1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Абу Зарр (р.а.) ҳадисининг шарҳи

12:17 / 15.03.2017 3290 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тақводор ва обид сифатида танилган саҳобалардан бири Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.) бир қанча ҳадиси шарифларни ривоят қилган. Улардан бири жуда машҳур ҳадиси шариф ҳисобланади. У бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга масжидда ёлғиз қолиб, ул зоти шариф билан узоқ суҳбат қурган. Ана шу суҳбатда Расулуллоҳ (с.а.в.) унга, бутун умрга, бутун умматга татигулик ажойиб насиҳатлар, донишмандона ҳикматли ўгитлар берганлар. Мазкур ривоят саҳиҳ бўлиб, узун бўлгани учун турли саҳиҳ ҳадислар тўпламларида қисмларга ажратилган ҳолда келтирилган (Ҳоким, 2/4166; Ибн Ҳиббон, 2/361; Табароний, 2/1651; Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 4/4942; Табризий, "Мишкот ал-масобеҳ", 2/4866; ал-Муттақий, "Канз ал-уммол", 22/44158; Жазарий, "Жомеъ ал-усул", 2/876; Суютий, "Жомеъ ас-сағир", 1/2793; Муновий, "Файз ал-қадир", 3/2793; ал-Ҳайсамий, "Мажмаъ аз-завоид", 4/7113). 

Мазкур ривоятни турли ҳадис тўпламларидан бирма-бир тўплаб, ислом олимларининг кўпчилиги шарҳ ҳам қилганлар. Биз ушбу ривоятнинг матнини бир жойга тўплаб, унинг таржимасини беришга қарор қилдик. Қисқа изоҳланади, зотан, уни узоқ шарҳлаш ва муфассал изоҳлаш мумкин:  



عن أبي ذر رضى الله عنه قال: دخلت المسجد فإذا رسول الله صلى الله عليه و سلم جالس وحده فجلست إليه فقال: يا أبا ذر! إن للمسجد تحية، وتحيته ركعتان فقم فاركعهما، قال: فقمت فركعتهما. 

Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.) айтади: "Масжидга кирган эдим, у ерда Расулуллоҳ (с.а.в.) ёлғиз ўтирган эканлар. Ёнларига бориб ўтирдим. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Эй, Абу Зарр! Ҳар бир масжиднинг таҳиййяти – табрикномаси бўлади. Унинг таҳийяти икки ракъат намоздир. Туриб, икки ракъат намоз ўқиб ол!", дедилар. Мен дарҳол ўрнимдан туриб, икки ракъат намоз ўқиб олдим".

Мухтасар изоҳ: "Таҳийяти масжид" намози масжидга кирган заҳоти ёки кейинроқ ўқиладиган икки ракъатли нафл бўлиб, уни ўқиш суннати муаккада ҳисобланади. Фақат уни макруҳ бўлмаган вақтларда ўқилади, макруҳ вақтларда саловот ва тасбеҳлар айтиш билан чекланилади. Ушбу намозни ўқишни унутиб ёки бошқа сабаб билан масжидда ўтириб қолган кимса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мазкур тавсияларига кўра эсига келган вақтда, кейинчалик туриб ўқиб олаверади. 

ثم قلت، يا رسول الله! إنك أمرتني بالصلاة، فما الصلاة؟ قال: خير موضوع، فمن شاء أقل ومن شاء أكثر. 

Сўнг дедим: "Эй, Расулуллоҳ! Сиз мени намозга буюрдингиз. Намознинг ўзи нима?". Ул зоти шариф жавоб бердилар: "Намоз хайрли мавзуъдир, у тўқиб чиқариладиган нарсаларнинг энг яхшиси. Ким хоҳласа, озайтирсин, ким хоҳласа, уни кўпайтирсин!".

Мухтасар изоҳ: "Намоз хайрли мавзуъ" дегани инсон ўзи истаган вақтда фарз, вожиб ва суннатлардан ташқари ҳар хил намозлар ўйлаб топиши мумкинлигидан ва бунга нафл сифатида қаралиши кераклигидан келиб чиқиб айтилган. Демак, инсон хоҳлаганича нафлларни кўпайтириши ва озайтириши мумкин. Ўзи жорий қилган намозига ўзи ном қўйиб олиши ва уни давомий ўқиб бориши ҳам мумкин. Фақат шарти шуки, ўша ўзи ўқишга одатланган намозини ўзига ва бошқаларга вожиб, ўқиши шарт ёки шаръий кўрсатма деб қарамаслиги лозим. 

