1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

«Ал-ҳикам-ул Атоийя» шарҳи (32)

05:00 / 01.03.2017 3474 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

الحكمة الثانية و الثلاثونislom.uz


تشوفك الى ما بطن فيك من العيوب خير لك

 من تشوفك الى ما حجب عنك من الغيوب 


32-Ҳикмат

“Ўзингда яширинган айбларни кўришга интилишинг, сендан тўсиб қўйилган ғайбларни кўришга интилишингдан яхшироқдир”

 Одамларнинг қалбларига, уларнинг ҳаёт тарзига кириб боришда шайтоннинг турли туман услублари, йўллари бор. Масалан ҳидоят йўлидан узоқдаги, адашган гумроҳларга қўллайдиган йўли уларнинг ҳолига муносиб бир йўлни танлайди. Кўпинча уларни ҳаром ишларни, ҳалок қилувчи кабира гуноҳларни кўпроқ қилишга ундаб, ҳидоятга жалб қилувчи, ҳушёр тортиб, сергак бўладиган қулай фурсатлардан узоқлаштиради.

 Аммо Аллоҳ таолонинг буйруқларини бақадриҳол бажариб юрган аксар оддий инсонларни адаштиришда эса, уларнинг ҳам ҳолига яраша алоҳида йўли бўлиб, бу тоифа инсонлардан юқоридаги залолатга кетганлардан умид қиладиган нарсасини умид қилмайди. Балки уларнинг олдига хатарлари ноаниқ бўлган, тойилтириб юборувчи сирпанчиқ йўлларни қўяди. Кўпинча бу йўл ҳам уларни охири бориб биринчи тоифадагилар ҳолатига етказиб қўяди. 

 Аллоҳ таоло амру маъруф ва наҳйи мункар қилиш майдонларида турғизиб қўйган, ўзларини одамларга ваъз насиҳат қилиш, тўғри йўлга бошлаш ўрнида деб биладиган кишиларни чалғитишда эса бошқача қуроллари, услублари бўлиб, юқоридаги икки ҳолатдаги йўллардан умуман фарқ қилади. Бу учинчи тоифанинг ичига кириб боришда усули кўпроқ одамлар орасидаги обрў, эътиборига диққат қилдириш бўлади. Бунинг учун шайтон турли хил сабабларни ўйлаб топиб унинг олдига қўяди ва уни нафсига васваса қилади. Уларнинг энг ташвишли, энг хатарлиларидан бири иложи борича муридлар ва авом инсонлар олдида ўзини Аллоҳ азза ва жаллага яқинлиги ва унинг олдидаги мартабасига далолат қилувчи нарсаларни кўрсатишдир. Кароматлар, ғайри оддий ва қўлида содир бўлиши мумкин бўлган ажойиб ишларни даъво қилиш каби васвасалар бу тоифадагиларнинг баъзилари зеҳнида гумроҳларни жалб қилиш учун, адашганларни тўғри йўлга солишда энг яхши йўл мана шу деган тушунча ўрнашиб қолади. Чунки шайтон унинг нафсу ҳавосининг ҳою ҳавасларидан кўмак олиб муршид ҳузурида турли ажойиб, ғайри оддий ишлар зоҳир бўлиши айнан шу нарса мурид ва шогирд қалбида ишонч уруғини экади ва шу томондан муршидга бўлган муҳаббати ва унга бўйинсиниши зиёда бўлади деган ҳаёлни сингдиришга ҳаракат қилади. Бундай тасаввур у кишини таълим ва ваъз насиҳат қилиш учун ўтказадиган мажлисларининг асосий қисмини Аллоҳ таоло унинг қўлида содир қилган каромат ва ажойиб ишлар билан зийнатли қилиб ўтказишга ундаб туради. Баъзида бу нарса Расулуллоҳни тушида кўрганлиги ҳақида гапиришга бориб тақалади, ҳатто баъзида у зотни уйғоқликда кўрганлиги ҳақида бўрттириб, таъкидлаб гапиради.

