1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фоний дунё муҳаббати (Биринчи мақола)

11:59 / 08.08.2018 6206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фоний – ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш энг аянчли маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади. Албатта, фоний дунёга берилиб, унга муҳаббат қўйиб охиратни унутиш оғир дард саналиб, унинг оқибати жаҳаннам билан ниҳояланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буни қаттиқ қоралаган. Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз ила мулоқот бўлишини умид қилмаганлар ва бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар, ана ўшаларнинг жойлари, қилган касблари туфайли, жаҳаннамдир», деган («Юнус» сураси, 7–8-оятлар).

Қиёматда Аллоҳга мулоқотда бўлишдан умидсизлар «бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар»дир.

Уларнинг фикри-зикри беш кунлик дунё ва унинг лаззатидадир. Шу билан овуниб, хотиржам бўлишади. Уларнинг энг катта айблари ва сифатлари Аллоҳнинг оятларидан ғофил бўлганларидир. Шу боис, улар ҳар қандай ёмонликдан тап тортмайдилар. Натижада:

«Ана ўшаларнинг жойлари, қилган касблари туфайли, жаҳаннамдир».

Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида: «Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас», деган (20-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини «ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнат», деб таърифламоқда.

«Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан» иборат. Чиндан ҳам одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаёққа қарасангиз, одамлар кийим-бош, емоқ-ичмоқ, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.

Бу дунё ҳаёти яна,

«ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир».

Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, хасабу насаблари билан фахрланишган, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган.

Аслида эса, бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқат Қуръони Каримда ғоятда очиқ, тушунарли тарзда келтирилган. Шу ўринда, кўпчилик эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилади.

«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир.”

Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса, бу ҳол ўткинчидир.

«Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир».

Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.

Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак.

«Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».

Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор.

«Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас».

Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳою ҳавасдан устун бўлишга даъватдир.

Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амаллари(самараси)ни тўлиқ берамиз. Улар бунда камситилмаслар», деган (15-оят).

Аллоҳ таоло бу дунёда у мўмин бўладими, кофирми, ҳаммага бераверади. Бу дунёнинг ободлиги ҳам шунда. Ким дунёда қўлидан келган ҳаракатни қилса, ҳаракатига яраша самара ҳам олади. Бу дунё ва унинг зийнатига эришишни истаб, ўзини урган одам ўшанга эришади. Чунки Аллоҳ бу борадаги амалларнинг самарасини тўлиқ беришни ваъда қилган. Ҳаракатга яраша ҳосил олинади, ҳеч кимнинг меҳнати самараси камайтирилмайди.

Аммо: «Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди» («Ҳуд», 16-оят).

Чунки улар охират ҳаёти учун ҳеч нарса қилганлари йўқ. Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ишонгани, ибодат қилгани ва шариатга бўйсунганлари йўқ. Улар фақат бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатига эришишни умид қилган, шунинг учун амал қилган эдилар, орзуларига эришдилар.

«Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир».

Бу дунёда қилган амаллари, молу мулки, зебу зийнати-чи, дерсиз? Бу саволингизга жавоб ояти кариманинг иккинчи ярмида келган:

«Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди».

Охират учун улар ҳеч қандай фойда бермади. Чунки иймон бўлмаса, ҳеч бир амал мақбул эмас. Агар улар иймон билан ҳаракат қилганларида, яъни, дунё учун қилган амалларини ҳам иймонли бўлган ҳолда бажарганларида охиратда улуғ мақомларга эришган бўлур эдилар.

Қолаверса, охират учун бўлган ҳаракат ҳеч қачон бу дунёни тарк қилишни тақозо этмайди. Инсон иймонли бўлса, бир ҳаракат билан бирйўла икки дунёнинг бахтига эришади.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Ким шошган(дунё)ни истаса, унга бу дунёда ирода қилган кишимизга нимани хоҳласак, шошилинч берурмиз. Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур», деган (18-оят).

