1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ғарар

05:00 / 17.02.2017 3337 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таърифи: «Ғарар» луғатда хатар маъносини билдиради

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар савдосидан қайтарганлар. (Муслим ривояти. 10/157).

Фиқҳий истилоҳга кўра, ғарар эҳтимол, шак ва иккиланиш маъноларини англатади. Киши ғарарда қилаётган ишининг ҳосил бўлиш бўлмаслигини била олмай, иккиланиб қолади. Моликий уламоларининг баъзилари ғарарга таъриф бериб:

“У мақсад ҳосил бўлиши ёки ҳосил бўлмаслиги каби икки ишнинг ўртасида тараддудланиб қолишдир”, дейишади.

Баъзи шофеъийлар: Ғарар икки иш ўртасида тараддудга тушишдир ёки икки ишнинг эҳтимолини билмаслик, гумоннинг кўпроғи ишнинг бўлмайдиган (хатарли) томонидир”, дейдилар.

Ҳанафий уламоларнинг айримлари: Ғарар ишнинг вужудга келиши ёки келмаслиги ўртасида туриб қолишдир. Бу шак мақомидир”, деган таърифни берадилар.

Сувдаги балиқнинг, учиб юрган қушнинг, ҳомиланинг бўлажак ҳомиласининг, қочиб кетган ҳайвоннинг савдолари ғарар савдосига мисол бўлади. Бу ерда мулк қилиш мумкин бўлган балиқ ва қушни айтилмоқда. Агар мулк қилиб бўлмайдиган нарсалар бўлса, унинг савдоси мутлақ жоиз эмас.


Ғарарнинг турлари.

1. Мавжудлигидаги ноаниқлик, яъни ғарар; Бунинг мисоли ҳозирда йўқ ва ҳали ясалмаган нарсанинг савдоси;

2. Ҳосил бўлишидаги ноаниқлик, яъни ғарар; Бунинг мисоли қўлида йўқ нарсанинг савдоси;

3. Миқдордаги ноаниқлик; Ғаввоснинг бир шўнғишини ёки овчининг бир отишини савдо қилиш;

4. Жинсдаги ноаниқлик; Чегараланмаган савдо молини олди-сотдиси;

5. Сифатдаги ноаниқлик; Сифатини айтмай гуруч ёки шунга ўхшаш нарсаларни савдо қилиш;

6. Муддатдаги ноаниқлик; Насия савдосида нархни ёки савдо молини қачон топширишни белгиламаслик;

7. Макондаги ноаниқлик; Молни қаерда беришни таъйинламасдан савдо қилиш;

8. Таъйин қилишдаги ноаниқлик; Икки хил кийимни бирини таъйин қилмасдан сотиш; 

(ал-Фуруқ лил-Қурофий. 3/265).

Эвазли муомалалардаги ва хайрия ишларидаги ғарар.

Эвазли муомала бир томоннинг нарсасига бошқа томон эваз беришидир. Демак, у икки эвазнинг ёки икки бадалнинг айрбошлашдир. Савдо ва ижара шу жумлага мансубдир.

Аммо хайрияда бир томоннинг нарсасига иккинчи тараф эваз қайтармайди. Демак, бунда муқобилига эваз талаб қилмасдан мол сарф қилинади. Ҳиба (ҳадя), ато, мадақа ва бошқалар хайриялар жумласидандир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғарар савдосидан қайтарганлари маълум. Савдо эвазлик шартнома бўлиб, хайрия шартномасига кирмайди. Шунинг учун, фуқаҳоларимиз, хусусан, моликийлар эвазлик шартномалардаги ғарар кечирилмаса-да, хайрия муомалаларида ғарарни кечириш мумкинлигини айтганлар. Чунки, хайрия муомалалари яхшилик, эҳсон ва кенгчилик асосида қоим бўлади. Олди-сотдилар эса, тўғрилик ва аниқликни талаб қилади. 

Агар бир киши бошқасига, шу хонадаги нарса сенга ҳадя, деса, дуруст бўлади. Лекин шу хонадаги нарсани сенга сотдим деса, жоиз бўлмайди. Чунки, харидор нимага қанча нарх тўлаётганини билиши шарт. 

Шунингдек, агар бир киши сигирнинг елинидаги сутни, ҳайвоннинг ҳомиласини, дарахтнинг мевасини, қочиб кетган туясини, икки кийимдан ёки икки отдан бирини совға қилдим, деса дуруст бўлади. Савдоси дуруст бўлган ҳар қандай нарсанинг ҳадяси ҳам дурустдир. 

Аммо ҳадя қилиш мумкин бўлган ҳар қандай нарсанинг савдоси дуруст бўлавермайди. Бошқача қилиб айтганда, савдода кечирилмайдиган ноаниқлик ҳибада кечирилади. Хайрия ишларида шартларни кўпатирмай, рухсатни кенгайтирилса, яхшилик ва эҳсон эшиклари кўпроқ очилади.


Тобеълардаги ноаниқлик

Сотилаётган нарсанинг айнан ўзидаги ноаниқлик, яъни, ғарар манъ қилингандир. Аммо унинг тобеъларидаги (унга боғлиқ нарсалардаги) ноаниқлик кечирилган. Шундан қуйидаги фиқҳий қоида келиб чиқади: Тобеъларда кечириладиган ноаниқлик, бошқа нарсаларда кечирилмайди.

Ҳайвоннинг елинидаги сутни сотиш жоиз эмас, лекин ҳайвоннинг ўзига тобеъ қилиб уни сотса бўлади. Яъни, сути эътиборидан унинг баҳосини зиёда қилса бўлади. Шунингдек, ҳомилани сотиш жоиз бўлмасада, лекин уни ҳайвонга тобеъ қилиб сотишлик мумкин. Яъни, ҳомиласи эътиборидан унинг баҳосини зиёда қилса бўлади.


