8202 22.02.2018

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бидъатни тарқатманг!

Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзига хос ва мос беадад ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду саловотлар бўлсин!

Ассалому алайкум, каналимизнинг муҳтарам мухлислари!

Авваламбор, динимиз ҳукмларини, шариат аҳкомларини оз-оздан бўлса ҳам, ўрганиб бораман деб, ушбу камтарона меҳнатимиз – ахборот каналимизга қўшилган экансиз, Аллоҳ таолодан олаётган илмларингизга баракот ато этишини, билганларингизга амал қилиш бахтини насиб этишини сўраймиз. Каналимизга янги қўшилган азизларимизга эса қадамларингиз қутлуғ келсин деймиз.

Бироқ, бугунги мурожаатимиздан мақсад хурсандчилик эмас, балки ўзбекзабон интернет оламида анчагина тарқалиб қолган бир иллатдан огоҳлантиришдир. Бу иллат – кўринишдан яхши гапдек кўринадиган бир хабар бўлиб, аслида устига асал суртилган заҳарга ўхшайди.

Афсуски,  соддадил биродарларимизни, интернет оламида авж олиб кетган ёлғон-яшиқларга чиппа-чин ишонадиган азизларимизни огоҳлантириш учун ўша тарқатилаётган хабарнинг матнини келтиришга мажбурмиз:

 

Азизлар, Рамазон 2018-йилнинг 17-майида
бошланар экан ИН ША АЛЛОХ…
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

“Агар умматимга ким биринчи бўлиб рамазон ойини қайси
куни киришини эслатса
жаханнам ўтлари ул инсонга харомдур”

Бу каби хабар ҳар йили Рамазон бошланишига бир неча ой қолганда тарқала бошлайди. Аввало, бу хабарнинг ғирт саводсизларча, ҳадиси шарифларга ҳурматсизларча ёзилганиёқ одамни шубҳага солади. Аҳли илмлар бундай хом-хатала матн ёзмайдилар. Шунингдек, ҳадиси шарифлардан иқтибос келтирганда уларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиб, қолганларга етказган саҳобанинг исми ҳамда бу ҳадисни ривоят қилган муҳаддис имомларимиздан бирининг исми шарифлари ҳамда бу ҳадиснинг қайси китобда келтирилгани кўрсатилиши керак.

Қолаверса, бу гап мутлақо ҳадис эмас, балки уйдирма, ёлғон гап бўлиб, нақ бидъатнинг ўзгинасидир. Ҳеч қайси мўътабар асарларда, саҳиҳ ҳадис тўпламларида бундай ҳадис йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Аммо нима учун бундай бемаъни нарса интернетда тарқалиб кетяпти? Бир томондан, бунинг сабаби баъзи кимсаларнинг ўтакетган илмсизлиги, жоҳиллиги, ноинсофлиги ва қайсарлиги бўлса, иккинчи томондан баъзи канал ва саҳифаларнинг диндан пиар ва реклама учун мунофиқларча фойдаланишидир.

Мунофиқларча деганимизнинг сабаби шуки, мўмин-мусулмон одам оддий ёлғон гап-сўзни тарқатишдан ҳам ҳазар қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёлғон ҳадис айтишдан эса жаҳанам оловидан қўрққандек қўрқади.

Чунки Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

«Мени сизларга кўп ҳадис айтишдан фақатгина Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», деганлари тўсади».

Бу ҳадисни буюк ватандошимиз имом Бухорий ўзларининг дунёга машҳур «Жомеъус саҳиҳ» тўпламларида келтирганлар («Олтин силсила». «Саҳиҳул Бухорий», 1-жилд, 108-ҳадис).

Динини яхши биладиган, диний илмлардан озми-кўпми бохабар бўлган мўмин-мусулмон одам бу ҳадисни албатта эшитган бўлади. Шунинг учун юқоридагига ўхшаган ёлғон-яшиқ, таг-туги йўқ гапларни нафақат ҳадис деб тарқатишга, ҳатто уни ҳадис дейишга ҳам ҳазар қилади.

Буни ҳадис деб қандайдир мақсадлар билан тарқатаётганлар билмайдики, айнан мана шу каби гапларни тарқатганлар юқоридаги ҳадисга биноан оғир азоб-уқубатларга дучор бўлади.

Шу тўрт қатор гапни тарқатаман деб, ўзини нақадар даҳшатли азобларга дучор қилаётган бу гумроҳларга шу гап кифоя қилармикин? Буниси бизга қоронғи. Аммо умид қиламизки, буни билмаган бўлишса, энди билиб, кўзлари очилар. Биз уларни дуоибад қилмаймиз, балки уларга инсоф тилаймиз, токи бу дунёда тавба қилишга улгуриб қолишсин.

* * *

Кейинги танбеҳимиз, огоҳлантиришимиз бу ёлғон гапларни кўпроқ одамга тарқатиш учун уларнинг бир четига юртимизда анча машҳур бўлиб қолган, динимизни ўрганиш ва ўргатиш борасида жонбозлик кўрсатаётган диний сайтлар, ахборот каналларининг рамзларини, номларини, ҳаволаларини қўшиб қўяётганларга.

