1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Воизлик (дарслар)

13-дарс: Воизга зурур бўлган ўзига хос сифатлар

11:43 / 18.04.2017 2984 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1.Матонат.
2.Қатъият.

Бирорта фанни ёки жаҳон тилларидан бирини ўрганиш учун ҳаракат қилаётган одам муваффақиятга эришиши учун кўп вақт даркор эканлигини билиши шарт. Баъзи вақтлари фойдали, баъзилари эса натижасиз ўтади. Лекин энг муҳими юксакроқ натижага эришишга доимо ҳаракат қилиши керак. Яна натижа чиқмаётган вақтларда тўхтаб қолмаслик ёки ортга қайтмаслиги даркор. Матонат хатибга нисбатан ҳам нажот халқасидир. Бу вақтнинг ўзида эса у, етишлик орзу қилинган мақом бўлиб қолмоқда.
3. Хоҳиш ва истак
Бир нарсани хоҳлаш унга етишишнинг ярмидир. Инсон йўлбошчилик, раҳбарлик мақомига эришиши учун, бу мақсад йўлида унда кучли истак-хоҳиши бўлмоқлиги лозим.
4. Нутқ (лекция-маъруза)
Воизларнинг ҳар бир гапирадиган мавзу ва калималари бир хил эканлигида шак йўқ. Лекин нутқ - шу калима ва мавзуларни чиқаришлиқдаги ҳар бир воизга хос бўлган услубдир. Инсонлар таомни бир хил маҳсулот ва сабзавотлардан тайёрлайдилар. Лекин улар пиширган таом бир хил бўлмаслиги ҳаммага аёндир. Нотиқлик ҳам шундайдир. Нутқ ҳам шундайдир. Нутқ - бу воизнинг калималарни гапираётганда уларга берган жилосидир.
5. Товушни ишлатиш
а) Ҳар бир калиманинг оғиздан чиқишида ўз ҳаққи ва ҳажми бордир. Калималарга бўлаётган аҳамият нотиқликда (тажвид илмидагидек) талаффуз жиҳатидан бўлмайди. Балки ваъз ёки маърузага нисбатан бўлган нисбий маъносига аҳамият берилади. Калима аҳамиятини белгилаш нотиқнинг ўзига ҳавола қилинади. Масалан: Айтилаётган сўз сарлавҳа ёки далил бўлиши мумкин. Яна бажариш вожиб бўлган амал ва сақланиш керак бўлган одат бўлиши ҳам мумкин. Сўзларни ёзишда ҳам, муҳим калималарни йўғонроқ қилиб ёки остига чизиқ чизиб қўйишлик кузатилганидек, воиз ҳам гапларни энг муҳимини белгилаб, баланд овозда гапириши лозимдир. Токи бу гап бошқа сўзлардан кўра баландроқ эшитилсин.
б) Пауза (сўз ва жумлалар орасидаги жимлик)
Пауза деб калималар орасидаги товушдан холи бўлган бўшлиқни айтилади. Мана шу паузаларни ҳам тўғри ишлатиш лозимдир. Фикрларни айтишдан олдин ёки кейин, муҳим сўзларни етказишда шуларга муносиб бўлган тарзда озгина вақт жим туриш ҳам ваъзни таъсирига фойда келтиради.
в) Товушга жило бермоқлик
Одам моддий, ҳиссий ашёларга ранг, жило бериши мумкин. Аммо товушга жило бериш ғариб ишлардан ҳисобланади. Лекин баъзи бир кишилар учун бу амалларни бажариш табиий ҳолдир. Улар овозларини кўтариб, пасайтирадилар, хурсандчилик ёки маҳзунлик ўринларида овозларига шу ҳолатларга мос оҳангларни кўшадилар. Мана шуни товушга жило бериш дейилади. Воиз ваъз асносида овозини бир хил тарзда ушлаб турмаслиги керак. Чунки бу нарса жамоатда малолланишни пайдо қилади ва нутқида етказишни мақсад қилган маъноларга путур етказиши мумкин.
6. Ўзини тутиш (ҳузур)
Бу ерда гап воизнинг турган жойида ўзини тутиши ҳақида бормаяпти. Чунки бу нарсада ҳамманинг фикри бир жойдан чиқади. Балки, воизнинг ҳузури деганда, унинг ўзини жонли тутиши, жонли ибораларни келтириши, ёрқин шахсиятини намоён қилиши ҳақида гап бормоқда.
Воиз ўзини рисоладагидек тутиши учун унга заковат, фаросат, иккала кўзи билан жамоатни ҳолини кузатиб туриш лозим. Ваъз вактида тепага ёки пастга назар қилишлик ҳам воизнинг ҳузурига путур етказади.
Мусулмонлар ичидаги баъзи воизлар тавозуъни нотўғри тушунганидан, минбарнинг устига чиқиб олиб, мискинлик ва залилликни зоҳир қиладилар. Бу нарса уларда намоён бўлиши керак бўлган шижоатни йўқотади. Жамоатнинг уларга бўлган шуурини, ҳиссиётларини пасайтиради. Воиз ваъзга чиқишидан олдин хотиржамлик, ҳаяжондан йироқ бўлиши керак. Нутқ сўзлашдан олдин кўп микдорда таом тановул қилмаслик ҳам зарурий ҳолатлардандир. Акс ҳолда дангасалик, паришонлик, ланжликни пайдо қилади. Ваъзни тинглаётган жамоатда эса салбий фикрлар тўғилиши мумкин.
7. Кийимлар
