1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳожилар ҳаждан қайтишди...

11:50 / 11.09.2017 5837 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар йили беш мингдан зиёд юртдошимиз ҳажга бориб келади. Улар дунёдаги миллионлаб диндошлари қатори Ислом илк бор индирилган табаррук юртга бориб, зиммаларидаги Аллоҳнинг фарзини бажариб қайтишади. Ҳукумат уларнинг ибодатлари динимиз талабларига мувофиқ, қийинчиликсиз ва талафотларсиз ўтиши учун ҳамма ишни қилиб беряпти. Биз ҳам барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, ибодатлари мақбул бўлишини Аллоҳдан сўраймиз. 

Аммо... ҳар гал ҳаж мавсуми келганида бир фикр сира тинчлик бермайди, хаёлни ўғирлайди. Айтилмай қолаётган бир мулоҳаза мияда ғимирлайверади... Ҳар сафар ҳаждан қайтган ҳожилар билан кўришганда, уларга «Ҳаждан қандай таассурот билан қайтдингиз?», «Ибодатни қандай адо этдингиз?», «Арконларни тўлиқ бажара олдингизми?» деган саволлар берилади. Бериладию... лекин савол берган одам ножўя иш қилиб қўлга тушган боладай хижолатлар ичра қолади, савол берганига ҳам пушаймонлар қилади. Чунки ҳожилардан аксариятининг берган жавоблари сизни унчалик хафа қилмаса-да, ҳарқалай, таажжубга, ҳайронликка солиши аниқ!

Ҳаждан қайтган ҳожилар ўз таассуротлари билан ўртоқлашишар экан, ҳаж сафари айтарли қийинчилик ва машаққатларсиз ўтгани, роса шинам ва қулай мусофирхонага жойлашишгани, уловларнинг беминнат ташиб тургани, таомларнинг неча хиллигию, дастурхонларига дунёнинг тўрт бурчидан келтирилган анвойи неъматларгача тортилгани, шаҳардаги дўконларда молларнинг бисёрлигию, нарх-навонинг унча қиммат эмаслиги, шифокорларнинг беминнат хизматию мутасаддиларнинг фидойиликлари ҳақида жўшиб, тўлиб-тошиб гапиришадию, шу билан «таассуротлари» тугайди.

Шунда уларга шундай хитоб қилгинг келади: «Эй муҳтарам ҳожилар, шунча маблағ, куч-қувват, вақт сарфлаб ҳажга фақат шу нарсалар учун, «бир мазза қилиб ҳордиқ чиқариш» ёки соатлаб ҳамхоналарингиз билан мириқиб суҳбат қуришлар учун борганмидингиз? Бир неча йил навбат кутиб, шундай олис ва табаррук юртга дўкон айланиш, меҳмонхонада телевизор кўриб ётиш ёки бошқа ўлкаларда етиштирилган ноёб мева-чевалардан тотингани борганмидингиз? Ҳаж курорт ёки санаторийга боришмидики, сиз меҳмонхонада телевизор йўқлигидан, жўмракдан иссиқ сув тушмаётганидан, лифтда ёки ошхонада навбатга турганингиздан, кўчаларнинг тиқилинчлигию, масжидда одамларнинг туртиб ўтишидан шикоятлар қилиб юрибсиз?!» Аммо бу хитоблар ҳам ўз йўлига экан...

Айрим ҳожиларимиз ҳаж ибодатининг моҳиятини, ҳаж қилинадиган ўринларнинг фазилатини, Ислом ва ҳаж тарихини яхши билишмагани, ҳатто билишни исташмаганидан уларнинг кўплари учун ҳаж оддий бир саёҳат, олис юртга қилинган шунчаки сафар сифатида таассурот қолдирмоқда. «Йўғ-э, жуда шунчалик эмасдир?!» деб эътироз билдиришга шошилманг. Бундай хулосага келишимизнинг сабаблари, далиллари бор.

Мана, эй муҳтарам ҳожилар, чоксиз, бичиқсиз, кафанни эслатиб турувчи оппоқ эҳромларни кийдингиз. Бошяланг, оёқяланг ҳолда талбиялар айтиб, покланиш томон илк одимларни ташладингиз. Аммо сизлар ана шу буюк ибодат, покланиш, бандаликни изҳор қилиш маъракасига тайёрмисиз? Сиз шундай катта издиҳомда қийналиб, одамларга туртиниб-суртиниб Каъба атрофини етти бор айланаётган, яъни тавоф қилаётган экансиз, ҳажнинг бу аркони нега фарз қилинганининг ҳикмати ҳақида, умуман нега ҳаж қилаётганингиз ҳақида сал бўлса-да фикр юритиб кўрдингизми?

