1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Дунёга рағбат қилмаслик ҳақида

20:50 / 23.04.2017 6042 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Даромад манбаини тутишга берилиб кетманглар, яна дунёга рағбат қилиб кетишингизга сабаб бўлмасин».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, бу ҳадиси шарифда ҳамма нарсани унутиб, мол-дунёнинг ортидан қувиб кетмасликка ундалмоқда. Аслида эса ризқ-рўз учун жидди-жаҳд қилиш шариатда матлубдир.

Зотан, Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин» (29-оят).

Ушбу оятда пул-мол сарфи аслида қандай бўлиши кераклиги баён қилинмоқда.

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма».

Яъни «Бахил бўлма». Оятда бахиллик жуда ҳам ажойиб бир тамсил ила васф қилинмоқда. Қўлини бўйнига боғлаб олган одам ҳеч қачон ҳамёнига қўл сола олмайди ва ундан пул олиб, бировга нафақа бера билмайди. Демак, бахил одам «Кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай», деб, қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда.

«Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма».

Яъни «Қўлингни бир йўла ёзиб, бор-йўғингни бошқаларга бериб, тугатиб ҳам қўйма».

«Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин».

Ўйламасдан, борини беҳуда сарфлаб, сариқ чақасиз қолган одам маломатга учрайди. Уни ҳамма маломат қилади. Нотўғри ва ноўрин тасарруфини қоралайди. Шунингдек, вақт ўтгандан кейин, унинг ўзи ҳам қилган ишига пушаймон бўлиб, ҳасрат-надомат чекади. Исломда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушириб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрда адо этилади.

 Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кўпайтирувчилар қиёмат куни озайтирувчидирлар. Илло, кимга Аллоҳ яхшиликни берган бўлса-ю, у ўнгига ва чапига, олдига ва ортига пуфлаган ва у билан яхшилик қилган бўлса, мустасно», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу дунёда мол-дунёни кўпайтирувчилар охиратда савоб ва мартабаларини озайтирувчилардир. Фақат бир тоифа мол-дунёни кўпайтирувчилар ундай бўлмайдилар. Уларга Аллоҳ таоло яхшиликни – мол-дунёни берган бўлади. Аммо улар ўша мол-дунёни ҳар тарафга Аллоҳ таолони рози қиладиган тарзда сарфлайдилар, яъни ўзларига берилган мол-дунёни фақат яхшиликка ишлатадилар. Ана ўшалар охиратда савоб ва даражаларини кўпайтирувчилардир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар одам боласининг икки водий тўла моли бўлса ҳам, учинчисини талаб қилади. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўлдиради. Ва Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади», дедилар».

Шунинг учун мол-дунёга ўч бўлмаслик, Аллоҳ таолони ҳеч қачон унутмаслик керак.

Ибн Зубайр Маккада минбарда хутба қилиб:

«Эй одамлар! Набий алайҳиссалом:

«Агар одам боласига водий тўла тилла берилса ҳам, иккинчисини истайди. Агар унга иккинчиси берилса, учинчисини истаб қолади. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўлдиради. Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади» дер эдилар», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳа, дунёдаги энг бой одам ҳам тўймаётганини кўриб турибмиз. Унинг тўйиш ўрнига янада очкўз бўлиб бораётгани ҳам бор гап. Одам боласи мол-мулкка ўч бўлса, ўлиб, кўзига тупроқ тўлмагунча дунёга тўймай юраверади. Аммо Аллоҳ таоло ўз вақтида ўзини билиб, мол-дунёга эмас, Аллоҳ таолога муҳаббат қўйган банданинг тавбасини қабул қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Динор ва дирҳам бандаси, қатийфа ва хомийса бандаси бадбахт бўлди. Унга берилса, рози бўлади, берилмаса, норози бўлади», дедилар».