Ер юзида ўзини ҳурмат қилмайдиган, кийим танлашга, уни поклигига, баданига ярашишлигига эътибор қилмайдиган воизни эҳтиром қиладиган қавм топилмаслиги аниқ. Кўплаб воизлар ваъзларини тайёрлаб, етарли даражада машқ қиладилар. Шундай бўлса ҳам уларни жамоатлари кўпайиш ўрнига озайиб боради. Бунга сабаб уларнинг ташқи кўринишларидир. Демак, воиз кийимларини кўринишига, ўзига ярашишига эътибор қаратмоқлиги лозим.
8. Табассум
Ваъз айтувчи шахс ўзининг шахсий муаммолари сабабидан инсонларга хорғин, қовоғи солиқ ҳолатда юзланса, бу ҳолати билан ушбу воиз инсонларда жамоат билан иши йўқдек таассурот қолдиради. Шу сабабли воиз ва жамоат ўртасида тўсиқ пайдо бўлади. Мана шу ўринда воиз учун жамоатга юзланган ҳолатида табассум қилишнинг нақадар аҳамиятли эканлиги маълум бўлади. Ваъзни табассум билан бошлаш зарур эканлиги билан бирга бу табассумни хутба ораларида гоҳ-гоҳида вазиятга муносиб тарзда такрорлаб туришлик воиз билан жамоат ўртасидаги масофани йўқотиб юборади ва ваъзни уларга тўлиқ етиб боришлигига замин яратади.
10. Жамоатни бир жойга йиғиш
Воиз жамоатни бир жойга тўплашга ҳаракат қилмоғи керак. Улар бир-бирларига яқин жойда ўтиришлари ёки туришлари лозим. Кўпинча воиз масжидга ёки бирор бир жойга ваъз қилиш учун борса, жамоат пароканда, бир-биридан узоқ ҳолда ўтирган бўлади. Бу ҳолат уларни ваъзни тинглашга бўлган ғайратларини йўқотади. Демак воизнинг гапи уларга таъсирли бўлиши, улар олдида фойдали нутқ сўзлаши учун ўз оммасини бир жойга йиғмоқлиги даркор.
11. Ёруғлик
Воиз ўз насиҳатларида ютуққа эришиши учун ёруғлик ҳам алоҳида роль ўйнайди. Орқа тарафдан ёки икки тарафдан тушаётган ёруғлик ваъзга яхши фойда бермайди. Ваъзга чиройли таъсир этувчи ёруғлик бу воизнинг юзини қамраб оладиган олди тарафдан келадиган ёруғликдир. Юз ифодалари мана шу ёруғлик сабабли аниқ кўриниши керак. Лекин тўғридан ёруғлик тушуриш керак экан деб воизга бутунлай ёруғликни тўғрилаб унга кўришни қийинлаштириш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Ваъз катта издиҳом ичида бўлаётган бўлса ва воиз хонтахта ёки стол орқасига ўтириб олган бўлса, ўз олдига гуллар ёки ҳар-хил сувли идишларни қўйиб қўйишларига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда бу нарсалар воиздан ёруғликни тўсиб қолади. Натижада воизнинг илми ёки нутқига боғлиқ бўлмаган арзимас нарсалар сабабли ваъз муваффақиятсиз якунланиши мумкин. Воизнинг орқа тарафидаги эски курсилар, суратлар, ҳариталар ҳам инсонлар эътиборини воиздан узоқлаштиришда муҳим роль ўйнайди. Зийрак воиз орқасида инсонларни кўзини оладиган, олдида эса уларни кўзини тўсиб қўядиган нарсани қўймайди.
12. Жимлик (сокинлик, осойишталик)
Воизнинг ютуққа эришишлигига сабаб бўладиган омиллардан бири макон сукунатидир. Бир воиз ваъз қилаётган бўлса-ю, ўша жойда ишчилар таъмир ишларини олиб бораётган бўлса, гўёки улар сеҳрли ишларни бажараётгандек жамоатнинг нигоҳи воиздан улар тарафга бурилиб қолади. Ваъз асносида шу жойда бўлаётган ҳар қандай ҳаракатлар жамоатни фикрини чалғитади. Баъзи бир воизлар нутқ сўзлаб турган пайтда бошқа бир воизлар келиб қолсалар уларга пешвоз чиқадилар ва уларни ўз ёнларига, тўрига таклиф қиладилар. Улар бу иш ўзларининг даъватларига фойда келтирувчи тавозуънинг бир тури деб ўйлайдилар. Жамоат ўз фикрларини воизни ёнида ўтирган меҳмонларга, уларнинг ўтиришига ҳамда мана шу мақомга кўтарилишига сабаб бўлган омилларга қаратади.
Демак, ваъз ва нутқ ҳамда даъватларимиз ижобий самара беришлиги учун маконнинг осойишталиги зарур экан.
13. Ишора
Диний нутқлардаги асосий нарса бу сокинлик (ҳаракатланмаслик)дир. Ишора эса унинг бир бўлагидир. Яъни бу ваъзларда кўпроқ виқор билан турмоқлик керакдир. Ишора эса фақатгина нодир ҳолатларни акс эттираётган вақтдагина қилинади. Аммо воиз айтаётган иш камёблик ҳолатидан чиққан, кўп учрайдиган нарса бўлса, ишора қилишлик аҳамияти йўқолади.
Воиз қўлларини тушириб олиб гоҳ-гоҳида маълум бир лаҳзаларда пайдо бўладиган оддий ишоралар учун ишлатиши керак.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

