1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Тўртинчи қоида - Ҳукмнинг насх бўлиши

17:27 / 20.12.2017 3456 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Насх» сўзи луғатда «ўзгартириш», «бекор қилиш» маъносини билдиради. 

Усулул фиқҳ таърифида эса: «Бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига «насх» деб айтилади»

Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олишаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят тушириб, ким Набий алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Набий алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.

Насх бошқа шариатларда ҳам воқеъ бўлган. Албатта, бизнинг шариатимиз ўзидан аввалги шариатларнинг шаръий ҳукмларини насх қилгандир. 

Шу билан бирга, бизнинг шариатимиз ичида собит бўлган ҳукмнинг насх бўлиши ҳам бор. Бунга далил сифатида уламоларимиз Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятни келтирадилар:

 «Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?» (106-оят).

Лекин шуни яхши билиш керакки, шаръий ҳукмларнинг насх бўлиши фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлади. Ул зот алайҳиссаломдан кейин насх йўқдир. Чунки, насхни фақатгина ваҳийдан билинади. Ваҳий эса, фақатгина Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлган. Ул зотнинг вафотларидан кейин аҳкомларнинг бирортаси насх бўлмайди. 

Насхнинг шариатда бўлишининг ҳикмати шаръий ҳукм боғланган бир нарсанинг инсон манфаати учун ҳолати ўзгариб қолганини эътиборга олишдан иборатдир. Мазкур ҳолатни риоя қилиб, аввалги ҳукмни ўзгартириш учун, шариатда насх қоидаси жорий бўлган.

Ҳукм вақтинчалик сабаб ва маслаҳатлар юзасидан истинбот қилинган бўлади. Вақт ўтиши, шароит ўзгариши билан ҳалиги кўзланган манфаат ва келтирилган сабабнинг ҳолати ўзгариб қолади. Сабаблар йўқ бўлади ва манфаат ўзгариб туради. Бас, энди аввалги ҳукмни ўзгартиришнинг тақозоси юзага чиқади. Мукаллаф инсонлар учун эски ҳукмни битириб, Янги, бошқа бир ҳукмни жорий қилиш манфаатлироқ бўлиб қолади. Янги ҳукмнинг бардавом бўлиши ирода қилинади. 

Шундай қилиб, одамларни эски вазиятдан афзалроқ, пухтароқ ва яхшироқ вазиятга ўтказилади.

Гоҳида ҳукмни ўзгартиришдан мукаллафларни синаб кўриш кўзда тутилиши ҳам мумкин. 

Мисол учун, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи бир ҳадисларида қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ ушлаб қолиш мумкин эмаслигини баён қилганлар. Ана ўша наҳйни қилган пайтларида муҳтож кишиларга озиқ-овқат улашиш тақозоси юзага чиққан эди. Шунинг учун, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликнинг гўштидан ҳеч нарса қолмаслигига амр қилдилар. Кейин шароит яхшиланиб, наҳйнинг сабаби тугади ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга қурбонлик қилишса, гўштини хоҳлаганларича сақлаб туришга рухсат бердилар.

Яна алоҳида таъкидланадиган нарсалардан бири шулки, насх фақат амр ва наҳй таклифи бор шаръий жузъий ҳукмларда бўлади, холос. 

Умумий ҳукмларда, ақийдада, ваъда ва огоҳлантиришларда, хабар ва қиссаларда насх бўлмайди. 

Насх билан тадарруж орасидаги фарқ 

Кўпчилик одамлар шариат қоидаларини жорий қилишда даражама-даража йўл тутишни насх билан аралаштириб юборадилар. Бу ердаги нозик фарқни ажрата олмайдилар. 

Мисол учун, хамрни ҳаром қилишдаги тадарруж –  даражама - даража йўл тутишни олиб кўрайлик. 

Аллоҳ таоло бу борада дастлаб қуйидаги ояти каримани нозил қилади:

 «Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир» («Наҳл» сураси, 67-оят).

Ушбу ояти карима Қуръони Каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир. Бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора маст қилувчи ичимликка қарши Қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.

