1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Аллоҳнинг «қачонки болаларингиз балоғатга етса...» қавли

05:00 / 15.02.2017 3037 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши балоғатга етган фарзандини алоҳида қилар ва ҳузурига фақат изн сўраб киритар эди».

Шарҳ: Мўмин-мусулмонлар оилада ана шу муҳим қоидаларга қатъий амал қилишлари, фарзандларини шунга ўргатишлари лозим экан.

 Ўтган икки ривоятда «Нур» сурасидаги икки оятнинг маънолари ҳақида кетмоқда. Шу ўринда бу икки ояти кариманинг тафсирини ўрганиб қўйишимиз яхши бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир» (58-оят).

Олдинги оятларда бировнинг уйига кириш учун албатта изн сўраш лозимлиги айтилган эди. Ушбу ояти каримада эса, уй ичидагиларнинг бир-бирлари олдига кириши учун изн сўраши кераклиги ҳақида гап юритилмоқда.

Аввалда қул ва чўрилар, ҳозирда уй хизматчилари одатда хонадон ичида аралашиб юрадилар. Шунингдек, кичик ёшдаги болалар ҳам. Кўплар бу ҳолатларга писандсизлик билан қарайдилар. 

Аслида эса, бу қул, бу чўри ёки бу ўзимизнинг хизматчимиз-ку, ёхуд, бу ўзимизнинг балоғатга етмаган кичик боламиз-ку, демасдан, ҳушёр бўлиш керак. Қул ва хизматчилардан ҳам авратни эҳтиёт қилган маъқул. Болаларнинг эса, одоб-ахлоқ доирасида тарбия топишларига аҳамият бериш керак. 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу ишга алоҳида эътибор қаратиб, Қуръони Каримда оятлар тушириб, унинг ҳукмини баён қилмоқда.

«Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар».

Яъни, қул ва чўриларингиз ҳамда балоғатга етмаган кичик ёшдаги болаларингиз сиз турган хос жойга киришдан олдин уч вақтда изн сўрасинлар. Ўша вақтларнинг биринчиси:

«...бомдод намозидан олдин...»

Чунки бу вақтда одам ҳали ўрнида ётган бўлади. Агар улар изн сўрамай кирсалар, ноқулай ҳолат юзага келиши мумкин.

Иккинчиси:

«...пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда...»

Айниқса, Қуръон нозил бўлган иссиқ ўлкаларда пешин вақтида ечиниб, салқинлаб, дам олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Бу пайтда ҳам изнсиз кириш ноқулай ва гуноҳ ишга сабаб бўлиши мумкин.

Мазкур вақтларнинг учинчиси:

«...хуфтон намозидан сўнг».

Бу вақтда ҳам кишилар ечиниб, дам олаётган бўлади.

«(Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир».

Яъни, авратлар очиладиган вақтдир. Шунинг учун қул ва чўрилар ҳам, балоғатга етмаган ёш болалар ҳам изн сўраб кирсинлар.

«Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ».

Яъни, ўша вақтлардан бошқа пайт қул-чўриларингиз ва балоғатга етмаган ёш болаларингиз изн сўрамай кирсалар, ҳеч бирингизга гуноҳ йўқ. Чунки:

«Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз».

Одатда хизматчилар ва ёш болаларнинг кириб чиқишлари кўп бўлади. Уларга ҳар киришда изн сўраш жорий қилинса, қийинчилик туғилади. Шунинг учун мазкур аврат вақтларидан бошқасида изн сўрамай киришларига рухсат берилди.

«Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир».

Унинг ҳар бир ояти, ҳар бир ҳукми илмга, ҳикматга асослангандир.

Балоғатга етган болаларнинг изн сўраш ҳукми келгуси оятда баён қилинади:

«Қачон сизнинг ёш болаларингиз балоғатга етсалар, улардан олдингилар изн сўраганидек, изн сўрасинлар. Аллоҳ Ўз оятларини сизга ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир» (59-оят).

Балоғатга етган ўғил-қизлар улардан олдин изн сўраб юрган катта кишилар каби, ота-оналари ва бошқалар ҳузурига изнсиз киришлари мумкин эмас.

Ривоятларда келишича, саҳобаи киромлардан бири ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб: 

«Ё Аллоҳнинг Расули, менинг онам қариб қолган, мен унинг хизматини қилиб тураман, ҳар кирганимда рухсат сўрашим керакми?» деганида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Нима, бўлмаса, онангни кийимсиз ҳолда кўрмоқчимисан?!» дедилар.

Айнан шу мулоҳаза туфайли балоғатга етган болалар бир оила аъзолари бўлсалар ҳам, бир-бирларининг ҳузурларига киришдан олдин изн сўрашлари жорий қилинган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарс Қуръон, ҳадис, зикру дуолар ва Аллоҳнинг исмлари ёд олинганини текшириш ила бошланди. Сўнгра ота деди .Фарзандларим Бугун бир ҳадис ўрганамиз. Жобир ибн давоми...

3680 11:13 / 27.12.2017
Бугунги кунда ривожланиш, ўсиш, илдамлаш юқори тезликда ортиб бормоқда. Фантехника асриrdquo деб ном олган 21 аср ҳақиқатдан улкан ривожланиш асри бўлмоқда. Бу давоми...

4109 23:11 / 19.02.2018
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 16қисмЁМОНЛИКДАН ҚОЧИНГ Ассалому алайкум, менинг жажжи эркатойларим Ўтган дарсимизда яхши бола, ҳақиқий мусулмон бола қандай давоми...

4818 05:00 / 16.02.2017
Бир кекса аёл уйланган ўғли билан бир уйда яшарди. Бир куни ўғил ишдан келиб, хотинининг олдига кирганда, хотини унга кекса онаси ҳақида кўп ёмон гапларни гапирди. давоми...

5332 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

120094 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41764 14:35 / 11.08.2021