1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Cаодат излаб

05:00 / 09.03.2017 2965 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон зоти борки, бахтли бўлишни хоҳлайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, бойлиги мўл бўлишини, яхши ҳаёт кечиришни орзу қилади. Ўзи яшаб турган жамиятда кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб ҳаёт кечиришдан умидвор бўлади. Ва ҳоказолар...

Инсоннинг бу ва бунга ўхшаш бахт-саодат борасидаги орзулари, умидлари ва хоҳиш-истаклари оддий ҳақиқатдир. Бундай истакларни айблашга бировнинг ҳаққи йўқ. Чунки Аллоҳ таоло инсонни яратганда унга мазкур истакларни қўшиб яратган. Негаки, ўша истаклар бўлмаса, дунё обод бўлмайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Оли Имрон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, гўзал қайтар жой бор». (14-оят)

Аслида, шаҳват «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, нафс хоҳишини ифода этади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:

«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди.»

Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У бошқа мазкур нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.

Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанд жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.

Сўнгра, тўп-тўп тилло ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат молу дунёси бўлишинигина эмас, балки, бўлганда ҳам, тўп-тўп, ғарам-ғарам бўлишини хоҳлайди. Мол кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам бойлик тўплашга моли кўплар мол-дунёси йўқлардан кўра кўпроқ уринаётганини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби – у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканлигидадир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмокда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Доимо кишилар яхши отга эга бўлишни ўзларига обрў билганлар. Ҳатто ҳозирги техник замонда ҳам милёнлаб долларга савдо бўлаётган отлар бор. Аммо, бу ерда умуман улов маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлик, биронта уловга эга бўлиб қолиш учун инсон нималар қилаётганини кўрамиз.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли. Ушбу нарсаларни ўзига мулк қилишга доимо ҳаракат қилишади.

Ояти каримада, ушбу нарсаларнинг муҳаббати зийнатланди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор, бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида мавжуд бўларкан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун, Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки, мубоҳ қилган. Бу нарсаларни манъ қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки, у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима тушган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор.

Демак, инсон саодатга эришиши учун мазкур ўзи учун зийнатлаб қўйилган нарсаларга етиши керак. Энди, ўз-ўзидан мазкур нарсаларга етишиш учун нима қилиш керак. Уларга қайси восита орқали эришилади, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволнинг жавоби эса, инсон саодатга эришиши учун унга билим-маърифат керак деган гапдир. Бас, шундай экан, энди инсон маърифат излаши керак бўлади.

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Муккаммал саодат йўли” китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий давоми...

3691 05:00 / 13.03.2017
Исломнинг умумий хусусиятларидан бири воқеъийликдир.Воқеийлик деганда биз коинот, ҳаёт ва инсон воқеликларини риоя этмоқни назарда тутяпмиз. Ислом ўзининг давоми...

3767 05:00 / 13.03.2017
Кулги ҳақида сўз кетар экан, бу борада одамларнинг тутумлари турлича бўлиб, кимдир унга берилиб, муккасидан кетса, кимлардир кулгуни бутунлай қоралаб, унинг ҳар давоми...

5380 05:00 / 09.03.2017
Дунё мусулмон уламолари бирлиги ташкилотининг бош котибидоктор Алий Муҳйиддин ҚорадоғийнингФазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфраҳимаҳуллоҳнинг давоми...

2885 05:00 / 09.03.2017
Аудиолар

118726 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40693 14:35 / 11.08.2021