Кўриниб турибдики, хурмо ва узум меваларидан маст қилувчи ва покиза ризқ олиш мумкин экан. Ўйлаб кўрилса, шу жойда маст қилувчи нарсалар покиза ризққа қарама-қарши қўйилмоқда. Покиза ризқнинг зидди нопок ризқ бўлади-да, бу нозик ишорани тушуниб етган ҳассос кишилар дарҳол ичишни ташлаганлар. 

Кишиларда бироз тушунча ҳосил бўлиб, бу фикр уларга сингиб, орадан бирмунча муддат ўтгач, Маккаи Мукаррамада навбатдаги оят нозил бўлди.

 «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт» («Бақара» сураси, 219-оят).

Бунда хамрни ҳаром қилиш ҳақида шаръий ҳукм йўқ. 

Балки бу оят хамрни манъ қилиш йўлидаги иккинчи қадамдир. Бунда аввалги оятдагига ўхшаб ишора билан эмас, балки очиқ айтилган: «Хамр улкан гуноҳ, унинг одамлар кўзига кўринаётган жузъий фойдасидан кўра гуноҳи катта». 

Шунинг учун ҳам, жуда муккасидан кетмаган, таъсирчан кишилар бу ояти карима нозил бўлгандан сўнг хамр ичишни ташладилар. 

Бир муддат ўтгандан сўнг Мадийнаи Мунавварада жамиятни ларзага солувчи бир ҳодиса юз берди. Абдурроҳман бин Авф розияллоҳу анҳу дўстларини дастурхонга таклиф этиб, уларни май билан сийлади. Шом намози вақти етди ва зиёфат қатнашчиларидан бири имомликка ўтди. Табиий, у ҳам майдан сипқорган эди ва намозда «Каафирун» сурасини ўқиётиб: «Эй кофирлар, сизлар ибодат қилган нарсага мен ибодат қилмайман» ояти ўрнига адашиб: «Эй кофирлар, сизлар ибодат қилган нарсага мен ҳам ибодат қиламан», деб ўқиб юборди.

Сўнгра Аллоҳ таоло мусулмонларни маст ҳолларида намозга яқинлашмасликга амр қилди:

 «Эй, иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...» («Нисо» сураси, 43-оят). 

Бу ояти каримада ҳам хамрнинг ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида шаръий ҳукм йўқ.

Бу оят тадарруждаги учинчи даража бўлиб, хамрни ҳаром қилишга яна бир қадам қўйилди. Чунки, намоз вақтлари бир-бирига яқин бўлганлиги учун, намоздан кейин ичиб олган одам маст бўлса, кейинги намозгача мастлиги тарқамаслиги эътиборидан, намоз ўқиёлмай қоламан, деб ароқ ичмай қўйишди. Шунинг учун, ўзларини кундузлари хамрдан сақлаб, кечалари ичадиган бўлдилар.

Сўнгра хамрнинг ҳаромлигига очиқ-ойдин, қатъий далолат қилувчи ояти карима келди ва барча вақтларда ундан четда бўлиш фарз эканлиги баён қилинди. Уни «шайтоннинг амалидан бўлган ифлос нарса» «Аллоҳнинг зикридан, намоздан тўсадиган нарса» деб аталди. 

 «Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.

Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» («Моида» сураси, 90-, 91-оятлар).

Мана шу ерда таърифга мувофиқ насх деган нарса йўқ. Бу ерда шаръий ҳукмни жорий қилишда тадарруж йўлини тутиш бор, холос. Таърифда: «Насх – шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан амалдан қолишидир», дейилган. Юқорида хамр ҳақида келтирилган оятларда одамлар қаттиқ берилиб кетган ёмон иш – ароқхўрликни аста-секин, даражама-даража муолажа қилиш бор. Насх бўлиши учун ҳукми шаръий бўлиши керак.