Рўпарангиздаги мана бу тошдан бино қилинган чорқирра Каъба – Аллоҳнинг Уйи, яъни Байтуллоҳдир! Инсоният тарихи унинг олти минг йил аввал Аллоҳ таолонинг амрига кўра «пайғамбарлар отаси» Иброҳим алайҳиссалом ва унинг ўғли Исмоил алайҳиссалом бино қилганига гувоҳлик беради. Аллоҳнинг Байтини етти марта айланиш шунчаки бир ҳаж аркони ёки рамзий маросим эмас. Тавоф инсонларнинг Байтуллоҳни тавоф қилиш орқали дунё ҳаётида билиб-билмай қилган гуноҳларини авф этишини сўраб, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига бош уриб келганларинининг, У Зотдан мағфират, раҳмат сўраш учун даргоҳида тавозе ва ҳоксорлик билан қилаётган ибодатларининг, итоатларининг олий кўринишидир. Каъбаи муаззама – Масжидул-Ҳаромнинг марказидаги собит бир нуқтадир. Шу боис Аллоҳга ибодат қилиш ниятида келган эркагу аёл, раҳбару ишчи, оқу қора миллионлаб мусулмонлар унинг атрофида узлуксиз ҳаракатда бўлишади, айланишади. Бу доиравий ҳаракат кўзга кўринмас атомдан бошлаб то улкан сайёраларгача бўлган бутун мавжудотнинг коинотдаги ҳаракатига ўхшайди.

Аммо ҳаж қилаётган айрим ҳожиларимиз кўпинча нима учун бу муаззам Байт атрофида айланиб, тавоф қилишаётганининг ҳикматини чуқурроқ ўйлаб ҳам кўришмайди. Унинг фазли ва тарихидан ҳам бехабарлар. Каъба ва у жойлашган йигирма беш квадрат метрли ҳудуд Аллоҳнинг Ҳарами, эҳтиромга сазовор ери, ҳар қандай ёмонлик, ҳаққа ҳар қандай тажовуз тақиқланган инсониятнинг маданият ва маърифат ўчоғидир. Унинг марказидаги Каъбаи муаззама инсонлар учун қурилган илк ибодат масканидир. Ҳазрати Одам алайҳиссалом Момо Ҳаввони шу ерда топдилар, йўқотган жаннатларига шу ерда етишдилар. Бобокалонимиз ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом, у зотнинг завжалари Ҳожар ва ўғиллари Исмоил алайҳиссалом шу ерда Аллоҳ таолонинг оғир синовидан шараф билан ўтдилар. Охирзамон пайғамбари ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга қаратилган сўнгги илоҳий хитобни шу ерда қабул қилиб олиб, уни ер юзида тарқата бошладилар. Бу ер Аллоҳнинг Уйидир. Бу Уйнинг соҳиби – Аллоҳ таолонинг Ўзи, меҳмонлари эса Унинг мўмин бандаларидир. Бу ердан паноҳ топган ҳар бир инсон Аллоҳнинг меҳмонидир.

Баъзи ҳожиларимизнинг ана шундай оламшумул ибодат масканида, қуллик ва итоатни кўз-кўз қилишнинг энг тансиқ, энг қулай фурсатида ўзларини бу қадар бефарқ, лоқайд, бепарво, эринчоқлик билан тутишларини, ўзлари Ҳарамдаю, хаёллари олис юртларида қолган яқинларининг хонадонларида изғиб юрганини нима билан изоҳлашни ҳам билмайсан, киши! Яна шундай улуғ ва муқаддас заминда ҳам можаро-жанжалларни, бир-бирларига ола қараш, қора қараш қилишларни ташламаганлари таажжубланарли! Лифт талашиб, таом талашиб, автобусда ўрин талашиб, меҳмонхонада хона талашиб, кўча-кўйда, ҳатто масжидда гап талашиб ғижиллашишлар, қизаришиб олишлар ҳожига муносиб эмаслигини эсдан чиқаришдимикин?

Эй ҳожи биродарим, ахир, умрингизнинг каттагина қисмини яшаб бўлгансиз, барча хатокор инсонлар каби катта-кичик гуноҳларга ботгансиз! Аллоҳ насиб айлаб, Унинг даъватига жавобан ҳаж қилгани, яъни гуноҳлардан поклангани, онадан қайта туғилгандай бегуноҳ бўлиб олгани келибсиз. Унда нега Каъбанинг пўшларига ёпишиб олиб, Ҳажарул‑асвад билан Каъба эшигининг ўртасидаги Мўлтазамда Парвардигорингизга илтижо билан зор-зор йиғламайсиз? Нега Аллоҳдан гуноҳларингизга мағфират, икки дунё саодатини тилаб, нолаю афғонлар қилмайсиз? Нега яқинларингизга, юртингизга, динингизга, халқингизга равнақ ва омонлик тилаб, дуои хайрлар қилмайсиз? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўкслари, ўнг юзлари, қўллари ва кафтларини Мўлтазамга теккизиб, дуо қилганлар. Бу ерда қилинган дуолар рад қилинмайди, иншааллоҳ.

