1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 154-оят

09:05 / 21.12.2017 4310 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни «ўликлар» деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз. Бақара 154.

Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганлар одамлар кўзида гўё ўладилар. Аммо Аллоҳ таоло ушбу оятда уларни «ўликлар» демасликка амр қилмоқда.

«Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни «ўликлар» деманг».

Демак, уларнинг ўлими зоҳирий ўлим, яъни бошқа одамларнинг кўзига ўлим бўлиб кўринади, холос.

«Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз».

Аслида, ушбу оятда таъкидланганидек, улар тирикдирлар, аммо уларнинг тирикликларини биз сезмаймиз. Уларнинг ҳаётлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Чунки инсон ҳаёт ва ўлимнинг ҳақиқатини англаб етиши мумкин эмас. У зоҳирга қараб, ҳаракатдагини «ҳаёт», ҳаракатсизини «ўлик» деб ҳукм чиқараверади. Аммо шаҳидларни, Аллоҳнинг йўлида жонини қурбон қилганларни Аллоҳ тирик деяптими, демак, улар тирик бўладилар. Шунинг учун ҳам улар бошқа ўликлар сингари ювилмайди. Чунки ўликнинг баданини поклаш учун ювилади. Шаҳидлар ўзлари пок, улар тирикдирлар. Ҳамда шаҳидларга ўликларнинг кийими – кафан кийдирилмайди, қайси кийимда шаҳид бўлсалар, ўшанда дафн этиладилар.

Шаҳидлик олий мақом, унга эришиш осон эмас. Урушга кирган ҳамма ҳам шаҳид бўлавермайди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф бу масалани ойдинлаштиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан:

– Шижоат билан урушга кирган одам Аллоҳнинг йўлида урушган бўладими, тарафкашлик учунми ёки риё учунми? – деб сўралганда, у зоти бобаракот:

– Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Аллоҳнинг йўлида урушган бўлади, – деганлар.

Шаҳидликнинг олий мақомлиги борасида, шаҳидларга бериладиган мартабалар ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Мисол тариқасида биттасини келтирамиз.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Шаҳиддан бошқа жаннатга кирганлардан бирорта одам қайтиб чиққиси келмайди. Унга ер юзида ҳеч нарса йўқ. Шаҳид бўлса, жаннатда кўрган эҳтиром ва икромдан сўнг яна дунёга қайтиб, ўн марта ўлдирилишини орзу қилади», – деганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда сузиб юрган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув давоми...

3384 08:20 / 31.12.2017
Тавба 18. Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан давоми...

10403 10:44 / 06.06.2017
Тавба 5. Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар бир кузатиш жойида пойланглар. Агар тавба давоми...

5520 05:09 / 04.06.2017
Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабли Иброҳим билан Робби ҳақида тортишган кимсани билмадингми Ўшанда Иброҳим .Роббим тирилтиради ва ўлдиради,, ndash деди. У .Мен давоми...

3381 09:25 / 08.04.2018
Аудиолар

118735 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40699 14:35 / 11.08.2021