قلت: يا رسول الله! أي الاعمال أحب إلى الله عزوجل؟ قال: إيمان بالله وجهاد في سبيله. 

Мен яна дедим: "Эй, Расулуллоҳ! Амалларнинг ичида қайсиниси Аллоҳ таолога севимлироқ?". Ул зоти шариф жавоб бердилар: "Аллоҳга имон келтириш ва унинг йўлида жиҳод, яъни жидду жаҳд қилмоқликдир".

Мухтасар изоҳ: имон яъни Аллоҳга ишониш амалларнинг энг яхшиси ҳисобланади. Аллоҳ ҳузурида имондан кўра юксакроқ ва савоблироқ амал йўқ. Жиҳод эса Аллоҳ йўлида барча имкониятларини сафарбар этиш бўлиб, ҳақиқат йўлида жидду жаҳд кўрсатмоқликдир. Бу эса имондан кейинги энг афзал амал ҳисобланади. Зотан, барча савобли амаллар инсоннинг жидду жаҳди натижасида юзага чиқади.  

قلت: فأي المؤمنين أكملهم إيمانا؟ قال: أحسنهم خلقا. 

Мен яна дедим: "Мўъминларнинг имонда энг комилроғи ким?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Уларнинг хулқи энг гўзали имонда ҳам мукаммалроғидир!".

Мухтасар изоҳ: мўъмин-мусулмонлар орасида имони бақувват ва мукаммал бўлгани гўзал хулқли бўлади. Гўзал хулқлар эса алоҳида ўрганиладиган ва ўргатиладиган шаръий амаллардир. Зотан, инсониятнинг турли миллат ва ҳар хил элатларининг ўзларининг миллий хулқ-атворлари шаръан севимли деб топилган бўлмоғи керак. Акс ҳолда, инсон ўзича яхши хулқ деб билгани шаръан ёмонланган хулқ бўлиб чиқиши мумкин. Бинобарин, гўзал хулқларни ҳам махсус ўрганишга эътибор қаратиш керак.  

قلت: فأي المسلمين أسلم، قال: من سلم الناس من لسانه ويده.

Мен яна дедим: "Мусулмонларнинг энг муслимроғи ким?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Одамлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кимса энг мусулмонроқдир!".

Мухтасар изоҳ: мусулмон – шариатга, ислом динига бўйсинган кимса бўлиб, энг кўпроқ ва энг ортиқроқ бўйсинган мусулмон кимлигини мазкур ҳадисдан билиб оламиз. Демак, одамларга фойдаси тегадиган, қўли ва тилидан одамлар озор чекмайдиган кимса мусулмонроқ кимса экан.  

قلت: فأي الهجرة أفضل؟ قال: من هجر السيئات. 

Мен яна дедим: "Ҳижратнинг қайсиниси афзал?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Гуноҳлардан ҳижрат қилган кимсанинг ҳижрати энг афзалидир!".

Мухтасар изоҳ: "Ҳижрат" бирор нарсадан чеккага чиқиш, кўчиш, бирор нарсадан воз кечиш ҳисобланади. Гуноҳлардан савобли ишлар томон кўчиб ўтиш ҳижратнинг энг афзали ва аълосидир! Бошқа шаҳарларга кўчиб кетгандан кўра, ўз шаҳрида ўз юртининг ободлиги йўлида ихлосли ва тақводор мўъмин-мусулмон бўлиб яшаган албатта афзалдир. 

قلت: فأي الليل أفضل؟ قال: جوف الليل الغابر.

Мен яна дедим: "Кечанинг қайси вақти энг афзал?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Туннинг қоп-қоронғи ўртаси".

