1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Байрамлар одоби

12:45 / 14.06.2018 4673 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча халқларда қадимдан ўтган улуғ кишиларни, маш­ҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш, бу байрамларда одамларнинг хурсандчилик қилишлари одат тусига кирган. Кўпчилик бундай кунларда керагича еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик уюштириш, турли фисқу фужур ишларни хоҳлаганча қилишга қулай имконият топишган. Турли халқларда, турли замонларда байрамлар турлича бўлиб, ўзгариб турган. Байрамларни белгилаш ва уларни нишонлаш ҳар бир халқ, миллат ва диннинг ўз таълимоти, дунёқараши ва мафкурасига қараб турлича кечган.

Исломда байрамларга ўзига хос аҳамият берилган. Байрамларни белгилаш ва уларни ўтказиш айнан Ислом таълимотлари асосида жорий қилинган. Байрамларни нишонлаш ва уларда қилинадиган амаллар ҳам умумий Ислом таълимотлари асосида йўлга қўйилган.

Шоду хуррамлик ва хурсандчилик кунлари бўлмиш байрамлар бир неча турли бўлиб, улардан баъзилари шаръий матнларда, асосан ҳадиси шарифларда байрам дея эълон қилинган ва уларда маълум диний амаллар бажариш ҳам жорий қилинган.

Мусулмонларнинг асл диний байрамларидан бири Қурбон байрами (ҳайити) бўлиб, у зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади ва унга шундан кейинги «ташриқ кунлари» номини олган уч кун ҳам қўшилади.

Мусулмонларнинг иккинчи байрами шаввол ойининг биринчи куни нишонланадиган Фитр байрами (ҳайити) бўлиб, бу байрам Рамазон ойи рўзасини тутиш тугагани муносабати ила ўтказилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди.

«Бу икки кун қандай кун?» деб сўрадилар.

«Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Исломдан олдин Мадина аҳлининг икки байрами бор эди. Бу байрамларнинг биринчиси шамсий сананинг биринчи куни ҳисобланар эди. Баҳорда кеча билан кундуз тенглашгани, иссиқ ҳам, совуқ ҳам ўртача бўлгани учун қадимги ҳакимлар бу кунни байрам деб ихтиёр қилишган эди. Иккинчи байрам эса кузда, яъни мезонда – кеча билан кундуз тенг бўлиб, ҳаво мўътадил бўлганда нишонланар эди.

Ислом келиб, бу икки байрам ўрнига икки Ислом байрамини жорий қилди. Шаръий байрамларда ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қилган, аҳли аёлига, таниш-билишларига кенгчилик яратганлар савоб оладиган бўлишди. Улардан бири, аввал айтилганидек, Рамазони шариф рўзасини тамомлаш муносабати билан нишонланадиган Фитр байрами, иккинчиси эса Байтуллоҳда ҳаж ибодатини тамомлаш муносабати билан ўтказиладиган Қурбон байрамидир.

Мусулмонлар учун бу икки байрам еб-ичиладиган, шодон кайфиятда нишонланадиган, ўйнаб-куладиган кунлардир. Ҳар бир миллат ўз байрамига эга бўлгани каби, мусулмон уммати ҳам ўз байрамларига шу тариқа эга бўлган. Йил мобайнидаги ушбу икки байрамга ҳафталик байрам сифатида жума куни ҳам қўшилади.

Абу Лубоба Бадрийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

«У Зотнинг ҳузурида кунларнинг саййиди ва улуғи жума кунидир. У Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида Фитр кунидан ҳам, Азҳо кунидан ҳам улуғдир».

Бухорий Тарихда, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Жума куни ҳафталик байрамгина эмас, у кунларнинг саййиди, яъни улуғи, фақир-мискинларнинг ҳаж куни ҳамдир. Бу кун шарафидан қилинган амалларга савоблар кўпайтириб берилади.

Барча халқларда асосий диний байрамлар билан бир қаторда тарихий ҳодисаларга, миллий ва ватаний ҳодисаларга боғлиқ байрамлар ҳам бўлади. Бундай байрамлар «мажозий байрамлар» деб аталади. Даврлар ўтиши билан мусулмонларда ҳам бундай мажозий байрамлар шаклланиб борган. Мисол учун, ҳар ҳижрий сана бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини эслаш, байрам қилиш ва одамлар бир-бирларини табриклаши одат тусига кирган. Шунга ўхшаш, Қадр кечаси, Исро ва Меърож кечаси, Мавлид байрами каби муносабатлар мусулмон халқларида ўзига хос равишда нишонланадиган бўлиб қолган.

 

Диний байрамларни нишонлаш суннатлари

Тилимиздаги «байрам» (ҳайит) сўзи араб тилида «ийд» сўзи билан ифода қилинади ва «қайтиш» маъносини билдиради. Байрамлар қайта-қайта келгани учун «ийд» деб номланган. Энг муҳими, мўмин-мусулмонларга икки ийд кунлари Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси қайта-қайта келади.

Рўза байрамига хос ишлар.

Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўйлик суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва фитр садақасини бериш мандубдир.

Юқоридаги жумлада Фитр (Рамазон) байрамига чиқишдан олдин қилинадиган амаллар ҳақида сўз бормоқда. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Таом ейиш.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емай туриб, чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда: «Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. Азҳо куни намозни ўқиб бўлмагунча емас эдилар», дейилган.

2. Фитр садақасини бериш.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлур».

Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Фитр садақасини ийддан бир неча кун олдин берса ҳам бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тушлар уч хил бўлади 1. Аллоҳ томонидан бўлган солиҳ туш2. Шайтондан бўлган тушкунликка солувчи туш3. Хаёлидан ўтказган нарсаларни тушида кўриш. Солиҳ тушга оид давоми...

8588 11:30 / 16.01.2018
Имом Бухорий биринчи бобни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китоби Қуръони Каримдаги бир ояти карима билан номладилар. Бошқа муҳаддисларнинг ҳам одатлари шундай ndash давоми...

4587 16:37 / 23.01.2018
Яна Луқмон сурасида марҳамат этилади .Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир, 19оят.Яъни, юришинг ўртача давоми...

2891 14:47 / 18.10.2018
Абу Мижлаздан ривоят қилинади.Муовия Абдуллоҳ ибн Омир ва Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдига чиқди. Ибн Омир ўрнидан турди. Ибн Зубайр ўтираверди. У иккисидан кўра давоми...

4336 22:40 / 14.02.2018
Видеолар

2505 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

120078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41743 14:35 / 11.08.2021