Кўп ва оз ғарар

Уламолар озгина ноаниқлик  эмас, балки кўп ноаниқлик манъ қилинган эканида иттифоқ қилишган. Улар кўп ноаниқлик қанча бўлиши тўғрисида ихтилоф қилишган. Кийимни ўзини кўриб, ичини кўрмаслик, уй савдосида унинг асбоб-анжомларини кўрмаслик енгил ноаниқлик эканига иттифоқ қилишган. Кўп ноаниқликка, ғаввоснинг бир шўнғишида чиққан нарсанинг савдоси, ҳомиланинг ҳомиласининг савдоси, ноаниқ муддатга тузилган насия савдо кабилар киради. савдосида, Пиёз ва турпга ўхшаш, ерда кўмилиб турадиган экинлар ва пўчоғи остида махфий бўлган банан ва писта кабиларнинг савдосида ихтилоф қилишган. Савдо бозор нархи билан бўлиши керак.

Уламоларнинг шаръий далил собит бўлган нарсаларда иттифоқ қилишгани юқоридаги мисоллардан маълум бўлади. Баъзилар, кўп ноаниқлик шартномадаги нарсанинг асосий сифатларини номаълумлигидадир, дейишган. Енгил ғарар эса, кишиларнинг урфларида эътибори кам бўлган нарсаларда содир бўлади. Ушбу меъёр кишиларнинг турмуш тарзи, аҳволлари, яшаётган даврлари ва дунё қарашлари асосида маълум бўлади. Ғарарнинг миқдорини турли замон ва макон эътибори билан кишиларнинг ўзи белгилаб олишади.


Сақланиш имконияти йўқ ғарар: Манъ қилинган ғарарнинг чегараси:

Баъзи фуқаҳоларнинг сақланиш мумкин бўлган ёки сақланиш мумкин бўлмаган ғарар деган таъбирлари кўп ва оз ғарар таъбиридан кўра яхшироқдир. Чунки, баъзи келишувларда кўп ғарардан сақланишнинг имконияти бўлмайди. Мисол учун, мардикорни кунлик ишига ҳақ таъйин қилиш. Бунда мардикорнинг қанча миқдорда иш қилиши ноаниқ, шу билан бирга, ноаниқликдан сақланишнинг имкони йўқ. Кишилар бундай келишувларга муҳтож бўлганларидан унга ижозат берилган. Бунга ижозат берилмаса, кўпчиликнинг иши олдинга юрмайди. 

Аммо оз ноаниқлик бўлса-ю, лекин ундан сақланиш мумкин бўлса, бу ғарар кечирилмайди. Шундай экан сақланишнинг имкони йўқ ёки сақланиш ниҳоятда қийин бўлган ноаниқликларга, яъни, ғарарларга эҳтиёж юзасидан ижозат берилади.

Эҳтиёж - инсонга манъ қилинган нарсанинг рухсати берилмаса, у қийинчилик ва машаққатда қолиб кетишидир.

Зарурат эса, эҳтиёждан кўра қийинроқдир. Инсонга манъ қилинган нарсанинг рухсати берилмаса, у ҳалокатга учраши ёки унга яқин келиши зарурат дейилади. Яъни, ўз жонининг ҳалокатга тушишига яқин ёки зонн жиҳатидан ишонч ҳосил қилган киши заруратда қолган бўлади.

Шуларга кўра баъзи уламолар ғарарни уч қисмга ажратадилар:

1. Сақланиш қийин бўлган ноаниқлик; 

Писта, ўрмон ёнғоғи, анор ва қовун кабиларни пўчоғи билан сотиш. Бу авф қилингандир;

2. Сақланиш қийин бўлмаган ноаниқлик авф қилинмайди;

3. Юқоридаги икки турнинг ўртасидаги ноаниқлик; 

Бунда уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилар буни биринчи турга киргизишса, бошқалари иккинчи турга киргизишни маъқул кўришган. (ал-Қоваидул Кубро. Ибн Абдуссалом. 2/15).

Эҳтиёж йўқ ноаниқликдан сақланиш мумкин бўлади.  Шунга кўра ҳаром қилинган ноаниқликнинг чегараси белгиланади.

Эҳтиёж борлиги билан бирга сақланиш мумкин бўлмаган ғарар;

Эҳтиёж борлиги билан бирга сақланиш машаққат бўлган ғарар;

(Яъни бири сақланиш узрлик, иккинчиси сақланиш қийин бўлган ғарар).

Шунга кўра ҳожат учун ғарар кечирилади. Зарурат пайтида рибо кечирилганидек. Эҳтиёж ва зарурат ўзининг миқдорига қараб белгиланади. Айрим фуқаҳолар шунга биноан ғарарнинг зарари рибонинг зараридан камроқдир дейдилар. (Фатаво Ибн Таймия. 29/25).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаким Ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу айтадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб Менга бир киши ўзимда йўқ нарсани сотишни сўраб келади. давоми...

3666 05:00 / 17.02.2017
Ибодатга фориғ бўлишАбу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Аллоҳ таоло айтади Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. давоми...

4944 05:00 / 17.02.2017
Баъзи инсонлар .Ношаръий солиқларни зулм, жабр ёки шариатга хилоф деган даъво ила имкон қадар адо қилмаслик керак, дейишади. Аслида бу тўғри даъво эмас. Ибн Таймия давоми...

2723 05:00 / 17.02.2017
.Ижара, сўзи луғатда ажр, берилган ҳақ маъноларини билдиради.Шариатда эса .Маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага давоми...

5500 14:11 / 22.09.2017
Аудиолар

118753 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40711 14:35 / 11.08.2021