Мухтасар изоҳ: дуолар ижобат бўладиган, ибодатлар ихлос билан, риёсиз, хўжакўрсинсиз қилинадиган вақт туннинг қоқ ўртасидир. Аллоҳ таоло айни мана шу вақтда дуоларни ижобат қилишга алоҳида ваъда берган. Бу вақтни ғанимат билиб, таҳажжуд ва тунги намозларни ўқиб, дуо ва истиғфорларни кўпайтириш ҳар бир мўъмин-мусулмон учун керакли амаллардир.  

قلت: فأي الصلاة أفضل؟ قال: طول القنوت. 

Мен яна дедим: "Намознинг қайсиниси афзал?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Дуоси узун бўлгани афзалроқ".

Мухтасар изоҳ: ҳадис матнидаги "қунут" сўзи дуо ва зикр маъносида бўлиб, намоздаги дуо ва зикрлар узун бўлса, машаққат кўпайиб савоб ортади. Айниқса, қироати узун бўлган намознинг савоби кўп ҳисобланади. Ёлғиз ўқилган намозда узун сураларни ўқишга одат қилиш керак. 

قلت: فما الصيام؟ قال: فرض مجزئ وعند الله أضعاف كثيرة. 

Мен яна дедим: "Рўза нима?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Рўза мукофоти бор фарздир. Унинг савоби Аллоҳ таоло олдида бир неча бор кўп бўлади".

Мухтасар изоҳ: барча хайрли амалларнинг савоби маълум, фаришталарга ҳам билдирилган. Бироқ, рўзанинг савобини Аллоҳнинг ўзи билади ва унга кўпдан-кўп савоблар берилишини ваъда қилади. Демак, мўъмин-мусулмонлар рўзага ҳам жуда катта аҳамиятларини қаратмоқлари керак. 

قلت: فأي الجهاد أفضل؟ قال: من عقر جواده وأهريق دمه.

Мен яна дедим: "Жиҳоднинг қайсиниси афзал?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Арғумоқ отини қаттиқ ярадор қилган ва ўз қонини тўккан кимсанинг жиҳоди афзал".

Мухтасар изоҳ: "Жиҳод"нинг тури кўп. Энг афзали душман билан бўлаётган жангу жадалда ғайрат кўрсатиш ҳисобланади. Ватан озодлиги ва ободлиги учун жонфидо бўлиш энг бахтли саодатдир. 

قلت: فأي الرقاب أفضل؟ قال: أغلاها ثمنا وأنفسها عند أهلها. 

Мен яна дедим: "Қайси қул афзал ҳисобланади?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Нархи қимматроғи ва аҳли-оиласи билан бўлгани".

Мухтасар изоҳ: қулликдан оғирроқ нарса йўқ, қул ўзининг меҳнаткашлиги, куч-қуввати, билими натижасида нархи қиммат бўлса, албатта у бошқаларига нисбатан афзалроқ бўлади. Боз устига, уни ўз оиласи билан – ота-онаси, бола-чақаси, хотини билан бирга олган яхшироқ. Шунда у оиласи учун ҳам ҳаракат қилади. Ҳар бир инсон Аллоҳнинг қулидир. Эй, Аллоҳнинг қуллари! Нархингизни пасайтирманг, қадрингизни туширманг, энг афзал қул бўлишга ҳаракат қилинг!

قلت: فأي الصدقة أفضل؟ قال: جهد من مقل تسر إلى فقير. 

Мен яна дедим: "Қайси садақа энг афзал?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Фақирнинг хурсанд бўлишига қарашга ҳаракат қилишдир".

Мухтасар изоҳ: Фақирни хурсанд ҳолда кўриш энг афзал садақадир. Уни хурсанд қилишга интилиш керак. 

قلت: فأي آية ما أنزل الله عليك أفضل؟ قال: آية الكرسي، ثم قال: يا أبا ذر! ما السماوات السبع مع الكرسي إلا كحلقة ملقاة بأرض فلاة، وفضل العرش على الكرسي كفضل الفلاة على الحلقة. 

Мен яна дедим: "Сизга Аллоҳ нозил қилган оятлар ичида энг афзали қайси?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "У оят ал-курсий". Сўнг дедилар: "Эй, Абу Зарр! Етти қават осмон курсий билан бирга очиқ ер майдонидаги тешик ҳалқа кабидир. Курсийга нисбатан аршнинг фазилати худди ҳалқага нисбатан майдоннинг фазли кабидир". 

