1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Аёлнинг вазифалари нималардан иборат?

14:19 / 24.04.2016 18477 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яшириб нима қиламиз, жуда кўп хотинлар ўзларининг эрлари олдидаги бурч ва мажбуриятлари у ёқда турсин, ҳатто хотинлик одобларини ҳам яхши билишмайди. Оилаларда тез-тез чиқиб турадиган можаро ва келишмовчиликларда ана шуларнинг ҳам ўрни бор. Аёл киши эрига нисбатан қандай бурч ва мажбуриятларни ўташга мажбур?


ЖАВОБ: Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак? 

Шариатимизда шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масала атрофлича ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар:

1. Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. 

Аёл киши эри ҳузуридалик вақтида унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. Фарз рўза тутиш учун ҳеч кимнинг изни керак эмас. Шунингдек, эр йўқлигида нафл рўза тутса ҳам бўлаверади. Аммо эр борлигида аёл фақат унинг изни билан нафл рўза тутиши керак. Чунки ҳар қандай вақтда эрининг у билан бирга бўлгиси келиб қолиши мумкин. Нафл рўза эса бу ишга тўсиқ бўлади. Эрнинг изнисиз аёл нафл рўза тутиб олган бўлса, эр бундан бехабар аёли билан бирга бўлиш истагини қилса, орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқиши мумкин. Бу нарсанинг бир неча марта такрорланиши эса ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап. Исломда турмуш ўртоғининг шаръий ҳақи нафл ибодатдан устун қўйилмоқда! Бу ҳақиқатни мусулмонлар жуда яхши тушуниб етишлари ва бунга оғишмай амал қилишлари лозим.

2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).

Иккинчи ҳақ аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги бўлиб, бу ҳам эрнинг ҳақларидан бири. Чунки эри йўғида унинг уйига кирган одам туфайли оилага катта зарарлар етиши мумкин. Ўша одам бадхулқ одам бўлса, ёлғиз аёлга ёмон кўз билан қараши ёки ҳаракат қилиши мумкин. Оила сирларини ташқарига олиб чиқиши мумкин. Ёки мутлақо эрига ёқмайдиган, унга душман одам бўлиши мумкин. Ҳурматини билган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳам бошлиғининг изнисиз ҳар кимни ўзининг муҳтарам жойларига киритавермайди. Оиланинг энг муҳтарам жойи бўлмиш уйга оила бошлиғининг изнисиз тўғри келган одамни киритавериш эрга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.

3. Шаръий узр бўлмаса, аёл киши эри хоҳлаган вақтда унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр хотинини тўшагига чақирсаю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқишади», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган).

Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутиш, ҳайз ёки нифос кўришга ўхшаш динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Зотан, эр-хотин бўлиб оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шудир. Эрдир, аёлдир, хоҳлаган вақтида жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши лозим. Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса, ана ўша асосий мақсадларидан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу иш аста-секин соғлиқ, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариб, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга иш сифатида баҳоланган. Бу маънони ҳозирги замонда инсонга хос турли илмлар ҳам тасдиқлади.

4. Хотиннинг эрга итоат қилиши ҳам муҳим.

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳайрага бориб, уларни Мирзабонга сажда қилаётганларини кўрдим. Ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилишга ҳақлироқлар, дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у зотга айтдим. Шунда у зот: «Айтгин-чи,   қабримнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилар эдингми?» дедилар. «Йўқ», дедим. «Ундай қилманглар! Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақнинг сабабидан эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим», дедилар» (Абу Довуд, Ҳоким ва Термизий ривоят қилишган). Термизийнинг лафзида: «Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинни эрига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим», дейилган.

Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб келишмовчиликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олиши керак. Шу билан бирга, Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.

5. Аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак.

Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳақингиз бордир ва хотинларингизнинг сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳақингиздан: тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишилар уйингизга киришига изн бермасликлари. Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақларидан уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Бу ишнинг алоҳида таъкидланиши шунинг учунки, кўпчилик наздида арзимас бўлиб кўринган нарса оилада уруш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиб келганидир. Бировни ёмон кўриб қолиш кўнгил иши. Эркак одам ўзи ёмон кўрган одамга унинг жуфти ҳалоли, ёстиқдоши томонидан илтифот кўрсатилишини ҳеч қачон ёқтирмаслиги турган гап. Шунинг учун ҳам Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарса эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири деб тушунтиради.

6. Эрга нисбатан барча ишда яхши муомалада бўлиш ҳам зарур ҳақлардан.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейди», деганлар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор тортмаслик ҳақига эга эканига далилдир. Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат этиш ҳам жуда зарурдир.

7. Эр хотинига одоб бериш ҳақига эга.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Бош кўтаришидан хавф қилсангиз у(аёл)ларга ваъз қилинг, ётоқларда ҳижрон қилинг ва уринг. Шунда агар улар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир» (34-оят), деган.