 Мурид ва шогирдларига ваъз, иршод қилиш вазифасини бажаришда бундай йўлдан боришнинг асорати шундан иборатки, муридлар ўз муршидларидан қабул қилиб олган бу тасаввурни ўзларига сингдириб оладилар. Ўзларича Аллоҳга яқинлашиш, орифлар ва раббонийлар даражасига кўтарилишнинг ўлчов мезони уларнинг қўлида содир бўладиган ғайри оддий ишлар ва гоҳида Аллоҳ уларга берадиган кароматларда намоён бўлади деб ўйлайдилар. Агар бирларига Аллоҳнинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан узоқда бўлишга тавфиқ берилсаю унга бошқаларга берилмаган кашфу-илҳом берилганини ёки Аллоҳ унга бошқалардан хослаб берган ғайри оддий куч-қудрат берилганини сезмас экан, у ибодату тавфиқни унинг учун ҳеч қандай қиймати кўринмайди. Бундай тоифадаги аксар кишиларнинг холи шуки улар кундалик ибодатлар, зикрлардан иборат вирду вазифаларни ўзларига мажбурий вазифа қилиб олиб, бажариб юрадилар лекин ундан мақсад Аллоҳ таоло уларга фарз қилган ибодатни бажариш, зиммаларидаги бандалик ҳақларини адо қилиш мақсадида эмас балки уларнинг бирдан-бир мақсадлари ана шу вазифаларни бажариш орқали кашфу илҳом, кароматлар кўрсата олиш даражасига етиб олишдир. (Масалан: Ўзимизда эшитганларимиздан баъзи суфий йигитларга зикрлар қандай бўляпти, фойдасини сезяпсизми десак, “Бўляпти ҳозир бор эътиборимни нафий-исботни (Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини тилни қимирлатмасдан, қалбда бир нафасда айтишни) кўпайтиришга қаратяпман чунки, агар бир нафасда мингта ёки беш мингтага етказилса қабрдаги ҳолатлар кашф бўларкан”, дейишарди.) Бордию ўз вазифаларини бардавом бажариб юриб, анави кўзлаган мақсадларига етолмаслар ҳали ирфон даражасига етолмабмиз деб, ўзларини ишонтирадилар. 

 Лекин ҳаммамиз яхши билишимиз керак бундай тасаввур Ислом мезонлари ва унинг йўлига умуман тескари тасаввур бўлиб, шайтоннинг авраб, васваса қилиш йўлларининг энг хатарлисидир.

 Шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг бизларни тоатларга, зикрларга ва ҳаром ишлардан узоқда бўлишга буюришидан кўзланган мақсад ҳеч қачон нурларни кўриш, ғайбларни кашф қилиш ёки қўлдаги бир ҳовуч тош майдаларини шакарга айланиб қолиши каби нарсалар бўлмаган. Улардан кўзланган ҳақиқий мақсад, бандани Роббисидан узоқлаштириб юборадиган қалбдаги кибр, манманлик, мутаассибона тарафкашлик, ҳасад, дунёга қаттиқ ҳирс қўйиш, мансабпарастлик, шуҳратпарастлик ва ҳоказолар каби касалликлар ва офатлардан тозалашдир. 

Ҳақиқатда ҳам Жунайд Бағдодий, Имом Муҳосибий ва машҳур рисола соҳиби Имом Қушайрий каби китобу суннатни маҳкам тутган буюк тасаввуф имомлари бизларга тиловати Қуръон ва кеча-кундузги зикрларни кўпайтириш зарурлиги ва фарзлардан кейинги нафлларни ҳам кўпайтиришга насиҳат қилар эканлар, айни пайтда тўсатдан пайдо бўлиб қоладиган ғайри оддий ишлар сабабли фитналаниб қолишдан ва улар ҳақида ҳавас қилиб, эътибор бериб фикрлашдан қаттиқ огоҳлантирардилар, Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва тоатларини доим тўғри бажариб юришни ўзи айнан ҳақиқий каромат деб, таъкидлардилар.

 Шундай қилиб бизлар ҳам Аллоҳ таоло бизни муваффақ қилган тоатлар, вирдлар ва бошқа хайрли ишларни ўзимизга вазифа қилиб олиб, бажариб юрганимизда касалликни эсда тутишимиз ва унинг давосини ҳам билишимиз керак. Замон ўтиши билан нафсимизда тўпланиб борадиган мазкур иллатлар касаллик бўлиб, унинг давоси мана шу тоатлар, зикрлар ва доимий Аллоҳ таолога дуою илтижода бўлишдир.

