1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Cавдода ёлғон гапириш ҳаром

05:00 / 06.03.2017 3360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Cавдода ёлғон гапириш ҳаром

– Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.

Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон гапириш, нарсаларнинг баҳосини баён қилишда ёлғон ишлатиш ҳам ҳаромдир.

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Шунда у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: «Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан, у зотга қарадилар. Шунда у зот: «Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Фақат Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Агар тижоратчи одам тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига надомат, охират шармандалигини келтиради. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак:

1. Аллоҳ таолога тақво қилиш;

2. Яхшилик қилиш;

3. Ростгўй бўлиш;

Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.

Аслини олганда тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Саҳобалардан баъзилари тижорат вақти келса, Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилишга тенг бўлишини айт­ганлар.

Ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади. Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.

Ушбу ҳадис олдимизга тожирларнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қўймоқда:

Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўрлари қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади;

Тақводор, содиқ ва омонатлилари қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлишади. Энди ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва амалига яраша мансаб топади.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши бозорда туриб, бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда:

«Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар...» ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Оятнинг давомида:

«…албатта, ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бор», дейилган (Оли Имрон сураси, 77-оят).

Демак, одамларни қизиқтириб, молини ўтказиш учун «Ўзи бу мол менга бунчага тушган», деб ёки «Одамлар «Бунча бераман», деган эди, сотмадим», деб ёлғон айтиб, қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш лозим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Бозор китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қарз, луғатда қирқиш маъносини билдиради. Чунки, қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб қарзга беради.Шариатда эса бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини давоми...

2603 05:00 / 17.02.2017
Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялинибёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш давоми...

6790 11:12 / 12.11.2020
Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон гапириш, нарсаларнинг баҳосини давоми...

3168 08:06 / 11.10.2018
Сарф нақдни бошқасига сотишдир. Сарф деб номлашига нақд пулни бошқасига айлантирилгани сабаб бўлган бўлса ажабмас. Сарф айлантириш маъносидадир. Нақд пуллар давоми...

4441 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

120138 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41801 14:35 / 11.08.2021