Қатийфа – йўл-йўл чизиқли ёпинчиқ, хомийса – қора рангдаги тўртбурчак матодан иборат кийим. Пулга қул бўлган банда бадбахтдир, чунки у пулнинг айтганини қилиб яшайди. Кийим-кечакка қул бўлган банда бадбахтдир. У ҳам кийим-кечакнинг айтганини қилиб яшайди. Улар эса бандага ҳеч қачон яхшиликни айтмайди. У ўзига динор ва дирҳам берилсагина, рози бўлади. У ўзига қатийфа ва хомийса берилсагина рози бўлади. Акс ҳолда норози бўлиб ўтади. Мана шу унинг бадбахтлигининг аломатидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар менинг Уҳуд тоғидек олтиним бўлганида ҳам, уч кеча ўтмай туриб ҳузуримда ундан бирор нарса қолмаслиги мени масрур қиларди. Илло, қарз учун сақлаганим қоларди», дедилар».

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Мол-дунёни муҳтожларга ёрдам сифатида сарфлаш қандай яхши!

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қариянинг қалби икки нарсани – умрнинг узунлиги ва молнинг кўплигини орзу қилишда ёшдир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Одам қаригандан кейин кўп нарсадан кўнгли қолади. У нарсаларга ёшлигидаги каби орзу-ҳавас қилмай қўяди. Аммо инсон қариган чоғида ҳам кўп яшашни ва кўп мол-дунёга эга бўлишни орзу қилишини қўймайди.

Мутаррифдан, у эса отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб борганида у зот:

«Сизларни «Кимники кўп», дейиш машғул қилди. Одам боласи «Молим, молим», дейди. Сенинг молингдан фақатгина садақа қилиб ўтказганинг, еб битирганинг ва кийиб чиритганинг ўзингники, холос», деяётган эканлар».

Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Муслимнинг лафзида:

«Банда «Менинг молим, менинг молим», дейди. Ваҳоланки, унга молидан учтаси: еб битиргани, кийиб чиритгани ва бериб, ўзига савоб олгани бўлади, холос. Ундан бошқаси беҳуда кетган ёки одамларга қолган бўлади»дейилган.

Одам боласи қанча кўп мол тўпламасин, унга ҳақиқий фойда берадиган мол жуда ҳам оз бўлади. Тўплаган молидан уч нарсадагина бандага фойда бўлиши мумкин:

Одам боласининг ўзи еган моли.

Одам боласининг ўзи кийган моли.

Одам боласининг ўзи хайр-садақа қилгани.

Албатта, биринчи иккиси ҳақида ҳам охиратда савол-жавоб бўлади. Буни ҳам унутмаслик керак.

Бошқа ҳар қандай мол-мулк ўз эгасига вафо қилмайди, балки беҳуда кетган бўлади ёки банда ўлганидан кейин бошқаларга қолиб кетади.

Бас, шундай экан, мол-дунёга қул бўлиб яшашнинг нима кераги бор?! Унинг ўрнига банда мол-мулкни ўзига қул қилиб, уни Аллоҳ таолони рози қиладиган йўлда сарфлаб ўтгани яхши эмасми?!

 Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимингизга меросхўрининг моли унинг ўзининг молидан кўра маҳбуброқ?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар биримизга ўзимизнинг молимиз меросхўримизнинг молидан кўра маҳбубдир», дейишди.

«Албатта, тақдим қилгани унинг молидир. Тўплаб қўйгани меросхўрининг молидир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бас, шундай бўлгандан кейин банда ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган молни Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида тақдим қилгани маъқул эмасми?! Киши ҳаётлик чоғида ўзига, оила аъзосига, яхшилик йўлида садақа, хайр-эҳсон, солиҳ амал шаклида сарфлаган моли унга бу дунё ва охиратда фойда келтириши турган гап.

Аммо емай-ичмай, савобли ишларга сарфламай жамлаган моли меросхўрларга қолади. Унинг вафотидан кейин меросхўрларнинг молига айланади ва фойдаси уларга бўлади. Жумладан, садақа қилинса, савоби уни қилган меросхўрга тегади.

Шунинг учун ҳар ким тириклик чоғида ўз молидан фойдаланиб қолгани, ажр ва савоб касб қилгани маъқул.

Аммо ўлим кўзга кўринганда хайр-эҳсон эсига келиб, ҳамма молини хайрия ишларига сарфлашни васият қилса ҳам бу бевақт қилинган васиятнинг фақат учдан бири ўтади, холос. Учдан иккиси меросхўрларга берилади. Чунки мерос қолдирувчи уларнинг дунёга келишига сабаб бўлган ва дунёда яшашларида ҳам ўз моли ила ёрдамчи бўлиши лозим.

 Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар учун энг қўрққаним – Аллоҳ сизларга ердан баракаларни чиқариб юборишидир», дедилар. «Ернинг баракалари нима?» дейишди. «Дунёнинг ҳашами», дедилар. Бир киши у зотга: «Яхшилик ҳам ёмонлик олиб келадими?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар. Ҳатто биз у зотга ваҳий тушяпти деб ўйладик. Кейин пешоналарини арта туриб, «Савол берган қани?» дедилар. У: «Мен» деб қад ростлаган эди, (саволи учун) унга таҳсин айтдик. У зот шундай дедилар: «Яхшилик фақат яхшилик келтиради. Албатта, бу молдунё барра ва тотлидир. Баҳорда унган ҳамма нарса (жонивор уни) еган сари қоринни шишириб ўлдиради ёки шунга сал қолади, фақат ўтхўр еб, биқинлари қаппайгач, офтобга тобланади, кавшанади ва ичи кетиб, бавл қилади, кейин яна еяверади. Албатта, бу молдунё тотлидир. Ким уни ҳақли равишда олса ва ҳақли ўринга қўйса, у қандай яхши ёрдамчи! Ким уни ноҳақлик ила олса, еб тўймайдиганга ўхшайди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Мол-дунё гўзал ва ширин-шакардир. У бандани ўзига маҳлиё қилади. Аммо мол-дунёнинг гўзаллиги ва ширинлиги баҳорда янги чиққан ўт-ўланга ўхшайди. У ўзига қараганларга ишва билан қарайди ва уни тановул қилганларга тотли татийди. Аммо баҳорги ўт-ўланни кўп еган ҳайвоннинг қорни шишиб, ҳалок бўлади. Ҳеч бўлмаса, ҳалокат ёқасига бориб қолади. Мазкур ўт-ўланларнинг ҳалокатли зараридан фақат керакли чораларни кўрганларгина соғ-саломат қолиши мумкин. Шунингдек, мол-дунёдан ҳам эҳтиётлик билан фойдаланганларгина мақсадга етадилар.

«Албатта, бу мол дегани шириндир».

Шунинг учун уни кўпчилик яхши кўриши турган гап. Бу табиий бир ҳолдир. Фақат ўша ҳолатдан фойдаланишнинг ўзига хос услуби бор.

«Ким уни ҳақли равишда олиб, ҳақли ўринга қўйса, бу қандай яхши ёрдамдир».

Банда мол-дунёни ҳалол, пок йўл билан топса, уни ҳақ билан олган бўлади. Банда мол-дунёни Аллоҳ таолони рози қиладиган йўлда сарфласа, уни ҳақ билан қўйган бўлади. Шунда мол-дунё бандага яхши ёрдамчи бўлади.

«Ким уни ноҳақлик ила олса, еб тўймайдиганга ўхшайди».

Банда мол-дунёни ҳаром йўл билан олса, худди еб тўймайдиган очкўз ҳайвонга ўхшаб қолади. Худди ўша ҳайвон қорни шишиб, ҳалок бўлганидек ҳаром мол топадиган ҳам ўзи билмаган ҳолда ҳалок бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Зуҳд ва ҳаё китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Айниқса ҳозир ndash ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам бўлиб, бўлганбўлмаган нарса учун кўпчиликни давоми...

5129 13:30 / 13.05.2019
биринчи мақола Қўлёзмаларга илм манбаси сифатида қарашда ҳам мусулмонларга тенг келадигани йўқ. Ҳар бир қўлёзма қачон, ким тарафидан ва қаерда ёзилгани аниқ давоми...

2823 13:01 / 02.11.2020
.Сизга баён қилишимиз учун,. Яъни сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик. .Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор давоми...

1776 19:00 / 19.06.2023
Ва гўзал амал қилувчи мўминларни Аллоҳ таоло афв этиб, Ўз раҳмати ила жаннатга киритишини умид қиламиз ва уларнинг ҳақида хотиржам бўла олмаймиз ва жаннатга давоми...

4888 18:18 / 02.12.2016
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021