 Ўқувчи биродарим! Бу дорига мурожат қилганимизда мендан ҳам, сиздан ҳам талаб қилинадиган нарса шуки бу дорини истеъмол қилиш асносида Аллоҳ таоло ўзи биздан махфий қилиб қўйган ғайбнинг сиру асрорларини кашф қилишга интилиш эмас, балки нафсларимизнинг туб-тубига тўпланиб қолган айблардан шифо беришига интилишимиз керак. Ибни Атоуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳикматларида мана шу нарсани бизга насиҳат қилиб, айтадилар: “Ўзлигингда яширинган айбларни кўришга интилишинг, сендан тўсиб қўйилган ғайбларни кўришга интилишингдан яхшироқдир”

 Ҳақиқатда Аллоҳ таъло ҳам ўз китобининг кўплаб оятларида бизни нафсимизни поклашга чорлаб, айтади: “Ҳақиқатан, ким пок бўлса, нажот топибди. Ва Роббисини исмини зикр қилса ва намоз ўқиса ҳам”. (“Аъло” сураси 14-15 оят) ва “Шамс” сурасининг 9-10 оятларида “Батаҳқиқ , ким у(нафс)ни покласа, нажот топди. Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди.” ва “Нозиот” сурасининг 18-19 оятларида: “Бас унга айт: “Сенда покланишга (рағбат) борми? Ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки (ундан) қўрқсанг”, дегин” - дейди.

 Тазкия-нафсни поклашнинг ўзи нима? У кароматлар соҳиби бўлиш, кишидан турли ғайри оддий ишлар содир бўлишими ёки шишани ютиб юбориш, тошни ушласа, қандга айланиб қолишими?

 Йўқ асло! Бу тазкия эмас. Аллоҳга яқинлашиш воситаси ҳисобланиш тоату ибодатлар бунинг учун жорий қилинмаган. Балки Аллоҳ таоло ўзининг китобида باطن الاثم (ботин ал исм) махфий гуноҳ деб номлаган қалбдаги яширин касалликлардан бандани даволаш учун жорий қилинган. Агар банда ўзини улардан тузалганлигини билса ёки уларни енгиб ўтишга кучи етса шубҳасиз сиддиқлар даражасига етганлигидан хурсанд бўлаверсин. Ҳатто ундан ҳеч қандай одатдан ташқари ишлар содир бўлмаса ҳам, олдида нурлар порлаб турмаса ҳам ва ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хоҳ уйқуда, хоҳ уйғоқликда кўрмаса ҳам майли. Асосийси қалб касалликлари ва нафс кирликларидан қутилиб олган бўлса бўлди, шуни ўзи катта бахт ва ҳақиқий кароматдир.

 Аммо ўзингни ҳамон бошқалардан устун тутиб, ўзингга бино қўйишда давом этаётганингни билсанг, неъмат эгаларига ҳасад қилсанг, обрў эътиборда сендан ўзиб кетганларга кек сақласанг ва дунёга қаттиқ ҳирс қўйиб, уни қаердан келаётганини фарқламай йиғиб олишга ҳаракат қилаётган бўлсанг, билгинки сен Аллоҳ таолодан узоқлашган, унинг лутфу марҳаматидан тўсилиб қолибсан. Ҳаттоки, одатдан ташқари ишлар, кароматлар ҳаммаси сенинг ихтиёрингда бўлса ҳам, шубҳасиз у каромат эмас, истидрождир.

 Агар киши атрофидаги кўпгина муридларга қараса, уларнинг уни ҳурматини ошириб юбораётган, қўлини ўпиш учун бир-бирларидан ўзишга ҳаракат қилаётган бўлсаю, шу пайт унинг нафсини эгаллаб олган завқни ва вужудида сизиб юрган улуғликни ҳис қиладиган бўлса, аниқ билиб қўйиши керакки, бу иши билан у баъзи Аллоҳ таъолонинг йўлидан адашиб юрган, фосиқлардан ҳам ёмонроқ одамга айланиб қолибди. Чунки улар Аллоҳ таъло китобида ظاهر الاثم зоҳир ал-исм( яъни ошкора гуноҳ деб номлаган гуноҳларни қилиб юрибдилар. Аммо, у еса Аллоҳ таъло باطن الاثم )ботин ал-исм( махфий гуноҳ деб номлаган, вужудини эгаллаб олган хатарли ҳис туйғуларига қоришиб ётибди.

