1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Аёллар либоси

05:00 / 03.03.2017 6872 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир», деган (Аҳзоб, 59).

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга аввало ўз жуфтлари ва қизларига жилбобларини ўзларига яқинлаштиришни буюришга амр этмоқда. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ва қизларининг шарафлари улуғ бўлгани учун бу ишни ҳаммадан олдин улар қилмоқлари лозимдир.

Жилбоб устдан кийиладиган ёки ёпиладиган кенг либосдир. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлни ёмон кўздан сақлаш, уни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган.

Жоҳилият даврида аёллар очиқ-сочиқ юришар эди. Турли кийимлар кийиб, кўча-куйда эркакларнинг эътиборини ўзларига тортишга ҳаракат қилишарди. Шунинг учун, фосиқ ва фожирлар уларнинг ҳам ортларидан тушишган, гап отишган, турли қилиқлар қилишган. Ўша фосиқ ва фожирларга мўминлар эътироз билдириб, Ислом дини мўмина аёлларга бундай муносабатда бўлишни манъ қилганини айтганларида, улар биз буларнинг мўмина эканини билмабмиз, мўмина эмас, балки чўри бўлса керак, деб ўйлабмиз, дейишган.

Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин эса, шароит тамоман ўзгарган. 

Имом ибн Абу Ҳотим Умму Салама онамиздан қилган ривоятда у киши розияллоҳу анҳо: 

«Жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар» ояти нозил бўлганидан кейин ансорийларнинг аёллари қора рангли кийим ёпиниб, худди бошларида қарға ўтиргандек сокинлик билан чиқардилар», деганлар.

Ҳа, исломий ҳижоб кийими мўмина аёлларнинг мўминалик аломатлари–белгиларидир. Бу нарса оятда ҳам таъкидланмоқда.

«Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир».

Яъни, жилбобларига ўраниб, ёпинчиқ ёпиниб юришлари, мўмина аёлларнинг бошқалардан ажраб, мўминаликлари танилмоғи учун яқинроқдир. Уларнинг фосиқ ва фожирларнинг озорига учрамасликларига яқинроқдир.

Ушбу ояти карима тафсирида машҳур тафсирчилардан ал-Суддий қуйидагиларни айтадилар: 

«Мадина аҳлининг баъзи фосиқ одамлари кечаси бўлиши билан шаҳар кўчаларига чиқиб, аёлларнинг йўлларини тўсар эдилар. Мадина аҳлининг масканлари тор эди. Аёллар қазои ҳожатга кечаси ташқарига чиқардилар. Фосиқлар шуни кутиб турар эдилар. Кейин жилбоб ёпинган аёлни кўрсалар, бу ҳур экан, деб ўзларини тиядиган, жилбоби йўқ аёлни кўрсалар, бу чўри экан, деб унга ташланадиган бўлдилар».

Бу гапга изоҳнинг ҳожати йўқ. Ҳар ким ўзи тушуниб олса, бўлади, деб ўйлаймиз.

«Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир».

Ушбу оят нозил бўлгунича ўтган амалларни Ўзи кечиради. Бу борадаги ҳисоб-китоб, оят нозил бўлганидан кейин бошланади.

Агар шунда ҳам кофирлар, мунофиқлар, фосиқ ва фожирлар мўмин ва мўминаларга озор беришдан тўхтамасалар, унда Аллоҳ таоло бошқача чора кўради.


Аллоҳ таоло яна:

«Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига…», деган (Нур, 31).

Ушбу иқтибос «Нур» сурасидаги машҳур оятнинг бир бўлагидир. Фойда тўлиқ бўлиши учун оят кариманинг қолганини ҳам келтириб, сўнгра шарҳига ўтайлик.

«…Ё оталарига, ё эрларининг оталарига, ё ўғилларига, ё эрларининг ўғилларига, ё ака-укаларига, ё ака-укаларининг ўғилларига, ё опа-сингилларининг ўғилларига, ё аёлларига, ё ўз қўлларида мулк бўлганларга, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга, ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар».

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда.

«Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар..»

Мусулмон эркаклар каби, муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, аёл киши бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам манъ этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.

Уламоларимиз Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиб чиқиб, аёлларнинг эркакларга назар солишида енгил йўл тутилганини таъкидлашган.