Барака топкурлар, гуноҳингизга бизни восита қилманг, содда одамларни алдаб, бизни ҳам бу ярамас ишларингизга аралаштирманг. Унутмангки, нечта одамни алдасангиз, гуноҳларингиз ҳам шунча баравар ортади.

* * *

Эндиги илтимосимиз бундай хабарларни кўриб қолиб, унга ишониб, бошқаларга тарқатиб юрганларга бўлади.

Азизлар! Дуч келган гапни эшита солиб, ўқий солиб, дарров кимгадир улашишга, тарқатишга шошилманг. Савобга қоламан экан деб, гуноҳ орттириб олманг.


Интернет исроф эмас, ирфон воситаси бўлсин!

Бу дунёда ҳидоятчимиз, охиратда шафоатчимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизу бизга – бахтиёр умматларига шундай васият қилиб кетганлар:

«Сизларга икки нарсани қолдирдим. Уларни маҳкам тутсангиз, ҳаргиз адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннати» (Муслим ва Абу Довуд ривояти).

 

Ҳар бир замонга, ҳар бир маконга бирдек тааллуқли бўлган ушбу ҳадис ҳар биримиз учун кундалик ҳаёт дастуриламали бўлиши лозим. Хусусан, бугунги ахборот асрида, интернет ҳар бир хонадонга кириб келаётган бугунги кунда ушбу ҳадисга кўра Роббимиз Китобига ва Набийимизнинг суннатларига қатъий амал қилмасак, залолатга кетиб қолишимиз тайин. Хўш, бу борада айнан қайси оят ва ҳадисларга риоя қилишимиз керак? Мана улар:

Аллоҳнинг Китобидан:

«Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» («Тафсири Ҳилол», Ҳужурот сураси, 6-оят).

Расулининг суннатидан:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишига гуноҳ учун эшитган ҳар нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар» (Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган. «Ҳадис ва ҳаёт», Яхшилик ва ахлоқ китоби, 34-жуз).

Бугунги кунда нафақат интернет оламида, балки умуман кундалик ҳаётимизда авж олаётган фисқу фасодлар, гина-кудуратлар, адоватлар, зиддият ва тафриқалар шу икки буюк кўрсатмага, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги васиятларига риоя қилмаганимиздан келиб чиқяпти десак, муболаға бўлмайди.

Айниқса интернет ва ахборот оламида биз мўмин-мусулмонлар бу икки илоҳий таълимотга риоя қила олмаяпмиз. Кимдир билмаганидан, кимдир писанд қилмаганидан – хуллас, риоя қилмаяпти. Бундан эса дин душманлари ниҳоятда усталик билан фойдаланиб қоляпти. Афсус, минг афсус, соатлаб вақтларимиз, қанча-қанча маблағларимиз тоат-ибодатга, ҳалол топиб, ҳалол сарфлашга, хайру эҳсонга эмас, турли хабарларни кўриб ўтириб, уларнинг на манбаини, на ишончлилигини суриштириб ўтирмай, яқинларимизга, таниш-билишларимизга тарқатиб юборишга исроф бўляпти.

Ваҳоланки Аллоҳ таоло дуч келган хабарни суриштирмай тарқатишнинг оғир оқибатидан огоҳлантириб турибди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар эшитган гапини айтаверган одам гуноҳкор бўлиб қолишини айтиб турибдилар.

Қани оятга амал? Қани ҳадисга амал?

Интернет – Аллоҳ таоло яратган махлуқотларнинг гултожи бўлган инсоннинг ақл даҳоси маҳсули, асримизнинг энг буюк кашфиётларидан бири. Бир пайтлар аждодларимиз илм олиш учун минглаб чақирим йўл юриб, ойлаб вақт сарфлаган бўлса, интернет неъмати туфайли ўтирган жойимизда дунёнинг исталган нуқтасидаги китобни ўқишимиз, дарсни тинглашимиз, уламолардан савол сўрашимиз мумкин бўлиб қолди. Бу эса ойлаб вақтларимиз, минг-минглаб маблағларимиз тежалди деган сўз. Аммо биз – имом Бухорийлар, имом Термизийларнинг авлодлари интернетдан кўпроқ қандай мақсадда фойдаланяпмиз? Айтишга ҳам уяласан киши. Биз интернетдан айнан ўша вақтни исроф қилиш учун фойдаланяпмиз.

Ваҳоланки устозларимиз шу бугунги кунда вақтдан қандай қилиб унумли фойдаланиш мумкинлигини шахсий намуналарида кўрсатиб кетдилар.

Келинг, азизлар, интеретни исроф эмас, ирфон воситасига айлантирайлик. Ундан дунё ва охиратимиз учун манфаатли ишлар учун фойдаланайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!


Озод Мунаввар

Азамат Ҳамидов