1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Аллоҳим, бу икковларига барака бер

07:05 / 01.12.2017 2689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Абу Талҳанинг бир ўғли бор эди. У касал эди. Абу Талҳа (қаергадир) чиқиб кетганида, бола вафот этди. Абу Талҳа қайтиб келиб, «Болага нима бўлди?» деди. Боланинг онаси Умму Сулайм: «Аввалги ҳолатидан сокинликдадир», деди. Эрига кечки овқатни келтирди. У овқатини тановул қилиб, сўнгра шаръий қовушишди. Ундан фориғ бўлганида «Гўдакни кўмиб келинглар», деди. Абу Талҳа тонг отганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси эр-хотинлик алоқаси қилдингларми?» дедилар. У: «Ҳа», деб жавоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, бу икковларига барака бер», деб дуо қилдилар. Хотин бир бола туғди. Абу Талҳа менга: «Болани кўтар, бу билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борасан», деб хурмочалар ҳам қўшиб бериб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У билан бирга бирор нарса борми?» деганларида, ҳа бир неча хурмолар бор, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб чайнадилар-да, сўнгра оғзиларидан чиқариб, гўдакнинг оғзига солдилар, сўнгра танглайини кўтариб, Абдуллоҳ деб исм қўйдилар.

Муттафақун алайҳ.

Имом Бухорийнинг ривоятларида Ибн Уйайна айтдилар: Ансорийлардан бўлган бир киши: «Мен тўққизта болаларни кўрдим, уларнинг барчалари Қуръон ўқувчи қорилар эди. Булар ўша Абдуллоҳнинг фарзандлари эди», деб айтди.

Муслимнинг бошқа бир ривоятларида: «Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг Умму Сулаймдан бўлган бир ўғиллари вафот этди. Умму Сулайм аҳлларига: «Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга ўғли (вафот этганини хусусида) мендан бошқа ҳеч ким айтмасин», деди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу келганида, хотини кечки овқатни олиб келди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу ундан еб-ичди. Сўнгра хотини ўзини ҳар галгидан чиройли қилиб кўрсатди. (Буни кўрган) эр беихтиёр шаръий яқинлик қилди. Қачонки, Умму Сулайм эрининг тўйганини ҳамда хотинидан мақсади ҳосил бўлганини кўриб, «Эй Абу Талҳа, агар бир қавм омонатларини бир ҳовлига қўйсалар ва ўша омонатни кейин талаб қилишса, уни бермасликка ҳақлари борми?» деганида, у «Йўқ», деди. Шунда хотини: «Ундай бўлса, ўғлингнинг (ўлимига) савоб умидида сабр қил», деди. Абу Талҳа бундан ғазабланиб, «Нега бу ҳақда менга айтмадинг, кейин нопок ҳам бўлиб қолдим, энди бўлса, ўғлимнинг (ўлим) хабарини беряпсан?» деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида хабар бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу кечаси бўлган нарсангизда Аллоҳ барака берсин», деб дуо қилдилар. У аёл (дуо баракасидан) ҳомиладор бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардаликларида бу аёл ҳам бирга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар сафардан қайтиб, Мадинага келсалар, кечқурун аҳллари ҳузурига кирмасдилар. Мадинага яқинлашганларида, бирдан у аёлни тўлғоқ тутиб қолди. Абу Талҳа хотинлари сабабли тўхтаб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса йўлларида давом этдилар. Анас розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Абу Талҳа: «Эй Раббим, Сен биласанки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан чиқсалар, у зот билан бирга чиқишни, агар у ерга кирсалар, бирга киришни ёқтираман. Кўриб турганингдек, ушланиб қолдим», деб арз қилдилар. Хотинлари Умму Сулайм (бу сўзларни эшитиб): «Эй Абу Талҳа, мени ҳозир аввалгига ўхшаб тўлғоқ тутмаяпти, бирга кетаверинг», деди. Анас розияллоҳу анҳу: «Ҳаммамиз бирга жўнадик. Қачонки, Мадинага борганларида, Абу Талҳанинг хотинларини тўлғоқ тутиб, бир ўғил бола туғди. Онам менга: «Эй Анас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бормагунингча бирор киши буни эмизмасин», деди. Тонг отганида болани кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордим», деб олдинги ҳадиснинг охири ила якун ясадилар», дейилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади,, дедилар. Имом Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ ҳадис дедилар.

2799 06:00 / 12.08.2018
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни.Мўмин банда Қиёмат куни Роббисига шу қадар яқинлаштириладики, У банданинг давоми...

3013 05:35 / 08.06.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимки уйидан чиқаётганда, .Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи вала ҳавла вала қуввата давоми...

2745 08:20 / 14.01.2018
.Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Фаҳш гапни айтган одам ҳам, уни бошқа ёққа тарқатувчи одам ҳам бир хил гуноҳкор бўлади,.Шарҳ Бир одам давоми...

6363 09:30 / 11.01.2021
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41803 14:35 / 11.08.2021