Аёллар бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарамоқликлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарасалар, майли.

Имом Бухорий, Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни ҳабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Оиша онамиз  ҳам  У зотнинг  орқаларидан  туриб томоша қилганлар. У зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар.

Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришига рухсат берилган. Сафарларга чиққанлар. Табиийки, бу ҳолатларда эркакларни кўрадилар.

«...фаржларини сақласинлар...»

Бу ибора эркаклардаги каби аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар.

Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати - юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.

Имом Абу Довуд Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда у зотнинг олдиларига опалари Асмаа бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва:

«Эй Асмаа, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган.

Ибн Жарир Табарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадиларки: 

«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен: 

«Эй  Аллоҳнинг  Расули,  бу  она  бир  акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аёл киши балоғатга етгандан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутамлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутамча жой қолди».

Ҳанафий мазҳаби уламо аҳли аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўядилар.

«...ва зийнатларини кўрсатмасинлар...»

Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади.

Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Ҳар бир аёл чиройли кўрингиси келади. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади. Аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи-ипаклар аёллар учун ҳалолдир. 

Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зебу зийнатлари номаҳрам–бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Аёл киши, шунинг учун ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим.

«...магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса, (майли)».

Яъни, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Мисол учун, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати зоҳир бўлиб кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.

«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар».

Яъни, бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин.

Ушбу амру фармонларни ҳақиқий мўмина аёллар улкан итоат билан кутиб олганлар. Чунки уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунганлар. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билмас эдилар. Чиройларини кўз-кўз қилишда мусобақалашар эдилар. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксиларини очиб юрар эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга кирдилар. Буни Оиша онамиз ҳам жуда яхши англатиб қўйганлар.

Имом Бухорий қилган ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: 

«Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан дарҳол жилбоб-тўнларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар».

Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса, София бинти Шайбар розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар: 

«Биз Оишанинг олдида ўтириб Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатларини зикр қилдик. 

Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: 

«Албатта, Қурайш аёлларининг фазли бор. Аммо мен, Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг китобини тақсимлашда ва нозил бўлган нарсага иймон келтириш борасида ансорий аёллардан афзалини кўрмадим. Сураи «Нур»даги «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил бўлганда эрлари Аллоҳ улар учун нозил этган нарсани тиловат қилиб бердилар. Эркаклар ўз хотини, қизи, синглиси ва ҳар бир аёл қариндошига тиловат қилдилар. Бирорта ҳам аёл қолмай, ҳаммаси дарҳол тўнини олиб, бошига ёпди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан (намозда) худди бошларида қарға тургандек (қора ёпинчиқ билан) турар эдилар», деди.

Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш учун кўз-кўзлаш эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди.

Шунингдек, аёлларга шаҳват билан қарамаслик эркакларга ҳам айтиб қўйилди.

«Зийнатларини кўрсатмасинлар...»

Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас. 

«...магар...»

қуйидагиларга кўрсатсалар, майли:

1. «Эрларига...»

Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.

2. «...ё оталарига...»

Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатса, ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман, шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса, бўлади. Юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган.

«Оталар» дейилганда катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.

3. «...ё эрларининг оталарига...»

Яъни, қайин оталарига. Бунга қайин отанинг оталари ва катта қайин оталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсаларнинг бўлиши мумкин эмас.

4. «...ё ўғилларига...»

Бунга ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира ва чеваралар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам муслима аёлга уларга зийнатини кўрсатишга рухсат берилган.

5. «...ё эрларининг ўғилларига...»

Яъни, эрларининг бошқа хотиндан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.

6. «...ё ака-укаларига...»

Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланадилар, сингилларининг зийнатини кўрсалар, майли.

7. «...ё ака-укаларининг ўғилларига...»

Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик  бор,  уйланиш  ёки  шаҳват  билан қараш, умуман, бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори булар ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам, жиянларига аммаларининг зийнатларига қарашларига рухсат берилган.

8. «...ё опа-сингилларининг ўғилларига...»

Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса бўлади.

Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ, деб фатво берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатишга рухсат бор.