Мухтасар изоҳ: оят ал-курсий Қуръони каримдаги энг афзал оят ҳисобланади. Уни ўқилганда кўпдан-кўп савобларга эга бўлинади, шайтон ва жинлар қочади, касалликлар йўқолади. Унинг буюклиги очиқ майдон каби бўлиб, бошқа оятлар унда тушиб қолган кичик бир ҳалқачага қиёсланади.  

قلت: يا رسول الله! كم الانبياء؟ قال: مائة ألف وعشرون ألفا، قلت: كم الرسل من ذلك؟ قال: ثلاثمائة وثلاثة عشر جما غفيرا. 

Мен яна дедим: "Эй, Расулуллоҳ! Набий пайғамбарлар қанча?". Ул зоти шариф марҳамат қилдилар: "Улар бир юз йигирма минг нафардирлар". Мен яна дедим: "Расул пайғамбарлар қанча?". Ул зоти шариф марҳамат қилдилар: "Улар уч юз ўн уч нафар улуғ жамоадирлар".

Мухтасар изоҳ: "набий" муқаддас илоҳий китоб берилмаган, балки ўзидан олдинги китоб берилган пайғамбар шариати бўйича ҳукм юритадиган Аллоҳнинг элчисидир. "Расул" эса Аллоҳ таоло томонидан муқаддас илоҳий китоб нозил қилинган пайғамбардир. Мазкур ривоятда набий ва расулларнинг сони зикр қилинган. Бироқ, аҳли сунна ва жамоа ақидасига кўра уларнинг сонларини муайян қилмасдан Аллоҳнинг жами набий ва расул пайғамбарларига имон келтириш фраз бўлади. Чунки, бу ривоятдан бошқа ҳадисларда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари: "Мен набий ва расулларнинг аниқ сонларини билмайман!", деганлар, Қуръони каримда ҳам уларнинг сони аниқ айтилган эмас, балки айримлари зикр қилингани, айрим набий ва расуллар номлари зикр қилинмагани очиқ айтилган. Шунингдек, бошқа ривоятларнинг бирида набийлар сони икки юз йигирма тўрт минг, баъзисида эса бир юз йигирма тўрт минг шаклида келтирилган. Демак, расул ва набий пайғамбарларнинг ҳаммасига имон келтирамиз.  

قلت: من كان أولهم؟ قال: آدم، قلت: أنبي مرسلا؟ قال: نعم، خلقه الله بيديه ونفخ فيه من روحه ثم سواه وكلمه قبلا. 

Мен яна дедим: "Уларнинг биринчиси ким?". Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "У Одамдир!". Мен дедим: "У расул бўлган набийми?". Ул зоти шариф марҳамат қилдилар: "Ҳа, Аллоҳ уни ўз қудрати ила яратган, унга ўз фазлидан ато қилган, сўнг унга чиройли шакл берган ва унга ўз каломи ила гапирган".

Мухтасар изоҳ: Одам ато алайҳиссалом бутун инсониятнинг бобокалони бўлиши билан бирга илк ҳам расул ҳам набий бўлган Аллоҳ таолонинг элчиси – пайғамбаридирлар. Унинг пайғамбарлигига имон келтирамиз. 

ثم قال: يا أبا ذر! أربعة سريانيون: آدم وشيث وخنوخ – وهو إدريس وهو أول من خط بالقلم - ونوح، وأربعة من العرب: هود وصالح وشعيب ونبيك، يا أبا ذر! وأول الانبياء آدم وآخرهم محمد، وأول نبي من أنبياء بني إسرائيل موسى وآخرهم عيسى، وبينهما ألف نبي. 

Cўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Эй, Абу Зарр! Пайғамбарлардан тўрт нафари сурёнийдирлар: Одам, Шис ва Ханух – у Идрис бўлиб, илк бор қалам билан ёзув ёзган зотдир ва яна Нуҳдир. Тўрт нафари эса арабдандир. Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва сенинг Пайғамбаринг. Эй, Абу Зарр! Пайғамбарларнинг аввалгиси Одам, уларнинг охиргиси эса Муҳаммаддир. Бани Исроилнинг анбиёларидан биринчи набий Мусо, уларнинг охиргиси эса Исодир. Улар иккисининг орасида минг нафар пайғамбар бўлган".

