1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Аллоҳ таолонинг раҳматининг кенглиги ҳақида (1-қисм)

17:36 / 02.04.2018 4588 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Раҳматим эса ҳамма нарсадан ‎кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, ‎оятларимизга иймон ‎келтирганларга ёзажакман», деган («Аъроф» сураси, 156-оят).

Аллоҳнинг раҳмати жуда ҳам кенг, Ўзи яратган бу дунёдан ҳам кенг. Унинг раҳмати мўминга ҳам, кофирга ҳам, муттақийга ҳам, осийга ҳам шомилдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз раҳматини ёзиб қўядиган, алоҳида бахтга сазовор этадиган бандаларининг сифатларини ҳам зикр қилиб ўтмоқда:

«Уни тақво қилганларга, закот берганларга, ‎‎оятларимизга иймон ‎келтирганларга ёзажакман».

Аллоҳ таолонинг раҳматига шубҳасиз сазовор бўлиши, Унинг раҳмати ёзилиб қолиши учун банда бир неча сифатларга эга бўлиши лозимлиги шарт қилинмоқда:

Биринчиси – тақво қилиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш.

Иккинчиси – закот бериш, яъни Аллоҳга молиявий ибодат қилиш.

Учинчиси – Аллоҳнинг оятларига иймон келтириш.

Тўртинчиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш.

Аллоҳ таоло:

«Сен (Менинг тарафимдан): «Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим! Аллоҳнинг ‎раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албаттта, ‎Унинг Ўзи Ғафурдир, Раҳимдир», деб айт», деган («Зумар» сураси, 53-оят).

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.

Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги умидворлик бахш этувчи энг кучли оят ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

Аввало, Аллоҳ таоло:

«Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим», деб бандаларига Ўз нисбатини бермоқда.

Аслида «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Бироқ, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларнинг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишини айтмоқда.

«Аллоҳнинг ‎раҳматидан ноумид бўлманг!»

Унинг раҳмати жуда кенгдир. «Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар».

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки:

«Албаттта, ‎Унинг Ўзи Ғафурдир, Раҳимдир‎».

Аллоҳ таоло тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради.

Аввал айтиб ўтилганидек, муфассирларимиз бу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят деб таъкидлайдилар ва айни пайтда бу умиднинг гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради, деган умид билан била туриб гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмай, аввал гуноҳ қилиб юрганлар ҳам мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтиляпти. Бу ҳақиқатни оятнинг нозил бўлиш сабабидан ҳам билдик.

4713. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ халойиқни яратганида Ўз Китобига (ўшанда у аршнинг устида, Унинг ҳузурида турарди) «Албатта, раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзиб қўйди», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «Ўз Китобига» деган жумладаги китобдан мурод «Лавҳул Маҳфуз»дир.

Демак, Аллоҳ таоло «Албатта, раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзган Китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Бу ҳам иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан биридир.

«Арш» сўзи луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламоларининг келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У барча махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг эса Аршга эҳтиёжи йўқ, балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир:

«Аршнинг устида» дейишда ҳам ҳиссий маъно кўзда тутилмаган, чунки Аршнинг устида ҳеч нарса йўқ. Бу ерда Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган. «Ёзди» дейилиши эса «Қаламга ёзишни буюрди» деган маънони англатади.

Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда ақоид илмида «ғайбиёт» деб аталадиган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша ғайбий иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгари экани таъкидданмоқда. Бу эса сиз билан биз бандаларнинг доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишимиз учундир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида давоми...

3587 13:00 / 23.12.2020
Бу дунёда баданларининг таҳорат суви етган жойларидан таралиб турган ажойиб нур қиёматда уларнинг охират саодатига эришганликлари рамзи бўлар экан. Бу нур давоми...

3199 19:00 / 22.06.2022
. .Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тугал адо этиш, закот бериш ва ҳар бир давоми...

3603 13:00 / 13.01.2021
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир,, деб сўралди. .Оз бўлса давоми...

3254 17:00 / 23.06.2021