1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 196 оят

14:55 / 21.06.2017 4044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлган ҳадий (вожиб). Ҳадий ўз жойига етмагунча, сочингизни олдирманг. Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, унга рўза тутиш, ёки садақа бериш, ёхуд қурбонлик сўйиш ила фидя (вожиб). Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача баҳраланган бўлса, унга муяссар бўлган ҳадий (вожиб). Ким топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда рўза тутиш (вожиб). Ана ўша тўлиқ ўн кундир. Бу аҳлу оиласи Масжидул Ҳаромда яшамайдиганлар учундир. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир.

Бақара сураси, 196 оят

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳаж ва умрани Ўзи учун тугал адо этишга буюрмоқда.

«Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг».

«Ҳаж» сўзи луғатда улуғ нарсани қасд қилишга нисбатан ишлатилади. Ислом шариатида эса ҳаж махсус замонда, махсус маконда, махсус амаллар билан махсус ибодатни адо этишдир.

Махсус замон.

Ҳаж фақат махсус вақтда адо қилинади. Хусусан, унинг бош рукни – Арафотда туриш зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни бўлиши шарт. Бошқа вақтда ҳар қанча турса ҳам, ҳаж ҳисобланмайди.

Махсус макон.

Ҳаж ибодатини адо этиш учун Аллоҳ томонидан ирода қилинган маконлар – Масжидул Ҳаром, Арафот, Муздалифа, Мино каби жойлар махсус макондир. Бошқа жойларда бу ибодатларни адо этиш мумкин эмас.

Махсус амаллар.

Бунда эҳром, Каъбани айланиб тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арафотда туриш, Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш каби амаллар кўзда тутилган.

Бу ибодат аҳли аёлининг ҳожатидан ортиқча етарли маблағи бор, соғлом, омонликдаги хотиржам мусулмонга умрида бир марта фарз бўлади.

«Умра» сўзи эса луғатда «зиёрат ва ободлик» деган маъноларни билдиради. Ислом шариатида эса Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиб бажариладиган махсус зиёратга умра дейилади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳаж ва умранинг фарзларини, шартларини тугал, бенуқсон қилиб, Аллоҳ учун адо этишга амр қилмоқда. Шу билан бирга, «Ҳаж ёки умрани ният қилиб, ибодатни бошласангиз, охирига етказинг» деган маъно ҳам бор. Бу амри илоҳийга биноан, ҳаж ёки умрани ният қилиб, эҳромга кирган ҳар бир мусулмон уни охиригача тугал қилиб адо этишга уринади. Лекин инсоннинг иродасидан ташқари ҳолатлар ҳам содир бўлиши мумкин. Касаллик ориз бўлиши ёки Набий алайҳиссалом бошчиликларида Байтуллоҳни ҳаж қилишга келаётган мусулмонларни мушриклар тўсгани каби, йўлни душман тўсиши мумкин. Ундай ҳолатда нима бўлади?

Оятда бу саволга жавобан:

«Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлган ҳадий (вожиб)», – дейилмоқда.

Шариати исломияда ҳожи ёки умрачининг душман ёки касаллик ёхуд бошқа сабабга кўра ибодатни адо эта олмай қолишига «эҳсор» дейилади.

«Ҳадий» «ҳадя» сўзининг жами бўлиб, ҳаж ёки умрага чиққан одам ўзи билан бирга қурбонлик қилиш учун олиб чиққан қўй, эчки, мол ёки туядан иборат ҳайвонга айтилади. Ўша пайтда Байтуллоҳ зиёратига чиққан одам бу ҳайвонлар қурбонликка аталганини билдириш учун бўйнига хурмонинг пўстлоғидан аломат – белги ҳам осиб қўяр эканлар. Буни кўрган одамлар у ҳайвонга тегмас, йўқолиб қолса ҳам, Ҳарамга боргунича юраверар экан.

Демак, эҳсор бўлган (ушланиб қолган) киши ҳадий (қурбонлик) қилар экан. Албатта, ният билан чиққан ҳожи ёки умрачи ибодатини Аллоҳ таоло айтганидек тугал бажариши керак эди. Аммо эҳсор туфайли ниятини амалга ошира олмай қолди. Аллоҳ меҳрибон, бандаларига енгилликни хоҳлайди. Ушланиб қолганлар ўзлари муяссар бўлган қурбонликни қилиб, сочларини олдирсалар, улар ҳам ибодатларини тугал қилган ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам бу амалларни худди ибодатни тугал адо қилаётган ҳожи ёки умрачи каби адо этишга амр бўлмоқда:

«Ҳадий ўз жойига етмагунча, сочингизни олдирманг».

Ҳанафий мазҳаби бўйича, эҳсор туфайли тутилиб қолган киши қурбонликни бошқалар орқали юборади ва унинг Ҳарамда сўйилгани ҳақидаги хабар келгунча сочини олдирмай, эҳромдан чиқмай туради. Айтилган амрни бажарганда, у ҳам ибодатини тугал адо этган ҳисобида ажр олади.

