1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбияси (3-дарс)

20:19 / 26.11.2017 4783 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота Маҳмуд ва Фотимадан ҳолларини ва мактабда нималар қилганларини сўраш ила дарсни бошлади. Сўнгра АЛЛОҲнинг китоби – Қуръони каримдан ёд олганларини текширди. Шундан сўнг ота: “Фарзандларим, уйқудан олдин ўқиладиган дуони ёдлаб олдингизларми?” деди.

Фотима: “Уни ёдлаб, уйқуга ётишдан аввал ўқидим”, деди.

Маҳмуд: «АЛЛОҲ сизни яхшилик билан мукофотласин, отажон. Уйқуга кетиш дуоси ва одобларини ўргатиб қўйдингиз... Эрта ётиб фойда кўрдим ва сокин ҳолда ухладим», деди.

Ота: «Яхши, ўғлим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир яхшиликни қолдирмай, ҳаммасига бизни далолат қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишлар яхшиликнинг ҳаммасидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишлар яхшиликларнинг яхшилигидир», деди.

Фотима: «Отажон, уйқуга кетаётганда шундай гўзал дуо бор экан, уйғонганда айтиладиган шунга ўхшаш дуо борми?» деди.

Ота деди: «Барокаллоҳ, эй Фотима! Ҳа, бор, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан турганларида шундай деганлар:

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ

“Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйаанаа баъда маа аматанаа ва илайҳин нушур” («Жонимизни олгандан сўнг бизни тирилтирган АЛЛОҲга шукр, мақтовлар бўлсин ва қайтиш Унгадир»).

(Имом Бухорий, Абу Довуд ривояти.)

Фотима: «Иншааллоҳ, ҳар уйқудан уйғонганимда шу гўзал дуони ўқиш учун уни ёдлаб оламан», деди.

Ота деди: «Бугун, суюклиларим, мавзуимиз Ислом асосларининг иккинчиси бўлган намоз ҳақида. Намоз – бу банданинг барча айбу нуқсонлардан пок, улуғ Роббиси билан боғланишидир... Банда намозда Роббисига муножот қилади... такбир айтади, тасбеҳ келтиради ва намозда хоҳлаган нарсасини Роббисидан сўрайди.

Бир кунда беш вақт намоз бор, улар:

1) Бомдод намози: икки ракат суннат, икки ракат фарз; 

2) Пешин намози: тўрт ракат суннат, тўрт ракат фарз, икки ракат суннат; 

3) Аср намози: тўрт ракат фарз; 

4) Шом намози: уч ракат фарз, икки ракат суннат; 

5) Хуфтон намози: тўрт ракат фарз, икки ракат суннат ва охирги бўлиб ўқиладиган витр намози эса уч ракат.

Ҳар бир мусулмонга беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш мажбурийдир. Намоз солиҳ (яхши) амалларнинг АЛЛОҲга энг суюклисидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “АЛЛОҲга энг суюкли амаллар: ўз вақтида ўқилган намоз ва ота-онага яхшилик қилиш”. 

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти.)

Маҳмуд: «Исломнинг учинчи асоси ҳадиси шарифда келган закотдир», деди.

Ота деди: «Тўғри, ўғлим. Иншааллоҳ, бу ҳақда кейинги дарсда суҳбатлашамиз. Ҳозир эса уловга миниш дуоси ва одобларини ўрганамиз.

1. Қандай улов бўлмасин, самолётми, автобусми, фарқи йўқ, чиқмоқчи бўлинганида биринчи бўлиб Бисмиллаҳ, дейилади. Сўнгра:

سُبْحَانَ الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِيْنَ، وَإِنَّا إلَي رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ

Субҳаналлази саххоро лана ҳаза ва маа куннаа лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун. 

Маъноси: «Бизга буни бўйсундириб қўйган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир. Биз бунга қодир эмас эдик ва биз албатта Роббимизга қайтгувчимиз», дейилади.

2. Тартибга риоя қилинади ва одоб билан ўтирилади, ҳеч кимни сиқиб қўйилмайди.

3. Уловнинг ойнасидан бош чиқарилмайди.

4. Уловнинг ичига ахлат ташланмайди.

5. Улов юриб кетаётганида тушилмайди, бутунлай тўхтагунича кутилади. Тушишдан олдин ҳайдовчига бу ҳақда билдирилади. Бу улов минишнинг баъзи одобларидир. Мана шу ерда, суюклиларим, дарсимиз тугади».


Абу Абдураҳмон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу саҳифа болаларни ахлоқодобли, илм ўрганишга рағбатли, ёмон иллатлардан қочувчи қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, бу саҳифа ҳалолик, поклик, давоми...

3205 05:00 / 15.02.2017
Муборак Рамазон ойининг кечаларидан бир кеча. Бомдод намозидан олдин Маҳмуднинг онаси саҳарлик тайёрлашга турди. Маҳмуднинг отаси эса фарзандларига қарата давоми...

4486 14:01 / 04.12.2017
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 15қисмХУШ ХУЛҚҚА НЕ ЕТСИН Ассалому алайкум, жажжи набираларим, қанду асалларимПайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қандай одам давоми...

4613 05:00 / 16.02.2017
Абдулқуддус амакининг сабоқлариУшбу китобча болаларни ахлоқодобли, илм ўрганишга рағбатли, ёмон иллатлардан қочувчи қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, давоми...

5213 17:09 / 14.03.2017