1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одоби (биринчи мақола)

10:07 / 24.06.2020 4601 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон зоти ҳаёт сўқмоқларидан юриб борар экан, чарчаши, асабийлашиши, ҳориши турган гап. Бундай чарчоқларни кундалик дам олиш ила чиқариб бориши ҳам оддий ҳолатга айланган. Аммо гоҳо-гоҳо унинг тузукроқ ҳордиқ чиқаргиси, тоза ҳаво, гўзал табиий манзаралардан, тоғ ёки адирлар ҳавосидан, кўл ёки дарё сувидан баҳра олгиси, фарзандларини ўйнатгиси келиб қолади. Ушбу ва яна бошқа сабабларга кўра ҳозирги пайтда дам олиш жойлари ва оромгоҳларга эътибор кучайди. Бу билан баробар мазкур жойларга боғлиқ муаммолар ҳам пайдо бўлди. Бу муаммоларнинг энг асосийларидан бири дам олиш жойлари ва сайргоҳларда одамларнинг одоб-ахлоқлари, ўзларини тутиш маданиятига оид муаммолардир. Баъзи тарбия кўрмаган кишиларнинг мазкур жамоатчилик жойларида ўзларини тута билмасликлари, бир-бирларига озор беришлари, турли беодобликларга йўл қўйишлари кўпчиликни ранжитаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўз-ўзидан: мусулмон одам дам олиш жойлари ва сайлгоҳларда қандай одобларга риоя қилиши керак, деган савол пайдо бўлади. Қуйида ана шундай саволларга жавоб излашга ҳаракат қилинади.

Турли мавсумларда дам олиш жойлари ва сайргоҳларга бориш йўлга қўйиладиган бўлса, бу иш аста-секин одатга айланиб қолиши турган гап. Бу ҳолат кўпчиликка тарқалганида эса, ижтимоий одатга айланади ва унинг ўзига хос одоблари юзага чиқади, уларга риоя қилиш эса барчага баробар лозим бўлади.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири муносиб жой танлашдир.

Мусулмон инсон ўзининг дам олиши ва сайр қилиши учун аввало муносиб жой танлашга ҳаракат қилади. Жой танланаётганида, албатта, унинг ҳаром-ҳариш ва гуноҳ ишлардан холи жой бўлишига алоҳида эътибор берилади.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ибодат ва одобларни унутмасликдир.

Дам олиш чарчоқ, асабийлик ва бошқа кўнгилсизликларни кетказиш ишларига боғлиқ бўлади. Аммо дам олишда Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни ва риоя қилиниши лозим бўлган одобларни унутиб қўймаслик зарур бўлади. Дам оламан, деб ҳамма нарсани, ҳатто фарз бўлган ибодатларни ҳам унутиб қўйиш асло мумкин эмас.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири барча билан, хусусан, ўзларига хизмат қиладиган шахслар билан хуш муомалада бўлишдир.

Баъзи дам олувчилар ва сайр қилувчилар ўзларига керагидан ортиқ эрк бериб, мазкур жойларнинг хизматчилари ва аҳолисига нисбатан қўпол муомалада бўлишни ўзларига эп кўришади. Бундай қилиш мутлақо мумкин эмас. Балки мазкур шахслар билан гўзал муомалада бўлиш ва уларга гўзал ахлоқ ила ўрнак бўлиш керак.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ўша жойларда кўрган ажойиботлардан ибрат олишдир.

Албатта, дам олиш ва сайр қилиш учун йўлга чиққан одам ер юзида юрар экан, кўплаб ажойиботларни кўради. Тоғу тошлар, дарёлар, дов-дарахтлар, экин-тикинлар, ранг-баранг гуллар ва ҳоказолардан завқ олади. Яхшилаб тафаккур қилиб кўрган одам учун мазкур нарсаларда жуда кўп ибратлар бор. Мусулмон инсон ер юзида сайр қилиб юрар экан, буларнинг барчасидан ибрат олиши керак.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Сен: «Ер юзида юриб, У Зот махлуқотларни қандай (ярата) бошлаганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», деб айт» (20-оят).