«Хамр ҳақидаги тўрт оят бир-бирини насх қилди», дейилмайди. Чунки, бирортасида шаръий ҳукм собит бўлиб, «Мана шу шариат қоидаси, уни қилинглар», дегани йўқ. Насх бўлиши учун олдин ҳукм собит бўлиши керак, унга маълум вақт амал қилиниши керак, мана шу нарса бу ерда йўқ.

Насх билан тахсис (хослаш) орасидаги фарқ

Жуда ҳам кўпчилик одамлар насх билан тахсис орасидаги фарқни ажрата олмай, хатога йўл қўядилар. Бу нозик ҳолатни яхшилаб тушуниб олиш ҳам жуда фойдалидир.

Бир тарафдан қаралганда, насх ҳам, тахсис ҳам ҳукмни ўзи қамраб олган нарсалардан баъзисига боғлаб, чегаралаб қўйишдан иборатдир. Лекин тахсисда ҳукмни баъзи бир шахсларга, насхда эса маълум замонга боғланади. Яъни, насх ҳукмни ўзидан аввалги вақтга боғлаб қўяди. Чунки, насхдан кейин ундан олдинги ва у билан амалдан қолган ҳукмга амал қилиш тўхтайди. Тахсисда эса, умумий ҳукмни баъзи бир шахсларга боғлиқ қилинади.

Бошқа тарафдан, тахсис билан насх бир-биридан фарқланади: 

– Насх шаръий ҳукмни бекор қилиш, унга амални тўхтатишдан иборатдир. Тахсис эса, умумий лафзни баъзи фардларга боғлашдир.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида айтади:

 «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» (97-оят).

Бу оятнинг аввалида одамларга Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурч экани айтилган. Унинг охирида эса, мазкур бурч «йўлини топганлар»га экани хосланмоқда. Аввал умумни ифода қилинган бўлса ҳам, кейин ҳукмни оммадан баъзи афродларга – йўлини топганларга хосланди. 

– Насх қилувчи насх бўлувчидан кейин келиши шарт. Аммо тахсис қилувчи калом умумий лафз билан бирга ёки ундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Яъни, тахсис ҳукмини жорий қилувчи калом келган вақтида унга бир вақтда амал қилиш мумкин бўлган лафз ҳам  келаверади. 

– Насх фақат Китоб ва Суннат ила бўлади. Аммо тахсис ақл, қарийна ва урф билан ҳам бўлаверади.

– Насх фақат амр ёки наҳй қилинган жузъий шаръий амалий ҳукмларда бўлади. Умумий ҳукмларда, ақийдада, ваъда ва огоҳлантиришларда, хабар ва қиссаларда бўлмайди.

Тахсис эса, мазкурларнинг барчасида бўлади.

– Насх умумий ҳукмнинг барчасига воқеъ бўлади ва ундан бирор нарсани қолдирмайди. Тахсисда эса, хосланган лафзнинг далолати боқий қолиши шартдир.

Насхнинг турлари: 

Уламоларимизнинг насх тўғрисидаги олиб борган баҳсларини синчиклаб ўргансак ва улардаги хулосаларни жамлайдиган бўлсак, насхнинг қуйидаги турлари борлиги аён бўлади:

1.  Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши.

2. Суннатнинг Суннат билан насх бўлиши.

3.  Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх бўлиши.

4. Суннатнинг Қуръон билан насх бўлиши.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мерос илмида ишлатиладиган қоидага биноан, меросга қолган молни тақсимлашда аввал фарз эгаларининг ҳақлари берилади. Сўнгра асабаларга берилади. Чунки давоми...

1653 13:05 / 25.11.2019
Боши 258дарсда Сўнгра намозгоҳга чиқади. . . Абу Умайр ибн Анасдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш давоми...

622 19:00 / 07.12.2023
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ таоло.Бас, у довон ошиб ўтмади. Довон нима эканлигини сенга нима билдирди Қул озод давоми...

1632 19:30 / 26.09.2020
. ,. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Намозхоннинг бадани, кийими ва макони бетаҳоратлик ва ҳақиқий нажосатдан пок бўлиши... Бетаҳоратликдан давоми...

2859 17:30 / 09.09.2021