237 18.01.2018

Бирортангизга ўлим келганда, агар у яхшилик (бойлик) қолдираётган бўлса, ота-она ва қариндошларга маъруф ила васият қилиш тақводорларнинг бурчи ўлароқ сизларга фарз қилинди. Бақара 180.

Демак, ўлим олдидан васият қилиш ҳам фарз экан. Бу ҳам тақвонинг бир шарти экан. Агар ўлаётган одам мол-мулк қолдирадиган бўлса, ўша молнинг кимга қанчаси берилишини васият қилмоғи лозим. Бу васият ота-она ва яқин кишиларга бўлади. Бу ояти карима мерос ҳақидаги оятдан аввал нозил бўлган, кейинчалик мерос ояти нозил бўлиб, васият қилмаса ҳам, ўлгандан қолган мол мерос сифатида яқин кишиларга бўлиб берилиши баён қилинди. Ўша оятда кимга қанча тегиши ҳам айтилди. Ота-она меросхўрлар қаторига кирдилар. Ушбу эътибордан, энди ўлим келган одам «Отамга молимдан бунча берилсин, онамга бунча берилсин», деб васият қила олмайди. Шунингдек, мерос оятида ҳақлари баён қилинган бошқа яқинларига ҳам. Аммо мерос оятида зикр қилинганлардан бошқа кишиларга васият қилса бўлади. Бу эса касб қилиб, мол-дунё топган кишининг хайр-эҳсон қилишига, баъзи яқинларига силаи раҳм кўрсатишига, ижтимоий кафолатга риоя этишига шароит туғдиради. Бу йўл билан меросхўрнинг ҳақлари ҳам ҳимоя қилинган.

Имом Бухорий қилган ривоятда Саъд розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг молим бор. Меросхўрим биттагина қизим, молимнинг учдан иккисини васият қилсаммикан?» деганларида, Набий алайҳиссалом:

– Йўқ, – деб жавоб берганлар. У киши:

– Ярмини-чи? – деганларида, у зот яна:

– Йўқ, – деганлар. Саъд розияллоҳу анҳу:

– Учдан бирини-чи? – деганларида,

– Учдан бири майли, учдан бири ҳам кўп, – деганлар.

  Ушбу ҳадисдан ҳужжат олиниб, учдан бирига васият қилишга рухсат берилган. Агар ундан кўпига васият қилса ҳам, фақат учдан бири ҳисоб қилинади. Эътибор берилса, ояти карима бу тарзда васият қилишни «тақводорларнинг бурчи» деб атамоқда.