1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Амаллар ва ҳолларнинг гўзаллиги (1-қисм)

19:09 / 07.01.2018 3446 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амалларнинг гўзаллиги аҳволларнинг гўзаллиги натижасидир. Аҳволларнинг гўзаллиги эса мақомларнинг манзиллари рўёбга чиққанидандир.

– Амал – жисмнинг куч ишлатиб қилган ҳаракати. 

– Ҳол – қалбнинг чидам билан қилган ҳаракати.

– Мақом – қалбнинг сокинлик ила хотиржамлик топиши. 

Агар сифат собит бўлиб туриб қолса, «мақом» деб аталади. Агар вақтинчалик ва тез заволга учрайдиган бўлса, бундай сифат «ҳол» дейилади.

Мисол учун, зуҳд мақомини олиб кўрайлик. У аввалида  дунё ва унинг сабабларини тарк қилиш бўйича бор имкониятни ишга солиб уринишдан иборат бўлади. Кейин сабр билан ҳожатмандликка чидашга ҳаракат қилиш ила ҳолга айланади. Охир-оқибат қалб сокинлик топади, хотиржам бўлади ҳамда унинг ҳаловатини тотади ва мақомга айланади.

Шунингдек, таваккул аввал-бошда сабабларни тарк қилишга бор кучни ишга солиб уриниш амалидан иборат бўлади. Кейинчалик қадарлар тасарруфоти аччиғига чидаш учун жон-жаҳди билан уриниш ила ҳолга айланади. Охири бориб қалб сокинлик топади, хотиржам бўлади ҳамда унинг ҳаловатини тотади ва мақомга айланади. 

Ҳоллар қилинган амалларнинг мукофоти ўлароқ Аллоҳ таоло томонидан берилади.

Мақомлар эса касб қилинади. Яъни яна амалда бардавом бўлинса ва ҳол уланиб кетаверса, мақомга айланади. 

Ҳоллар келиб-кетиб, ўзгариб туради. Қачон қалб ўша маънода сокинлик топса, мақомга айланади. Шунинг учун амалда бардавом бўлиши ила мақом касб қилиб олинади, дейилади. 

Ҳолга эришиш учун ҳам, мақомга эришиш учун ҳам аввало илм, унинг ортидан амал керакдир. Амал ҳақидаги илмни ўрганиб, у ишга солинса, ҳолга эришилади. Ҳолнинг илми ўрганилиб, амал давом эттирилса, мақомга айланади.

– Мақомларнинг манзиллари – уларнинг тушиш жойлари.

Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ бундан олдинги ҳикматнинг маъносини тўлдириб ва равшанлаштириб бермоқда.

Бошқа иборалар билан айтадиган бўлсак, ушбу ҳикматда зикр қилинган амаллардан мақсад намоз, рўза, ҳаж, закот, садақа, шариатда кўрсатилган савобли амалларни қилиш ва Аллоҳ таолонинг динига чорлаш каби тоат ва ибодатлардир.

Аҳволлардан мақсад эса Аллоҳ таолога юзланиб қилинган муҳаббат, улуғлаш, тақво, қўрқиш каби қалбга оид ишлардир. 

Мақомларнинг манзилларидан мақсад банда нафсоний офатлардан қутулиб, Аллоҳ таоло томон юришга азму қарор қилганидан кейин, аста-секин кўтарилиб борадиган даражалардир.

«Амалларнинг гўзаллиги аҳволларнинг гўзаллиги натижасидир».

Мўмин банданинг амаллари гўзал ва Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши учун унинг ҳоллари гўзал бўлиши керак. Яъни амалларни ихлос билан қилиши ва амали турли нуқсонлардан, риё ва ғафлат каби камчиликлардан холи бўлиши лозим. Бунинг учун эса банданинг ҳоли яхши бўлиши, унинг қалби Аллоҳ таолодан ўзгадан холи бўлиши керак. 

«Аҳволларнинг гўзаллиги эса мақомларнинг манзиллари рўёбга чиққанидандир».

Банданинг қалби Аллоҳ таолодан бошқадан холи бўлиб, аҳволлари гўзал бўлиши учун эса бир неча манзилларни, поғоналарни босиб ўтиши керак.

– Ушбу мақомларнинг биринчиси тавба мақомидир.

«Тавба» сўзи араб тилида «қайтиш» маъносини англатади. Банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам «тавба» деб аталган.

Уламолар тавбанинг шаръий маъноси ҳақида бир-бирини тўлдирувчи ва таъкидловчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: «Шариатда тавба гуноҳни ёмонлиги учун тарк қилиш, ўзидан ўтган камчиликка надомат қилиш, гуноҳни яна такрорламасликка азм қилиш ва имкони бор ишларни қайтадан қилишдир», деган. 

Журжоний[1]: «Тавба қалбдаги гуноҳда давом этиш тугунини ечиб, Аллоҳга қайтиш ва Роббнинг барча ҳақларини адо этиш», деган.

Баъзилар: «Тавба эътироф, надомат ва гуноҳдан узилиб чиқиш», деганлар.