Сайр қилиш мулоҳазали одамга катта манфаатлар келтиради. Инсон ер юзида кезиб юраркан, атрофига ибрат билан назар солганида, кўплаб ажойиботларни кўради. Жумладан, инсон ўзи яшаб турган жойда кўзига ўрнашиб қолган манзараларни тарк этиб, ер юзини кезса, зеҳни чархланиб-янгиланади, Аллоҳ махлуқотларни аввал бошда қандай яратишини ҳам осонлик билан англаб олади. Ҳа, ибрат назарини ишга солган инсонлар бу ҳақиқатни дарҳол пайқайдилар. Буни пайқаган одам Аллоҳ таоло охиратда, қиёмат кунида махлуқотларни яна қайта пайдо қилишига ҳеч шубҳаланмайдиган бўлади. Чунки

«Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир».

Сайр қилиб юриш жараёнида инсон кўзига кўринадиган ва ибратга сабаб бўладиган нарсалар ҳақида Қуръони каримдаги баъзи оятларда сўз кетган.

Аллоҳ таоло Назиъат сурасида марҳамат қилади:

«Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди» (30-оят).

Ерни яратган, шундай улкан нарсани турли шаклларга солган Зот – Аллоҳнинг қудратига қойил қолиш керак.

«Ундан сувни, ўт-ўланларни чиқарди» (31-оят).

Ернинг ўзи жонсиз тупроқдан иборат, бир ўлик нарса. Аммо Аллоҳ таоло Ўз қудрати ила ўша ўлик нарсадан ҳаёт манбаи бўлган сувни ва вужуди униб-ўсиб турадиган ўт-ўланларни чиқаради. Бунга ҳам инсон фарзанди тан бериши, қойил қолиши керак.

«Ва тоғларни барқарор қилди» (32-оят).

Улкан тоғларни собит қилган Зот – Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига ҳам инсон фарзанди қойил қолиши керак.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан турли ‎ранглардаги – оқ, қизил ва қоп-қора сўқмоқларни чиқардик» (27-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло Ўзи яратган табиатдаги ажойиботларига эътиборни тортмоқда. У Зот ҳар бир ақлли бандасига хитобан, Ўзининг ажойиботларига эътибор беришни таклиф этмоқда.

«Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми?»

Осмондан сув тушишининг ўзи Аллоҳнинг чексиз қудратига ёрқин далил бўлади. Ҳамма сувларни Аллоҳ таоло осмондан туширгандир. Баъзан бевосита ёмғир ёки қор кўринишида, баъзан эса муз шаклида ёғдиради. Улардан булоқлар, қудуқлар, кўллар, анҳор ва дарёлар ўз сувини олади. Бу сувдан ҳамма жонзотлар, ҳатто ўсимликлар ҳам фойдаланади.

«Бас, у ила турли ранглардаги меваларни...» чиқаради.

Ер ҳам, сув ҳам битта, аммо уларнинг ҳосили бўлмиш мевалар турли рангда, турли шакл ва турли таъмга эга бўлади. Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати далили эмасми? Аммо одам боласи бу улкан мўъжизага кўпинча эътибор беравермайди. Унга ибрат кўзи билан қарамайди. Масалан, инсон Аллоҳ яратган турли рангдаги ўша ўсимлик ва мевалар расмини Аллоҳ берган ақл, истеъдод ва қўл билан Аллоҳ берган рангларда чизган рассомга тасаннолар ўқийди, унинг расм­лари учун кўргазмалар уюштиради, бунга одамлар эътиборини тортишга ҳаракат қилади, рассом маҳоратини кўкларга кўтариб мақтайди, мукофотлар беради. Аммо буларни йўқдан бор қилган Зотни инкор этади. Унга куфр келтиради. Ҳолбуки, ранг-баранг меваларнинг ўзигина кишиларнинг иймонга келишлари учун етарли далил-ҳужжатдир.