Мухтасар изоҳ: Расулуллоҳ (с.а.в.) мазкур жойда Абу Зарр (р.а.)га пайғамбарлар тўғрисида алоҳида гапириб бердилар. Уларнинг қайси миллатга мансублигини ҳам кўрсатиб ўтдилар. Бу билан ҳар бир инсон, ҳатто пайғамбарлар ҳам ўз миллатининг қадрини билиши, севиши, эъзозлаши мумкинлигини билиб оламиз. Ҳа, мусулмон бўлишдан ташқари бирорта миллатга мансуб бўлиш ҳам бахтдир. 

قلت: يا رسول الله! كم كتاب أنزل الله؟ قال: مائة كتاب وأربعة كتب، أنزل على شيث خمسون صحيفة وأنزل على خنوخ ثلاثون صحيفة، وأنزل على إبراهيم عشر صحائف، وأنزل على موسى قبل التوراة عشر صحائف، وأنزل التوراة والانجيل والزبور والفرقان. 

Мен яна дедим: "Эй, Расулуллоҳ! Аллоҳ нозил қилган китоблар қанча?". Ул зоти шариф жавоб бердилар: "Бир юз тўрт китоб. Шисга эллик саҳифа нозил қилинган. Ханух (Идрис)га ўттиз саҳифа, Иброҳимга ўнта саҳифа, Мусога Тавротдан олдин ўн саҳифа нозил қилинган. Сўнг Аллоҳ Тавротни, Инжилни, Забурни ва Фурқон (Қуръон)ни нозил қилган".

Мухтасар изоҳ: Аллоҳ таоло томонидан пайғамбарларига нозил қилинган китоблар сони бир юз тўртта. Улардан юзтаси қисқа рисолалар шаклида, тўрттаси эса катта китоб шаклида. Юз китоб қайси пайғамбарларга нечта саҳифа бўлиб нозил қилингани ривоятларда турлича зикр қилинади. Бу ривоятда юқоридаги тарзда эслатилган. Тўрт илоҳий китоб борасида ихтилоф йўқ: Таврот – Мусо алайҳиссаломга, Инжил – Исо алайҳиссаломга, Забур – Довуд алайҳиссаломга, Қуръон – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган. Биз муқаддас илоҳий китобларнинг барчасига имон келтирганмиз. 

قلت: فما كانت صحف إبراهيم؟ قال: كانت أمثالا كلها: أيها الملك المسلط المغرور المبتلى! إني لم أبعثك لتجمع الدنيا بعضها على بعض، ولكني بعثتك لترد على دعوة المظلوم فاني لا أردها ولو كانت من كافر، وكان فيها أمثال: على العاقل ما لم يكن مغلوبا على عقله أن يكون له ثلاث ساعات: ساعة يناجي فيها ربه، وساعة يحاسب فيها نفسه، وساعة يتفكر فيها صنع الله، وساعة يخلو فيها لحاجته من المطعم والمشرب، وعلى العاقل أن  لا يكون ظاعنا إلا لثلاث: تزود لمعاد ومرمة لمعاش، أو لذة في غير محرم، وعلى العاقل أن يكون بصيرا بزمانه، مقبلا على شأنه، حافظا للسانه، ومن حسب كلامه من عمله قل كلامه إلا فيما يعنيه.