Ҳадис илми соҳасидаги энг мўътабар олти китобда ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Абул Қуъайснинг укаси Афлаҳ келиб, у кишининг ҳузурларига киришга изн сўраган. У Оиша онамизга эмикдошлик орқали амаки эди. Оиша онамиз бу ҳақда шундай дейдилар: 

«Мен унга изн беришдан бош тортдим. Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида қилган ишим хусусида У зотга хабар бердим. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам менга унга (Афлаҳга) изн беришимга амр қилдилар».

Имом Абу Довуд қилган ривоятда бу яна ҳам равшанроқ баён этилган:

«Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: 

«Ҳузуримга Афлаҳ келган эди, ундан яшириндим. У:

«Амакинг бўлсам ҳам, мендан қочасанми?!» деди. Мен:

«Қаердан менга амаки бўласан?!» дедим. У жавоб берди:

«Сени менинг акамнинг хотини эмизган», деди. Мен:

«Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас», дедим. Сўнг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, мен бўлган гапни айтиб бердим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у амакинг бўлади, ҳузурингга кираверсин», дедилар».

Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Яъни, уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир.

Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни, опа билан никоҳда турган эркакка унинг синглисига уйланиши ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.

Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламо аҳлларининг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.

Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайинсингиллари бўлади ва У зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.

Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббос аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламо аҳли, юқорида айтилганидек, бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилади, деганлар.

Шунингдек, қариндошлиги шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.

Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатса, бўладиган шахсларнинг зикри келади.

9. «...ё аёлларига...»

Яъни, мўмина аёллар аёлларга зийнатларини кўрсатсалар бўлади. Уламо аҳли бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Баъзилари «аёллар»дан мурод ҳамма хотинлар, деганлар. Баъзилари мусулмон аёлларни назарда тутганлар, бошқа бирлари эса, ўзларига тегишли хотинлар, деб айтганлар. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.

10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганларга...»

Бу иборадан қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатсалар бўлаверади, деган маъно чиқади.

Аммо уламо аҳллари бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтишган. Улардан бир тоифаси бундан мурод фақат чўрилар, қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, шаҳвати бор, озод бўлгандан кейин ўз аёл хўжайинига уйланиши мумкин, дейдилар. Ундай бўлса, аввал «аёлларга» деб туриб, кейин «чўриларига» дейишнинг нима ҳожати бор? Чўри ҳам аёл-ку, деган эътирозга, аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмасин учун улар ҳам санаб ўтилди, дейдилар.

Иккинчи тоифа эса, «ё ўз қўлларида мулк бўлганларга» жумласидан мурод муслима аёлнинг мулки бўлган қул ва чўрилардир, бунда нафақат чўри, балки қул ҳам кўзда тутилган, дейдилар ва ўз гапларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтирадилар.

Имом Абу Довуд Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қул олиб келиб, Фотима розияллоҳу анҳога совға қиладилар. Фотима розияллоҳу анҳонинг эса, биттагина кийими бўлиб, бошини беркитса, оёғи очилиб қолар, оёғини беркитса, боши очилиб қолар эди. У кишининг қийналиб қолганини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Майли, сенга ҳеч гап йўқ. Булар сенинг отанг ва ғуломинг», дедилар.

Имом Термизий ва бошқа имомлар Умму Салама онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига:

«Агар сизлардан бирортангизнинг мукотаби (баҳосини тўлаб, озод бўлишга келишган қули) бўлса ва у (ўз баҳосини) адо этишга имкони бўлса, ундан ҳижоблансин», деганлар.

Яъни, бу одам озодлиги жуда яқинлашиб қолди. Энди у қул бўлмайди, шунинг учун ундан қочиш лозим, деганларидир.

11.«...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга..»

Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркакликлари ўлган кимсалар бўлиб, қорин тўйғазиш учун одамларнинг хизматини қилиб юрадилар. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл ана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса, бўлади.

12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса, майли)...»

Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, билмайдилар.

Кўриш орқали фитна содир бўлмаслиги, зинога элтиш эҳтимоли уйғонмаслиги учун уларнинг йўли тўсилгандан кейин, энди эшитиш орқали фитна туғдирадиган йўлларни ҳам тўсиб, мўмина аёлларга:

«Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар», дейилмоқда.

Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилиши ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.

Шунинг учун махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда таъқиқланди.

Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб, шаҳвати қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам эътиборга олган.

Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғотадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атирлардан сепиб чиқишлари манъ қилинган.

Имом Насаий бундай ривоят келтиради: 

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларига йўлиққан бир аёлда хушбўй ҳидни сезиб қолиб: 

«Эй Жабборнинг чўриси, масжиддан келдингми?!» дедилар. У аёл: 

«Ҳа», деб жавоб қайтарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: 

«Мен ўз ҳабибим, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Аллоҳ таоло ушбу масжидга хушбўй атир сепиб келган аёлнинг намозини то у аёл жунубликдан кейин ғусл қилгандек ғусл қилмагунича қабул қилмайди», деганларини эшитганман, дедилар».

Имом Термизий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар бир кўз зинокордир. Қайси бир аёл атир сепиб олиб, бир мажлис аҳли олдидан ўтса, бундоқдир, бундоқдир», деб оғир нарсани айтганлар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ширали овоз билан эркаклар эътиборини тортишини ҳам манъ қилганлар.

«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки нажот топсангизлар».

Яъни, ушбу баён қилинган ҳолатларда сиздан хато ўтган бўлса, Аллоҳга тавба қилинг ва бу хатоларни бошқа такрорламанг. Шундагина нажот топишингиз мумкин.

Ўрни келганда, ушбу ҳукмларга боғлиқ бошқа масалаларни ҳам эслаб ўтиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларни бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини манъ қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса, бўлади.

Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эри ғойиб аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», деганлар.

Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса, ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида завжаи мутаҳҳаралари Софийя онамиз кечаси У зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб турганларида ансорийлардан икки киши ўтиб қолдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез юриб кета бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига: 

«Шошманглар! Бу аёл Софийя бинти Ҳуйайдир», дедилар. Улар:

«Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим», дедилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ манъ этганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб:

«Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли, аёл киши зинҳор сафарга маҳрамсиз чиқмасин», дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 

«Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз ўзини юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами бўлиб ҳажга бориш лозим эканлиги таъкидланмоқда. Чунки, сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга унинг маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиши керак.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб кетишини жуда қаттиқ манъ қилганлар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд ал-Ансорий айтадиларки: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга: «Сизлар орқада қолинглар, сизлар йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».

Жамоат бўлиб намоз ўқиш, жума намозини адо этиш нақадар аҳамиятли эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Жума фарз. Жамоат намозини эса, баъзилар вожиб, баъзилар суннати муъаккада, дейдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: 

«Хоҳлар эдимки, бировни одамларга жамоат намозини ўқиб беришга буюриб қўйиб, ўзим бориб, жамоат намозига келмаганларнинг уйига ўт қўйиб юборсам», деганлар. Қолаверса, бундан ҳам шиддатлироқ маънони англатувчи ҳадислар жуда кўп. Жума намозини узрсиз қолдирган одамнинг гуноҳи ҳақида эса, гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Лекин эркак-аёл аралашиб юриши яхши эмаслиги эътиборга олиниб, аёл кишига жумага бормасликка рухсат берилган.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Жамоат билан жума ўқиш ҳар бир мусулмон учун ҳаққу вожибдир. Фақат тўрт кишигагина: қулга, аёл кишига, ёш болага ва касал одамга (вожиб эмас)», деганлар.

Жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликлари афзал экани хусусида бундан ҳам очиқроқ айтганлар.

Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳумайд ас-Соғидий исмли аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман», дебдилар. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, сенинг мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Сенинг уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавминг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир», деб жавоб берганлар.

Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга масжидга келиб намоз ўқишга рухсат берганлар. Лекин бу шартли рухсатдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Хотинларингизни масжиддан манъ қилманглар. Уйлари улар учун яхшироқдир», деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, атир-упалар билан лозим топилган жойларда хушбўйлашиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай манъ қилинган ишлар қаторига аёл кишининг сочига бошқа сочни улаш ва улатиш, ясама хол қўйиш ва қўйдириш, қошни ингичка қилиб териш ва тердириш, тишларининг орасини сунъий равишда очиш ва очдириш, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиш ва ювдириш каби амаллар ҳам киради.

Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.

Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фоҳиша гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят:

«Жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар» ояти нозил бўлганидан кейин ансорийларнинг аёллари қора рангли кийим ёпиниб, худди бошларида қарға ўтиргандек сокинлик билан чиқдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоят илк исломий даврнинг шонли аёллари, инсоният тарихи саҳифаларига ўз исмларини олтин ҳарфлар билан ёзишга мушарраф бўлган, Ислом умматининг шону шарафи бўлган, ер юзини Ислом нурига тўлдирган, биринчи исломий давлатни барпо қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўз ҳиссаларини қўшган буюк момоларимизнинг кўплаб қаҳрамонлик намуналаридан бирини васф қилмоқда. 

Ушбу ривоятда шарафланаётган аёллар кечагина ўзларининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган очиқ-сочиқлик, турли беодобликларини қилиб юрган эдилар. Бугун эса, улар виқорли бўлдилар. Ҳижобли бўлдилар. Ўз қадрларини билдилар. Ўзларини турли беҳаё ва шилқимларга мўлжал бўлишдек шармсизликдан ҳимоя қилишни ўргандилар.

Уларни бунчалик олий даражага кўтарган нарса уларнинг иймонлари эди. Аллоҳга бўлган иймонлари уларга пасткашлик қилишга изн бермас эди. Улар энди барча ишни Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ила қилишга ўтган эдилар. Буни эса ўзларига чексиз шараф деб билардилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломи шарифида биргина оятнинг нозил бўлиши уларнинг кийиниш борасидаги дунёқарашлари, ўзларини тутишлари ва юриш-туришларини тамоман ўзгартириб юборди.

Худди мана шу руҳ ўша момоларимизнинг номларини инсоният тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилишига сабаб бўлди. Уларни инсоният тарихидаги энг бахтли авлодни туғиб-тарбиялаш бахтига муяссар қилди. Шунингдек, бошқа кўплаб ғалабаларга, муваффақиятларга сабаб бўлди.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 «Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан дарҳол муртларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Мурт» аёл кишининг жисмини тўсиб турадиган, елкадан ташлаб юриладиган кийим.

Бу ривоят ҳам ўзидан аввалгисини қувватлиб келмоқда. Исломдан олдин ҳозиргига ўхшаб аёллар рўмол ўрашни, ўзини хиёнатчи кўзлардан сақлашни ёмон кўрар эдилар. Аксинча, ҳозиргига ўхшаб иложи борича эркакларнинг кўзини ўйнатишга, баданининг кўпроқ қисмини очиб юришга ҳаракат қилар эдилар. Шунинг учун ҳам, «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил қилинган чоғда ўша оятга амал қилмоқчи бўлган муслима аёллар ҳам ўрагани рўмол топа олмай қолганлар ва ушбу ривоятда айтилаётганидек, дарҳол муртларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар.

Бу ўша ажойиб мўминалар авлодининг қаҳрамонлиги ва Аллоҳнинг амрига дарҳол юришларининг намунаси эди. Шунинг учун ҳам, Оиша онамиз уларни мадҳ ила эсламоқдалар ва ҳақларига дуо қилмоқдалар.

Ушбу ривоятнинг бошқа сийғаларида, мурт ўрнига жилбоб ва изор ҳам келган. Яъни, ҳар аёл ўз имконига қараб ўзида бор ортиқча кийимдан йиртиб рўмол қилиб бошига солган.

Баъзи муҳтарама опа-сингилларимиз Аллоҳнинг ушбу масаладаги амрини билмай келаётган бўлсалар, билишлари ила худди мазкура саҳобияларга ўхшаш иш қилиб, дарҳол рўмол ўраб, ўзларини исломий кийимга олсалар улуғ иш бўлади. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бирор кийимни йиртиб рўмол қилиш эҳтиёжи ҳам йўқ. Рўмоллар етарли. Фақат истак керак, холос. 

Аёл киши ўзига хос кийиниши ўзига хос гўзаллик кашф этишини аёлларнинг ўзлари тушуниб етмоқлари керак. Бу ҳақиқатни аёллар ўзларига келган, уларнинг ҳақиқий инсоний табиатлари ўзлигини намоён қилган пайтда кўриш мумкин. 