1. "Хатоба (Тадрибул-хатиб)" Миср, Ал-Азҳар, доктор Муҳаммад Зайд ал-Фақо.
2. "Тафсири Руҳул-маъоний" Абул-фазл Алусий, Дори Эҳёут-туросил-арабий, Байрут.
3. "Тафсири Фатҳул-қадир" Муҳаммад Шавконий, Дори ибн Хазм.
4. "Тафсири Ибни Касир" Имом Ҳофиз Абул-фидо Исмоил Ибни Касир, Байрут.
5. "Тафсири Насафий" Имом Абул-Баракот Насафий, Н.Тошкандий.
6. "Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири А.Мансур ТИУ 2002.
7. "Эълоус-сунан" Зафар Аҳмад Усмоний, Байрут.
8. "Мишкотул-масобеҳ" Имоми Табризий, Байрут.
9. "Мирқотул-мафотеҳ" Мулло Али Ал-қорий, Байрут.
10. "Ҳадис ва Ҳаёт" Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тошкент.
11. "Бадоеу-саноеъ" Алоуддин Косоний, Байрут.
12. "Ислом энциклопедияси" Ўзбекистон Миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, Тошкент.
13. "Бўстонул-орифийн" Абу Лайс Самарқандий, Байрут.
14. "Эҳёу улумиддин" Абу Ҳомид Ғаззолий, Байрут.
15. "Ан-наъийм" "А.Қодирий" номидаги халқ мероси нашриёти, Тошкент

Ҳомидов Муҳаммадаюб


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Воиз учун Қуръони Карим ва Суннати набавияни билиш шарт. Шунингдек, Набий алайҳиссалом ва хулафои рошидийн розияллоҳу анҳумларнинг ҳамда ушбу умматнинг салафи давоми...

3999 16:56 / 14.02.2018
1. Воизнинг сийрати.2.Ваъз қилиш одоблари.3.Хутба.Воизнинг хатибнинг ваъз насиҳати мазмунли ва инсонларга таъсирли бўлиши учун унинг ўзида бир неча шартлар давоми...

4715 11:54 / 18.04.2017
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расули муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васалламга дурудлар бўлсинРеспубликамизда Ўзбек тилига давлат мақоми берилган кундан бери давоми...

5480 10:26 / 24.10.2017
1.Тараққиёт асрида воизлик.2.Иборанинг ваъз мавзуси учун хизмати.3.Мавзуни таҳлил қилиш.4. Мавзуни таҳлил қилиб бериш фойдалари.Тараққиёт асрида воизликТараққиёт давоми...

3982 11:47 / 18.04.2017
Аудиолар

120101 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021