Мен яна дедим: "Иброҳим саҳифаларида нималар бор?". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Уларнинг ҳаммаси масал-маталлардан иборат. Масалан, унда қуйидагилар бор бўлган: "Эй дунёга мубтало бўлган мағрур ва ғолиб подшоҳ! Мен сени дунё жамлашинг учун юбормадим, сени бошқаларга асло подшоҳ қилганим йўқ. Лекин сени мазлумнинг чақириғига жавоб беришинг учун подшоҳ қилиб юбордим. Чунки, мен ҳам мазлумнинг дуосини, гарчи у кофир бўлса ҳам рад қилмагайман". Яна унда бундай масаллар бор: "Ақлига мағлуб бўлмаган оқилга уч соат бор бўлади: парвардигорига муножот қилаётган вақт; ўз нафсини ўзи ҳисоб-китоб қилаётган вақт ва Аллоҳнинг сир-синоатларини тафаккур қилаётган вақт. Яна бир соат бор, унда ақлли инсон еб-ичиш каби ҳожатлари учун холи қолади. Оқил кимса уч ҳожат учун йўлга чиқиши мумкин: келажаги учун захира қилиши учун, тирикчилигини таъминлаш учун ва бегоналар орасида маза қилиш учун. Оқил кимса замонасини кўра била оладиган бўлади, шаън-шавкатини асрай билади, тилини сақлай билади. Кимки ўз амалидан гап-сўзини ҳисоблай оладиган бўлса, гап-сўзи оз бўлади, фақат керак жойдагина гапирадиган бўлади".

Мухтасар изоҳ: Расулуллоҳ (с.а.в.) Иброҳим алайҳиссаломга нозил қилинган саҳифалар билан таниш бўлганлар. Абу Зарр (р.а.)га ундаги айрим зарбулмасал ҳикматли гаплардан гапириб берганлар. Ҳар бир мусулмон ҳам ушбу ҳикматли гаплардан хабардор бўлиб, ўз ҳаётида дастуруламал қилиб олса арзийди.      

قلت: فما كان في صحف موسي؟ قال: كانت عبرا كلها: عجبت لمن أيقن بالموت ثم هو يفرح، عجبت لمن أيقن بالنار: ثم هو يضحك، عجبت لمن أيقن بالقدر ثم هو ينصب، عجبت لمن رأى الدنيا وتقلبها لاهلها ثم اطمأن إليها، عجبت لمن أيقن بالنار: ثم هو يضحك، عجبت لمن أيقن بالقدر ثم هو ينصب، عجبت لمن رأى الدنيا وتقلبها لاهلها ثم اطمأن إليها، عجبت لمن أيقن بالحساب غدا ثم لا يعمل. 

Мен яна дедим: "Мусо саҳифаларида нималар бор?". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Уларнинг ҳаммаси ибратлардан иборат. Масалан, унда қуйидагилар бор бўлган: "Ўлимни аниқ била туриб, яна шодланадиган кимсадан ажабландим. Дўзахга тушиши мумкинлигини аниқ била туриб, яна куладиган кимсадан ажабландим. Тақдирнинг борлиги ва бўлишини аниқ била туриб, яна унга нисбат қилган кимсадан ажабландим. Дунёни кўриб, унинг аҳлига нима қилганини била туриб, яна унга ишонган ва кўнгил қўйган кимсадан ажабландим. Эртага ҳисоб-китоб борлигини аниқ била туриб ҳам амал қилмаган кимсадан ажабландим".  

Мухтасар изоҳ: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган саҳифалар билан ҳам таниш бўлганлар. Абу Зарр (р.а.)га ундаги айрим ибратомуз ҳикматли гаплардан гапириб берганлар. Ҳар бир мусулмон ҳам ушбу ҳикматлардан хабардор бўлиб, ўз ҳаётида дастуруламал қилиб олса арзийди.

قلت: يارسول الله! هل فيما أنزل عليك شئ مما كان في صحف إبراهيم وموسى؟ قال: يا أبا ذر! تقرأ (قد أفلح من تزكى - إلى قوله: صحف إبراهيم وموسى).

Мен яна дедим: "Эй, Расулуллоҳ! Иброҳим ва Мусо алайҳимассаломларга нозил қилинган нарсалардан Сизга ҳам нозил қилинган оятлар борми?". Ул зоти шариф жавоб бердилар: "Эй, Абу Зарр! "Қод афлаҳа ман тазакка" оятини то "Суҳуфи Иброҳима ва Мусаа" оятигача ўқигансан-ку!".

Мухтасар изоҳ: Қуръони карим пайғамбарлар охиргиси бўлмиш Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)га нозил қилинган муқаддас илоҳий китобларнинг охиргиси ўлароқ улардаги бор ҳикматлар, ибратомуз гап-сўзларнинг мағзи ва аълоларини ўзида жамлагандир. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари "Аъло сураси"нинг 14-19 оятларини ўқиб тасдиқлаганлар. 

