1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Фаришталар дуо қиладиган кишилар

19:14 / 21.02.2018 6039 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўрарлар: «Роббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин.

Роббимиз, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин. Албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисан, ўта ҳикматлисан.

Ва уларни ёмонликлардан сақла, ўша Куни кимни ёмонликлардан сақласанг, батаҳқиқ, унга раҳм қилибсан. Ана ўша буюк ютуқдир», (дерлар).

Аллоҳ таоло яратган бутун борлиқ ичида арзимаган зарра каби бўлган баъзи паст одамларнинг куфри нима бўлар эди. Уларнинг куфри ўзларига зарар келтиради, холос.

Аллоҳга иймон келтирганлар жуда ҳам кўп. Шулардан баъзилари –

«Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар...»

Аллоҳ таолонинг Аршини инсон идрок қила олмайди. У ҳақда ҳеч нарса билмайди ҳам. Билгани – Аршнинг борлиги, холос. Билгани – ўша Арш улканлигидан уни идрок қила олмаслиги, холос. Шунингдек, инсон Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагиларнинг ҳам ҳақиқатини билмайди. Билгани – Аршни кўтариб турадиган, атрофини ўраб олган зотлар борлигидир. Улар, модомики, Аршни кўтариб турган ва унинг атрофини ўраб олган эканлар, шунга яраша куч-қувват ва мақом-мартабага эгадирлар. Оятда уларнинг яна бир хусусияти васф этилмоқда:

«…Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар…»

Ана ўшандай зотлар Аллоҳ таолога ҳамду тасбеҳ, мақтовлар айтиб, Уни поклаб ёд этиб, иймон келтириб турганларида, баъзи ожиз ва нотавон одамлар ношукрлик қилиб, куфр келтирсалар, нима бўлибди?!

Ана шундай улкан мақомга эришган, Аршни кўтариб турган ва унинг атрофини ўраб олганлар

«...иймон келтирганларга мағфират сўрарлар», дуо қиладилар.

Улар Аллоҳ таолодан мўмин бандаларнинг гуноҳларини кечиришини сўраб, бундай илтижо этадилар:

«Роббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан...»

Сенинг раҳматинг ҳамма нарсадан кенгдир. Сенинг илминг ҳамма нарсани иҳота қилмишдир.

Дуонинг аввалида Аллоҳ таолога мақтов сўзларини айтиш юксак одоб намунасидир. Бундай дуолар тезда қабул бўлади. Аршни кўтариб ва унинг атрофини ўраб турувчи зотлар ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳамма нарсадан кенг эканини ёд этиб, мўминларга раҳмат қилишидан умидвор бўлмоқдалар. Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани – уларнинг дуоларини ҳам, бандалар унинг мағфиратига муҳтож эканликларини ҳам билишини изҳор этмоқдалар.

«...бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин...»

Демак, Аллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлиши мумкин шахслар маълум. Куфрдан, ширкдан, нифоқдан, исёндан, туғёндан қайтиб, Аллоҳ таолога тавба қилганлар шундай кишилардир. Оғзи билангина тавба қилганлар эмас, балки тавбасини эълон этгач, Аллоҳнинг йўлига эргашганлар – ана ўшалар Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазовор кишилардир. Оғзида тавба қилиб, амалда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўлга эргашадиганлар эмас.

«...ва уларни дўзах азобидан сақлагин».

Яъни тавба қилиб, йўлингга эргашганларни дўзах азобидан асрагин. Аллоҳга тавба қилмаган ва Аллоҳнинг йўлига эргашмаганлар дўзах азобига дучор бўлишлари аниқ.

«Роббимиз, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин».

Дўзахдан қутулиш катта бахт. Жаннатга кириш эса бахт устига бахт. Жаннатга ёлғиз ўзигина эмас, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари билан кириш энг улкан бахт. Аммо шу ерда ҳам «аҳли солиҳ бўлганларини», деб, солиҳ амал қилганларгина жаннатга кириши мумкинлиги яна бир бор эслатиб қўйилмоқда.

«Албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисин, ўта ҳикматлисан».

Сенинг Ўзинг Азийзсан – ҳамманинг устидан ғолибсан; биз сўраган нарсани ато қилиш Сен учун жуда осон.

Сенинг Ўзинг ўта ҳикматли Зотсан – ҳар бир ишни ҳикмат билан қиласан.

«Ва уларни ёмонликлардан сақла...»

Роббимиз, уларни қиёмат куни турли ёмонликлардан сақла.

«...ўша Куни кимни ёмонликлардан сақласанг, батаҳқиқ, унга раҳм қилибсан».

Қиёмат куни кимни ёмонликлардан сақласанг, ўша одам Сенинг раҳматингга ноил бўлганига ҳеч шубҳа йўқ. Шунинг учун биз тавба қилиб, Сенинг йўлингда юрган бандаларга шу нарсани тилаб, дуо қилмоқдамиз.

«Ана ўша буюк ютуқдир»(дерлар).

Яъни мағфират қилиниши, жаҳаннам азобидан сақланиши, жаннатга киритилиши ва қиёмат куни ёмонликларидан паноҳ берилиши ҳар бир банда учун буюк ютуқдир.

 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
бешинчи мақола .Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўринга Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми, 6364оятлар. Инсон ва ҳайвон фойдаланадиган ўсимликни олиб давоми...

3412 21:00 / 01.03.2021
Эй одамлар Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар У билан ўзаро сўровда давоми...

5540 15:14 / 07.11.2017
. ,. .Аллоҳга ҳамд Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир куни Набий давоми...

5089 10:01 / 18.06.2018
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни .улуғ имом,, .катта имом, деб номлайди. Ҳақиқатан ҳам, у киши бунга сазовор зот давоми...

4740 15:00 / 10.07.2019
Аудиолар

120119 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41784 14:35 / 11.08.2021