Анави тил тавбаси билан ўчирилиб кетадиган ошкора гуноҳ билан ўчиришга ҳам, унинг ботқоғидан чиқариб олишга тилни кучи етмайдиган махфий гуноҳнинг ўртасида катта фарқ бор. Уни кеткизадиган, ундан чиқариб оладиган нарса фақат тазкия муолажасини узоқ вақт ва давомли қўллашдир. Чунки бу муолажа (ўз натижасини кўрсатиши учун) узоқ вақт ва бор кучи билан жидду жаҳд қилиб қўллашни талаб қилади.

 Шу ўринда баъзи “муршида” “отин” аёллар ботиб қолаётган катта хатога ҳам эътибор беришимиз керак. Чунки улар ўзларининг муридаларини тарбияси билан шуғулланиш мақсадида бажарадиган ваъзу иршод вазифалари асносида Ибни Атоуллоҳ раҳимаҳуллоҳ тавсия қилаётган нарсани зиддига тушиб қоладилар. Кўпинча улардан бири толиба, муридалари олдига ўлтирар экан тўсатдан у ерда мажлисни қорайтириб юборадиган гуноҳни ҳидини сезаётганлиги, ўзининг ҳам қалбига сизиб кириши мумкин бўлган бундай муҳитдаги зулуматга таяниб ўтиролмаслиги ва ана шу гуноҳ соҳибаси то тавба қилмагунча бу мажлисни ташлаб, чиқиб кетиши лозимлигини айтиб, гангитиб қўйишни ёқтиради. Бундай йўл тутиш шогирдлар, муридаларни эгаллаб олган руҳий асоратни гапирмай қўяверинг. Чунки уларнинг ҳар бири ўзи қилиб қўйган, Аллоҳ таоло бу «сиддиқа валий аёл»ни ҳабардор қилиб қўйган гуноҳ нималигини қидириб, руҳий ҳаяжон ва кучли ҳаёлпарастликдан иборат қаттиқ бир босим остига тушиб қолади. Балки у устозиникига келаётганда йўлда учраб қолган йигитга тўсатдан қараб қўйгандир ёки кечасидаги ўз оиласи билан бўлган уятли ишларидан биримикин ёки доимгидан кўпроқ ухлаб, кечки намозга туролмаганини билиб қолдимикин ва ҳоказолар...

Бундай ташвишга солиб қўювчи ҳаяжонли қўрқувда қолиб, васваса бўлиб қоладиган, охир оқибат тузалмас касалликка чалинадиган қизлар жуда ҳам кўп.

 Мен айтмоқчи бўлганим, бундай йўл тутишнинг руҳий асоратию натижаларини ҳам қўйинг. Лекин бу нарса сабабли муридаларнинг онгига таъсир қилаётган маънога эътибор беринг. Шубҳасиз, муридаларда “муршида” уларнинг сир-асрорларини кўриб туради, барча махфий ҳолатларидан хабардор. Чунки унда ўзгача руҳий софлик, нуронийлик бор, у кашфу-илҳом соҳибаси, унинг олдида тўсиқлар йўқ ва унга барча ҳақиқатлар яққол кўриниб туради, деган тасаввур пайдо бўлади. 

 Пайғамбарлардан бошлаб қачон ва қайси раббоний муршидлар ўз шогирдларига бундай даъво қилиб, уларни ҳалокатли ҳаяжонланиш, ҳадиксираш гирдобига ташлаб қўйишган экан?

 Ҳақиқатда эса, ҳақиқий муршиднинг Аллоҳни таниши, унга яқинлашиши зиёда бўлгани сари, ўзини ўзи айблаши, камчиликларини ҳис қилиш ва ана шу қусурлари оқибатидан қўрқув ҳисси кучайиб бораверади. Шунинг учун муридлари билан ўтирганида Аллоҳ унга икром қилиб берадиган илҳомни уларнинг баракотларидан деб билади. Суҳбатлари асносида уни эгаллаб оладиган сиқилиш, оғирликни эса, у ўз ҳолининг ёмонлигидан деб билади. Аллоҳ таоло шуни устида турғизиб қўйган бу ваъз иршод ишларини бажариши керак бўлган бир вазифа деб билади холос.