Кимки бошқа нарсани хоҳламасдан, ушбу ўткинчи, беш кунлик дунё учун яшамоқчи бўлса, Аллоҳ унга бу дунё насибасини шошилинч тарзда беради. У киши бу дунёда истаган нарсасига эришади. Аммо охиратига ҳеч нарса қолмайди.

Улар бу дунёнинг ҳою ҳавасларига берилиб, шаҳват ва лаззат ортидан қувиб, ҳаётларини гуноҳ қилиш билан ўтказадилар. Энди жаҳаннамда ўша гуноҳларига яраша азоб чекадилар.

Бу дунёга ружуъ қўйиб охиратни унутишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қаттиқ қоралаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг қамоғи ва кофирнинг жаннатидир», дедилар».

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга охиратда берадиган жаннат ва унинг неъматлари олдида бу дунёнинг роҳат-фароғатлари қамоққа ўхшаб қолади. Шунингдек, Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларга охиратда берадиган дўзах ва унинг азоблари олдида бу дунёнинг роҳат-фароғатлари улар учун жаннатга ўхшаб қолади.

Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўзи ўлган қўйнинг устида турган гуруҳда бўлган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шуни аҳли арзимас нарса сифатида ташлаб юборган деб ўйлайсизларми?» дедилар.

«Арзимагани учун ташлаб юборишганда, Эй Аллоҳнинг расули,», дейишди.

«Дунё Аллоҳ учун мана шу аҳлига бўлгандан ҳам арзимас бир нарсадир», дедилар».

Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилган

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар дунё Аллоҳ наздида чивиннинг қанотича қимматга эга бўлганида кофирни ундан бир хўплам сув билан ҳам суғормас эди», дедилар».Термизий ривоят қилган.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирган кофирларга ҳам бу дунё неъматларини бераверади. Агар дунё Аллоҳ таолонинг наздида бирор қимматга эга бўлганида, кофирга ундан ҳеч нарса берилмас эди. Чунки у ўзининг куфри ила бирор қимматли нарсага эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

Шу боис Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлар ҳам молу дунё тўплаш ила Аллоҳ таолони рози қила олмайдилар. Аммо ўша молу дунёни Аллоҳ таолони рози қиладиган равишда тўплаб, сарфлаш ила савоб касб қилиш мумкин.

Бани Феҳрнинг биродари Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё охиратда бирингиз панжасини денгизга солгани мислича ҳам эмас. Бас, нима ила қайтишига назар солсин», дедилар».Термизий ривоят қилган.

Агар банда бутун оламдаги молу дунёни тўплаб охиратга олиб келса ҳам унга бирор фойда бермайди. Агар бутун оламдаги молу дунёни тўплаганда ҳам охиратда худди денгизга бир панжани солганда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагандек тураверади. Шунинг учун ҳар бир банда бу дунёда охиратга нима билан қайтишига назар солмоғи лозим. Агар охиратда бирор мақомга эришиш нияти бўлса ўшанга лойиқ иймон, ибодат ва амали солиҳларни қилиши керак. Жумладан молу дунёни ҳам ўша мақсадда ишлатиши зарур.

Islom.uz архивидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жума муборак бўлсин

9566 17:09 / 12.01.2018
Бир киши хотини билан қовурилган товуқ еб ўтирар эди. Кимдир эшикни тақиллатиб, .Хайрсадақа қилинг, ночор, мусофир одамман,, деди. Эр ғазаб билан чиқиб, тиланчини давоми...

1240 08:00 / 28.10.2020
Шариатда .таварруқ савдоси, деган молиявий муомаланинг ҳукми ҳам баён қилинган. Бу каби савдони бизда .реализацияга мол олиш, дейишга одатланилган. Ушбу савдо икки давоми...

1912 12:30 / 31.07.2019
Ассалому алайкум азиз юртдошим Бугундан 1442 ҳижрий сана, Зулҳижжа ойининг ўн кунлиги бошланди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ давоми...

1544 11:00 / 15.07.2021
Аудиолар

120112 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41778 14:35 / 11.08.2021