1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг ботин ва зоҳир сифатлари нисбийдир

20:45 / 18.03.2018 3827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ботин бўлгани учун барча нарсани зоҳир қилди. Зоҳир бўлгани учун барча нарсанинг вужудини яширди.

Аллоҳ таолонинг Ботин ва Зоҳир исмлари нисбий ва изофий маънони ифода этади. Уларнинг иккиси ҳам мутлақ маънони ифода қилмайди. Агар улардан мутлақ маъно ирода қилинадиган бўлса, иккиси бир-бирига зид бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло инсоннинг эшитиш ва кўриш каби ҳис қилиш қобилиятларига нисбатан Ботиндир. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолони тан кўзи билан кўриб бўлмайди, қулоқ билан эшитиб бўлмайди ва бошқа ҳис қилиш қобилиятлари ила идрок этиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло инсоннинг ақлий идрокига нисбатан Зоҳирдир. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг зоҳир бўлиши ақл орқали Унга ҳидоят топиш билан, У ҳақда маърифат ҳосил қилиш ва Унинг ўз-ўзидан мавжудлигини англаб етиш билан собитдир.

Ушбу икки тарафдан олганда, Зоҳир ва Ботин Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан икки исмдир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикмати орқали худди қуёшнинг чиқиши ою юлдузларнинг барчаси ғойиб бўлишини тақозо қилгани каби, Аллоҳ таолонинг Зоҳир сифати борлиқдаги барча нарсаларнинг ғойиб бўлишини тақозо қилишини баён қилмоқда. Чунки ақлий маърифатга қараганда, Аллоҳ таолонинг борлиги, Унинг ёлғиз Ўзигина мавжудлиги ҳақ бўлади. Аллоҳ таолонинг борлиги олдида бошқа нарсаларнинг барчаси маҳв бўлади. Борлигини бошқа тарафдан оладиган нарсанинг борлигининг қиймати йўқдир. Бу худди отаси қўлтиғидан ушлаб турган гўдакнинг тик туришига ўхшайди. Бир тарафдан қараганда гўдак тик турганга ўхшайди. Аслида эса у тик тургани йўқ, уни отаси ушлаб турибди.

Худди шунингдек, Аллоҳ таолонинг Ботин сифати У Зот яратган мавжудотларнинг асари инсоннинг ҳис қилиш доирасида зоҳир бўлишини тақозо қилади. Борлиқдаги мавжудотларнинг зоҳир бўлиши эса одамларнинг ҳис қилиш аъзоларига махфий бўлган, Аллоҳ таолонинг борлигини тақозо қиладиган ақлий далилларни ўзида мужассам қилади.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг Ботин ва Зоҳир сифатларини тўлиқ англб етишимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда давоми...

3613 19:01 / 18.02.2018
Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл.Ибн давоми...

3297 19:46 / 18.01.2018
Қадимдан ахлоқ илми уламолари .Одамдаги хулқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга жавоб беришда давоми...

4227 15:34 / 24.10.2017
Қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Одам ота ва момо Ҳаввонинг жаннатдан чиқарилишларига ҳам айнан қорин шаҳвати давоми...

3777 11:43 / 15.12.2018