1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Бор қилинганларга назар солиш (2-қисм)

18:04 / 15.04.2018 3103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг биру борлигига ва баркамол сифатларига далолат қилувчи бошқа оят-белгилар жуда ҳам кўп.

«У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан янги сабза урган ўсимликларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар ва хурмодан – унинг тугунчасидан яқин шингиллар ҳамда узумлардан боғлар, шунингдек, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят(белги)лар бордир», (Анъом сураси, 99-оят).

Ушбу ояти каримада ғафлат босган инсон мулоҳаза қилмайдиган улкан ҳақиқатлар баён қилинади. Буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг биру борлиги ва баркамол сифатларининг улкан далолатидир.

«У осмондан сув туширган Зотдир».

Осмондан сувни Аллоҳ таоло туширмаса, ким туширади? Одамлар ўзлари нозил қила оладиларми? Нима учун ҳар йили айрим жойларда қурғоқчилик оқибатида инсоният мислсиз зарарлар кўрмоқда? Демак, осмондан сувнинг ўз вақтида ёмғир ёки қор сифатида тушиб туриши катта неъмат экан.

«Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик».

Осмондан тушган сув турли набототларнинг чиқишига сабаб бўлади. Сувсиз ҳаёт бўлмаганидек, набототларсиз ҳам ҳаёт бўлмайди. Шунинг учун қурғоқчилик бўлган жойларда амаллаб ичгани сув топилганда ҳам, ҳаёт кечириш оғирлашиб кетади. Экинлар, набототлар қуриб, ҳайвонлар ва инсонлар қирила бошлайди. Ер юзидаги набототларни Аллоҳ ундирмаса, ким ундиради? Ҳар ким ўзича бир туп нарсани кўкартира олмайди-ку. Ушбу набототлар ҳам Аллоҳнинг биру борлигига яққол далилдир. Сув туфайли турли набототлар ундирилиб, шу билан кифояланиб қолинмайди. Балки ўша набототлардан бошқа нарсалар яратилади.

«Ундан янги сабза урган ўсимликларни чиқардик».

Яшил гиёҳлардан кўра инсонлар учун янада фойдалироқ неъматлар ҳам бор.

«Ундан ғужум-ғужум бошоқлар... чиқарамиз».

Бошоқлар инсонлар ва ҳайвонларга озуқа, ўсимликларга уруғ ҳам бўлади.

«...ва хурмодан – унинг тугунчасидан яқин шингиллар... чиқарамиз».

Хурмо ҳам бошқа дарахтлар каби оддий бир дарахт. Аммо кўплаб унга ўхшаш дарахтлар мевасиз бўлгани ҳолда, хурмонинг узиб олишга яқин, қулай жойида шингил-шингил мевалари бор. Буни ким қилди? Дунё бир ёқадан бош чиқариб, битта дона хурмо дарахтини ярата оладими? Йўқ, албатта. Нима учун одамлар бу ҳақиқатни ўйлаб кўрмайдилар?

«...ҳамда узумлардан боғлар...»

Узумни олайлик. Унга ўхшаш бошқа набототлар кўп. Аммо айнан узумзор боғлар бор. Ундан турли хилдаги узум мевалари олинади. Бир хил наботот бўлса ҳам турли рангли, турли шаклли ва турли таъмли мевалар ҳосил қилади. Буларнинг ҳаммасини ким қилмоқда? Бунга Аллоҳдан ўзга ким қодир? Ҳеч бўлмаса, шуни ўйлаб кўриб, хулоса чиқарсалар бўлмайдими?

«...шунингдек, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз».

Булар ҳам ажойиб бир мўъжизалар. Зайтун ва анорга ўхшаш дарахтлар кўп. Бу меваларнинг пайдо бўлиши, тузилиши, хусусиятлари, самараси ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, албатта. Хўш, буларни ким қилади? Ким қодир бу ишларга? Албатта, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қодир эмас.

«Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг».

Бу пайтдаги ажойиб ўзгаришлар, гўзалликлар ва киши ақли бовар қилмайдиган жараёнлар – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг биру борлигига ёрқин далилдир. Дунё пайдо бўлганидан буён ҳеч ким бир донагина бўлса ҳам мева ярата олмаган. Ана шунинг ўзи ҳам Аллоҳ таолога иймон келтиришга чорламайдими? Хўш, ким бу нарсалардан ибрат олади?

«Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят(белги)лар бордир».

Аммо иймонсизлар ибрат олмайдилар, бошқа йўллардан юраверадилар.

Аллоҳ таолони барча ҳолатларида зикр қилиб юрадиган ва Аллоҳ таолонинг яратган нарсалари ҳақида ҳақиқий тафаккур қиладиган мўминлар эса уларнинг беҳуда яратилмаганини англаб етадилар ва уларнинг барчасидан ибрат оладилар.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:  

 «Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин», (дейдилар) (191-оят).

Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

«Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки...»

Шундай даражада тафаккур қилган одамнинг қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.

«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ...»

Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини албатта тушуниб етади ва:

«Ўзинг поксан…» деб тасбеҳ айтиб, У Зотни ёдга олади. Ушбу борлиқнинг яратилиши, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш буларни қилишда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради. Шундай бўлса, бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади. Бу иш бу дунёда эмас, у дунёда амалга оширилади. Шу боисдан охират умидида дуо қилиш бошланади:

«...бизни олов азобидан сақлагин».

Дўзахда куйишдан ҳамма ҳам қўрқади. Хусусан, ибодатли, иймонли, тафаккурли кишилар бу ҳақиқатни тўлиқ ҳис этадилар.

Шундай қилиб, Исломда дунё ва ундаги мавжуд нарсаларга яхши ёки ёмон деб қаралмайди. Балки улар яхшилик ва ёмонликка бурилиши мумкин нарсалар деб қаралади. Мазкур нарсалар инсоннинг уларга бўлган муносабатига қараб яхши бўлиши ҳам, ёмон бўлиши ҳам мумкин. Ким унга тўғри фикр билан қараса, дунёнинг фитнасига учмайди. Ким унга юзаки назар билан қараса, унинг фитнасига учраши турган гап. 

Ислом дунё ва ундаги мавжуд нарсаларни яхшилик томонга буриш таълимотларини тақдим қилгандир.

У Зот бизга бор қилинганлардаги нарсаларга ибрат назари солишимизни насиб қилсин, лекин бизга бор қилинганларнинг зотлари устида тўхталишга изн бермасин! Аллоҳ таоло бизга фаҳмлар эшигини очсин ва бизни жисмларнинг мавжудлигига далолат қилмасин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ағёрлардан фориғ бўлишни кутма Чунки бу У Зот сени қоим қилиб қўйган нарсанинг муроқабасидан сени кесиб қўяди. ndash .Ағёр, .ғияр,нинг жами бўлиб, Аллоҳ таолодан ўзга давоми...

3336 06:51 / 28.11.2017
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

3677 19:22 / 22.01.2018
У Зот қачон сени махлуқотларидан узоқлаштирса, билки, сенга Ўзига яқинлашиш эшигини очишни ирода қилибди.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу давоми...

3872 19:41 / 13.05.2018
3. Муxoлaфaт сaбaбидaн ғийбaт қилиш ва унинг муолажаси. Муxoлaфaт сaбaбидaн ғийбaт қилиш деганда озор етказган кишидан хaфa бўлиб, уни ёмонлаш ва одaмлaр oлдидa унинг давоми...

3257 18:39 / 12.05.2018
Аудиолар

120099 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41767 14:35 / 11.08.2021