1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 235-оят

09:25 / 16.03.2018 3035 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда яширин тутишингизда гуноҳ йўқ. Албатта, сиз уларни эслашингизни Аллоҳ биладир. Лекин улар билан хуфёна ваъдалашманг. Магар маъруф сўз айтсангиз, майли. Фарз қилинган (идда) ўз муддатига етмагунича, никоҳ боғлашга қасд қилманг. Ва билингки, Аллоҳ ичингиздагини албатта биладир. Бас, Ундан огоҳ бўлинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта ҳилмлидир. Бақара 235.

Эри талоқ қилгани сабабли идда ўтирган аёлга бошқа эркак совчи қўйиши ёки никоҳлаб олиши ҳаром эканини, чунки у аёлда талоқ қилган эрининг тўла ҳаққи борлигини, бу ҳақ аёлнинг иддаси чиққунча собит туришини, унга қайтишга энг ҳақли одам эри эканини ўтган оятлардан билдик.

Ушбу оятда эса эри ўлгандан кейин идда ўтирган аёлга совчилик қилиш ҳақида сўз кетяпти. Аввало, бундай аёлга очиқдан-очиқ совчилик қилиш ҳаром, чунки у аза тутиб, идда сақлаяпти. Ўлган эрининг ҳурмати бор, унинг қариндош-уруғларининг ҳам дардига дард қўшмаслик керак. Лекин ояти кариманинг кўрсатмасига кўра, эри ўлиб, идда ўтирган аёлларга очиқ-ойдин эмас, ишора билан совчилик қилишда гуноҳ йўқ.

«У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда яширин тутишингизда гуноҳ йўқ».

Ишора билан совчилик қилиш қанақа бўлади? Ишора билан совчилик қилиш «Бирорта муносиб аёл топилса, уйланмоқчи бўлиб юрибман, аёл киши бўлмаса, қийин бўлар экан» каби сўзлар билан ишора қилишдир. Ўтган азизлар ҳам шундай йўл тутганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурраҳмон ибн Сулаймондан, у киши эса холалари Сукайна бинти Ханзаладан қилган ривоятда Сукайна айтадиларки:

«Идда ўтирганимда олдимга Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али кириб:

– Менинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигимни, бобомнинг мендаги ҳаққини яхши биласан, қадимдан буён Исломда эканимни ҳам биласан, – деди. Мен унга:

– Эй Абу Жаъфар, сени Аллоҳнинг Ўзи кечирсин. Иддада ўтирсам-у, шунчалик олим одам бўлиб туриб, совчилик қиляпсанми?! – дедим. У:

– Қачон ундай қилдим? Мен сенга Набий алайҳиссаломга яқинлигимнинг хабарини бердим, холос. Умму Саламанинг эри Абу Салама вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб, ўзларининг Аллоҳ ҳузуридаги мартабаларини сўзлаб ўтиравериб, қўлларига бўйра ботиб кетган. Ўша ҳам совчилик ҳисобланмаган, – деди».

Ушбу ҳодисалар ишора билан совчилик қилишга мисол бўла олади.

«…уни ўз ичингизда яширин тутишингизда гуноҳ йўқ», деганда, совчилик ниятини ичда сақлаш назарда тутилгандир. Чунки

«Албатта, сиз уларни эслашингизни Аллоҳ биладир».

Шунинг учун ҳам совчиликни ўз ичида тутишни гуноҳ ҳисобламайди. Лекин идда ўтирган аёл билан никоҳ ҳақида хуфёна ваъдалашишдан ман қилди:

«Лекин улар билан хуфёна ваъдалашманг».

Чунки бу бешармлик, ўлган эр хотирасига хиёнат ва иддани вожиб қилган Аллоҳ таолодан уялмасликдир.

«Магар маъруф сўз айтсангиз, майли».

Яъни мункар, фаҳш ва Аллоҳнинг шариатига хилоф бўлмаган гаплар гапирилса бўлаверади.

«Фарз қилинган (идда) ўз муддатига етмагунича, никоҳ боғлашга қасд қилманг».

Жумладаги «қасд» сўзига алоҳида урғу бериляпти. Бу «Идда ичида никоҳ қилиш у ёқда турсин, уни қасд қилишга ҳам рухсат йўқ», деганидир. Ким эри ўлиб ёки талоқ қилиб, идда ўтирган аёл билан идданинг вақти чиқмасидан олдин никоҳланса, бу никоҳ ҳаром бўлади. Оралари ажратиб юборилади.

«Ва билингки, Аллоҳ ичингиздагини албатта биладир. Бас, Ундан огоҳ бўлинг».

Никоҳ, совчилик, талоқ ва идда каби шаръий ҳукмларнинг кўпи қалбга, ҳис-туйғуга бевосита боғлиқ ишлардир. Бунда доимо Аллоҳнинг чизган чизиғидан юришга ҳаракат қилиш керак. Аллоҳ таоло банданинг ичида нималар кечаётганини ҳам билади. Одам боласи бундан ғофил бўлмасин. Ҳеч ким билмаса ҳам, Аллоҳ билади, Ундан огоҳ бўлсин.

Айни чоғда, авваллари билмасдан, баъзи бир ишларни қилиб қўйган бўлса, умидсиз бўлмасин. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу оятнинг охирида:

«Ва билингки, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта ҳилмлидир», – демоқда.

Келаси оятлар оилавий масалаларда янги бир масалани муолажа қилади. Бу «духул»дан аввалги талоқ масаласидир.

  Маълумки, ақди никоҳдан сўнг эркак ва аёл эр-хотинга айланадилар. Уларга шариатнинг ушбу бобдаги ҳукмлари жорий этила бошлайди. Ҳозиргача духулдан кейинги талоқ ҳақида гап кетди. «Духул» сўзи «кириш» деган маънони англатади. Шариатда эса никоҳ қилинганидан кейин куёвнинг келин олдига кириши, икковларининг ёлғиз қолишлари ва оилавий ҳаётни бошлашларига духул дейилади. Баъзи вақтларда никоҳдан кейин духул бўлмасдан аввал ҳам талоқ содир бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Моида сураси, 91оят. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. давоми...

9855 10:33 / 06.07.2018
Эй иймон келтирганлар Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олдисотди, на ошнаоғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасидан олдин нафақа қилинг. Ва давоми...

4508 09:35 / 06.04.2018
Мусо ўз қавмига .Албатта, Аллоҳ сизга бир сигир сўймоғингизни буюрмоқда,, ndash деганини эсланг. Улар .Бизни эрмак қиляпсанми, ndash дедилар. У .Жоҳиллардан бўлиб давоми...

3336 15:15 / 18.09.2017
Ва ҳақни ботилга аралаштирманг ва ўзингиз билиб туриб, ҳақни беркитманг. Бақара 42. Яҳудийлар ўзларининг узоқ тарихлари давомида доимо ҳақни ботилга аралаштириб давоми...

3349 10:10 / 24.08.2017
Аудиолар

120147 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41810 14:35 / 11.08.2021