1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Чин муҳаббат

11:45 / 23.03.2019 6508 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаббатни ҳар ким ҳар хил таърифлайди. Кимдир уни қилдек нозик ҳис деб тасвирласа, бошқа биров уни узилмас арқондек мустаҳкам туйғу, деб тушунтиради. Уни яна кимдир ёлғон ҳиссиёт деб таърифласа, бошқаси ҳаётнинг мазмуни деб уқтиради. Бу тавсифларнинг ҳар бирининг ўз ўрни бор, албатта.

Аслини олганда, муҳаббатнинг турлари ва даражалари бор. Шунингдек, муҳаббатнинг сабаб ва омиллари, шарт ва белгилари ҳам бўлади. Бироқ, ҳамма муҳаббат ҳам чин бўлавермайди.

«Чин муҳаббат – маҳбубни нима учун севишини ҳам билмайдиган даражада севишдир», дейди уламолар. Бировни моддий манфаат етгани учун, яхшилик қилгани ёки ундаги гўзалликлар учунгина севиш чин севги бўлмайди, чунки бундай муҳаббат мазкур сабаблар йўқолган заҳоти йўққа чиқади. Ҳақиқий севги бу каби ташқи омилларга таянмаган бўлади. Ҳаётда ана шундай «муҳаббат»лар ҳам бор.

Мўмин банда Аллоҳни севади, шу муҳаббат йўлида ҳар нарсага тайёр бўлади. Бу севги бир биридан оғир синовлар остида ҳам сўнмайди, аксинча, кучайиши мумкин. Аммо суриштириб кўрсангиз, банда ўзининг ушбу муҳаббати боисини изоҳлаб бера олмайди.

Мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севади, у зотнинг қабрларини бўлса ҳам зиёрат қилай дея талпинади. Аммо у бу севгининг сабабини ҳар доим ҳам тушунтириб бера олмайди.

Инсон ота онасини севади. Бу муҳаббат учун уларнинг ота она эканларини билиш кифоя қилади, улардан ҳеч қандай марҳамат кўрмаган бўлса ҳам отам, онам деб уларни яхши кўради. Бу муҳаббат уларнинг анча мунча оғирликларини кўтаришга ҳам кўмак беради.

Одам боласи борки, фарзандини яхши кўради. У хунук бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам, ундан ҳеч қандай яхшилик кўрмаса ҳам, ҳатто ногирон бўлса ҳам уни севади. Ундан умр бўйи азият чекса-а, барибир болам деб эркалатгиси келаверади.

Ватанни нима учун севамиз? Ўзимга ушбу саволни бериб, хаёлан унга жавоб топишга ҳаракат қилдим:

Мен Ватанимни нима учун севаман?

Гўзал ва виқорли тоғлари, шарқироқ жилғаларга бой водийлари учунми?

Унда саҳро аҳли теп-текис қумликлардан иборат масканларини нега севадилар?

Бетакрор манзаралари, сўлим боғлари, анҳору сойлари учунми?

Ундай бўлса, боғ роғу, сой ва анҳорлардан холи чўлу биёбонларда улғайган адиблар нега ватанларини куйлаб, беназир шеърлар битишган?

Тўрт фасл ўз ўрнида келиб, об ҳавоси мўътадил, серқуёш бўлгани учунмикин? Ёки шириндан шакар мевалари, шифобахш ўсимликлари ю, зилол булоқлари боисми?

Ундай бўлса, африкаликлар ёки шимолий қутб яқинида яшовчилар нима учун ўз юртларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетишмайди?

Бўлмаса, инсон ватанни моддий жиҳатдан фаровон экани ёки муҳташам бинолари учун яхши кўрадими?

Агар шундай бўлганида, моддий жиҳатдан ўз мамлакатидан кўра тараққий этган ўлкаларда муҳожиратда яшаётган инсонлар ўз киндик қони тўкилган юртни асло қўмсамас эди.

