1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Барча нарса машийъатга суянади

00:25 / 11.05.2017 5153 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча нарса машийъатга суянади. У эса ҳеч нарсага суянмайди.

Ушбу ҳикматдаги «машийъат»дан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳишидир. «Машийъат» ва «ирода» сўзлари диний матнларда бир хил маънони ифода этади.

Араб тилида «шайъун» сўзи мавжуд нарсани англатади. Агар «Барча нарса Аллоҳ таолонинг машийъатига суянади», десак, барча мавжуд нарсалар Аллоҳ таолонинг иродаси ила, бор қилиши ила мавжуд бўлгандир, деган бўламиз. Барча нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг машийъатига боғлиқлиги ва у ила бўлиши Ислом ақийдасининг собит ҳақиқатларидан биридир.

Бу ҳақда Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий китобларининг энг машҳурларидан бири «Ақийдатут Таҳовия» китобида қуйидаги матн келган:

«У Зот ирода қилган нарсадан бошқа бўлмас».

Яъни борлиқда Аллоҳ таолонинг иродасидан бошқа ҳеч нарса бўлмас.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири Сомаддир.

Сомад сифати кўп маъноларни ўз ичига олади: итоат қилинган улуғ – У Зотсиз ҳеч бир иш битмайди, ҳеч кимга Унинг ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга тушади, бутун махлуқот битиб тугаса ҳам, Ўзи доим боқийдир ва ҳоказо.

Аллоҳ таолонинг Сомад исми тақозо қиладиган маънолардан бири У Зотга тугал ироданинг собит бўлишидир. Яъни Аллоҳ таолонинг иродаси тугалдир, нуқсонсиздир ва унга мажбурлаш ўтмайди.

Бу Қуръонга, суннатга, соғлом ақлга тўғри ақийдадир.

Ақл шунга далолат қиладики, агар Аллоҳ таолонинг машийъати – иродаси тугал, нуқсонсиз ва мажбурлаш ўтмайдиган бўлмаса, У Зотга мазкур маънолар, яъни тугал бўлмаган ирода, нуқсонли ирода ва мажбурлашни қабул қиладиган ирода каби бандаларга хос айблар нисбат берилган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолога мутлақо тўғри келмайди. 

Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг иродаси – машийъати тугал эканини англатувчи оятлар кўплаб келгандир.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ирода қилганини ҳукм қиладир» (1-оят).

Унинг иродасининг чеки йўқ. У мутлақ иродали Зот. Нимани хоҳласа, шуни ҳукм қилади. Унинг ҳукми ҳамма ёқда жорий бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади: 

«Албатта, Аллоҳ ирода қилган нарсани қилур» (14-оят).

Зотан, Ул Зотнинг иродаси тугалдир, нуқсонсиздир ва унга ҳеч қандай мажбурлаш ўтмайди.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказур. У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (107-оят).

Бандага фойда ёки зарар етиши Аллоҳнинг иродаси билангина бўлади. Ҳа,

«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир».

Борлиқнинг ягона Холиқи, Қодиру Молик Зот бир бандани зарар ила тутса, у ожиз бандага ким ҳам ёрдам бериб, мушкулига кушойиш ато қила олар эди?! Шунингдек,

«Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир».

Аллоҳ яхшилик келтирадиган ишларни қилганларга яхшилик, ёмонлик келтирадиган ишларни қилганларга ёмонлик етказишни ирода этгандир. Аллоҳ бандалари ичидан Ўзи хоҳлаганларини фазлига эриштиради.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

«Ҳукмни Аллоҳ қиладир. Унинг ҳукмини таъқиб қилувчи йўқдир» (41-оят).

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ҳукм қила олмайди. Агар У бирор юртнинг таназзулга учрашини ҳукм қилса, ўша бўлади.

«Унинг ҳукмини таъқиб қилувчи йўқдир».

Орқасидан тафтиш қилувчи, ўзгартирувчи йўқ.

Инсоннинг ҳар бир ҳаракати, иши, ҳатто нафас олиб-чиқариши ҳам буткул Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди. Шунинг учун инсон бу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги, келажакдаги режа ва ишларини Аллоҳнинг хоҳишига боғлаб гапириши керак.

Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиши инсоннинг иродаси ва хоҳишидан доимо устун туришини, унинг хоҳлагани эмас, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлишини унутмаслиги керак. Агар режалаштирган иши амалга ошса, Аллоҳ Ўзи ёрдам берди, деб шукр этади ва ҳовлиқиб кетмайди. Мабодо амалга ошмай қолса, Аллоҳнинг хоҳиши шу экан, деб сабр қилади ва ноумид бўлмайди.