Олтинчи ҳижрий йилда мусулмонлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом раҳбарликларида ният қилиб, эҳромга кириб, ҳадий олиб келганларида, мушриклар уларнинг йўлларини тўсиб, ибодатдан ман қилишган. Ҳудайбия номли жойда Пайғамбаримиз ўзлари билан етаклаб келган қурбонликларини сўйиб, сочларини олдирганларидан кейин саҳобалар ҳам шундай қилганлар ва ҳаммалари орқаларига қайтганлар. Фатҳ сурасида бу ҳақда тўлиқ хабар келади.

Ҳаж ёки умрани тугал адо этганлар ҳам, эҳсор туфайли ушланиб қолганлар ҳам қурбонликни жойига етказиб, сўйганидан сўнг сочини олдириб ёки қисқартириб, эҳромдан чиқадилар. Буни билгандан сўнг «Мабодо эҳромдаги одам сочини олдиришга мажбур бўлиб қолса-чи?» деган савол пайдо бўлди. Бу саволга жавоб оятда:

«Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, унга рўза тутиш, ёки садақа бериш, ёхуд қурбонлик сўйиш ила фидя (вожиб)», – деб келмоқда.

Биров сочини олдирмаса бўлмайдиган бир касалга чалинди ёки бошига бит тушиб кетди, ёки яра тошди. Шунга ўхшаш ҳолларда қурбонлик сўйишдан олдин сочини олдиради-да, хоҳласа, уч кун рўза тутади ёки олтита мискинга овқат беради, хоҳласа, бир сўйиш сўйиб, тўлов тўлайди. Бу шариатда «фидя бериш» дейилади.

Имом Бухорий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:

«Мени Расулуллоҳнинг ҳузурларига кўтариб олиб боришди, бит юзимга сачраб, тушиб турар эди. У зот алайҳиссалом:

– Сени бу ҳолга тушиб қолган деб ўйламаган эдим. Қўйинг борми? – дедилар. Мен:

– Йўқ, – дедим. У киши:

– Уч кун рўза тут ёки олтита мискинга таом бер. Ҳар бир мискинга ярим соъ бер, сўнг сочингни олдир, – дедилар.

Сўнг ҳажнинг бошқа ҳукми баён қилинади:

«Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача баҳраланган бўлса, унга муяссар бўлган ҳадий (вожиб)».

Яъни эҳсор бўлмаса, душман йўлини тўсмаса, тинч-омон бориб, ибодатни тугал адо этса, умрадан сўнг эҳромдан чиқиб, оддий ҳолатдаги каби, ҳамма нарсалардан манфаатланиб, ҳузур қилиб юрса, муяссар бўлган қурбонликни қилсин. Бу шариатда «таматтуъ» дейилади ва луғатда «фойдаланиш», «маза», «ҳузур қилиш» деган маъноларни англатади. Унда ҳаж қилмоқчи бўлган одам эҳромга кираётган пайтда аввал умрани ният қилади.

Маккаи Мукаррамага келиб, Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва орасида саъйни адо этгандан сўнг эҳромдан чиқади. Ҳаж вақти келгунча эҳром ман қилган нарсалардан фойдаланиб, ҳузур қилиб юриши мумкин бўлади.

Ҳаж вақти – зулҳижжанинг саккизинчи куни келганда, ҳажни ният қилиб, эҳромга киради ва ибодатларни адо этишни бошлайди. Бир сафарда икки ибодатни адо этгани, орада умрадан сўнг ҳажгача эҳром ман қилган нарсалардан фойдалангани, ҳузур қилгани учун муяссар бўлганича қурбонлик қилади.

«Ким топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда рўза тутиш (вожиб)».

Демак, таматтуъ қилган одамнинг сўйгани қурбонлиги бўлмаса, у камбағал бўлса, уч кун ҳажда – умрага эҳром боғлагандан то ийди қурбон кунигача бўлган муддатда рўза тутади. Уламолар «Арафа кунидан аввалги уч кун бўлса яхши бўлади», – деганлар. Ҳаждан қайтгандан кейин етти кун, ҳаммаси бўлиб ўн кун рўза тутиш керак.

«Бу аҳлу оиласи Масжидул Ҳаромда яшамайдиганлар учундир», яъни таматтуъ ва унга боғлиқ нарсаларни қилиш ҳаммага ҳам буюрилмаган. Ҳарам ҳудудида яшайдиганларга таматтуъ мумкин эмас.

Аввалги ишлар баёнида таъкидланганидек, ҳаж ва умрада ҳам қалблар тақвога буюрилмоқда:

  «Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бирбирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг. давоми...

4377 14:35 / 26.01.2018
Моида сураси, 91оят. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. давоми...

9852 10:33 / 06.07.2018
Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳш ишларга буюрадир. Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир. давоми...

3915 15:28 / 01.05.2018
У «Албатта, У Зот «У минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, чипори йўқ сигир», деяпти», деди. Улар «Ана энди ҳақни келтирдинг», давоми...

3644 09:00 / 22.09.2017
Аудиолар

120084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41751 14:35 / 11.08.2021