1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Айбни билиб турган соҳиб

20:41 / 05.07.2017 6605 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айбингни ўта яхши билатуриб дўст бўлгандан бошқа ҳеч ким сенга дўст бўлмас. Бу эса карамли Хожангдан бошқа эмас. Дўст тутинганларнинг энг яхшиси сендан қайтадиган нарса учун изламаганидир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда ҳар бир банда учун Аллоҳ таолонинг Ўзидан ўзга яқин дўст бўлмаслигини баён қилмоқда.

Одатда банданинг яқин дўсти ўзига ўхшаган банда бўлишига одатланиб қолинган. Ҳар банданинг, ким бўлишидан қатъи назар, ўзига дўст танлашда ишга соладиган мезони дўст бўлиши кутилаётган одамнинг айби йўқ бўлишига, ҳеч бўлмаса айби энг кам шахс бўлишига қизиқишдир. Шунинг учун ҳам одам боласи ўзига дўст тутмоқчи бўлган одамнинг айбини сезиши билан ундан қочишга, бошқа дўст ахтаришга ўтади. Бундай ҳолат дўстликка номзоднинг битта ёки иккита айбини билганда кузатилади. Унинг битта эмас, ўнта айбини билганда ҳолат қандай бўлишини ҳар ким ўзи тасаввур қилиб олаверса бўлади. Банданинг ҳоли шу.

Аммо банданинг Робби унинг барча айбларини, ҳаттоки кўз қири билан қилган хиёнатларини ҳам билиб турса ҳам, уни Ўзига энг яқин дўст тутади.

«Айбингни ўта яхши билатуриб дўст бўлгандан бошқа ҳеч ким сенга дўст бўлмас. Бу эса карамли Хожангдан бошқа эмас».

Ўта карамли бўлган Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина банданинг энг яқин соҳиби бўлур. У Зотдан ўзга ҳеч бир зот бандага Унингчалик яқин дўст бўлмас.

Бу улкан ҳақиқатни англаб етган банда Аллоҳ таолони дўст тутмоғи лозим. У Зотнинг дўстлиги ҳақиқати ҳақида етарли маърифат ҳосил қилмоғи керак. У Зотга нисбатан зоҳирда ҳам, ботинда ҳам одобли бўлмоғи зарур. У Зотнинг амрига хилоф қилишдан, наҳйисига саркашлик қилишдан ҳаё қилмоғи шарт.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ», дедик.

«Ундай эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингдир. Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий ҳаё одамлар ўйлаб юрадиган баъзи бир ишларни қилишдан уялишгина эмаслигини, балки ҳақиқий ҳаё улкан бир маънони ўз ичига олишини баён қилмоқдалар.

«Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингдир».

Бош ўз ичига олган нарсалар – кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканини билиб қўйиш лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласида озуқалар ва фарж бор. Демак, озуқанинг ҳалол бўлиши ва фаржнинг гуноҳдан сақланиши ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

«Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир».

Ўлимини эсламаган одам ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди. Қабрда чиришини эсламаган ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди.

«Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур».

Албатта, бу ерда Аллоҳ таоло ҳалол қилган зийнатларни тарк қилиш ҳақида эмас, Аллоҳ таоло ҳаром қилган зийнатлар ҳақида сўз кетмоқда.

«Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур».

Ким бу ҳадиси шарифда айтиб ўтилган ишларни мукаммал қилган бўлса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур. Ҳа, мўмин-мусулмон одам Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиши зарур.

Шундай бўлгандан кейин ўзини билган банда одамлардан бирортасининг мақтовига учмаслиги, ҳурмат қилишидан ғурурга кетмаслиги ва маддоҳлигидан хурсанд бўлмаслиги лозим бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бошқа бировни мақтаб маддоҳлик қилаётганини эшитиб қолдилар ва: «Ўша одамни ҳалок қилдиларингиз (ёки белини синдирдиларингиз)», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳлик бўлади. Бу иш мақталган кишининг ўзидан кетишига ва ҳовлиқиб, бузилишига олиб боради. Ана шу тариқа у одам ҳалокатга учрайди ва одамгарчиликдан чиқади. Шунинг учун маддоҳлик қилмаслик ва маддоҳнинг мадҳига учмаслик керак бўлади.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши зикр қилинди. Бир одам унга яхши мақтов айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта:

«Шўринг қурсин! Соҳибингнинг бўйнини кесдинг! Агар бирортангиз ноилож мадҳ айтадиган бўлсангиз, «Ундай деб ўйлайман, бундай деб ўйлайман», десин. Агар ана шундайлиги кўрилган бўлса, унинг ҳисоб-китоб қилувчиси Аллоҳдир. Аллоҳга бировни поклаб кўрсатмасин», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда бировни юзига мақташ ҳақида, шу билан бирга, мақтовдан сўнг ўзидан кетиб, адашув йўлига кириш эҳтимоли бор кишилар ҳақида сўз кетмоқда. Ўринли ва адолатли мақтов мумкин. Ҳатто баъзи ўринларда кишиларни яхшиликка тарғиб қилиш учун зарур ҳам.

