1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзандларга яхшилик қилиш

19:45 / 12.07.2017 3911 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4524. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганида у зот Ҳасан ибн Алини ўпдилар. 

Шунда у:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва:

«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон эдилар. У зот ўз набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.

Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва ушбу муносабатнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёш болаларни ўпиб туришлари. Бундан бошқалар ҳам бу ишни қилишлари жоизлиги келиб чиқади.

2. Боласини ўпиш унга раҳм кўрсатиш экани.

3. Киши  бировга,  хусусан,  ўз боласига раҳм қил­маса, Аллоҳ таоло ҳам ўша кишига раҳм қил­маслиги.

4525. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ри­воят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, сонларига ўтирғизар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтирғизар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб:

«Аллоҳим! Иккисини раҳм қилгин! Албатта, мен уларга раҳм қилурман», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Бировнинг боласини ҳам қучоғига олиб ўтириш мумкинлиги.

2. Икки болани қучоққа олиб ўтириш жоизлиги.

3. Аллоҳ таолога болаларга раҳм қилишни сўраб, дуо қилиб туриш кераклиги.

4526. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бундан болаларни ўпиб туриш қалбда раҳмат борлигининг аломати экани келиб чиқади. Аксинча, болаларни ўпмаслик Аллоҳ таоло ўша одамнинг қалбидан раҳматни суғуриб олганининг аломатидир.

4527. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ҳузуримга бир аёл ўзининг икки қизи билан тиланчилик қилиб келди. У менда бир дона хурмодан бошқа нарса топмади. Бас, мен ўшани (унга) бердим. У эса уни икки қизига бўлиб берди. Сўнгра туриб, чиқиб кетди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Мен у зотга сўзлаб бердим. Шунда у зот:

«Ким ушбу қизлардан бирор нарса ила синалса, у уларга яхшилик қилса, улар унга дўзахдан парда бўлурлар», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ўша вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг оилалари қанчалар содда, оддий ва камтарона ҳаёт кечирганлари билан танишмоқдамиз. Қаранг, шундай улуғ зотнинг уйларида тиланчига бериш учун бир дона хурмодан бошқа нарса топилмаса! Ўша бир дона ҳам ҳақдорга берилди.

Ўша тиланчи аёл ҳам бу ишни ночорлигидан қилаётган экан. Дарҳол ўша бир дона хурмони икки қизига бўлиб берди. У ўша қизлари учун яхшилик қилди ва Набий алайҳиссаломдан у дунёда дўзах ўтидан пардаланиш ваъдасини олди.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўта камтар ва камбағал ҳаёт кечирганликлари.

2. Ўша пайтда ночорликдан қизларини эргаштириб, тиланчилик қилиб юрган аёллар бўлганлиги.

3. Ҳақдор тиланчи келганида бир дона хурмо бўлса ҳам бериш кераклиги.

4. Оналар қизларга меҳрибон бўлишлари зарурлиги.

5. Қиз фарзандга яхшилик қилиш алоҳида тақдирга сазовор иш экани.

6. Қиз фарзандга кўрсатилган яхшилик ўша яхшиликни қилган шахс учун қиёматда дўзахдан парда бўлиши.

Демак, қиз фарзанди бор кишилар уларга кўпроқ яхшилик қилмоқлари керак экан.

4528. Муслим ва Термизийнинг ривоятида:

«Ким икки қизнинг оғирини то улар вояга етгунларича кўтарса, мен у билан бирга худди мана бу иккисига ўхшаб, жаннатга кираман», дедилар».

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига жуфтлаб туриб, шу сўзни айтганлар. Албатта, биттами-иккитами, қизни тарбиялаб, вояга етказиб, жойларини топиб, жойлаш осон иш эмас.

Одатда кишиларнинг табиатида ўғил фарзандга нисбатан мойиллик бўлиб туради. Қизларга эса исломий тарбия кўрмаган кишиларда бир оз
эътиборсизлик бўлади.

Шунинг учун ҳам шариатимиз таълимотларида қизлар тарбияси учун қилинган ваъдаларга алоҳида урғу берилган. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам икки қизни тарбиялаб, вояга етказган кишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда жаннатга кириш ваъда қилинмоқда. Аллоҳ таоло ўшалардан бўлишни насиб этсин.

4529. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса, ёхуд икки қизи, ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан киши ўз қиз фарзандлари тарбияси учун қанчалик савоб олган бўлса, сингилларининг тарбияси учун ҳам шунчалик савоб олишини билиб оламиз.

4530. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг ҳузурида бир қиз бола бўлса-ю, уни тириклай кўмиб юбормаган, таҳқирламаган ва ўғлини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Исломдан олдинги жоҳилиятнинг одатига биноан, қизлар ор келтиради, деган ўй билан уларни тириклай кўмиб юборадиганлар ҳам бўлар эди. Ислом бу ваҳшиёна одатни ботил қилди ва қизларнинг тарбиясига катта эътибор берди.

Шунингдек, авваллари қиз болани хорлаш одат тусига кириб қолган эди. Ислом бу ёмон ишни ҳам ботил қилди ва қизларни алоҳида эъзозлашни йўлга қўйди.

Жоҳилият жамиятида ўғил бола қиз боладан устун қўйилар эди. Ислом ҳамма болаларга бирдек қарашни йўлга қўйди.

Исломда қизларга эътибор билан қараш – жаннатга элтувчи амал деб баҳоланди.

4531. Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Солиҳа аёл Хавла бинти Ҳаким айтадики, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қизларининг икки ўғлидан бирини қучоқларида олиб чиқиб: «Албатта, сизлар бахил қиласизлар, қўрқоқ қиласизлар ва жоҳил қиласизлар. Албатта, сизлар Аллоҳнинг райҳонидансизлар», дебдилар».

Шарҳ: Ота-она кўпинча нима қилса ҳам, болам-чақам деб қилади. Кўпгина пайтларда ўзи учун қилмаган нарсани ҳам боласи учун қилади. Ушбу ҳақиқатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида баён қилмоқдалар.

«Сизлар бахил қиласизлар».

Дарҳақиқат, киши боламга бўлсин деб, кўп нарсаларни бировларга бермай, бахиллик қилиб, сақлаб туради. Боламни боқаман, кийинтираман, тарбиялайман деб бахиллик қилади. Болам ўз тенгқурлари ичида ўксимасин, унга у олиб берай, бу олиб берай, деб бахиллик қилади. Боламни ўқитаман, касбли-ҳунарли қиламан, деб бахиллик қилади. Боламни оилали қиламан, уйли-жойли қиламан, деб бахиллик қилади. Боламга мендан кейин бирор нарса қолсин деб, бахиллик қилади.

«Қўрқоқ қиласизлар».

Одам боласи ўзи учун қўрқоқлик қилмаса ҳам, боласи учун қўрқоқлик қилади. У менга бир нарса бўлса, болам етим қолмасин деб, ўзини баъзи савобли ишлардан ҳам олиб қочади.

«Жоҳил қиласизлар».

Одам ўз боласига яхшилик қиламан, деб билганини билмасликка олади. Кўпгина нарсалардан жоҳил қолади. Ушбу нарсаларнинг барчаси фарзанд учун қилинади. Чунки, эй фарзандлар!

«Албатта, сизлар Аллоҳнинг райҳонидансизлар».

Киши райҳонни кўриб, уни ҳидлаб, қанчалик баҳра олса, болаларини кўриб, улардан ҳам яхши баҳра олади. Зотан, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, болалар оддий инсон эмас, Аллоҳнинг райҳонларидир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ўзининг суюкли Пайғамбарини мақтаб, у зотга берган улуғ неъматини шундай эслатади quotАлбатта Сиз улуғ хулқ устидадирсизquot. Оиша розийаллоҳу анҳо давоми...

3740 05:00 / 15.02.2017
Мукофотлаш ва жазолаш йўлларини бир меъёрда қўллаш. Шунда тиришқоқ ўқувчининг ғайрати ва рағбати ошади, дангасалар эса жон куйдиришга мажбур давоми...

3952 13:34 / 25.02.2018
Бир куни бир одам янги олган машинасини созлаш билан машғул бўлиб турганда, олти ёшли ўғли ердан тош олиб, машинанинг ён тарафига чизиб, тирнади. Буни кўрган давоми...

3142 05:00 / 16.02.2017
УЧИНЧИ САБОҚФАРИШТАЛАР ҲАҚИДААссалому алайкум, ширинданшакар дилбандларим Ўтган машғулотда берилган калимани ёдлаб бўлдингизми Қани, айтиб берингчи Баракалло давоми...

2579 17:11 / 15.02.2017
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021