1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳга орзу қилаётган нарсаси учун ибодат қилинмайди (1-қисм)

19:07 / 11.02.2018 4340 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким У Зотга Ундан орзу қилаётган нарсаси учун ёки уқубат келишини тоати ила ўзидан даф қилиш учун ибодат қилса, У Зотнинг сифатлари ҳаққини адо қилмаган бўлади.

Мазкур ҳикматларнинг шарҳида ўша ажр ва мукофотлар Аллоҳ таолонинг фазли ва карами ила берилиши ҳам айтиб ўтилган эди. Банда ўз табиатидан келиб чиқиб, ҳар бир нарсанинг мукофотини талаб қилишга ўтиб қолиши бор. Бандага хос ушбу ожизликни эслатиш учун бўлса керак, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳикматда банданинг ўз Роббига қиладиган тоати борасида одоби ва нияти қандай бўлишини баён қилмоқда. Банда ўз тоатидан шахсига бирор манфаат жалб қилишни ёки бирор нохушликни кетказишни кўзламаслиги зарурлигини, агар бу ишни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик қилган бўлишини эслатмоқда.

Аслида машойихлар бандалар Аллоҳ таолога ибодат қилишларидаги ихлослари эътиборидан уч тоифага бўлинишларини таъкидлайдилар:

– Биринчи тоифа мусулмонлар оммасидан иборат бўлиб, улар Аллоҳ таолога У Зотнинг эрта ёки кеч келадиган азобидан қўрқиб ёхуд раҳматидан умидвор бўлиб ибодат қиладилар.

– Иккинчи тоифа муҳаббатли ошиқлардан иборат бўлиб, улар Аллоҳ таолога Унинг Зотига муҳаббат қилганлари учун ва мулоқотига шавқ қилганлари учун ибодат қиладилар, Унинг жаннатига тамагир бўлганлари ва Унинг дўзахидан ва азобидан қўрққанлари учун эмас.

– Учинчи тоифа орифлардан иборат бўлиб, улар Аллоҳ таолога бандалик вазифаларини адо этиш учун ва рубубият улуғворлигининг одобига риоя қилиш учун ибодат қиладилар.

Аслини олганда, Аллоҳ таолонинг бандаларда барча нарсалар бўйича чексиз ҳаққи бор. Бандаларнинг эса Аллоҳ таолода ҳеч қандай ҳақлари йўқ. 

Бу борада Абу Ҳозим Мадиний қуйидагиларни айтар эди: «Мен Роббимга азобдан қўрқиб ибодат қилишдан уяламан. Чунки у ҳолатда ёмон қулга ўхшаб қоламан. Қўрқсам, амал қиламан, қўрқмасам, қилмайман. Мен Роббимга савоб истагида ибодат қилишдан уяламан. Чунки у ҳолатда амалнинг ажрини оладиган бўлса, амал қиладиган, олмайдиган бўлса, қилмайдиган ёмон мардикорга ўхшаб қоламан. Мен Роббимга Унга бўлган муҳаббатим юзасидан ибодат қиламан».

Ҳақиқий мўмин бандадан Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билан бирга, У Зотдан бўладиган хавф ва қўрқувни жамлаш талаб қилингандир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир» (165-оят).

Ҳа, «Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор».

Аммо ҳақиқий иймонли инсонлар бор муҳаббатларини Аллоҳ таолонинг Ўзига қаратганлар ва бу муҳаббатлари жуда ҳам кучлидир. Уларнинг қалбларида Аллоҳдан бошқанинг муҳаббатига ўрин йўқ.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур» (54-оят).

Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита  – сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. Ким бу шарафнинг қадрига етса, бу динга чин қалбидан, ихлос билан хизмат қилади. Аммо ким бу улкан бахтнинг қадрига етмаса, турли баҳоналар билан Исломдан қайтса – муртад бўлса, ёмонлиги ўзигадир. Исломга ҳеч қандай зарар етмайди. Қайтага, унга ўхшаган номаъқул шахслардан холи бўлади. Аллоҳ ундайларга муҳтож эмас.

«…Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур».

Демак, Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадирлар. Биринчиси – ўзаро муҳаббат. Яъни Аллоҳ уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар. Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга оз эмас, кўп эмас, Аллоҳнинг муҳаббати бўлар экан. ­Дунёда ўзини билган инсон учун бундан улкан бахт йўқ. Ожиз бир инсоннинг муҳаббатига сазовор бўлган шахс ўзини қанчалар бахтли-саодатли ҳис этади. Биз сўз юритаётган муҳаббат эса ҳамма бандаларнинг Робби, бутун оламларнинг Холиқи, икки дунёнинг Молики, барча махлуқотлар қатори, бандаларнинг ҳам Холиқи, уларга жон ато қилган, нозу неъмат берган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббати! Аллоҳнинг маҳбуби бўлишдан юқори бахт йўқ. Шу билан бирга, бу муҳаббатга эришишнинг фақат бир йўли бор – мусулмон бўлиш. Аввалги оятда зикр қилинганидек, тили билан иймон келтириб, дилида мунофиқлик ё куфрга кетиш ёки қалбида касаллик билан эмас, ихлосли мусулмон бўлиш керак.

Аллоҳнинг севгисини қозонган бандаларнинг ўзлари ҳам Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт! Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севгидир. Бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади. Аллоҳни севувчи одам доимо ўз Маҳбубининг розилиги учун ҳаракат қилади. Ўзида шундай севги пайдо қила олган одам дунёни ҳам бошқача кўради. Дунёдаги ҳамма нарсани ўз қадр-қиммати билан танийди. Фақат мусулмон инсонгина шундай севгига соҳиб бўла олади. Бошқалар бу бахтдан бебаҳрадирлар. Бошқаларда бунақа севги бўлиши амри маҳол.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Замонлар ўтиши билан равшанлиги ортиб, у ербу ерда янгиланиб тураётган ҳодисалар туфайли тасдиқланиб борадиган Қуръоний ҳақиқатлардан бири Қуръоннинг фақатгина давоми...

3422 16:26 / 24.01.2018
Дуодаги илтижога қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат давоми...

6576 10:33 / 15.07.2019
Қачон У Зот сенга ато берса, сени яхшилигига шоҳид қилади. Қачон сени ман қилса, сени қаҳрига шоҳид қилади. Барчасида ҳам сенга Ўзини яхшилаб танитувчидир ва сенга давоми...

3234 18:28 / 08.04.2018
.Дунё нима Унда зуҳд қилиш қандай бўлади, Шунга ўхшаш масалаларни сўраб, саволни кўпайтирдинг. Булар ҳақда сенга қисқа жавоб бераман.Албатта, бу икки диёр ҳам давоми...

4971 17:40 / 05.10.2017
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021