 Мен ҳам сизларга бир ҳақиқатни айтиб берай: Кўпинча мана шу мажлисга келганимда гапни зўрға гапираётганимни, эсимда турган, айтмоқчи бўлган маънолар зеҳнимдан ғойиб бўлиб қолганини сезаманда, ҳеч иккиланмасдан бунга сабаб ўз ҳолимни ёмонлиги деб биламан. Ахир Аллоҳ таоло ҳам инсон ўз ҳолатини билиши ҳақида: “Балки инсон ўз нафсига қарши гувоҳдир” деган. (Қиёмат сураси 14-оят). Гоҳида эса, айтишим керак бўлган гапларни тайёрламасдан келаманда, бир неча лаҳзаларда у маънолар қалбимга қуйилиб келади, гапириш ҳам осон бўлади. Ана шу пайтда ҳам, менга тўсатдан келаётган бу илҳом, бу масжидни тўлдириб ўлтирган баъзи солиҳларнинг баракотларидан эканлигига шубҳа қилмайман.

 Баъзиларимиз ваъзу иршод вазифасини бажара туриб, бу нарса Аллоҳ таолонинг ҳузурида алоҳида бир даража эгаси эканлигимизнинг далили деб, ўйлашимиз, баъзиларимиз ўралашиб, тушиб қолаётган хатонинг масдаридир. Балки бундай ўйлаш шубҳасиз беҳуда нарса бўлиб, ҳалок қиладиган гуноҳдир.

 Одамларни даъват қилиш, тўғри йўлга солиш Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган ҳикмат учун, ўзи хоҳлаган кишини хизмат қилдириб қўядиган бир вазифадан ортиқ нарса эмас. Баъзида бу синов учун бўлиши мумкин, баъзида эса даъват қилувчи муршид маъвиза қилаётган одамларга насиҳат бўлишдан кўра кўпроқ унинг ўзини тарбия қилиш учун бўлиши мумкин. Яна қанча ваъз иршод туфайли фитналаниб адашиб кетган ва муридлари ҳақни таниш учун қалблари очилиб ҳидоят топган муршидлар бор. Ҳеч шубҳа қилмайман қиёмат куни муршидлар ичида баъзи муридларининг шафоати билан Аллоҳ жаннатга киритадиганлари ҳам бўлади.

 Отам раҳматли ўзлари танийдиган бир солиҳ, муршид олим ҳақида гапириб бергандилар. У киши билдирмасдан муридларига хизмат қилар, уларнинг кийимларини ювиб қўяр экан. Уларга ваъз иршод қилиш учун нақшбандия тариқатининг услуби бўйича бирга ўтирганларида эса, уларни у кишини ҳурматлашда муболаға қилишларидан ва ташқи ҳолатларига алданиб қолмасликларидан қаттиқ огоҳлантириб, Аллоҳ номига қасам ичиб мен ўзимни сизларнинг ҳеч бирингиздан яхшиман деб билмайман, дер экан. Сўнг таъсирланиб: Лекин бу, Аллоҳ таоло мени турғизиб қўйган бир вазифа менинг бурчим, уни бажариш холос, деб, қўшиб қўяр экан. Аллоҳ таоло турғизиб қўйган вазифасини бажариб, сўнг ўз нафсига қайтиб, ўзининг ҳолати ва гуноҳларига йиғлайдиган ҳақиқий муршид мана шу.

 Аллоҳ таолонинг ҳикматини ажойиблигига қаранг, У зот анбиё, мурсаллардан бошқа ҳеч кимга гуноҳу маъсиятлардан сақланганлик насибасини бермади. Сабаби ана шу нарса ўзига бино қўйган ҳар бир киши олдида кўриниб турадиган, сўнг агар у бу манманликдан роҳатланиб, иршод вазифасида бошқа бандалардан ўзини яхши деб билса гарданига тушадиган одоб таёғи бўлиб туришини хоҳлади.

 * * * * * * * * * * * * * * * 

 Аллоҳим, одамлар бизни ҳурмат қилишлари, биз ҳақимизда чиройли ўйлашларини ўз ҳолимизнинг ёмонлигини, сенинг ҳақларингни бажаришдаги бепарволигимизни эсдан чиқариб қўядиган маст қилувчи нарсага айлантириб қўймагин.

 Аллоҳим, менинг айбларимни тўсиб қўйганлигинг неъматини ғурурга кетиб қолишимга сабабчи қилмагин. Ёки ўз илмингда сақлаб, бандаларингдан яширган гуноҳларимни эсдан чиқариб қўйишимга сабабчи қилмагин.


