1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Бахт қаерда?

05:00 / 04.03.2017 7676 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бахт ҳар бир инсон излайдиган орзудир. Файласуф ўткир фикри билан, содда киши оддий соддалиги билан, подшоҳлар гўзал, ҳашаматлик қасридан,  камбағаллар эса ўзларининг пастқам кулбасидан излайдилар. Ҳеч кимни бахтсизликни излайди, ёки бахтсиз яшашга рози деб ўйламаймиз. Бахт қаерда? Бу савол қадимдан инсонларни ҳайрон қолдирган.


Кўпчилик бахтни ўз ўрнидан изламаганликлари учун гўёки саҳродан маржон излаб, маржоннинг жойи денгизнинг туби бўлгани сабабли тополмасдан икки қўли қуруқ, ҳасрат надоматда, умидсиз қайтгани каби бахтга эришиш ўрнига турли мушкилотларга дуч келишмоқдалар.

Дарҳақиқат инсоният турли асрлардан турли моддий роҳат берувчи нарсалар, ҳиссий истак, эҳтирослардан бахтни излаб тажриба қилиб кўришди, лекин шуларнинг ўзигина бахтни топишга кифоя қилмади. Балки булар қанча зиёда бўлса янги–янги ташвишлари ортиб бораверди. 

Бахт моддий неъматдами?

     Баъзилар бахтни бойлик, тўкин, роҳат, фароғат ҳаётда деб ўйлайдилар. Лекин яшаши тўкин бўлган мамлакатлар ўз халқига еб – ичиш, кийиниш, маскану – маркабларни қулай қилиб берса ҳам улар танг ҳаётдамиз деб шикоят қилишдан тўхтамадилар. Бахтни бошқа йўлдан излашга ўтдилар. 

    Мол–дунёнинг кўплиги бу бахт дегани эмас. Уни рўёбга чиқаришдаги биринчи омил ҳам эмас. Балки баъзида мол–дунё ўз соҳибига дунёнинг ўзида азоб келтираётган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлаяпмиз. Ҳатто бойлик ҳирсида қилинган нотўғри ҳаракат сабабидан кечириб бўлмас  жирканч ишлар, қотилликлар содир бўляпти.

    Шунинг учун Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида нозил қилган оятда шундай деган: 

“Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолатда жонлари чиқишини хоҳлайди, холос.” (Тавба.55) 

    Мол-дунёни ўз ўрнига ишлатмаслик ҳар хил мусибатларни келтириб чиқаради. Уларнинг тўплаган мол-дунёлари бошларига бало бўлади. Қаерга сарф қилсалар ўша ердан кўнгилсизлик етади.

   Дунё топишни ўзи учун энг муҳим нарса деб олган кишиларнинг ҳаётида ушбу ҳолатлар кўринади. Озига қаноат қилмайди, кўпига тўймайдилар. Агар дунё ишқида маст бўлмаганларида эди, бу азоб ва машаққатларга дод солиб ёрдам сўрардилар.

    Баъзи солиҳлар: Ким дунёни яхши кўрса ўз нафсини мусибатга маскан қилсин деганлар.

    Дунё ошиқлари уч нарсадан ажрамайдилар: 

1. ташвиш

2. доимий чарчоқ

3. ниҳояси йўқ ҳасрат

     Қачон дунёдан бирон нарсага етишса, унданда юқорисини истайверади.

     Расулуллоҳ с.а.в.: “Агар одам боласининг икки водий тиллоси бўлса учинчисини талаб қилади..” деганлар.

Ийсо а.с.: “Дунёнинг ошиғи ҳудди хамр ичувчига ўхшайди, қанча кўп ичса (ароққа бўлган чанқоғи зиёда бўлгани каби) шунча хоҳлайди” деганлар.

    Баъзи кишилар фарзандларимиз бахтли бўлсин деб совчи кутадиган бўлса ёки ўзлари бирон жойга совчи қўйсалар бойидан излайдилар. Лекин кўп ҳолатларда улар бойликнинг ўзи билангина бахтли бўлиб кета олмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аксинча бойлигини кўзлаб қурилган оилаларнинг бузилиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Демак дунёнинг ўзи кишининг бахтли бўлишига кифоя қилмас экан. 


Бахт фарзанддами?

Ҳақиқатда фарзанд хаётнинг гули, қалбнинг сурури, дунёнинг зийнати. Лекин қанча фарзандлар ота–оналарига оқ бўлиб, яхшилик қилишнинг ўрнига ёмонлик қилиб, ҳатто ота–оналарининг турли дард–касалликларга чалинишига сабаб бўлаяптилар. Ўзининг истагини амалга ошириш учун ота–онасидан воз кечаётганлари ҳам йўқ эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Улар бизнинг ўзларига молу дунё ва фарзандлар ила мадад бераётганимизни уларга яхшиликларни тезлатишимиз, деб ҳисоблайдиларни? Йўқ! Улар сезмаслар.” (Муъминун 55-56)

Фарзанд Аллоҳнинг неъмати. Унга Аллоҳ таоло буюрганидек тарбия берилмаса кўзланган олий мақсадларга эришиб бўлмайди. Эркатой, беодоб тарбияланган фарзандларнинг ота-оналарига етти ухлаб тушига кирмаган мусибатларни келтираётганлиги бугунги кунда исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат бўлиб қолди.