«Бир киши келиб, Усмон розияллоҳу анҳуни юзларига мақтади. Миқдод ибн Асвад тупроқ олиб, унинг юзига сочди ва:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон маддоҳларга йўлиқсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочинг», деган эдилар», деди».

Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Бундан маддоҳларни маддоҳликдан қайтариб туриш ҳам зарурлиги келиб чиқади. Бўлмаса, улар ўз маддоҳликларида ҳаддан ошиб, бир-бирлари билан мусобақалашиб бораверадилар.

Бир киши ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг юзларига қараб туриб, маддоҳлик қилди. Али розияллоҳу анҳу авваллари шу одам ўзларини ёмонлаб юрганини билар эдилар. У киши унга:

«Мен сен айтганчалик эмасман. Аммо ичингда сақлаб турганингдан устунман», дедилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Омирнинг элчилари келиб:

«Сиз саййидимизсиз», дейишди.

«Саййид Аллоҳдир», дедилар у зот.

«Фазлда афзалимизсиз, ато-эҳсонда каттамизсиз», дейишди.

«Бу гапингизни ёки бу гапингизнинг баъзисини айтаверинг. Фақат шайтон сизларни ўзига югурдак қилиб олмасин», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Меъёрида ва ҳаддан ошмасдан мақтов сўзларини айтиш мумкинлиги шу ҳадиси шарифдан олинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларини мадҳ қилганлари ҳақида кўплаб ҳадислар келган.

Суфён ибн Уяйна:

«Ўзини билган одамни мадҳ қилиш зарар қилмайди», деган.

Мадҳнинг ўзида олтита офат бор. Уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.

Мадҳ қилувчидаги офатлар қуйидагилар:

1. Мадҳда ҳаддан ошиб, ёлғон қўшиб юбориш.

2. Мадҳга риёкорликни аралаштириш. Мисол учун, мақтаётганда уни яхши кўришини айтади, аслида яхши кўрмайди. Ёки гапираётган гапи ўз эътиқодига тўғри келмайди. Шунинг ўзи риёкорликдир.

3. Маддоҳ гоҳида рўёбга чиқиши мумкин бўлмаган нарсани ёки моҳиятини англаш қийин нарсани гапиради. Мисол учун, «Бу киши ўта тақводор, парҳезкор ва зоҳиддир», дейилиши.

4. Маддоҳ золим ёки фосиқ одамни мақтаб, хурсанд қилади.

Мақталган шахсдаги офатлар:

1. Мақтов мақталган одамнинг кибрига ва ўзини устун кўришига сабаб бўлиши мумкин.

2. Мақталган мақтовга учиб, ўзидан рози бўлиб, ҳимматини йўқотиши мумкин.

Мазкур олти офатдан холи бўлса, мадҳ жоиздир.

Бу мартабага эришиш учун банда доимо ўзининг ожизлигини, нуқсон, айб ва хатолардан холи эмаслигини  ёдида тутмоғи лозим. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло унинг айб ва нуқсону хатоларини сатр қилсагина, ўзига ўхшаган бандаларга икром қилдириб қўйиши мумкинлигини бир лаҳза ҳам унутмаслиги керак бўлади.

Улуғ машойихлардан бўлмиш Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ўз мажлисида одам кўпайиб кетганини ва у кишини эҳтиром қилаётганларини мулоҳаза қилиши билан дарҳол: «Аллоҳим, албатта, Ўзинг яхши биласан, улар Сени қасд қилмоқдалар. Лекин улар мени Сенинг ҳузурингда топдилар», дер эдилар.

Худди шу маънода бизнинг устозларимиз, олимларимиз ва машойихларимиз ҳам халқ томонидан ўзларига бўлаётган ҳурмат, иззат ва икромни кўрганларида, «Бу азизларимиз бизни эмас, Аллоҳ таолонинг каломини, бизга берган илмини ва шариатини ҳурмат, иззат ва икром қилмоқдалар», дейишади.

«Дўст тутинганларнинг энг яхшиси сендан қайтадиган нарса учун изламаганидир».

Бандаларнинг дўстлиги кўпроқ дунёвий манфаат илинжида қурилган бўлади. Дўстидан унга манфаат қайтиб турса, дўстлигида давом этади. Агар дўстидан қайтиб турган дунёвий манфаат кесилса, у билан бўлаётган алоқа ҳам кесилади. Аллоҳ таоло эса бандани қайтадиган нарсаси учун талаб қилмаган соҳибдир.

Шу ерда «Аллоҳ таоло бандани қайтадиган нарсаси учун талаб қилмаган соҳиб бўлса, нима учун У Зот бандадан динида юришни ва шариатига амал қилишни талаб қилган?» дея савол берадиганлар пайдо бўлиши эҳтимоли бўлади.

Бу саволнинг жавоби қуйидагича: Аллоҳ таоло бандадан талаб қилган бирорта нарсадан У Зотнинг Ўзига ҳеч қандай фойда ёки наф қайтмайди. Балки Аллоҳ таоло бандани мукаллаф қилган, яъни унинг зиммасига юклаган ақийдалар, тоат-ибодатлар, шариат амаллари ва бошқаларнинг барчасидан ўша илоҳий амру фармонларни бажарган шахснинг ўзига, оиласига, жамиятига ва бутун дунёга жуда кўплаб фойдалар ва манфаатлар келади. Келганда ҳам, ҳам бу дунёнинг, ҳам охират дунёсининг манфаат ва фойдалари келади.

Шу билан бирга, мўминларнинг Аллоҳ таоло розилиги учун бўладиган биродарликлари ҳам мазкур мазаммат қилинган дўстликдан мустаснодир.

Ушбу ҳикматда баён қилинган маънолар Қуръони Каримда ҳам ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади:

«Бу, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларнинг Хожаси эканидан ва албатта, кофирларга хожа йўқлигидандир» (11-оят).

Ҳамма гап шунда: иймон келтирганларга ато қилинадиган яхшиликларнинг бош сабаби – Аллоҳ таоло уларга мавло, дўст, хожа, ёрдамчи ва нусрат берувчи эканидир.

«Бу, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларнинг Хожаси эканидан…»

Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин ўз иймонининг қадрига етиши, «мўмин» деган шарафли номга лойиқ инсон бўлишга ҳаракат қилиши лозим.

Аммо куфр келтирганларнинг мавлоси – дўсти, хожаси, ёрдамчиси ва нусрат берувчилари йўқ, чунки улар Аллоҳга иймон келтирмаганлар.

«...ва албатта, кофирларга хожа йўқлигидандир».

Аллоҳ мавло бўлмаса, ҳеч ким мавло бўла олмайди. Чунки Аллоҳдан ўзга барча-барча мавлога муҳтож.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: 

«Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур» (257-оят).

Биз оятда «дўст» деб таржима қилган ибора араб тилида «валий» деб келган бўлиб, бу сиз билан бизнинг тушунчамиздаги «дўст»дан кўра кенгроқ тушунчани ифода қилади. Бу дўст, ишбоши, ҳамма керакли нарсаларни тайёрлаб, ишларни тўғри изга солиб турувчи ғамхўрдир.

«Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир».

Яъни ишбошиси, ғамхўридир. Шу боисдан ҳам

«Уларни зулматлардан нурга чиқарур».

Аллоҳ иймон келтирганларни Иймон деб аталган нурга чиқаради. Аллоҳнинг йўли, Иймон йўли битта – нур йўлидир. Ундан бошқа ҳамма йўллар зулматдан иборатдир. Шунинг учун ҳам оятда «нур» сўзи бирликда, «зулмат» сўзи эса кўпликда зикр қилинмоқда. Аллоҳнинг йўлидан бошқа ҳамма йўллар, қайси ном билан аталишидан қатъи назар, зулматдир. Аллоҳ таоло иймон йўлига юрганларни ушбу зулматларнинг барчасидан иймон нурига чиқаради.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир» (165-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло тўғри айтади:

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор».

Аммо ҳақиқий иймонли инсонлар бор муҳаббатларини Аллоҳ таолонинг Ўзига қаратганлар ва бу муҳаббатлари жуда ҳам кучлидир. Уларнинг қалбларида Аллоҳдан бошқанинг муҳаббатига ўрин йўқ.

«Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир».

Аллоҳ таоло айбимизни ўта яхши билатуриб, бизга соҳиб бўлган Зот эканини, Ундан ўзга ҳеч ким бизга соҳиб бўлмаслигини англаб етадиган бандалардан бўлишимизни барчамизга насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғурурга кетиш номли оғир ахлоқий дарддан халос бўлишнинг давоси уч нарса ақл, илм ва маърифатдан иборат. Ақл. Ақл бандага Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан давоми...

2265 19:00 / 18.07.2022
Келин саломrdquo бидъатми ёки...Аллоҳ таолога беадад ҳамдусаноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

8430 18:23 / 14.03.2017
Дин ҳақида ижобий фикр юритган динсизлар ёки ўзини динга яқин қилиб кўрсатмоқчи бўлган мунофиқлар quotДин кишини одобахлоққа чақиради, катталарни ҳурмат қилиш, давоми...

6831 05:00 / 28.02.2017
Маънавий жиноятлар ҳақида сўз кетар экан, уларнинг моддий, яъни, жисмонан ҳис этиладиган жиноятдан ҳам ёмонроқ эканлигини таъкидламоғимиз лозим бўлади. Моддий давоми...

4917 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40686 14:35 / 11.08.2021