1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Халқнинг назарини эмас, Ҳақнинг назарини кўзла

19:46 / 18.01.2018 3274 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида кўпчилик одамларга сингиб қолган маънавий хасталиклардан бирини муолажа қилмоқда. У ҳам бўлса, одамларнинг розилигини топиш учун ҳаракат қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигини унутиб қўйишдир.

Кўпчилигимиз ўзимиз яшаб турган жамиятдаги ўзимизга ўхшаган одамлар билан қилаётган муомалаларимизни уларнинг розилигига мослаб қилишга ҳаракат қиламиз. Бир ишни қилишдан олдин албатта «Одамлар нима дер экан?» деган саволни ўртага қўямиз. Баъзи ҳолатларда «Бундай қилмоқчиман-у, аммо одамлар нима дер экан, деб қолдим», деймиз. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, одамларнинг назаридан қолмасликка ҳаракат қиламиз. Уларнинг розилигини топишга уринамиз. Яна ҳам бошқача қилиб айтадиган бўлсак, халқнинг назаридан қолмасликка интиламиз.

Аслида эса мўмин-мусулмон банда фақатгина Аллоҳ таолонинг розилигини исташи лозимдир. Одамларнинг розилиги у ёқда турсин, ҳатто ўзимизнинг розилигимизни ҳам Аллоҳ таолонинг розилигидан кейинги ўринга қўйишимиз зарур.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Ҳеч бир мўмин ва мўмина учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди» (36-оят).

Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳнинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганда, мўмин киши, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Бу мумкин эмас. Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди».

Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум. Шунинг учун Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек,

«Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл».

Ҳақ таолонинг назари турганида ожиз халқнинг назарини эътиборга олиб нима қиласан?! Зотан, Аллоҳ таоло сенинг ҳар бир ҳолингни жуда ҳам яхши кўриб, билиб туради. У Зот сенинг энг махфий ҳолингдан ҳам ўта хабардор бўлиб туради. Халқ эса сендан фақат уларга ошкор бўлган нарсанигина чала билади. Энг асосийси, агар Аллоҳ таоло сенга раҳмат назари билан қараса, халқнинг ғазаб назари сенга заррача зарар қила олмайди, агар Аллоҳ таоло сенга ғазаб назари билан қараса, халқнинг раҳмат назари сенга заррача фойда қила олмайди. 

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:  

«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказур. У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (107-оят).

Бандага фойда ёки зарар етиши Аллоҳнинг иродаси билангина бўлади. Ҳа,

«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир».

Борлиқнинг ягона Холиқи, Қодиру Молик Зот бир бандани зарар ила тутса, у ожиз бандага ким ҳам ёрдам бериб, мушкулига кушойиш ато қила олар эди?! Шунингдек,

«Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир».

Аллоҳ яхшилик келтирадиган ишларни қилганларга яхшилик, ёмонлик келтирадиган ишларни қилганларга ёмонлик етказишни ирода этгандир. Аллоҳ бандалари ичидан Ўзи хоҳлаганларини фазлига эриштиради. Бу орада бандалардан баъзи гуноҳлар содир бўлса-ю, тавба қилсалар, Аллоҳ уларни мағфират этади. Уларга раҳм кўрсатади.

«У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» (3-оят).

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ Ўз бандасига кифоя эмасми?!» (36-оят)

Энг қудратли, ёлғиз Холиқ, ёлғиз Ҳомий, ёлғиз Розиқ бўлган Аллоҳнинг ваҳдониятига ишонган банда учун Аллоҳнинг Ўзи етарли эмасми? Аллоҳ у билан бўлганидан кейин у банда кимдан қўрқади? Кимдан хавфсирайди? Кимнинг ўзига бўлган назарини эътиборга олади?

Аллоҳ таоло Алақ сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ уни кўриб туришини билмасми?» (14-оят)

Яъни инсон Аллоҳ таоло унинг барча ҳолини кўриб туришини билмайдими?! Ахир У Зот унинг барча қилмишларини кўриб-билиб турибди-ку!

Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида марҳамат қилади:

«Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид экани кифоя қилмасми?!» (53-оят)

Аллоҳ таолонинг ҳар бир каттаю кичик нарсага гувоҳ экани кифоя қилмайдими? Албатта кифоя қилади. Шунинг учун ҳам банда одамлар назарини бир томонга қўйиб, асосий ­эътиборини Аллоҳ таолонинг назарига қаратиши лозимдир.

Аллоҳ таоло Қоф сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (16-оят).

Бирор асбоб ва ёки буюмнинг устаси ундаги энг майда икир-чикирларгача яхши билади. Унинг хусусиятларини, афзалликларини, шунингдек, камчиликларию нуқсонларини ҳам яхши билади. Ҳолбуки, у яратувчи эмас. У бор-йўғи мавжуд нарсаларни бир-бирига қўшиш, улаш, кесиш, ўйиш ва бошқа усуллар билан асбоб ясайди. Яратувчи эса йўқдан бор қилади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз»деб таъкидламоқда.