Демак фарзанд ҳам кишининг тўлиқ бахтли бўлиши учун кифоя қилмас экан. Шундай экан фарзандсиз кишини ҳам бахтсиз киши деб бўлмайди.


Бахт илм ва фан ривожидами?

Кўраяпмиз илм фан тараққий этиб инсонга узоқни яқин, қийинчиликларни енгил қиладиган ва бошқа кўп сон–саноқсиз инсон ҳаёлига келмаган қулайликлар вужудга келди. Бу нарсалар бахтни рўёбга чиқарадими?

Лекин баъзи ҳолатларда илм ва фандан нотўғри фойдаланиб бошқа ўринларга ишлатилаётганига гувоҳмиз. Кўп қурол–яроғ ишлаб чиқариб, мудофаъасини кучайтириб, зимдан ўзларини “ёрдам берувчи” қилиб кўрсатиб бошқа давлатларнинг сиёсатига аралашиб, уларнинг халқлари ўртасида ҳар хил фитна, давлатга қарши низо ва ихтилофлар чиқариб, уларни ўзлари учун мустамлака қилишга ҳаракат қилаётган давлатларнинг борлиги ҳеч кимга сир эмас. 

Инсонлар устида Аллоҳ манъ қилган ҳар хил тажрибаларни ўтказиш: эркакни аёл, аёлни эркак қилиш, клонлаштириш каби нарсалар илм ва фандан нотўғридир фойдаланишдир. Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Демак илм ва фаннинг ривожининг ўзи бахтни тўлиқ таъминлаб бермас экан.

Ҳаётдаги ноаниқ мушкилотларнинг барчасини ечиб беришга фақат илм ва фаннинг кўрсатмаси билангина борилса, унданда бошқа чалкамликлар ҳам келиб чиқиши мумкин. Инсоният ақли бузилиши мумкин. Кўз ҳамма нарсани кўравермагани каби, ақл ҳам ҳамма нарсага етавермайди. Бундай мушкилотлар илм ва фан йўли билан эмас, балки иймон ва ваҳий йўли билан ечилади. 

Бахтни мол–дунё, фарзанд, илм ва фаннинг ривожлари тўлиқ касб қилиб бермас экан, унда у қаерда, унда уни қаердан излаш керак?

Бахт инсоннинг ичида – ички кечинмасидадир.

Бахт бу маънавий нарса, у кўринмайди, метрлаб, килолаб ўлчанмайди, хазина қилиб йиғилмайди, динору долларга сотиб олинмайди.

Бахтни инсон қалби билан, ички ҳузурланиши билан ҳис қилади.

Бахт инсоннинг ичидан келиб чиқади, у ташқаридан олиб келинмайди. 

Бир эр хотинига ғазаб қилиб: ваъда қиламанки сени албатта бахтсиз қиламан дебди.

Хотин: Бахтли қилишликка қодир бўлмаганингдек, бахтсиз қилишликка ҳам қодир эмассан, - дебди хотиржам.

Эр бўғилиб, қичқириб: Нима учун қодир эмас эканман? - дебди.

Хотин иймон билан: Бахт ўрнатилган нарса эмаски, уни кесиб ташласанг, зебу – зийнат эмаски ундан мени маҳрум қилсанг. У сен ҳам бошқа инсонлар ҳам эгалик қилолмайдиган жойда жойлашган, - дебди. 

Эр даҳшатга тушиб, нима у-дебди.

Хотин ишонч билан: Мен бахтимни иймонимдан топдим, иймоним қалбимда, қалбимнинг роббимдан ўзга эгаси йўқ, деб жавоб берган экан.

Ҳа! Бу ҳақиқий бахт. Инсоният бера олмайдиган, тортиб ҳам ололмайдиган бахт.

Солиҳлардан бири бахтни ҳис қилиб, завқланиб айтган экан: Биз бир бахтни ҳис қилиб яшаяпмизки, агар буни подшоҳлар билганларида эди, бахт учун биз билан  қиличлари билан талашардилар.

     Бахтни рўёбга чиқаришда моддий неъматларнинг ўрни.

Биз инсон бахтли бўлиши  учун моддий неъматларнинг ўзига яраша ўрни борлигини инкор қилмаймиз. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): “Яхши аёл, яхши маскан, яхши улов одам боласининг саодатидандир” – деганлар. Лекин бу нарсалар  инсон бахтли бўлиши учун биринчи даражада эмас. Булар бахтни тўлиқ, тўкис таъминлаб бера олмайди. 