«...ва тоғлардан турли ‎ранглардаги – оқ, қизил ва қоп-қора сўқмоқларни чиқардик».

Турли-туман ранг фақат меваларда эмас, балки улкан ва салобатли тоғларда ҳам ‎бўлади. Тоғларда ҳам ранг-баранг – оқ, қизил, қоп-қора рангли сўқмоқлар бўлади. Шунингдек, тоғларнинг қоп-қоралари ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг Биру Борлиги ва чексиз қудрат соҳиби эканига далилдир.

Турли набототлар ва тоғларнинг яратилиши ҳақида эмас, ҳозирча фақат уларнинг ранглари ҳақида сўз юритайлик. Уларга Аллоҳ таоло ранг бермаса, ким ранг беради? Бунчалик турли-туман ранглар қаёқдан келади? Шунча нарсани бўяб чиқишга кимнинг қудрати етади?

«Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини (чиқардик)...» (28-оят).

Жамодот ва наботот оламидан жонзотларнинг рангларига ўтайлик. Одамларнинг ранглари ҳам турлича: оқ, сариқ, қора, жигарранг ва ҳоказо. Ҳамма инсонлар ҳам ер юзида яшайди. Ҳаммасининг ҳам жисми, яъни қомати, икки қўли, икки оёғи, боши ва бошқа аъзолари бир хил. Ҳаммаси ҳам сув ичиб, таом ейди. Бир ҳаводан нафас олади. Аммо ранглари турли-туман. Мана шунинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг биру борлигига ва чексиз қудрат соҳиби эканига ёрқин далилдир.

Худди шунингдек, турли жонзотлар ва чорва ҳайвонларининг ранглари ҳам инсонни ҳайратга соладиган даражада хилма-хилдир. Буларнинг ҳаммасининг яратилиши устида эмас, балки фақат ранглари, қай ҳикмат ила ҳозирги ҳолатга келиб қолгани ҳақида фикр юритар экан, инсоф билан ўйлаб кўрган одам мўмин-мусулмон бўлиши керак. Шулардан ибрат олиб, Аллоҳни эслаганларгина эсли-ҳушли, билимли инсон ҳисобланиши мумкин.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

«У ерни ёйиб, унда барқарор тоғлар ва анҳорлар қилган, барча мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир. У кечани кундузга қоплайдир. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят(белги)лар бордир» (3-оят).

Ҳа, У Зот кўз ўнгингизда ерни чўзиб қўйгандир. Қаердан қарасангиз, қаршингизда ер чўзилиб ётибди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ қилган. Шу билан бирга, Аллоҳ

«...унда бақарор тоғлар ва анҳорлар қилган...»

Ердаги баланд тоғларни ким барпо этган? Ердаги анҳорларни ким оқизиб қўйган? Албатта, Аллоҳ. У

«...барча мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир».

Агар меваларда жуфтлик – эркак ва урғочилик хусусияти бўлмаганида, мевага айланмас эди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ таоло.

«У кечани кундузга қоплайдир».

Кеча ва кундуз ҳам бир жуфтлик бўлиб, бир-бирини ўрайди. Навбат билан кеча кундузни, кундуз кечани ўраб туради. Бу жараён қанча асрлардан буён давом этиб келмоқда. Хўш, буни ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ таоло. Ушбу ҳодисаларни ҳар бир одам ўйлаб кўрмоғи лозим:

«Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят(бел-гилар) бордир».

Дам олиш учун сайру саёҳатга чиққан одам мазкур оятлар чақириғига биноан ўзи кўрган ҳар бир нарсадан ибрат олиш пайидан бўлиши лозим. Шунингдек, сайру саёҳат чоғида ўтмишдан қолган осори атиқалар, харобалар ва ёдгорликлардан ҳам ибрат олиш керак.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

«Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни зулм қилувчи бўлган ҳолида ҳалок этдик. Бас, улар (ҳозирда) шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, (ҳувиллаган) юксак қаср (ҳолидадир)» (45-оят).