 * * * * * * * * * * * * * * * 

 Аммо бу йўл машаққатли, хатарли бўлиб, биримиз бу йўлда ваъз иршод, даъват вазифасини бажаришга киришса одамларнинг муҳаббатлари, олқишлари ва мақтовлари қуршовида қолади. Улар унинг қўлини ўпиш учун бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилаётган, кийимини юзларига сураётган бўлсаю шу билан бирга у киши ўз ҳолини билиб, камчилик нуқсонларини эсида тутиб доим Аллоҳ таолога гуноҳини кечириб, ҳолатини ислоҳ, қилишини сўраб илтижода бўлса. Одамларнинг у ҳақидаги яхши фикрлари туфайли динида фитналаниб қолмаса, балки Аллоҳ таолонинг остонасида ўзини хор тутиб, У зотга давомли илтижо қилиш билан ўз нафсини муолажа қилувчи инсон сифатида юрса, У зотдан ўз нафсининг ёмонлигидан сақлаши, раҳматидан насибадор бўлишдан узоқлаштирмаслиги ва Ўз лутфи эҳсонининг баракотидан насиб қилишини сўраб юрса. Албатта, сўровчиларга ижобат қиладиган, улардан ёмонликни даф қиладиган ва уларни нафсларининг офатларидан сақлаб, дунёда айбларини беркитиб, қиёматда мағфират қиладиган карамли Роббилари ҳузурида топади.

 Энди орамизда яна шундай дейдиган кишилар ҳам бор: “Ахир ўз нафсларини муолажа қилиб, у касалликлардан Аллоҳ халос қилган Аллоҳ таолонинг раббоний бандалари ана ўшалар эмасми? Аллоҳ таъоло томонга сайр қилиш босқичини босиб ўтиб ҳатто Аллоҳ таоло уларни ўзига етишган бандалари қаторига қабул қилгани ўшалар эмасми? Нега энди сизлар бизни ҳам ўшалардан бўлишимизни узоқ санайсиз ёки Аллоҳ таоло ўзи кенг қилиб қўйган йўлни торайтирмоқчи, У зот ўзи очиб қўйган эшикни қулфлаб қўймоқчи бўласизлар”, дейишади.

 Уларга жавоб шуки, айнан ана шу раббоний зот одамлар ичида нафснинг офатларидан энг кўп қўрқадиганлари, нафсларини энг қаттиқ айблайдиганлари бўлишган. Сиз Аллоҳ таолонинг улар ҳақидаги сўзини эшитмаганмисиз? У зот айтади: “Ва берадиган нарсаларини албатта Роббиларига қайтгувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлар”. (Муъминун сураси 60-оят) (Оиша розияллоҳу анҳу анҳу юқоридаги оятни ўқиб туриб: “Ё Росулаллоҳ улар ароқ ичиб, ўғирлик қилиб, зино қилиб, Аллоҳдан қўрқадиганларми?” дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ! Эй, Сиддиқнинг қизи! У намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақа берадиган ва шу билан бирга, Аллоҳдан қўрқадиган одам”, дедилар. Имом Аҳмад ривоятлари.) Улардаги ажралмас бўлиб ўрнашиб қолган бундай қўрқув ва ўз нафсини айблашнинг сабаби иккитадир. 

Биринчидан: Ана шу солиҳ инсонлар ҳар қачон Аллоҳ таоло томонга сайр қилиб, соликлар поғонасидан ўтсалар ҳам, уларнинг нафслари инсоний нафслигича қолаверади. Аллоҳ таоло хабар берганидек шаҳватлар ҳам уларга яхши кўрсатилган, зийнатли бўлиб қолаверади. Лекин тўплаган кўплаб тоату ибодатлари, доимий муроқаба (яъни Аллоҳнинг кўриб турганлигини ҳис қилиб туриш)да бўлиш ва вазифа қилиб олинган зикрлар уларнинг нафсларини Аллоҳга бўлган муҳаббат, У зотдан ҳаё қилиш ва қўрқиш тизгини билан жиловлаб туради. Шунинг учун улар ҳар қандай ҳолатда ҳам қўрқиб турадилар. Чунки улардан Аллоҳ таолонинг ҳимояси, риояси узоқлашса ўз нафсларидан хавотирда эканликларини ва нафслари уларни ҳаром қилинган хоҳиш истакларига буриб юбориши мумкинлигини биладилар. Бу нарса хотиржам бўлиниши қийин бўлган, содир бўлиб қолиши мумкин бўлган ишдир. Қандай қилиб ўз нафсларидан хотиржам бўлишсин, ҳолбуки улар Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлдиларми? Аллоҳнинг макридан фақат зиён қилувчи қавмлар хотиржам бўлурлар” (Аъроф сураси 99-оят) деган сўзини доим қайтариб юрадиларку!. (Пайғамбарлардан кейин авлиёларнинг энг афзали, саҳобаликлари Қуръонда собит бўлган, жаннат башорати берилган, Пайғамбаримизнинг энг яқин дўстлари ва муршидларнинг имоми Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Агар ўнг оёғим жаннатда бўлсаю, чап оёғим ташқарида бўлса Аллоҳнинг макридан қўрқаман”, деган эканлар.)

