2038 07.11.2017

Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! У билан ўзаро сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир.

«Эй одамлар!» дея барча инсониятга хитоб ўлароқ бошланган бу ояти каримада бир нечта улкан ҳақиқатлар ўз аксини топган. Аввало, бу ояти карима одамларга уларнинг одам – инсон эканликларини, уларни Аллоҳ таоло яратганини эслатади. Инсоннинг ўзининг инсон эканини эслаб туриши жуда ҳам фойдалидир. Чунки кўпгина разолатлар худди шу нуқтани – инсон ўзининг кимлигини эсидан чиқариб қўйганидан келиб чиқади. Агар инсон доимо ўзининг кучсиз, иродасиз бир нарса бўлганини, фақат Роббининг инояти билан шу ҳолатга етганини, яна ўша Робб ҳузурига қайтиб боришини эсласа, Ундан қўрқиб турса, ҳеч қачон ҳеч бир разолатга қўл урмагай.

Шунингдек, бу оятда одамларни яратган Холиқ бир бўлиши билан бирга, инсонларнинг асли ҳам бир жон бўлганлиги баён этиляпти:

«Сизларни бир жондан яратган...»

Демак, ҳозирги дунёда турли-туман бўлиб яшаётган, бир-бирлари билан ирқий, миллий, диний урушлар қилаётган, мен яхши, сен ёмон, деб жанжаллашаётган, кишиларни тана рангига, қабиласига, миллати ёки ирқига қараб ажратаётган одамларнинг асли бирдир. Уларни бир Аллоҳ бир жондан яратган. Агар одам ушбу ҳақиқатни, яъни ўзини бир Аллоҳ бир жондан яратганлигини тўлиқ тушуниб, доимо ёдда тутганида эди, ҳозирги кундаги кўплаб фалокатлар, разолатлар вужудга келмаган бўлар эди. Кишилар бир-бирларига меҳрибон бўлар эдилар, ёрдам қўлини чўзар эдилар.

Имом Муслим Жарир ибн Аблуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига Музар қабиласидан оч-яланғоч бир гуруҳ кишилар келган вақтда – Пешин намозидан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб, ваъз сўзладилар. Ўз сўзларида жумладан, «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» оятини ўқидилар. Сўнгра одамларни садақа қилишга чақирдилар. Шунда кимдир диноридан, кимдир дирҳамидан, кимдир буғдойидан ва яна кимдир хурмосидан садақа қилди».

Ушбу оятдаги

«...ва ундан унинг жуфтини яратиб…» жумласида улкан ҳақиқатлардан бири ўз аксини топгандир. Яъни «У жондан унинг жуфтини, яъни хотинини яратган» деган маъно келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида, аёл киши ҳақидаги барча нотўғри фикр ва тушунчаларни чиппакка чиқариб, ҳуқуқда ва дунё ҳаётидан баҳрамандликда у ҳам эркаклар билан тенг туришини, у ҳам бир жондан яралганини англатади.

Инсоният Ислом дини келгунга қадар аёл киши ҳақида бутунлай нотўғри тасаввурда ва аҳмоқона муносабатларда эди. Аввалги суранинг тафсирида бирмунча айтиб ўтганимиздек, хусусан, ғарб халқлари орасида аёл киши ҳақида бўҳтон назариялар тўқилган эди. Яъни аёл киши шайтоннинг малайи бўлиб, эркак кишини йўлдан оздириш учун яратилган, деган фикр ҳукм сурган. Шунинг учун улар аёл кишини кўришни ҳам истамас, ундан шайтондан қочгандек қочар, аёл кишига кўзлари тушиб қолса, тавба қилишга шошилар эдилар. Шу даврда Европада одам кўпайиши тўхтаб қолгани ҳаммага маълум. Энг ачинарлиси, ҳозирда аёлларнинг ҳомийси эканини ва уларнинг озодлигининг гарови эканини даъво қилаётган Европада бир вақтлар аёл ўзи аслида ким эканини «аниқлаш» учун махсус анжуман ҳам ўтказилган. Бу йиғин «Аёл – эркак хизмати учун яратилган махлуқ», деб қарор чиқарган. Ислом дини бу каби бидъат ва хурофотларнинг барчасини барбод этиб, аёлнинг тенг ҳуқуқли инсон эканини, уни ҳам Аллоҳ яратганини, эркакка жуфт қилганини, икковларидан кўплаб эркагу аёлларнинг таратилишини эълон қилган. Аллоҳ таолонинг

«...икковларидан», яъни ўша «бир жон» бўлмиш Одам ва унинг жуфти Ҳаводан

«кўплаб эркагу аёллар таратган»лиги ҳам муҳим бир ҳақиқатдир. У Зот агар хоҳласа, бирданига хилма-хил, сон-саноқсиз эркагу аёлларни яратишга ҳам қодир эди. Аммо У бундай қилишни хоҳламади. Ер юзидаги турфа инсонларнинг қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди. Исломда оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилишининг сири ҳам шунда. Ояти кариманинг бир жумласини биз

«У билан ўзаро сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг», деб таржима қилдик. Бу жумладаги маънони тўлиқроқ англатиш учун баъзи ёрдамчи ифодаларни ҳам қўшишимизга тўғри келди. Аслида эса асосий матнда бу жумла жуда қисқадир, сўзма-сўз таржима қилинса, ундан «Ўзаро сўрашадиганингиз Аллоҳга ва қариндошликка тақво қилинг» деган маъно келиб чиқади.

Одатда кишилар ўзаро меҳр ва лутфга эришмоқчи, ўзларига нисбатан мойиллик уйғотмоқчи бўлсалар, орага Аллоҳни ва қариндошликни қўшадилар. Аллоҳнинг номи ила одамлар орасида аҳдномалар тузилади, ваъдага вафо қилиш сўралади ва ҳатто қасам ҳам ичилади. Шунингдек, икки томон орасида қариндошлик ришталари бўлса, уларни ҳам орага солинади. Аллоҳга тақво қилиш, яъни Ундан қўрқиш тушунчаси маълум ва машҳур тушунча бўлиб, кўпгина оят ва ҳадисларда, таълимотларда у қайта-қайта зикр қилинган. Аммо қариндошлик риштасига тақво қилмоқ (ундан қўрқиш) ўзига хос бир таъбир бўлиб, бу нарса муқаддас алоқаларни улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларни адо этиш, уларни муҳофаза қилиш, узмаслик нақадар зарурлигини таъкидлайди.

Оятнинг аввалидаёқ тақвога – яратган Холиқдан ва қариндошлик ҳаққига зулм қилишдан қўрқишга даъват этилган бўлса, оятнинг охирида бу чақириқлар беҳуда эмаслиги, балки ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлиши таъкидланади:

«Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир».

Инсонларни яратган, улар ўртасида қариндош-уруғлик ришталарини пайдо қилган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи Зотнинг Ўзи кузатиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)