Ўшандоқ пайтлардан бири яқинларнинг ўлими. Бошига ўлим қайғуси тушган аёллар ўзларини ўнглашга ҳаракат қилиб қолишади. Ҳатто бошқа диндагилар ҳам. Ана шундоқ пайтларда улар бошларига рўмол ўрашга биринчи бўлиб шошиладилар. Таъзияга кетаётган аёллар бошқаларидан рўмол сўраб туришлари ҳам шуни кўрсатади. Аммо бир оз ўтиб, ўлим, ўлимни келтирувчи Аллоҳ эсларидан чиққанда рўмол ҳам эсларидан чиқади. 

Ҳақиқий мўмина-муслима аёлларда эса бу ҳолат мутлақо бўлмайди. Чунки улар Аллоҳ таолони бир лаҳза ҳам унутмайдилар. Аллоҳнинг амридан бир лаҳза ҳам четга чиқмайдилар. Ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига-Исломга мослаб қиладилар. Ана ўша ҳолатнинг зоҳирий кўриниши мўминаларнинг шариатга мувофиқ кийинишларида бўлади.

Ҳа, аёллар ҳар бир умматнинг кучи ёки заифлигини кўрсатиб турувчи дақиқ белгидирлар.

Улар ҳар бир умматнинг тараққиёти ёки қолоқлигини ўлчайдиган тўғри ўлчовдирлар.

Ҳар бир жамиятнинг аҳли солиҳ бўлиши ундаги оилаларнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир оиланинг аҳли солиҳ бўлиши эса, ундаги аёлнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир аёлнинг аҳли солиҳ бўлиши иймон-эътиқодли, илмли ва тақводор бўлишига боғлиқ.

Аёли йўлдан чиққан оиланинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Оилалари йўлдан чиққан жамиятнинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Халифа Муъизлидиниллаҳ Мисрни ўзига бўйсундиролмай узоқ вақт қийналди. У кўп марта куч ишлатиш режасини қилар, лекин Мисрда ҳукмни қўлларида тутиб турган Ихшидийларнинг шавкатидан қўрқиб, орқага қайтар эди. 

Бир куни унга, Ихшидийлар қасрининг аёллари айш-ишратга берилибдилар, фазилатларини унутибдилар, деган хабар келди. Шунда халифа енгил нафас олиб, энди Миср бизники бўлди, деди.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саламанинг олдига кирганларида у рўмол ўраётган эди. Бас, У зот:

«Бир марта айлантириш. Икки марта эмас», дедилар.

Шарҳ: Яъни, рўмол ўраганда уни бўйиндан икки марта айлантирмасдан бир марта айлантириш кераклиги таъкидланмоқда.


 Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юпқа кийим билан кирди. Бас, У зот ундан юзларини ўгириб олдилар ва: «Эй Асмаа, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан мўмина аёлнинг кийиниши ҳақидаги масалага оид бир неча ҳукмлар олинади:

1. Мўмина-муслима аёлларнинг кийимлари юпқа бўлмаслиги шарт. 

Тагидан бадан кўриниб турадиган кийим сатри авратга кирмайди. Уламо аҳли бунга ўзи қалин бўлса ҳам торлиги учун баданни васф қилиб турадиган кийимларни ҳам қўшадилар.

2. Мусулмон эркаклар очиқ-сочиқ, ношаръий кийиниб юрган аёллар қаршиларидан чиқса уларга қарамаслик чорасини қилишлари лозимлиги.

3. Шаръий кийиниш, бошқа шаръий таклифларга ўхшаб, қизлар балоғатга етгандан сўнг фарз бўлиши.

4. Юз ва икки кафт муслима аёллар учун аврат эмаслиги. Муслималар юзлари ва икки кафтлари номаҳрамларга кўриниши туфайли гуноҳкор бўлмайдилар. 

Бу жумҳури уламо, жумладан, Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳабларининг иттифоқидир. Албатта, ўша пайтда юз ва икки кафт зебу зийнатсиз бўлиши ва фитна хавфи бўлмаслиги шарт.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.
Шунда Умму Салама:
«Аёллар этакларини қандоқ қиладилар?» деди.
«Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у зот.
«Ундоқ бўлса оёқлари очилиб қолади», деди у.
«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар У зот
».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Зироъ» - ўртача икки қарич узунлигидаги ўлчов бирлиги.

