1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг адлига ва фазлига назар солиш кераклиги (3-қисм)

20:50 / 18.02.2018 3400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

КИЧИК ГУНОҲЛАРНИНГ КАТТАЛАШИШИ


Олдини олиб, тезроқ тавба қилмаса, кичик гуноҳлар катталашиб кетиши турган гап. Гуноҳи сағийраларнинг катталашувига бир қанча сабаблар бор. Улар қуйидагилардир: 

1. Гуноҳда қатъий туриш;

2. Гуноҳда бардавом бўлиш;

Бу борада аҳли илмлар: «Қатъият ила сағийра қолмас, истиғфор ила кабира бўлмас», деган қавлни келтирадилар.

Банданинг бардавом қилиб юрган сағийра гуноҳидан кўра тавба қилиб, такрорламаган кабира гуноҳининг афв бўлишидан умид кўпроқдир.

Бу худди тошга кетма-кет томиб турган сув томчисига ўхшайди. У бориб-бориб тошни ёриши мумкин. Аммо ўша томчиларни жамлаб, тошга бир марта қуйилса, таъсир қилмайди.

3. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетишининг сабабларидан яна бири гуноҳни арзимас санашдир. Қачон банда гуноҳни кичик санаса, Аллоҳ таоло уни катта санайди. Аксинча, қачон банда гуноҳни катта санаса, Аллоҳ азза ва жалла уни кичик санайди. Агар банданинг қалбида гуноҳга нисбатан нафрат ва ёмон кўриш бўлса, уни катта санаган бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин гуноҳларини бошига қулаш хавфи бўлган тоғ каби кўради. Фожир эса гуноҳларини бурнига қўнган пашша каби кўради», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 

Банданинг қалбида Аллоҳ таолонинг жалоли ҳақида илм бўлса, унга гуноҳ катта бўлиб кўринади. Агар кимга осий бўлаётганини англаб етса, кичик гуноҳни катта кўради.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сизлар бир қанча амалларни қиласизлар. Улар кўзингизга қилдан ингичка бўлиб кўринади. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида уларни ҳалокатга элтувчи гуноҳлар деб билар эдик».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Билол ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи:

«Хатонинг кичиклигига назар солма. Ўзинг осий бўлаётган Зотнинг улуғлигига назар сол», деган.

Кичик гуноҳ деб аталган нарсани писанд қилмаслик, уни билиб туриб, қасддан қилавериш оғир оқибатларга олиб боришига мисол келтирайлик.

Таомни ўнг қўл билан тановул қилиш суннат амалдир. Фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Суннат амални қилган одам савоб олади. Қилмаганга иқоб йўқ. Аммо ўша ишни қилмаслик билан бирга унга беписанд бўлиш, уни масхара қилишнинг оқибати ёмон бўлади. Бундай пайтда суннат амал ҳам фарзга айланади.

 Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Шунда у зот: 

«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар.

«Қодир эмасман», деди у.

«Қодир бўлмагин!» дедилар у зот. Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ривоятнинг қаҳрамони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида суннатга риоя қилмай, чап қўли билан таом ейишга тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб: 

«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар».

Бундай пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига 

«Қодир эмасман», деди».

Яъни бу «Овқатни ўнг қўлим билан ея олмайман. Чап қўлим билан еявераман», дегани эди. Ўзи нотўғри иш қила туриб, бундай бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб: 

«Қодир бўлмагин!» дедилар».

Яъни «Ўнг қўлинг билан таом ея олмасанг, бир йўла ея олмай қолгин», дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун: 

«Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади»

Яъни у одам юқоридаги гапни ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, балки кибр билан, хатосини тан олишдан бош тортиб айтган эди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.

«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».

Бунга ўхшаган ҳолатлар одамларимиз ичида анчагина. Уларнинг барчасидан эҳтиёт бўлиш керак. Кичик гуноҳ-ку, деб беписанд бўлмаслик лозим. 

4. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳи сағийрани қилганидан хурсанд бўлиш ва у билан мақтанишдир.

Бунга баъзи ноўрин тасарруф қиладиганларнинг «Фалончининг обрўсини бир пул қилиб ташладим, ўзиям бошини кўтара олмай қолди», деб мақтанишларини мисол қилиш мумкин.

Шунингдек, баъзи тожирларнинг шерикларига: «Ўтмас матоҳни мақташимни кўрдингми, тажрибасиз харидорни алдашда менга етадигани бўлмаса керак», деган гапига ўхшашлар ҳам шу жумладандир.

5. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири Аллоҳ таоло бандасининг айбларини фош қилмаётганини, ҳилмига олаётганини ва фурсат бераётганини писанд қилмасликдир.

Эҳтимол, Аллоҳ таоло уни «истидрож» учун тек қўйиб қўйгандир.

Аллоҳ таолонинг кофир ва осийларни дарҳол жазоламай, балки яхшилик қилиб тек қўйиб қўйиши «истидрож», яъни «даражама-даража» олиш деб номланган.

Ўша кофир, золим ва осийларга бериладиган кенг ризқлар, узун умрлар, бадан офияти ташқаридан яхшилик бўлиб кўринади. Ичкаридан эса балодир. Чунки асосий мақсад уларни ўшалар туфайли иқоб ва азобга олишдир.

Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг, Ўзига куфр келтирганларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам тек қўйиб қўяди. Дарҳол азоблашга ўтмайди, балки аста-секин азоблайди. 

Баъзи одамлар ўз қадрларини мол-дунё, мансаб билан ўлчайдилар. «Менинг фазлим бўлмаса, шунча бойлигим бўлармиди, шунчалик мансабга кўтарилармидим», деб ўйлайдилар. Охиратни унутадилар. 

Аллоҳ таоло эса шошилмайди, мағрур банда ҳар гал гуноҳ қилганда унинг бойлигини ёки мансабини ошириб қўяди. Натижада банданинг айби кўпайиб боришига қарамасдан, ўзининг қаёққа кетаётганини сезмайдиган бўлиб қолади ва оқибатда оғир ҳолатга тушиб қолади. 

Уламоларимиз: «Аста-секин олишнинг бир тури шуки, гуноҳкор бир гуноҳ қилганда Аллоҳ таоло атайлаб унинг мартабасини бир поғона кўтариб қўяди ва шундай қилиб у ўзининг ҳалокатли ҳолатга дучор бўлганини сезмай қолади», деганлар.

6. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири қилган гуноҳини бошқалар олдида зикр қилишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мужоҳирлардан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. Албатта, бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам «Эй фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим», демоғи ҳам мужоҳарадандир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда эса ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», деганларини эшитдим».

Икки шайх ривоят қилишган.

«Мужоҳир» луғатда «жаҳр» сўзидан олинган бўлиб, «ошкора қилувчи» маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга биноан, ўзи қилган гуноҳини одамларга мақтаниб юрадиган одам ҳам «мужоҳир» дейилади.

Демак, ўзидан содир бўлган кичик гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг кичик гуноҳи каттага айланар экан.

7. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳкорнинг одамлар иқтидо қиладиган олим бўлишидир.

Олимнинг гуноҳи ошкор бўлса, оламнинг гуноҳига айланади. Чунки омилар олимнинг қилган ишига тақлид қиладилар ва «Олимлар қилганда биз қилсак нима бўлибди», дейдиганлар кўпаяди.

Олим кишининг гуноҳдан ҳазир бўлиши алоҳида таъкидлидир. У бошқалар қатори, гуноҳни тарк қилиши лозим ва шу билан бир қаторда, бандалик ила ундан баъзи гуноҳлар содир бўлса, жуда ҳам махфий тутиши керак.

Олим киши содир этган гуноҳларга одамлар эргашса, унинг жазоси бир неча баробар бўлгани каби у қилган яхшиликка одамлар эргашса, савоби ҳам бир неча бор зиёда бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.ndash Ражо ndash умид ndash қалбнинг келажакда ҳосил бўлиши тама қилинаётган нарсага уни ҳосил давоми...

4944 19:41 / 24.07.2017
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

3510 22:05 / 09.04.2018
Амалларни фориғ бўлгандан кейинга суришинг нафснинг бефаҳмлигидандир.Албатта, ушбу ҳикматдаги амаллардан мурод диний амаллардир. Бу ерда дунёвий амалларга давоми...

3850 14:18 / 29.09.2017
Биринчи бобда ғийбатнинг таърифи баён этилган бўлса, иккинчи бобда ғийбатни олти тақсимга бўлиб, ҳар бир тақсим остида яна бир нечтадан қисмлар борлиги айтиб давоми...

7996 09:55 / 25.06.2018
Аудиолар

118777 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40727 14:35 / 11.08.2021