1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Биринчи ва иккинчи ақаба байъати

16:04 / 02.01.2018 6308 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Келаси йили ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди. Яна Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан байъат олдилар. Ўша байъатнинг иштирокчиси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Ўн икки киши эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга:

«Келинглар! Менга Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўлларингиз ва оёқларингиз орасидан бўҳтон тўқиб, келтирмаслигингиз, менга маъруф ишда исён қилмаслигингиз ҳақида байъат қилинглар. Сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким ундан бирор нарсани бузиб, бу дунёда жазосини олса, ўша унинг учун каффоротдир. Ким ундан бирор нарсани бузса-ю, Аллоҳ уни сатр қилса, унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Хоҳласа, иқоб қилади, хоҳласа, афв қилади», дедилар».

Мазкур мусулмонлар ўз юртларига қайтаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб, у кишига одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни топширдилар.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар эдилар. У киши одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг олдига ўлдирмоқчи бўлиб, қурол кўтариб кирар эди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг ширин муомаласи, қироати ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб чиқар эди.

Ислом Ясриб бўйлаб мисли кўрилмаган тезликда тарқалиб борар эди. У ердаги бош қабилалар – Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муъоз ва Усайд ибн Хузайр каби ўз қавмининг улуғлари бўлган кишилар ҳам Исломга кирдилар. Бану Ашҳалнинг ҳаммаси битта ҳам қолмай мусулмон бўлдилар. Хуллас, Ясрибда Ислом кирмаган оила қолмади.

Яна ҳаж мавсуми қайтиб келди. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу бошлиқ ясриблик мусулмонлар ҳеч кимга билдирмай, ўз қавмларининг мушрикларига қўшилиб, ҳажга келдилар. Одамлар билан бирга ҳаж қилдилар. Арафотдан кейин шайтонга тош отиш вақти келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ақабада учрашишга келишдилар. Учрашув кечаси бўлганда ҳаммалари ўз қавмлари ила ухлагани ётдилар. Кечанинг учдан бири ўтгандан кейин битта-битта бўлиб, ҳеч кимга билдирмасдан, учрашув жойига кела бошладилар.

Тўпланиб бўлгач, қарасалар, етмиш уч эркак ва икки аёл – Нусайба бинту Каъб ва Асмо бинту Амр ибн Адий эканлар.

Ҳаммалари тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кутдилар. Бир вақт у зотнинг келаётганларини пайқадилар. Ёнларида бир киши ҳам бор эди. Яқин келганларида у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос эканлиги маълум бўлди.

Орада сўзлашув бўлиб ўтди. Мусулмонлар Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан нимани талаб қилсалар, ўша нарсага тайёр эканликларини билдирдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ораларидан ўн иккита нақиб сайлашни сўрадилар. Улар ўн икки кишини танладилар. У зот нақибларга:

«Худди Ийсо ибн Мар­ямнинг ҳаворийлари кафил бўлгандек, сизлар ҳам ўз қавмингизга кафилсизлар. Мен ўз қавмимга кафилман», дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон тиловат қилиб бердилар, Аллоҳга даъват, Исломга тарғиб қилдилар ва:

«Аёлларингиз ва болаларингизни нимадан ҳимоя қиладиган бўлсангиз, ўшандан мени ҳам ҳимоя қилишингиз шарти ила сизларнинг байъатингизни қабул қиламан», дедилар.

Биринчи бўлиб Баро ибн Маърур Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини олиб, байъат қилди. Кейин ҳамма бирма-бир байъат қилиб чиқди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Энди жойларингизга бораверинглар», дедилар.

Эртасига бўлиб ўтган ишдан Макка кофирлари хабардор бўлиб қолдилар. Ясрибликлар турган жойга бориб, суриштира бошладилар. Ясриб мушриклари «Биз бундай иш қилганимиз йўқ», деб қасам ичиб, туриб олдилар. Мусулмонлар ҳеч нарсани билмагандек туравердилар.

Ҳожилар жўнаб кетганларидан кейин мушриклар ишнинг тафсилотини билдилар. Улар ясриблик мусулмонларни ортларидан қувиб бордилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни тутиб ҳам олдилар. У кишини калтаклаб, Маккага олиб келдилар. Аммо Саъд розияллоҳу анҳунинг иттифоқдошлари у кишини мушриклар қўлидан ажратиб олдилар.

Бу ишдан жаҳли чиққан кофирлар мусулмонларга нисбатан адоватни яна ҳам авж олдирдилар. Улар мусулмонларга аввалгидан ҳам қаттиқроқ азоб бера бошладилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
399. Абул Ҳайяж Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Алий ибн Абу Толиб менга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени юборган нарсага сени юборайми давоми...

596 19:00 / 05 апрель
Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар давоми...

3731 19:03 / 28.04.2017
Икки азондан мурод азон ва иқоматдир. . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Азон ва иқомат орасидаги дуо рад давоми...

2316 11:09 / 30.08.2020
600. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Умар ибн Хаттоб Шом томон йўлга чиқди. У Сарғга етганда, унга Ажноднинг аҳлидан Абу Убайда Жарроҳ ва давоми...

2822 17:00 / 17.12.2021
Аудиолар

120081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар