1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Адабул қози ва қозилик китоблари

05:00 / 13.03.2017 3716 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қозилик дейилганда бугунги истилоҳимизга ажнабий тилдан кириб қолган «суд» калимаси тушинилади.

Биз ҳозир барча қозилар ва қозилик ҳақида китоб ёзганлар учун асосий дастур бўлиб келаётган бир тарихий ҳужжат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу ҳужжат «Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо ал-Ашъарийга мактуби» деган ном билан машҳур. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлганлар ана ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга ушбу машҳур мактубни ёзганлар. Мазкур мактуб кейинчалик қозилик ишларининг дастурига айланиб қолган десак муболаға қилмаган бўламиз. Оврупа халқлари ҳам уйғониш давридан сўнг, қозилик нима, маҳкама нима, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари нима каби масалаларни Андалус мусулмонларидан ўрганганларидан кейин, ҳазрати Умарнинг мактубларини ўз тилларига таржима қилиб ўргандилар. Кейинчалик ўқув юртларида дарс қилиб ўтдилар ҳам. 

Ушбу муҳим ҳужжатни Имом Дора Қутний ўзларининг «Сунан» китобларининг тўртинчи жузъида «Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо ал-Ашъарийга мактуби» сарлавҳаси остида аниқ санадлари билан келтирганлар:

«Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Муҳаммад ан-Нуъмонийдан, у Абдуллоҳ ибн Абдуссамад ибн Абу Хаддошдан, у Ҳусайн ибн Юнусдан, у Убайдуллоҳ ибн Абу Ҳумайддан, у Абул Малиҳ ал-Ҳузалийдан ривоят қиладики: «Умар ибн Ҳаттоб Абу Мусо ал-Ашъарийга шундоқ ёзганди: «Аммо баъду: 

«Албатта, қозилик ишлари муҳкам фарздир ва бардавом суннатдир. Қачон сенга ҳужжат келтирилса уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳақ равшан бўлган чоғда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳақ учун (орага тушиб) гапириш манфаат бермайди. Икки томон орасида юзингни, мажлисингни ва адолатингни бир хил қил. Токи,  шараф сенинг жаврингга тамаъ қилмасин ва заиф сенинг адолатингдан ноумид бўлмасин. Даъвогарлик қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга қасам ичиш лозим бўлади. Мусулмонлар орасида сулҳ жоиздир. Магар ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган сулҳ жоиз эмас. Кеча чиқарган ҳукмнинг уни ўзингча қайта кўриб, тўғриликка ҳидоят қилиниб, сўнгра ҳаққа қайтишингдан манъ қилмасин. Чунки, ҳақ қадимийдир. Ҳаққа қайтишлик ботилда бардавом бўлишдан яхшидир. Китоб ва суннатдан сенга етмаган, қалбингни ҳижил қилган нарсани яхшилаб фаҳмлашга урин. Бир-бирига мисл ва ўхшаш бўлган нарсаларни яхшилаб таниб ол. Сўнгра ўшанга биноан бошқа ишларни қиёс қил. Ишларнинг Аллоҳга энг маҳбубига ва сенинг кўз қарашингга ҳақиқатга энг яқинига қасд қил. Ким ҳужжат келтиришни даъво қилса, унга етарлича вақт бер. Агар у ҳужжат келтирса, ҳаққини олур. Магар унинг зиддига ҳукм чиқарасан. Албатта ўшандоқ бўлиши ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир. Мусулмонлар бир бирлари учун одилдирлар. Магар ҳадд урилган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб бўлган ёҳуд бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўзига олган ва сизга ҳужжатларни қайтарган. Зинҳор одамлар орасида беҳаловат, зажрли ва озорланувчи бўлма. Яна Аллоҳ ажр берадиган ва захираси яхши бўладиган ҳақ жойларда хусуматчилардан ўзингни беркитма. Чунки, ким ўзи билан Аллоҳ орасида ўз зарарига бўлса ҳам ниятини яхши қилса, Аллоҳ у билан одамлар орасини яхши қилиш кафолатини олади. Ким Аллоҳ билиб турган нарсани беркитиб, одамлар учун зийнатланса, Аллоҳ уни хунук  қилиб қўяди. Бас шундоқ экан Аллоҳ азза ва жалла ризқи азалида ва раҳмат хазинасида ўзгартиб қўйган савоб ҳақида нима дея олар эдинг. Вассалому алайка».

Қозилик одоби ҳақида Исломда мукаммал қоидалар ишлаб чиқилган. Алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Бу барча ҳадис, фиқҳ ва адабий китобларимизда қозилик одобига бағишланган ушбу бобга ўхшаш боблардан ташқари гаплардир. 

Қозилик одоби ҳақида битилган алоҳида китоблар ичида Имом ал-Мовардийнинг «Одобул қозий» китоби машҳурдир. Бу китобни ўқиган одам Исломда қадимдан қозилик ишлари қанчалик мукаммал тарзда, энг нозик томонларини ҳам ҳисобга олиб қўйилганининг шоҳиди бўлади. Ҳаттоки, қози қозихонада кишилар орасида ҳукм чиқариш учун ўтирганда қандоқ кийим кийиши лозимлигигача кўрсатиб қўйилган.

Адабул қозий услуби бўйича китоб ёзган баъзи ҳанафий уламолар:

1. Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим (182 ҳижрий йилда вафот этган). У киши бу соҳада биринчи бўлиб китоб ёзган олимдир. 

2. Муҳаммад ибн Саммоъа Ҳанафий (233 ҳижрий йилда вафот этган). 

3. Абу Бакр Аҳмад ибн Амр Хассоф Ҳанафий (261 ҳижрий йилда вафот этган). 

Бу китоб бир юз йигирма бобдан иборат. У бу бобдаги кўп нарсани ўзида жамлаган китобдир. Илм соҳиблари уни доимо қадрлашган. Мазкур китобнинг шарҳлари ҳам кўп. 

Бошқа фиқҳий мазҳаб уламолари, жумладан шофеъий мазҳаби фақиҳлари ҳам Одобул қозий номли китоблар ёзган. Уларнинг ичидан улуғ ватандошимиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шошийни алоҳида эсга солмоқчимиз.

Қозилик китоблари деганимизда одамлар орасида ҳукм чиқаришнинг фиқҳий ечимларини ўз ичига олган китобларни тушунамиз. Бу йўналишдаги китоблар ҳам фиқҳий мазҳаблар асосида бўлган. Улардан баъзилари билан қисқача танишиб чиқамиз.

1. «Муъийнул Ҳукком фиймаа ятараддаду байнал хасмайни минал Аҳком».

Бу китоб ҳанафий мазҳабига оид бўлиб унинг муаллифи Алоуддин Абулҳасан Али ибн Халил Тораблусийдир.

«Муъийнул Ҳукком фиймаа ятараддаду байнал хасмайни минал Аҳком»ни мусанниф ҳанафий мазҳабидаги турли китоблардан қон тўкишнинг олдини олиш, ҳаром қилинган жинсий алоқалардан сақланиш, муоҳларини таниш, молявий ва бошқа муомалаларни билдириш мақсадида жамлаган. Бу китоб уч қисмдан иборат:

1. Ҳукм чиқаришга оид илмнинг муқаддималари.

2. Ҳукм чиқариш учун лозим бўладиган далил ва ҳужжатлар ҳамда уларнинг ўрнига ишлатиладиган нарсалар ҳақида.

3. Шаръий сиёсат ҳукмлари ҳақида.

Алоуддин Абулҳасан Али ибн Халил Тораблусий ўзининг китобида масалаларни савол жавоб тариқасида келтирган. У ҳар бир масалани алоҳида зикр қилиб туриб кейин унга жавоб беради. Мазкур масала бўйича ўз мазҳаби имомларининг гапларини келтириб ўша гаплари ичида қай бири кучли эканини баён қилади. Гоҳида бошқа мазҳабларнинг фикрларини ҳам келтиради.

2. «Дурарул Ҳукком шарҳу мажаллатуил Аҳком».

Бу китоб ҳам ҳанафий мазҳабига оид бўлиб унинг мусаннифи Али Ҳайдар роҳматуллоҳи алайҳидир.

Усмонийлар давлати ҳанафий мазҳаби асосида фуқаролик қонуни яратиш мақсадида ўша вақтнинг пешқадам уламоларидан бир илмий гуруҳ ташкил қилди. Бундан маҳкамалар орасидаги ихтилофларга барҳам бериш ҳам кўзда тутилган эди. Мазкур уламолар гуруҳига адлия вазири Аҳмад Жавдат поша раислик қилди. Кейин «Мажаллатул Аҳком адлийя»ни ижод қилинди. Ушбу мажалла усмонийлар давлатининг энг улуғ иши ҳисобланади. 

Ўша вақтдаги фақиҳ, қози ва олимларнинг фвхри бўлган, ҳуқуқ куллиясининг «Мажалла» бўйича мударриси Али Ҳайдар Афанди уни ажойиб услубда шарҳ қилди.

Али Ҳайдар Афанди ўз шарҳининг аввалида ҳанафий мазҳабидаги умумий қоидаларни келтирган. Китобнинг тартиби одатдаги фиқҳий тартибга мос эмас. У ввал савдо китобини, кейин ижарани келтириб сўнг шу тариқа давом эттирган. У моддаларни тартиб рақами бўйича келтиради. Ўз мазҳабидаги кучли фикрни келтиради. Бошқа мазҳабларнинг фикрини ва далилларни келтирмайди.

3. «Эъламул муваққиъийн ан Роббил аламийн».

Бу китобнинг мусаннифи ҳанбалий мазҳабидаги Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Айюб ибн Қаююм ал-Жавзийядир.

«Эъламул муваққиъийн ан Роббил аламийн» фиқҳ, усули фиқҳ, шариат мақсадлари, шариат ҳукмлари тарихи ва шаръий саёсатга оид маълумотларни ўзида жамлаган китобдир. Мауллиф Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишга тарғиб қилгандан кейин шариат аҳкомлари манбалари ҳақидаги маълумотларни келтиради. Сўнг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо Ашъарий роҳматуллоҳи алайҳига қозилик ҳақида ёзган шарҳ қилади. 

«Эъламул муваққиъийн ан Роббил аламийн»да рибо, ҳийла, қиёс, таъвийл, муфтийлиу шартлари ва фатво одоблари каби бир қанча масалаларни фиқҳ ва усули фиқҳ юзасидан таҳлил қилади. Китобнинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатволари фиқҳий боблар тартибида келтирилиб кенг, чуқур ва батафсил баён қилинади.

4. «Табсиратул Ҳуккам фии усулил Ақзийяти ва Маноҳижил Аҳком».

Бу китобнинг муаллифи моликий мазҳабидаги уламолардан Бурҳониддин Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун ал-Яъмурийдир.  

«Табсиратул Ҳуккам фии усулил Ақзийяти ва Маноҳижил Аҳком»да қозилик ва ишни қозига ошириш одоблари ва Ушбу мавзуга тегишли бошқа масалалар ҳақида сўз юритилади.

Бурҳониддин Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун ал-Яъмурий ўзининг бу китобини уч қисмга бўлган:

1. Қозилик низоми, унинг фазли ва арконлари ҳамда қозиларни таъйинлаш ва унинг шартлари.

2. Ҳукм чиқаришда керак бўладиган далилу ҳужжатлар ва уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалар. Бу қисм етмиш бобдан иборат.

3. Шаръий сиёсат аҳкомлари. Улар қандай қилиб шариатга кирган, ҳолатлари қандай бўлади, туҳматга оид нарсалар, кафиллик, уқубатлар ва бошқалар.

Бурҳониддин Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун ал-Яъмурийнинг «Табсиратул Ҳуккам фии усулил Ақзийяти ва Маноҳижил Аҳком» номли китоби ўзининг тартиби, мавзуи, тили ва бошқа жиҳатлари ила ислом фиқҳида ёзилган энг яхши китоблардан бири ҳисобланади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аббос ибн Абдулмуттолибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳни ndash Робб, Исломни ndash дин, Муҳаммадни ndash Расул, деб давоми...

2594 05:00 / 14.03.2017
Худбинлик инсоннинг ўз мениrdquoига тобеъ бўлишидир, қуллик қилишидир. Инсон ўз нафсини, ҳою ҳавасини, истакларини Аллоҳга бўйсундирмаса, Унга қуллик қилмаса, Унга давоми...

3337 12:25 / 15.03.2017
Оламларга раҳмат бўлмиш зот ndash расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари ислом умматининг ҳар бир давоми...

2817 05:00 / 14.03.2017
23ҳижрий, 644милодий йил. Мадина. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бомдод намозини ўқиш учун давоми...

2865 05:00 / 14.03.2017
Аудиолар

118798 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40747 14:35 / 11.08.2021