1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 41-оят

10:05 / 22.08.2017 3121 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва Мен сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб нозил қилган нарсага иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг ва оятларимни озгина баҳога сотманг. Ва Менгагина тақво қилинг. Бақара 41. 

Аллоҳ таоло Бану Исроилга қилаётган хитобида давом этиб, уларни Қуръони Каримга иймон келтиришга чақирмоқда:

«Ва Мен сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб нозил қилган нарсага иймон келтиринг».

Оятда Қуръони Карим яҳудийларда бор нарсани, яъни, Тавротни тасдиқловчи, деб сифатланяпти. Ҳақиқатан, Қуръон илоҳий китоблар силсиласининг охиридир. Аввалги самовий китоблар ҳам, Қуръони Карим ҳам Аллоҳ тарафидан келгандир. Қуръон сўнгги китоб бўлгани учун ўзидан аввалгиларни, жумладан, Тавротни ҳам тасдиқловчи бўлиб келган. Шу билан бирга, инсониятга яхшилик йўлини кўрсатувчи бўлиб келган. Шундай экан, Бану Исроил биринчилардан бўлиб Қуръонга иймон келтириб, Исломга кириши зарур. Уларни Аллоҳ:

«Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг…»  деб Қуръонга куфр келтиришдан қайтармоқда. Қаранг, бир оятнинг ўзида ҳам иймон келтиришга буйруқ, ҳам куфр келтирмасликка амр бор!

Бану Исроил қадимдан мол-дунёга ўч бўлганлигидан Аллоҳ таоло уларнинг табиатларига мос лафз ишлатган:

«…оятларимни озгина баҳога сотманг».

«Озгина баҳо» деганда мол-дунё назарда тутиляпти. Бану Исроилнинг катталари ёлғон фатволар бериб, турли диний хизматлар эвазига мол-дунё тўплашар эди. Бундан бошқа, молу дунё тўплаш илинжида амалга оширадиган ишлари ҳам бор эди. Улар Исломни қабул қилсалар, ўшандай дунёвий манфаатлардан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқдилар. Улар «Мусулмон бўлсак, раҳбарлик, мансабдорликдан ажраб қоламиз», дедилар. Иймон олдида дунёнинг ҳаммаси ҳам бир пулга тенг келмаслигини билмадилар.

«Ва Менгагина тақво қилинг», – дейди Аллоҳ таоло оятнинг охирида. Бунинг маъноси «Мендан шундай қўрқингки, бу қўрқинч сизни амрни бажо келтирадиган, қайтаргандан қайтадиган қилсин», деганидир.

Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб тақвони бундай таърифлаганлар: «Тақво – Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, унинг нури ила Унга тоат қилмоқ ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларни тарк этмоқдир».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳш ишларга буюрадир. Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир. давоми...

3930 15:28 / 01.05.2018
Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг. Одамлардан баъзилари .Роббимиз, бизга бу дунёда бергин,, давоми...

3849 08:10 / 07.02.2018
Аллоҳ уларнинг сир тутгану ошкор қилган нарсаларини албатта билишини билмайдиларми Бақара 77. Зикр қилинган бу ҳол яҳудийларнинг диний олимларига оид. Авом халқнинг ҳоли келаси оятда баён қилинади.

3033 09:00 / 30.09.2017
.Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер,, ndash деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида .Сизларга .Осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар давоми...

3454 16:06 / 14.08.2017