Борлиқни Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи яратган, унда ёлғиз Ўзи ҳукм юритади. Унинг хоҳишини чекловчи йўқ. Ниманики хоҳласа, шуни қилади. Осмонлару ер ҳам, уларнинг орасидагилар ҳам Ўзининг мулки. Ўз мулкида нимани раво кўрса, шуни қилади.

Ушбу улкан ақийдавий ҳақиқатни Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг содда иборалари ила ифода қилиб айтмоқдаки:

«Барча нарса машийъатга суянади. У эса ҳеч нарсага суянмайди».

Ушбу таъбир Аллоҳ таолонинг ишлари орасида бандаларнинг ишларидаги каби турли ғаразлар ёки бошқа ишлар восита бўлмаслигини билдиради. Банда қай бир ишни қилса, унинг ортида турган ғарази бўлади. У бир ишга иккинчисини сабаб қилмаса, иши битмайди.

Аллоҳ таоло эса бир ишни қилиш учун бошқа ишларни орага қўшмайди. Агар уларни орага қўшадиган бўлса, мажбур бўлганидан қўшиши керак бўлади. Бу эса У Зотнинг шаънига мутлақо тўғри келмайди. Мажбур бўлиш бандага хосдир.

Оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолога нисбат берилган ишларнинг зикри сабабни англатувчи «бо» ва «лом» ҳарфлари билан келиб, ғаразни англатувчи иборалардаги сабаб маъноси, аввал ҳам таъкиланганидек, ҳақиқий эмас, «жуълий» сабаб дейилади.

Бу борадаги Ислом таълимотларини жамлаб, қисқача ифода қиладиган бўлсак, қуйидагилар аён бўлади:

Аллоҳ таолонинг бандаларга кўрсатган инояти азалий ва қадимий бўлиши билан бирга, У Зотнинг машийъатига бўсунган ҳамдир. У Зотнинг машийъати устидан ҳукм қилинмайди ва уни ҳеч нарса чеклай олмайди. Банда мазкур илоҳий машийъат асосида Аллоҳ таоло унга буюрган амалларни қилади. Амрларини бажаради ва қайтариқларидан қайтади. Бас, шундай экан, банданинг турли ишларга юзланиши ва уларни амалга ошириши унга бўлган азалий илоҳий иноятнинг таъсирларидан биридир.

Аллоҳ таолонинг инояти инсониятнинг барчаси учун умумийдир, шомилдир. Зотан, ўша илоҳий иноят Аллоҳ таоло барча бандаларга берган иймон фитрати – соф табиатнинг манбасидир. Одамлардан бирортаси мазкур соф табиатдан маҳрум қилинмаган. Лекин, минг афсуски, кўпчилик одамлар мазкур соф табиатдан юз ўгирадилар, у билан тўғри муомалада бўлмайдилар. Унга нисбатан мутакаббирлик қиладилар.

Албатта, бандаларнинг мазкур мутакаббирликлари ҳам Аллоҳ таолонинг машийъати ва иродаси билан бўлади. Аммо бу ўша мутакаббирлар кибр қилишга мажбур бўлганларини англатмайди. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг машийъати ила инсонга ихтиёр қилиш қобилиятини берган. Банда қай бир ишни қилса, албатта, ўз ихтиёри билан қилади. Инсоннинг иродаси Аллоҳ таолонинг иродасига бўйсунади. Аммо бунда мажбурлаш маъноси йўқдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизни барча нарса машийъатга суянишини, машийъат эса ҳеч нарсага суянмаслигини аниқ биладиган ва шунга эътиқод қиладиган бандларидан қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зебзийнат, ўзаро фахрланиш, молмулкни ва болачақани кўпайтириш, давоми...

4043 17:02 / 02.12.2018
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ҳасаддир. Уламолар, ҳасадбировга етган неъматга рашк билан қараш ва давоми...

3671 05:00 / 28.02.2017
.Ғазаб, луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида, ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни .ғазба, дейишади. Ғазаб ҳам шундан давоми...

1951 17:35 / 25.07.2022
Тариқатларнинг ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканлигини аниқлаш учун уларнинг шариатга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган давоми...

3030 15:30 / 23.11.2019
Аудиолар

118785 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40735 14:35 / 11.08.2021