Демак, Яратувчи яратган нарсасининг ҳамма тарафини мукаммал билади. Шу билишини Аллоҳ таоло инсоннинг энг нозик жойларидан бирини тилга олиш билан билдирмоқда:

«…ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз».

Нафснинг васвасаси инсоннинг хаёлида кечади, унинг жараёнини ташқаридан ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло ўшандай махфий нарсани ҳам билиб турганидан кейин, бошқасини билиш Унга ҳеч гап бўлмай қолади.

Инсон ҳар доим, ҳар лаҳза Аллоҳнинг чангалида, Унинг сергак кузатиши остида туришини билдириш учун У Зот оятнинг охирида:

«Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз»дейди.

«Жон томири» деганда биз қон томирини тушунамиз. Инсон шуни тўла ҳис қилиб олса, ҳар бир ҳаракати, гапи, сўзи Яратганни рози қилиш учун бўлиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолади. Ҳеч бир гуноҳга, ҳаром ишга яқинлашмай қўяди. Доимо ҳушёр, сергак яшайди.

Лекин инсонни кузатиш, унинг ишларини ҳисоб-китоб қилиш бу билан тугамайди. Балки яна бошқа қўшимча кузатиш ҳам бор. Инсон қаерда бўлмасин, доимо ўзига вакил қилинган икки фариштанинг назоратида бўлади. Улар инсондан содир бўлаётган гап-сўз ва амалларни зудлик билан ёзиб борадилар.

«Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда... бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозирдирлар» (17-18-оятлар).

Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб оладилар. Оятда уларни «икки кутиб олувчи» деб айтилмоқда.

«Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда...»

Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.

«…бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар».

Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назарларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.

Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталарнинг ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор: қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади.

Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.

Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, у зот «Бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозирдирлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳаттоки «едим», «ичдим», «бордим», «келдим», «кўрдим» кабилар ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», деган эканлар.

Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида» оятини ўқиб туриб: «Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси – ўнг тарафингдагиси яхшиликларингни ёзади, иккинчиси – чап тарафингдагиси ёмонликларингни ёзади. Нимани хоҳласанг қилавер – озми, кўпми... Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» деган эканлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида Товус розияллоҳу анҳудан «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилар-у, дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича инграмаган эканлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким Аллоҳни аччиқлантириш ила одамларни рози қилса, Аллоҳ ундан аччиқланади ва одамларни ҳам ундан аччиқлантиради. Ким одамларни аччиқлантириш ила Аллоҳни рози қилса, Аллоҳ ундан рози бўлади ва одамларни ҳам ундан рози қилади».

Термизий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида эдим. Бас, у зот: «Эй ғулом! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни (амрини) муҳофаза қилгин, У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилгин, У Зотни ўз рўпарангда топасан. Қачон сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Қачон кўмак истасанг, Аллоҳдан кўмак иста. Ва билки, агар бутун уммат сенга бирор нарсада манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа манфаатни бера олмаслар. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор нарсада зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа зарарни етказа олмаслар. Қаламлар кўтарилди ва саҳифалар қуриди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шунинг учун ҳам банда доимо одамларнинг эмас, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб иш тутиши керак. Албатта, одамларнинг розилиги Аллоҳ таолонинг розилигига эргашиши лозим. Бундай пайтда икки розилик бир-бирига киришган бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни махлуқотларнинг бизга назарини Ҳақнинг бизга назари ила ғойиб қиладиган бандаларидан қилсин! Махлуқотларнинг бизга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг бизга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зот бандаларнинг иноят сири юзага чиқишига интиқликларини билди ва .Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади,, деди. Агар уларни ўша ила тарк қилса, азалга давоми...

3051 20:41 / 10.06.2018
Зоҳид қалбдан чиққан амал оз бўлмас. Роғиб қалбдан чиққан амал кўп бўлмас.Қалб инсондаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғлом бўлади. Агар у давоми...

3380 00:49 / 13.11.2017
Ботин бўлгани учун барча нарсани зоҳир қилди. Зоҳир бўлгани учун барча нарсанинг вужудини яширди.Аллоҳ таолонинг Ботин ва Зоҳир исмлари нисбий ва изофий маънони давоми...

3742 20:45 / 18.03.2018
Маълум бўлсинки, ғийбат қилинган киши ғийбат қилувчидан ҳақдор бўлиб қолади, яъни қиёмат куни унинг устидан шикоят қилиб, даъво қилишга ҳаққи бўлади. Ғийбат давоми...

4564 12:35 / 12.06.2018
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021