳу анҳум бир аёлнинг бахил эканини зикр қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, унда нима яхшилик бор?!» дедилар.[1]

Демак, саҳобалар бир аёлнинг бахиллигини айтиш орқали бахил кишида умуман яхшилик бўлмаслигини билиб олдилар. Яхшилик ва эзгуликдан бутунлай холи бўлган инсоннинг жаннатга кира олмаслиги эса ҳаммага маълум.

 

Бахил ар бувад зоҳиди баҳру бар,

Беҳиштий набошад ба ҳукми хабар.

 

Назмий маъноси:

 

Бахил бўлса денгизу ер зоҳиди,

Дейди ҳадис: йўқ унга жаннат ҳиди.

 

Насрий баёни: Бахил, гарчи у денгиз ва қуруқликнинг зоҳиди бўлса ҳам, ҳадисдаги хабарга кўра, жаннатий бўла олмайди.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан бир жаноза ўтиб қолди. (Саҳобийлар розияллоҳу анҳум) ўша маййитни мақташди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вожиб бўлди», дедилар. Кейин яна бошқа бир жаноза ўтиб қолган эди, бу маййитни ёмонлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Вожиб бўлди», дедилар. Шунда саҳобийлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга ҳам, бунга ҳам «Вожиб бўлди» дедингиз?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Сизлар айтган гап) қавмнинг гувоҳлигидир. Мўминлар Аллоҳ таолонинг ердаги гувоҳларидир», деб марҳамат қилдилар.[2]

Эслатма. Бу ўринда бир савол пайдо бўлади. Юқорироқда маййитларни ғийбат қилиш ҳаром экани тўғрисидаги ҳадис ва хабарлар келтириб ўтилди. Зеро, инсон вафот қилгандан сўнг унинг марҳум (раҳм этилган) ёки малъун (лаънатланган) экани ҳеч кимга маълум эмас. Шундай экан, саҳобалар нима сабабдан маййитларни ғийбат қилишган ва нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб туриб, индамаганлар? Бу саволга жавоб беришда кўп одамлар ҳайрон ва лол бўлиб қолган. Аллома Азизий «Жомеъи сағир»нинг шарҳида: «Саҳобалар ғийбат қилган киши ҳаётлик чоғида фосиқлардан бўлган бўлса керак, шунинг учун уни ўлганидан кейин ғийбат қилишган. Зеро, фосиқни ғийбат қилиш дурустдир», деб ёзади. Мен айтаманки: «Бу жавобга икки жиҳатдан эътирозим бор. Биринчидан, бирорта ривоятда саҳобалар ёмонлаган ўша маййит фосиқ эди деб очиқ-ойдин айтилмаган. Иккинчидан, ўликларни умуман (ҳаётлигида фосиқ ёки зоҳид бўлиб яшаб ўтганидан қатъи назар) ғийбат қилиш мумкин эмас. Тўғри, фосиқларни ғийбат қилиш, айбларини баён қилиш ёки ўлганидан кейин унга бўлаётган азобдан тирикларни қўрқитиш мақсадида гапириш дуруст. Чунончи, бунинг тафсилоти, иншааллоҳ, келтирилади. Саҳобаларнинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида маййитнинг айбларини айтишдан мақсадлари бирор кишини қўрқитиш ёки огоҳлантириш эмас эди. Шундай экан, уни ғийбат қилиш нима учун дуруст бўлди? Мен: «Саҳобалар тарафидан бўлган бу ғийбат инсонни хорлаш ёки таҳқирлаш мақсадида эмас, балки Пайғамбар алайҳиссалом шу борада, яъни ўша инсоннинг у дунёдаги аҳволи ҳақида бирор нарса десалар, ундан фойдаланиб қолиш мақсадида бўлган», деб ўйлайман.

Ҳикоя. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг айтишича, фалончи аёлнинг намоз, рўза ва садақаси жуда кўп экан, лекин у қўшниларига тили билан озор берар экан», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аёл дўзахда», дедилар. У одам яна: «Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи аёлнинг эса рўза, садақа ва намози кам экан, пишлоқнинг майда бўлакларинигина (яъни жуда оз нарсани) садақа қилар экан, лекин қўшниларига тили билан озор бермас экан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аёл жаннатийдир», дедилар.[3]

Эслатма. Баъзи мазҳабларга кўра, кишининг дини билан боғлиқ айбларини баён қилишда бирор зарар йўқ. Улар бу фикрларига саҳобалар баъзи одамларнинг амалидаги диний камчиликларни ғийбат қилганлари, уларнинг ёмон сифатларини гапирганлари ҳамда бунинг ҳадисларда ривоят қилинганини далил қилиб келтиришади. Лекин саҳиҳ гап шуки, кишининг динига алоқадор айбларини ғийбат қилишдан қандайдир фойда назарда тутилсагина, бундай қилиш дуруст бўлади. Чунончи, саҳобийлар розияллоҳу анҳумнинг ғийбати ҳам худди шундай бўлган. Акс ҳолда бу тўғри бўлмас эди. Валлоҳу аълам.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин»; Хароитий, «Макоримул ахлоқ», 1348-саҳифа.

[2] «Сунани Ибн Можа», 1491-ҳадис.

[3] «Мишкотул масобиҳ»нинг «Халққа шафқат қилиш» бобида Аҳмад ибн Ҳанбалдан нақл қилинган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббингиз .Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар,, ndash деди.Аллоҳга банда давоми...

4136 20:38 / 03.10.2017
Араб тилида паст овозга далолат қилиш учун .васваса, сўзи ишлатилади. Арабларда .нафси васваса қилди, деган ибора ҳам бор.Васвасанинг яна бир маъноси давоми...

5134 17:26 / 08.07.2017
Аллоҳ бандаларига латийфдир. У Ўзи хоҳлаган кишига ризқ берур. У ўта қувватлидир, ўта иззатлидир.Бандалар такаббурлик ила куфр келтириб, қиёмат кунини инкор этиб, давоми...

2881 20:31 / 03.10.2017
Ва одамлардан .Аллоҳга иймон келтирдик,, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар давоми...

3096 22:04 / 23.02.2018