قلت: يارسول الله! أوصني، قال: أوصيك بتقوى الله فانه رأس الامر كله، 

Мен яна дедим: "Эй, Расулуллоҳ! Менга васият қилинг". Ул зоти шариф марҳамат қилдилар: "Аллоҳга тақво қилишни васият қиламан. Чунки, у барча ишнинг бошидир".

Мухтасар изоҳ: "тақво" – Аллоҳдан қўрқишдир. "Тақво" – барча гуноҳ ва маъсиятлардан сақланишдир. Шунинг учун ҳам мусулмонлик ишларининг боши, асоси тақво ҳисобланади. Аллоҳ тақводор кимсалар билан биргадир.  

قلت: زدني، قال: عليك بتلاوة القرآن وذكر الله، فانه نور لك في الارض وذكر لك في السماء. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Сен ўзингга Қуръон тиловатини ва Аллоҳ зикрини лозим тут. Чунки, у сенга ерда нур бўлади, самода эса сени зикр қилишларига сабабчи бўлади".

Мухтасар изоҳ: Қуръонни тиловат қилиб туриш ва зикр амалиёти мўъмин-мусулмонларга фарз қилинган амаллардандир. Қуръон қироатининг ўзи ҳам зикр ҳисобланади. Махсус зикрларни ўрганиб олиш керак. Зотан, Аллоҳнинг зикри қалбларни хотиржам қилади.

قلت: زدني، قال: إياك وكثرة الضحك! فانه يميت القلب ويذهب بنور الوجه. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Сен кўп кулишдан сақлан. Чунки, у қалбни ўлдиради ва юзнинг нурини кетказади".

Мухтасар изоҳ: кўп кулиш аҳмоқлик белгиси. Кўп кулиш сабабли қалб ўлиб боради, юздаги нурлар кетади. Асосийси, кўп куладиганлар айтганидек кулиш сабабли инсон узоқ яшамайди. Кўп кулаверадиган, тиржаяверадиган одамнинг обрўси қочади.

قلت: زدني، قال عليك بالصمت إلا من خير، فانه مطردة للشيطان عنك وعون لك على أمر دينك. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Сен жим ўтиришни - сукутни ўзингга лозим тут, фақат хайрли гапни гапирсанг, майли. Чунки, жим ўтиришинг шайтонни сендан қувадиган, узоқлаштирадиган нарсадир, диний ишларингда ҳам сенга ёрдамчидир".

Мухтасар изоҳ: сукут сақлай билиш ҳам ибодатдир. Сукут, жим ўтириш билан қалб зикри, махфий зикр юзага келади. Кўп гапириш барча ақлли инсонлар наздида айб ҳисобланади. Фақат хайрли, фойдали гапларни гапириш учун тилга келиш мумкин. Ҳақ айтилиши керак бўлган жойда сукут қилмасдан гапиришни ҳам ўрганиш керак.      

قلت: زدني، قال: عليك بالجهاد، فانه رهبانية أمتي. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Сен ўзингга жиҳодни лозим тут. Чунки, у умматимнинг роҳиблигидир".

Мухтасар изоҳ: "жиҳод" – ҳақиқат йўлида курашиш, савобли ишларга ғайрат кўрсатиш, тоат-ибодатга жидду жаҳд қилишдир. Ватанни асраш, унинг озодлиги ва ободлиги йўлида жонфидо бўлиш энг яхши жиҳоддир. Бу эса роҳибликдан – тарки дунё қилиб, умрини тоат-ибодатда ўтказишдан кўра яхшироқ.

قلت: زدني، قال: أحب المساكين وجالسهم. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Мискинларни яхши кўр ва улар билан ўтириб-тур".

Мухтасар изоҳ: камбағалпарварлик ҳам хайрли амалдир. Бойлар ва дунёпарастлар билан ўтириб-туравериш дунёга майл уйғотади. Дунёвий майл эса хатоликларнинг бошланишидир. Шунинг учун фақир-фуқаролар билан бирга бўлиш ҳам фойдали. 