Америкалик кўзга кўринган ўткир докторлардан бири ҳаётда эътироф қилинган, дунёда инсон учун ҳузурбахш бўлган, уни бахтли қиладиган нарсаларни жадвал қилиб ёзибди. Унда саломатлик, муҳаббат, ҳадялар, куч-қувват, обрў, мансаб ва шуҳратлардан иборат дунёвий истакларни баён қилиб, доно бир устозга мақтаниб тақдим қилибди. Устоз: “дўстим жадвал гўзал бўлибди. Яхши тартиблaнибди, аммо зарур ва муҳим бўлган, усиз жадвалингиз бекор бўладиган бир унсурдан ғафлатда қолибсиз”, деб жадвалга икки сўз ёзиб қўйди. “Нафс хотиржамлиги.” Бу – Аллоҳ таоло ўзи танлаб олган бандаларигагина берадиган нарсадир. Соғлик, мол-дунё, мансаб, шуҳрат ўткинчи нарсалардир. Бу нарсаларни ўзимдан айтаётганим йўқ, ҳукамолар: “Ё Аллоҳ, дунё неъматларини кимларнинг қадамлари тагига ташласанг ташлагин, менга эса изтиробга тушмайдиган қалб бергин”- дер эканлар дебди.

    Дарҳақиқат хотиржам нафс оддий кулбани кенг қасрга айлантиради, ундан маҳрум бўлиш эса подшоҳнинг қасрини зиндонга айлантиради. Бу кўп тажрибадан ўтиб айтилган фикрдир.

     Хотиржам нафс – шубҳасиз бахтнинг аввалги часмасидир. Аммо унга қайси йўл билан эришилади? Билдикки, уни зукколик, илм, сиҳҳат, қувват, мол-дунё, фарзанд, шуҳрат, мансаб ва бошқа моддий неъматларнинг ўзигина тўлиқ таъминлаб бера олмас экан. Жавоб шуки, унинг йўли бирдир, у йўлнинг иккинчиси йўқ. У Аллоҳга, расулига, охиратга чуқур иймон келтириш, унинг иймонини бирор бир шак-шубҳаю, нифоқ лойқалатмаслиги керак. Бу неъматлардан маҳрум бўлганлар доим тангликда, изтиробда яшашлигини ҳаёт тажрибалари исботлаб турибди. Бу хотиржамлик улкан иймон, тавҳид дарахтларининг меваларидан биридир. Роббининг изни билан доим мева бериб туради. Бу Аллоҳнинг ер юзидаги мўминлар қалбига нозил қилган совғасидир. 

Ҳамма изтиробга тушсалар, улар изтиробга тушмайдилар.  

Ҳамма ғазабга келганда, улар ризоликда бўладилар.

Ҳамма шак-шубҳада, довдираб қолганда, улар иймон билан хотиржам турадилар.  

Ҳамма жазавага тушса, улар сабрда бўладилар.

Ҳамма машаққатни кўтаришдан ожиз қолганда, улар машаққатни кўтаришга қувват топа оладилар.

    Табаррук ёшдаги бобо-момоларимизнинг “тинчлик хотиржамлик бергин” деб дуо қилишлари ҳам бежис эмас экан.

 Демак  бахтли бўлиш учун қалб хотиржамлиги керак экан. Уни бизга фарзанд ҳам, молу-дунёю, мансаб ҳам тўлиқ бера олмас экан. Уни фақат чуқур иймон бера олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг зикри билан қалблар таскин топур.”(Раъд 2)

Ким илоҳий шариъатни ҳаётига дастур қилиб олса икки дунё бахт-саодатига эришади. Чунки ислом шариъатининг кўрсатмалари бутун борлиқни яратиб, инсонни ҳам яратган, унга нима фойдаю, нима уни бахтли қилишлигини яхши биладиган, унга нима зарару, нима уни бахтсиз қилишлигини ҳам яхши биладиган Аллоҳ таола тарафидан асос солингандир. 

Сўзимизни Имом Молик р.а. ривоят қилган ҳадис билан якунлаймиз. 

“Расулуллоҳ с.а.в.: “Орангизда икки нарсани қолдирдим. Бу икки нарсани (бирга) маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсизлар. Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатидир”. дедилар”


    Сидиқметов Қудратуллоҳ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас,, деган. Бу дунё алдамчи дунё. Ўзига қизиққанларни ва ошиқ бўлганларни алдайди ва ғурурга кетказади. Аммо давоми...

6037 05:00 / 02.03.2017
.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши у зотга йўлиқиб қўл олиб кўришса, ўша одам ўзи қўлини тортмагунча у зот қўлларини тортиб олмас эдилар. Унинг ўзи юзини давоми...

3879 05:00 / 03.03.2017
Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимга бир маъруф қилинса, унга мукофот берсин. Агар мукофотга давоми...

2846 05:00 / 03.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Мен бир саркаш туяга минган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мулойим бўл. Чунки мулойимлик қайси бир давоми...

2675 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

120123 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41789 14:35 / 11.08.2021