Бошқалар: «Тавба қилинган маъсиятга маъсият бўлгани учун надомат чекиш ва уни қайтармасликка азму қарор қилиш», дейдилар.

«Таърифот» китобининг соҳиби тавбанинг маъноси ва турлари ҳақида, жумладан, қуйидагиларни келтирган:

«Тавбанинг маъноси учтадир: Биринчиси – надомат қилиш. Иккинчиси – Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтишга азму қарор қилиш. Учинчиси – зулмларни ўрнига қайтариш учун ҳаракат қилиш.

Тавбанинг турлари:

1. «Иноба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг қудратидан қўрқиб қилинган тавба.

2. «Истижоба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг яқинлигидан уялиб қилинган тавба.

3. «Фосид тавба» – фақат тил билан қилинган тавба.

4. «Саҳиҳ тавба» – банданинг гуноҳ қилиши билан дарҳол ўзини билиб, ундан қайтиши.

5. «Насуҳ тавба».

Араб тилидаги «насуҳ» сўзи «холис», «жазм», «содиқ», «насиҳат қилувчи» маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси «холис тавба», «жазм тавба», «содиқ тавба», «насиҳатга тавба» маъноларини англатади. 

Аллоҳ таоло бундай деб буюради:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!» (Таҳрим сураси, 8-оят).

Насуҳ тавбанинг шаръий маъноси ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар.

Журжоний: «Насуҳ тавба олдинги гуноҳга қайтмасликка мустаҳкам азму қарор қилишдир», деган.

Таҳонавий[2]: «Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабиҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир», деган. 

Тавба ва унинг шартлари ҳақида имом Нававий қуйидагиларни айтади:

«Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш вожибдир. Агар қилинган гуноҳ банда билан Аллоҳ таолонинг орасидаги иш бўлса, одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлмаса, тавбанинг тўғри бўлиши учун уч шарт бордир:

1. Маъсиятдан бутунлай ажраб чиқиш.

2. Уни қилгани учун надомат қилиш.

3. Абадул-абад уни қайтармасликка азму қарор қилиш.

Ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, тавба тўғри бўлмайди.

Агар қилинган гуноҳ одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлса, тўртинчи шарт – ўша одамнинг ҳаққидан қутулиш зиёда қилинади. 

Ҳақ молу мулк ёки шунга ўхшаш нарса бўлса, уни эгасига қайтарилади.

Ҳақ шаръий жазога лойиқ иш бўлса, ўзини жазога тутиб беради ёки ҳақ эгасидан афв қилишини сўрайди.

Агар ҳақ ғийбат каби маънавий нарсаларда бўлса, мазлумдан ҳаққини ҳалол қилишини илтимос қилади.

Албатта, бунда тавба учун қилинаётган иш аввалгисидан кўра катта зарар келтирмаслиги шарт.

Барча гуноҳлардан тавба қилиш вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ўша гуноҳдан қилган тавбаси тўғри бўлади. Қолган гуноҳлари тураверади.

Тавба аслини олганда, олий мақомлардан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандалари бўлмиш набийлар ва расуллар ҳам тавбани лозим тутганлар. Шайтон алайҳилаъна тавба қилмай, тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришдилар.

Аллоҳ таоло набийларнинг тавбалари ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

«Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан», деб Байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.

«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимизни ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли Зотсан» (Бақара сураси, 127-128-оятлар).

Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, энг аввало уларнинг тавба қилувчилар эканини зикр қилади:

«Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» (Тавба сураси, 112-оят).

Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар. Чунки улар билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларига чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайдилар.

Аслини олганда, билиб-билмай қилинган гуноҳлар учун истиғфор айтиш иймоннинг етук аломатидир.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар» (31-оят).

Шунинг учун ҳам барча тариқатларда мурид шайхга қўл берганида энг аввал тавбага буюрилади.

– Ушбу мақомларнинг иккинчиси сабр мақомидир.

 «Сабр» сўзининг маъноларидан бири «танглик ила ўзини тутиб туриш»дир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси зарур.

Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: «Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир», деган.

Муновий: «Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир», деган.

Сабрнинг таърифида айтилган гаплардан:

Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.

Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир. 

Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.

Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.

Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

Сабрнинг турлари:

Ҳилмий[3] айтади: 

«Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш, Жабборнинг маъсиятидан сабр қилиш, Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш».

Ибн Қайюм айтади:

«Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисм­га бўлинади: амр ва тоатларни адо этишга сабр, наҳйи ва хилофларни қилмасликка сабр, қазои қадарларга рози бўлишга сабр».

Ферузободий айтади:

«Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр, Аллоҳ билан сабр Аллоҳ учун сабр».

Аллоҳ таоло сабрни Қуръони Каримда бир юз учта оятда зикр қилган. Қуйида ўша оятлардан баъзиларини намуна учун қисқача ўрганамиз.

Тоатларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан:

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир» (Бақара сураси, 45-оят).

Биз «ёрдам сўранг» деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўз бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўраш маъносини англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр, кўпчилик хаёл қилганидек, салбий маънода, яъни нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим, ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир. Энг бош сабр ҳавойи нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидашдир.

Намоз эса бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Набий алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига шундай деб буюради:

«Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир» (Тоҳо сураси, 132-оят).

Мусулмоннинг бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳлингни, оила аъзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.

Бало-синовларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан:

Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада шундай марҳамат қилади:

«Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир» (Луқмон сураси, 17-оят).

Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса,

«...ўзингга етган мусибатга сабр қил».

Сабр қилмасанг, иш битмайди.

Мўмин бандага амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло сабр билан тақвони бирга зикр қилади ва сабрнинг ажри улуғ эканини алоҳида таъкидлайди:

«Сен (Менинг тарафимдан)«Эй, иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт» (Зумар сураси, 10-оят).

Баъзи уламоларимиз бу оятдаги маънони «Сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади», деб таъвил қилганлар.

Сабр набийлар ва солиҳларнинг сиймосидир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. 

Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир» (Анбиё сураси, 85-86-оятлар).

Бу ерда Исмоил алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатан ҳам юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам чиройли сабр қилганлар.

Идрис алайҳиссалом ҳам қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлар. Ушбу оятда ҳам у кишининг сабр сифатлари алоҳида ёд этилмоқда.

Зулкифл алайҳиссалом ҳам сабр қилувчилар қаторига қўшилмоқдалар.

Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига киритди. Яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.

Аллоҳ таоло азму омонат соҳиби бўлган расулларнинг сабрини алоҳида зикр қилади:

«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) ошиқма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида, худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмлар ҳалок қилинур, холос!» (Аҳқоф сураси, 35-оят).

«Азиймат», яъни азму матонат соҳиби бўлган расуллар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк расулларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар. 

Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар.

Баъзи орифлар: «Сабрнинг мақоми учтадир», демишлар:

Биринчи мақом шаҳватни тарк қилишдан иборат бўлиб, у «тавба қилувчилар даражаси» дейилади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



[1] Шариф Журжоний Алий ибн Муҳаммад ибн Алий Шариф Ҳусайний Журжоний. Саййид Миршариф тахаллуси билан ҳам машҳур бўлган. У ҳижрий саккизинчи аср охирлари, тўққизинчи аср бошларида яшаб ўтган (м. 14-15 аср). Фалакшунос, ҳаёт илми, фиқҳ, мусиқа, фалсафа ва луғатшунос олим бўлган. Журжоний борлиқ, фалак, фалсафа, фиқҳ ва бошқа илмларда элликдан ортиқ китоблар ёзган. Улардан энг машҳури «Таърифот» китоби бўлиб, ўз асрининг илм-фанида ишлатиб келинган истилоҳларнинг баёнини ўз ичига олган. Ўз ўрнида бу китоб Ислом маданиятининг биринчи истилоҳ тўпламларидан ҳисобланади. 

Журжонийнинг «Рисалати тақсимил улум»«Хотбил улум»«Таҳқиқил куллиёт» каби китоблари машҳур.

[2] Ашраф Алий ибн Абдулҳаққ Таҳонавий (ҳ.1280-1362, м.1863-1943)

19 асрнинг машҳур олимларидан бўлган«Ҳакимул Умма» (Уммат доносилақаби билан ҳам танилган Таҳонавий 800дан ортиқ китобларнинг муаллифи ҳамдирБулардан 12тадан зиёдини араб тилида тасниф қилган.

[3] У Қози аллома, Мовароуннаҳр муҳаддис ва мутакаллимлари устози Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳалим Бухорийдир. Ҳалимий ҳижрий 338 санада Бухорода (баъзи ривоятга кўра Журжонда) туғилган. Буюк муҳаддис олимлардан бўлган. Ундан Ҳоким Абу Абдуллоҳ, Ҳофиз Абу Закарийё Абдурраҳим ибн Аҳмад Бухорий, Абу Саъд Канжарузий ва бошқа кўпгина муҳаддис олимлар ривоят қилишган. Абу Бакр Қаффол ва Абу Бакр Урдуний каби олимлардан таълим олган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Ханб Бухорий, Халаф ибн Муҳаммад Хайём, Бакр ибн Муҳаммад Марвазий ва бошқа бир қанча муҳаддислардан ривоят қилган. Ҳижрий 403 йили робиъул аввал ойида вафот этган.

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зотдан талаб қилишинг Унга туҳмат қилишингдир. Уни талаб қилишинг сени Ундан ғойиблигингдир. Ундан ўзгани талаб қилишинг Ундан ҳаё қилишинг озлигидир. Ундан давоми...

3601 15:42 / 29.09.2017
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир.2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради.3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

2931 12:18 / 19.03.2018
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, давоми...

5664 19:16 / 11.07.2017
Ман қилишнинг сенучун аламли бўлиши Аллоҳнинг бу ҳақдаги ҳикматини фаҳмламаганинг учунгинадир.Бундан олдинги ҳикматнинг шарҳи охирида .Аллоҳ таоло мўмин давоми...

2845 16:10 / 29.04.2018
Аудиолар

120338 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41975 14:35 / 11.08.2021