قلت: زدني قال: انظر إلى من تحتك ولا تنظر إلى من فوقك، فانه أجدر أن لا تزدري نعمة الله عندك. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Остингдаги, сендан пастдаги кимсага қара, сендан юқоридаги кимсага қарама. Чунки, бу олдингдаги Аллоҳнинг неъматларига нафратланмасликка энг қулай воситадир".

Мухтасар изоҳ: инсон ўзидан пастдагиларга қараб шукр қилиши, юқоридагиларга қараб сабр қилиши керак. Дунёда ўзидан ўтиб кетганларга қараб интилиш одамни дунёпарастликка олиб келади. Мол-дунё жиҳатдан ўзидан ўтиб кетмаганларга эътибор беришда инсон қаноатга, шукрга, Аллоҳнинг неъматларини севишга ўрганади.

قلت: زدني، قال: لا تخف في الله لومة لائم. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан кўрқма!".

Мухтасар изоҳ: Аллоҳ учун савобли ишларни, хайрли амалларни қилишда, шариат ва дин ҳурматини сақлаш ва асраш йўлида маломатчиларнинг маломатига эътибор бермаслик керак.  

قلت: زدني، قال: قل الحق وإن كان مرا. 

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Ҳақни гапир, гарчи у аччиқ бўлса ҳам".

Мухтасар изоҳ: инсон ҳақиқатгўй бўлиши керак. Ҳамма вақт ҳақиқат тарафини олиши керак. Ҳақиқат аччиқ бўлса ҳам уни ўз ўрнида айта билиш ҳам фазилатдир.

قلت: زدني، قال: ليردك عن الناس ما تعرف من نفسك، ولا تجد عليهم فيما تأتي، وكفى بك عيبا أن تعرف من الناس ما تجهل من نفسك أو تجد عليهم فيما تأتي، يا أبا ذر! لا عقل كالتدبير، ولا ورع كالكف، ولا حسب كحسن الخلق.

Мен яна дедим: "Менга яна васиятингизни зиёда қилинг!". Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Нафсинг таниган нарсани одамлардан қайтаришни бил. Нафсингга келган нарсани уларга топиб берма. Нафсинг билмаган, одамлардан таниб-билган айблар сенга кифоя қилади ёки нафсингга келган нарсани уларга топиб бер. Эй, Абу Зарр! Тадбир каби ақл йўқ, сақланиш каби парҳез йўқ, гўзал хулқ каби хислат йўқ".

Мухтасар изоҳ: нафс ўрганиб қолган, нафсга хуш келган нарсани одамларга раво кўрмаслик керак. Нафс хуш кўрган бузуқликлар, ифлосликларни одамларга ўргатмаслик, уларга топиб бермаслик лозим. Одамлар айб деб билган нарсаларни айб деб билиш керак. Гарчи нафс уни яхши деб билса ҳам, кўпчилик ёмон деб билган иш ёмон ҳисобланади. Нафс хайрли деган ишларни одамларга ҳам раво кўриш керак бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) тадбир, маслаҳатлашувдан кўпроқ ақл йўқлигини, сақланишдан ортиқроқ парҳез бўлмасликни, гўзал хулқдан зиёдароқ яхши хислат топилмаслигини тавсия қилганлар.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳамма томондан улғайиб борар эди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқалар сони тезлик билан ортиб борар эди. Девонлар ташкил давоми...

7657 05:00 / 13.03.2017
Ушбу ndash quotМан ташаббаҳа биқавмин, фаҳува минҳумquot Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандирrdquo маъносидаги арабча жумлаларни кўпчилик уламо ва давоми...

4065 05:00 / 14.03.2017
Муслимнинг ривоятида .Роббингиз нима деганига қарамайсизми Бандаларимга қайси бир неъматни берсам, албатта, улардан баъзилари унеъматга кофир бўлурлар. Юлдуз ва давоми...

3026 05:00 / 13.03.2017
Дунёда мақтовни ёқтирмаган, ҳеч йўқ хушомадли сўзларга эътироз билдирадиган одам топилмаса керак. Ақлини энди таниган ёш болалардан тортиб ҳаётда ҳамма нарсани давоми...

4107 12:23 / 15.03.2017
Аудиолар

120155 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41817 14:35 / 11.08.2021