1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 271-оят

09:45 / 04.05.2018 5696 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир. Бақара 271. 

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақаларни ошкора қилсангиз, бу қандай ҳам яхши!» – дейилганида фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар уларни махфий қилсангиз…» дейилганида ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан ёмонликларингизни кетказадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, улардаги тақво ҳиссини зиёда қилади.

«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс туйғуларини йўқотиш керак бўлади. Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин экани кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучлидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг йўлида жанг қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. Бақара 244. Ушбу оятда мўмин бандаларга хитоб бўлмоқда.Аллоҳнинг йўлида давоми...

2819 09:05 / 27.03.2018
Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, уларга Робблари давоми...

3787 09:25 / 10.09.2017
Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутарлар. Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар, бачадонларида Аллоҳ халқ қилган нарсани беркитишлари давоми...

4847 17:15 / 08.03.2018
Булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Ва албатта, сен расуллардансан. Бақара 252. .Булар, мингларча одамларни ўлдириш ва тирилтириш, давоми...

3101 17:35 / 04.04.2018
Аудиолар

120322 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41964 14:35 / 11.08.2021