Ислом эр-хотин орасида яхшиликка йўғрилган ширин муомалали ҳаёт бўлиши учун барча чоралар кўрганини юқорида ўрганиб чиқдик. Бунинг учун икки томонга ҳам насиҳат қилгани, маъруф йўли билан яшашни ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ҳақларидан қилганини ўргандик. Шунингдек, оила отли жамиятга Ислом тартиби бўйича эр бошлиқ қилинганини ҳам ўргандик. Албатта, бу раҳбарлик қаҳр, жабр ва зулм ўтказиш учун берилган имконият эмас. Бу раҳбарлик масъулиятидир. Масъулият бўлганда ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этиши лозим. Оила аъзолари эса, жумладан, аёл киши ҳам ўз бошлиғига итоат қилмоғи вожиб. Мўмина аёллар аслида шундай бўладилар.  

Лекин беш қўл ҳам баробар эмас. Афсуски, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳадларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қиладилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак, деган саволга ушбу биз ўрганаётган ояти карима жавобдир: «Бош кўтаришидан хавф қилганингиз (аёл)ларга ваъз қилинг, ётоқларда ҳижрон қилинг ва уринг». Демак, бундай беодоб, ҳаддида турмаган аёлларга таъсир кўрсатиш аста-секин олиб борилади ва даражама-даража чора кўриш йўлга қўйилади.

Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга олдин ваъз-насиҳат қилинади. Эр унга итоатсизлик яхши эмаслиги, ҳар ким ўз ҳаддини билгани яхшилиги, бир-бирларини тушуниб яшашлари лозимлигини оҳиста айтиб англатади. Одоб билан аёлга унинг хатоларини баён қилиб, уларни тузатиш йўлларини кўрсатади. Ушбу ваъз-насиҳат самара бериб, аёл ўзини ўнглаб олиб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. 

Агар ваъз-насиҳат фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, беодоблиги, эрига қарши бош кўтариши яна давом этаверса, иккинчи босқичдаги чора кўрилади. Иккинчи босқичдаги чора эса, ётоқларда ҳижрон қилиш, бирга ётмай қўйишдан иборатдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирли чорадир. Чунки бу масалада аёллар ўта ҳассос бўладилар. Эрларининг улар билан бирга ётмай, гаплашмай қўйгани, эътиборсизлик қилаётгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Бу чора инсофини йўқотмаган, ўзини таниган аёлларнинг кўзларини дарҳол очади ва хатоларини тузатишга ёрдам беради. Ҳадисдаги тавсияга биноан хотинидан аразлаган эр жойини бошқа қилиб олганда, бошқа томонга ёки бошқа хонага чиқиб кетмасдан, бир хонанинг ичида алоҳида ётиши зарур.

Агар иккинчи босқичдаги чора ҳам фойда бермаса, аёл инсофини буткул йўқотиб, итоатсизлик, исён ва эрни беҳурмат қилишда давом этаверса, бундай хотиннинг яхшиликнинг қадрига етмаган шахс экани маълум бўлади. Энди унга нисбатан йўлга солишнинг учинчи ва энг таъсирли чорани қўллашга мажбур бўлинади. Бундай аёлни уришга тўғри келади. Аммо, “уриш” деганда қаттиқ калтаклаш, аъзоларини яралаш ё синдириш, жароҳатлаш, баданда из қолдириш тушунилмайди. Ушбу ояти каримадаги хотинни уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учун, холос. Уламоларимиз бу оятдаги уришни, мисвок билан ёки кўрсаткич бармоқ билан туртиш, деб таъвил қилишган. Кўпчилик эса, берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ, деган. 

Аёл кишининг аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлиши табиийдир. Сал нарсага эрига нисбатан итоатсизлик, беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо хотин хатодан кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, эрга қарши бош кўтаришдан тўхтаса, унга қарши чора кўришга ҳожат қолмайди. Шунинг учун ҳам ояти каримада: «Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг», дейилмоқда. Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўраверади. Чунки «Албатта, Аллоҳ юксак мақомли ва буюк Зотдир».

8. Шофеъий, моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидандир. Чунки хотин ҳайз ва нифосдан кейин ғусл қилмаса, эр унга яқинлашиши мумкин эмас. Шунинг учун у хотинини ғусл қилишга мажбурлаш ҳақига эга. Жунуб аёл эса, тезроқ ғусл қилиб намоз ўқиши лозим.

9. Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетишга ҳақли. Яъни, аввал беришга келишилган маҳрни хотинга бериш билан эрнинг уни ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақи ҳам собит бўлади (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум Азиз устозлар агар эр ўз хотинига у бу нарсалар учун нафақа берса, хотини эса уларни йиғиб ўз отаонасига ёрдам сифатида берса бўладими давоми...

3971 09:25 / 24.02.2018
.Оли Имрон, сурасида қуйидаги мазмунда ояти карима келади, яъни .Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг Йўқ, улар тириклардир У давоми...

3533 21:32 / 27.04.2016
САВОЛ Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари Менинг саволим шуки, қиёмат кунининг аломатлари ҳақида сурамоқчи эдим. Имконингиз бўлса шу ҳақда маълумот берсангиз.ЖАВОБ давоми...

3754 20:50 / 25.04.2016
Агар дунёдан ўтиб кетган отаонаси учун деб мевали дарахт экса, кишилар ундан ейишса, бунинг савоби отаонасига борадимиАлбатта боради, нафақат кишилар ейишса, давоми...

3331 15:13 / 26.04.2016
Аудиолар

118749 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40708 14:35 / 11.08.2021