Соф табиат дини бўлмиш Исломда ватан муҳаббати ардоқланади, тарғиб қилинади, мақталади. Ватанга хизмат қилиш, уни душманлардан асраш фарз ҳисобланади ҳамда унга хиёнат қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади ва қаттиқ жазоланади. Бу диннинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанни севишда, унга садоқат кўрсатишда ҳам бутун умматга гўзал ўрнак эдилар.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетаётиб, «Агар қавмим мени ҳайдаб чиқармаганида, сендан бошқа жойда яшамасдим», деганлар. Кейинчалик, Мадинани ватан тутгач, «Аллоҳим! Бизга Маккани қандай севимли қилган бўлсанг, Мадинани ҳам шундай, балки ундан-да севимли қилгин!» деб дуо қиладиган бўлдилар. У зот: «Кимнинг сафардаги иши битса, тезда уйига қайтсин», дердилар ва ўзлари ҳам сафардан қайтишда Мадина шаҳри кўзга ташланиши билан унга талпиниб, уловларини тезлатардилар. У зот ўзлари Мадинада бўлганларида ҳам Маккани соғинардилар. Бу маънода жуда кўп маълумотлар бор ва уларни бугун аҳли илмларимизнинг асарларидан ўқиб, эшитиб турибмиз.

Набавий тарбияни олган саҳобаи киромлар бу мавзуда ҳам Расулларига эргашган эдилар. Улар ватан ҳимояси учун жон фидо қилишга ҳамиша тайёр эдилар, ватанни куйлаб шеърлар айтишар эди.

Афсуски, одамлар ичида ватанни севиш ҳақида гапирсангиз, шу мавзуда сўз очсангиз, ғаши келиб, юзи буришадиганлар ҳам бор. Улар буни қандайдир паст кетиш, ялтоқланишдек фаҳмлашади чоғи. Балки бунга ватан муҳаббати ҳақида бонг уриб, аслида эса уни қалбида ардоқламайдиган кимсаларнинг юзаки гаплари ва ишлари сабаб бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, биз ҳар бир нарсани ўз ҳолича кўра билишмиз лозим. Ботилни деб ҳақдан юз ўгириш, ёлғонни деб ростни инкор қилиш ақлдан эмас. Шунга кўра, ватанга муҳаббат қилиш борасида ҳам адолатли, мўътадил бўлиш керак. Зотан, ватан муҳаббати инсоний хусусиятдир ва уни динимиз қўллаб-қувватлайди.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ватан севгиси фақат у ҳақда куйлаш, маддоҳлик қилиш билан эмас, балки унга садоқат кўрсатиш, унга чин дилдан хизмат қилиш билан тугал бўлади ва бу ҳақиқий севгининг нишонаси, чўққиси ҳисобланади. Зеро, ватанни оғиз тўлдириб мақтаб туриб, унга хиёнат қилиш ҳам мумкин. Бунга тарихда мисоллар кўп.

Бугунги кунда Ватан севгиси ҳақида гапириш, куйлаш жуда урф бўлди. Бу яхши, албатта, чунки олдинда ҳам таъкидлаганимиздек, бу севгини сайқаллаб, янгилаб туриш лозим. Аммо бундай ифодаларнинг масъулияти ҳам борлигини унутмаслик даркор, ватан севгисини тирикчилик, шахсий манфаат манбаи ҳам қилиб олиш ярамайди.

Ҳар бир шахс ватанга бўлган муҳаббатини тафтиш қилиб, тарбиялаб, янгилаб, сайқаллаб туриши лозим. Шу билан бирга, ҳар ким ўз ватандошига ватанни суйдиришга ҳаракат қилиши керак. Хусусан, ватанга эгалик қилиб турган кишилар халқнинг ватанга бўлган муҳаббатини уйғотиш, ўстириш пайидан бўлишлари, ундан бездирмасликлари лозим.

Ҳасанхон Яҳё

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закариё Абдий Иброҳим Нахаий ҳақида шундай дейди .У бетоб бўлиб қолгач, йиғлади. Ундан .Эй Абу Имрон, нега йиғлаяпсан, деб сўрашди. У .Қандай қилиб йиғламай, ахир давоми...

1607 09:45 / 22.09.2019
Биогеометрия соҳаси фанини ривожлантириш учун патентларни ишлаб чиққан машҳур олим, Швейцария университети доктори Иброҳим Карим буюк бир кашфиёт қилди. У Аллоҳ давоми...

8188 13:40 / 30.04.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар .Нидо қилгувчи .Албатта, сизлар соғ бўласиз, ҳеч қачон касал бўлмайсиз, давоми...

3213 07:00 / 09.02.2019
Ҳомилани жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтирмай, яхши ривожланиб боришини таъминлаш ҳам унинг соғлом бўлишининг омилларидан биридир.Ҳомила ҳар тарафлама яхши ва давоми...

2967 13:09 / 17.10.2018
Аудиолар

120320 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41962 14:35 / 11.08.2021