Ўтмишда зулм қилиб, пайғамбарларни ёлғончига чиқарган, куфр келтирган қанчадан-қанча юртларни Аллоҳ таоло вайрон этиб, одамларини ҳалок қилган. Бас, ҳозирда улардан қолган асарларни: томи деворлари устига қулаб тушган уйларни, ташландиқ, фойдаланилмай қолган қудуқларни ва ҳувиллаган юксак қасрларни кўринг, уларга ибрат назари билан қаранг.

Шифтлари қулаб ётган бу уйларда бир вақтлар ўзига зеб берганлар, молу дунёсига ишонганлар, куч-қуввати ила керилган одамлар дабдабаю асъаса ичида яшар эдилар. Бу уйларда ҳаёт қайнар эди. Бу уйлар турли одамларга, зебу зийнатларга, ҳашам ва бойликларга тўлиб-тошган эди.

Ҳозир ташландиқ бўлиб ётган қудуқларнинг атрофи ҳам бир вақтлар обод, гавжум эди. Одамлар улардан тинмай сув олиб туришар эди. Сувга келганларнинг суҳбати билан у ерлар обод эди. Ҳувиллаб қолган юксак қасрларда эса ҳокимлар, бой-аслзодалар яшашарди. Минг йилликлар ичида бу қасрларда кимлар яшаб ўтмади, не-не ишлар бўлмади, дейсиз. Лекин уларда яшаганларнинг куфри, зулми туфайли ҳамма нарса барбод бўлди. Ўзлари ҳалокатга учрашди. Юртлари шу ҳолга тушиб, вайрон ва хароба бўлди. Уларнинг бу ҳолати ҳаммага ибрат бўлиши керак. Худди шу каби, ибрат олишлари учун Аллоҳ таоло бандаларини ер юзида сайр қилишга амр этган.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

«Ер юзида юрмайдиларми, шунда уларда ақл юритадиган қалблар ёки эшитадиган қулоқлар бўларди. Зеро, албатта, кўзлар кўр бўлмас, кўкслардаги қалблар кўр бўлур» (46-оят).

Ўша кофирлар ер юзида айланиб юрганларида, олдинги кофирлардан қолган асоратларни кўришар эди. Уларни кўриб, тафаккур қилганларида, қалблари таъсирланиб, ақллари кирар эди. Шифти қулаб тушган уйлар, ташландиқ қудуқлар, ҳувиллаб қолган қасрлар уларга яхшигина ибрат бўларди. Кўрганларидан хулоса чиқариб, ақлларини пешлаб олишар эди.

«Ер юзида юрмайдиларми, шунда уларда ақл юритадиган қалблар ёки эшитадиган қулоқлар бўларди».

Шунингдек, кофирлар ер юзида айланиб юрганларида, одамлар билан учрашиб, улардан олдинги золим кофир қавмлар нима учун ва қандай қилиб ҳалокатга учраганлари ҳақидаги ривоятларни эшитар, улардан ибрат олишар эди.

"Ижтимоий одоблар" китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иборали дуо ва феълий дуоАллоҳ ер юзида юзага чиқарган барча воқеаларни маълум сабабларга боғлаган. Дунёдаги ва атрофдаги барча воқеалар Аллоҳнинг низоми давоми...

2746 12:45 / 27.02.2019
Аллоҳ таоло .Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил,, деган.Шарҳ Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни донадона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини давоми...

4684 11:45 / 02.05.2019
Мухаллад ибн Ҳусайн айтади .Басрада Шаддод деган киши бор эди. У мохов касаллигига йўлиқиб, оёқлари кесилди. Ҳасан Басрийнинг бир неча шогирдлари уни кўргани давоми...

1517 08:30 / 21.06.2020
Қуръони Каримдаги Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардирrdquo деб бошланувчи Мўминун сурасини ўқир эканман, йигирма йилдан кўпроқ давоми...

2297 11:06 / 20.10.2020
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40686 14:35 / 11.08.2021