Иккинчиси: Ҳақиқатда инсон Аллоҳ таолога яқинлашган сари, у зотни таниши зиёда бўлгани сари зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққи буюк эканлигини кўра билиши зиёда бўлаверади. Шу сабабли Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўз айбу нуқсонларини ҳис қилиши, ўз ҳолининг ёмонлигини кўриб эҳтиёткорлиги кучайиб боради. Мана шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Раббоний бандалари одамлар ичида У зотдан енг қаттиқ қўрқадиган, У зотни енг кўп улуғлаб, ўз нафсларини енг қаттиқ айблайдиганлари бўлишган. Шундай бўлгандан кейин, қачон ва қандай қилиб улар нафснинг офатларидан покланиб, омонлик қирғоғига ўрнашиб олганларидан хотиржам бўлиб, хурсанд бўлсинлар. Жаннат башорати берилган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга қарамайсизми? Ўз нафси ёмонлигидан энг қаттиқ қўрққан, оқибатидан энг кўп хавотирланадиган киши эдилар. Хаёлларида одамларнинг энг оғир гуноҳлари у кишини елкасига юклаб қўйиладигандек эди. Расулуллоҳ солалоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари, енг яқин дўстларидан бири ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга қаранг. Кечанинг ярмида худди илон чаққан одамдек оҳ тортар, дунёга хитоб қилиб: “Мендан нари тур! мендан бошқани алда, сени уч талоқ қилдим”, дер эдилар. Сўнг, “Тайёргарликни озлигидан, айрилиқни узоқлигидан, йўлнинг хавотирлигидан оҳ”, деб қайғурардилар. Расулуллоҳ солалоҳу алайҳи васалламнинг аксар саҳобаларини ҳолатлари ана шундай бўлган. Биласизки, шубҳасиз улар анбиё ва мурсаллардан кейинги Аллоҳнинг танлаб олган хос бандаларидирлар. Ҳаммаларимиз шуни аниқ билишимиз керак. Аллоҳдан тўсилиб қолган киши эса, Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиб, ўзини нафси пок, қалби саломат Аллоҳга етишган зотлардан деб ҳисоблайди. Унинг асосий мақсади, энг муҳим ташвиши ғайриоддий ишлар, кароматлар кўрсата олиш даражасига етиш ва уни одамларга гапириб бериб ўз шаънини кўтариш ва уни ваъзу насиҳат қилиш қуроли қилиб олиш холос. Демак бизни барча ҳатти ҳаракатларимиздаги асосий мақсадимиз биздан тўсиб қўйилган ғайбларни кўришга интилиб, уни билганимиз улардан хабардор бўлганимиз фазилати билан мақтаниш эмас балки ўзимизда яширинган айблардан халос бўлишимиз учун уларни кўра билишга интилишимиз керак.

 Аллоҳ ўзи тавфиқ берувчидир. 


Рамазон Бутий «Ал-ҳикам-ул Атоийя» шарҳи

Баҳодир Раҳматуллоҳ таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тасаввуф ҳақида мусулмонлар орасида хилмахил қарашлар мавжуд. Баъзилар тасаввуфни .куфр ва ширк, дейдилар. Баъзилар эса тасаввуфдан бошқа нарса ботил, дейдилар. давоми...

4672 13:55 / 12.10.2019
Баъзи сўфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

4474 17:30 / 11.07.2019
давоми. ,..Аллоҳумма Ижъал лии нурон фии қолбии, важъал лии нурон фии самъии, важъал лии нурон фии басории, важъал лии нурон ъан яминии ва нурон ъан давоми...

3065 15:00 / 15.12.2018
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

770 19:00 / 29.07.2023
Аудиолар

118744 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40705 14:35 / 11.08.2021