Аввал ўрганиб ўтганимиздек, мусулмонлар манманлик ила кийимларини осилтириб, ерга судраб юришдан қайтарилганлар. Бу амр эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам экан. Аммо аёлларга сатр иши қаттиқ таъкидланганидан мазкур ҳукмда уларга хос чегара белгиланган экан. Ушбу аёллар учун хос ҳукмнинг шариатга киритилишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан бирлари Умму Салама онамиз сабабчи бўлган эканлар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар».

Аввал ўрганиб чиққанимиздек, бу жумлада баён этилаётган жазо оғирдир. Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг назаридан бенасиб қолиш, деганидир. 

Умму Салама онамиз аёллик ҳислари билан аёлларнинг ғамини қилдилар. Улар этаклари узун кўйлак кийишлари шартлигини ўйлаб, у ҳолда ҳозир айтилган гаплар нима бўлади, деган хаёлга бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Аёллар этакларини қандоқ қиладилар?» деб савол бердилар. 

Уларнинг этаклари узун, шундоқ бўлиши керак ҳам. Агар манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмаса, аёллар ҳам этакларини болдирнинг ярмидан кесиб ташлашлари керакми? Ёки бошқа бирор ечим борми?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга бошқа ечим борлигини билдириб жавоб бердилар:

«Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у зот».

Бу ҳам аёлларнинг тўсиниб юришлари муҳимлиги учун қилинган истиснодир. Лекин Умму Салама онамиз аёлларнинг ўзларига хос ҳассослик билан масалани яна ойдинлаштиришни ирода қилиб:

«Ундоқ бўлса, оёқлари очилиб қолади», дедилар.

Яъни, аёллар этакларини бир қарич тушириб юрганларида ҳам оёқлари очилиб қолиши турган гап. Унда нима бўлади?

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳал қилувчи жавобни бердилар:

«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар У зот».

Бир қарич туширилган этакларидан ҳам оёқлари очилиб қоладиган бўлса, аёллар этакларини бир зироъ-икки қарич тушириб юрсинлар. Аммо ундан ортиғига рухсат йўқ. Ушбудан мақсад аврат ҳисобланадиган жойни номаҳрамларга кўрсатмаслик экани келиб чиқади. Мақсад қанча узун ёки қисқа бўлишида эмас экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муслима аёлларнинг кийимлари дунёдаги энг гўзал, энг чиройли, энг одобли, энг яхши, энг муҳими эса – Аллоҳнинг амрига мувофиқ кийимлардир. Бундан ортиқ шараф бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам бу кийимларга Аллоҳни унутган, Аллоҳдан қўрқмаганларгина қарши чиқадилар. Чунки Ислом душманлари муслималар динларига амал қилсалар, Ислом жамияти енгиб бўлмас кучга айланишини яхши биладилар. Бу масалани барча мусулмонлар яхши англаб етишлари ва шунга яраша ҳаракат қилишлари лозим.

Уламо аҳли муслима аёлнинг либоси тўғрисидаги барча ҳужжат ва далилларни пухта ўрганиб чиқиб, жумладан, қуйидаги мулоҳазаларни айтганлар;

1. Аёл кишининг либоси таги билиниб турадиган даражада юпқа ва тор бўлмаслиги лозим.

2. Аёл киши тилло ва кумуш билан безалган, нақшланган кийимларни кийиши жоиз.

3. Аёл киши эркак кишининг кийимини кийиши ҳаром.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оилавий ҳаётнинг ва эрхотиннинг бирбирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги давоми...

4819 13:30 / 17.09.2021
Хурсандчилик муносабати ила дастурхон ёзиб, таом тортиб ўтказиладиган маросимни, валийма, дейилади. Ақийқа, никоҳ ва сафардан қайтиш каби муносабатлар ила давоми...

3347 05:00 / 15.02.2017
.Идда, сўзи луғатда .санаш,, .ҳисоблаш, маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин сақлаши лозим бўлган давоми...

7919 05:00 / 14.02.2017
Инсон ҳаёт кечирар экан, балоғатга етгандан сўнг уйланиш, турмушга чиқиш каби инсоний амалларни қилишини ҳаёт тақозо қилади. Мусулмон одам эса мусулмонга давоми...

3363 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

120037 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41709 14:35 / 11.08.2021