1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ароя ва ким ошди савдоси

05:00 / 17.02.2017 4465 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ароя», яъни «орият» луғатда «вақтинча фойдаланиш», деганидир. Шариатда эса, вақтинча фойдаланиш учун берилган нарсанинг фойдасини муддатдан илгари мол эгасининг ўзи сотиб олишига айтилади.

Мисол учун, бой одам камбағал кишига ушбу дарахтни сенга бир йилга ориятга – вақтинчалик фойдаланиб туришга бердим, дейди. Камбағал дарахтни парвариш қила бошлайди. Унинг келиб-кетиб ишлашлари бойга бир оз танглик туғдиради. Шунда бой шу дарахтингдан бу йил чиқадиган мевани менга сот, дейди. Бунга шариатда истисно тариқасида рухсат берилган.
«Ким ошди савдоси» эса ҳаммага маълум ва машҳур савдо. Унда савдо молини кўпчилик ҳузурида бозорга солинади. Бошланғич баҳо эълон қилинади. Биров мен шу баҳони бераман, дейди. Сотувчи ким ошди, дейди. Бошқа биров нархни оширади. Охирги нархни берган одам молни сотиб олган бўлади. Ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифларда мазкур икки хил савдонинг ҳукмлари баён қилинади.

Жобир розияллоҳу анҳу:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мевани то таъм кирмагунча сотишдан наҳйи қилдилар. Ундан бирор нарса сотиладиган бўлса фақат динор ва дирҳамга сотилади. Магар ароя бундан мустаснодир», деди».
Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Мевани етилмагунча сотиб бўлмаслигини олдин ҳам ўрганган эдик. Бу ҳадисда эса ўша сотилиши мумкин бўлган мевани ҳам фақат динор ва дирҳамга сотиш мумкинлиги айтилмоқда. Яъни, қуруқ мевага алмаштириб бўлмайди. Фақат ароялардагина буни қилишга рухсат бор. Чунки бу ишда камбағалларнинг фойдаси кўзланган. Исломнинг камбағалпарварлиги шу даражага етган.

Саҳл ибн Ҳасма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мевани қуритилган хурмога сотишни наҳйи қилдилар ва «Бу рибодир!» дедилар. Ана ўша музобанадир. Шу билан бирга, у зот «ария» савдосига рухсат бердилар; бир ёки иккита хурмони аҳли байт чамалаб қуруқ хурмога оладилар ва ҳўл ҳолида ейдилар».
Шарҳ: «Музобана»нинг нима эканини олдинги келган ҳадисларнинг бирини шарҳлаш давомида ўргандик. Бу ҳолатда бир хил жинсдаги нарсани ноаниқлик билан алмаштириш бўлгани туфайли рибо ҳукмига ўтиб қолгани учун ман қилинган.
Бу хилдаги савдодан фақат ария савдосига, камбағаллар манфаатини кўзлаб рухсат берилган. Ривоят сўнгида эса «ария» савдосининг бир кўриниши баён ҳам қилинмоқда:
«Бир ёки иккита хурмони аҳли байт чамалаб қуруқ хурмога оладилар ва ҳўл ҳолида ейдилар».
Ўша бир ёки иккита хурмо камбағал одамга вақтинчалик фойдаланиб туриш учун берилган бўлади. Хурмонинг ҳўли билан қуруғи орасида фарқ бор. Ҳўл хурмони дарахт устида турган ҳолида ундан қанча қуруқ хурмо чиқиши чама қилинади. Ўша миқдор камбағалга берилади. Дарахтдаги ҳўл мевани эса сотиб олган кишилар ҳўллигича есалар, ўзлари биладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беш васақ миқдоридаги ёки беш васақдан оз миқдордаги ароя савдосига рухсат бердилар».
Иккаласини Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда «ароя»га истисно тариқасида изн берилган бўлса ҳам, лекин чекланган миқдорда экани баён қилинмоқда. Миқдорнинг қанча эканлигини белгилашда эса, икки миқдордан бирини олишга тўғри келган. Чунки ровийлар шак қилиб қолишган. Беш васақми ёки беш васақдан озми аниқ билиша олмай, иккисини ҳам айтганлар.
Бундоқ вақтда уламоларимиз эҳтиёт йўлини тутишади. Шунинг учун «ароя» савдосига беш васақдан оз миқдорда бўлса изн берилади, дейишган. Чунки бешдан оз, дейилса, аслида, беш васақ бўлса ҳам зарар қилмайди. Аксинча, бешга рухсат берилсаю, аслида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бешдан оз деган бўлсалар, унда рухсат берилган миқдордан кўпни айтилган бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўқим ва қадаҳ сотдилар:
«Мана бу тўқим ва қадаҳни ким олади?» дедилар.
«Икковини бир дирҳамга оламан», деди бир одам.
«Ким ошди?» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Шунда бир киши икки дирҳам берди ва ўшанга сотдилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ким ошди савдоси Ислом шариатида ҳалол қилинган савдо эканини шу ривоятдан билиб оламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1644. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатҳ йили Маккада .Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, давоми...

3699 18:22 / 17.09.2017
.Нархни чегаралаш, деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади. .Эҳтикор, монополия деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо давоми...

3978 05:00 / 17.02.2017
Cавдода ёлғон гапириш ҳаромndash Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон давоми...

3339 05:00 / 06.03.2017
ШИРКАТ ВА МУЗОРАБАБисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Расулига салоту саломлар бўлсинСўнгМусулмон инсон Аллоҳ таолонинг буюрган ибодатларини вақтида давоми...

3276 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

118787 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40737 14:35 / 11.08.2021