Масжидул-Ҳаромга кирибсиз, унда нега гуноҳларингизни мағфират қилишини сўраб, Парвардигорга ялиниб-ёлбормайсиз? Аллоҳнинг розилигини топиш учун Унинг Байтида юзлаб, минглаб ракат намоз ўқиб, дарду ҳасратларингизни, надоматларингизни, хатоларингизни У Зотга тўкиб солмайсиз? Масжидул-Ҳаром саҳнидаги шиша қубба ичига бепарвогина назар ташлаб ўтиб кетдингиз, ҳатто қизиқсиниб ҳам қўймадингиз. Чунки унинг Мақоми Иброҳим, яъни Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қураётганларида бир тошга тушиб қолган оёқ излари ўрни эканини билмас эдингиз. Мақоми Иброҳимда намоз ўқиш фазилатли экани Қуръони Каримда зикр этилганидан бехабар эдингиз. Нега Мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқиб, Парвардигорингиздан икки дунё саодатини сўраб олмайсиз? Нега масжидда туну кунлар қолиб, Аллоҳнинг зикрини қилмайсиз, берган неъматларига шукр айтмайсиз? Ахир, Масжидул-Ҳаром ер юзидаги барча масжидлардан устундир. Унда ўқилган намоз бошқа ердаги барча намозлардан юз минг маротаба афзалдир. Ахир бу дамларни, бу қулай фурсатни яна қайта топа оласизми? Ҳаж мавсуми аксари ҳожилар учун ҳаётларидаги бир марталик ва энг сўнгги имконият-ку!

Шу ўринда ҳаждаги ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа эсга тушди. Ҳамхонам Зокиржон ҳожи билан ҳар куни тунги иккида Ҳарамга ибодат қилгани жўнаймиз. Бугун ҳам одатдагидай масжидга кириб, шундоққина Каъба кўриниб турган ўринда жойлашдик. Аввал нафл намозларимизни ўқидик. Сўнгра Қуръони Каримни хатм қилишни давом эттирдик. Шу пайт мендан икки қадам нарида ибодат қилаётган новчагина йигитга кўзим тушди. Эҳромдаги бу йигит кўринишидан Оврупа мамлакатларининг биридан келганга ўхшайди: оқ юз, малла соч, кўзлари кўкиш.

Лекин ҳозир мени унинг ташқи қиёфаси қизиқтирмаётган эди. Тик ҳолатда Каъбага юзланиб, қўлларини дуога кўтарган, кўзларидан ёш жаласи қуйилади. У шунчалар хокисорлик, муҳаббат ва ихлос билан ­дуо-илтижо қилар эдики, беихтиёр ҳавасим келиб кетди. Кейин масжиднинг оппоқ мармарлари устида намоз ўқишга киришди. Намозни тугатиб, яна боягидай ихлос билан узоқ дуо қилди. Сўнг ёнидаги китоб токчасидан Мусҳаф олиб, тиловат қила бошлади. Толиқиб, ҳар гал кўзларимга бир оз дам бермоқчи бўлганимда унинг ҳолатини кузатаман. Оврупалик ҳожи энди қироатини тугатиб, яна тик турганича дуо бошлаган эди. Йиғи аралаш анча вақт дуо қилиб турди. Кейин ерга ўтириб, тиззаларини қучоқлаган ҳолатда Каъбага узоқ тикилиб ўтирди.

Қанча вақт ўтганини билмайман. Бир пайт қарасам, оврупалик йигит сафар халтасини бошига қўйиб, ётишга тайёргарлик кўряпти. «Ибодат қилавериб чарчабди-да, энди бомдод намозигача бир оз мизғиб олса керак», деган фикр хаёлимдан ўтди. У атрофидаги намозхонларга озор бериб қўймаслик учун ғужанак ҳолатга кириб, халтасига бош қўйганича, аста чўзилди. Бўйи салкам икки метрли кишининг бир метрга етиб-етмаган жойда ухлашини бир тасаввур қилинг. Аммо йигит бу ноқулайликка асло парво қилмай, совуқ мармар устида ором истар эди. Уни ухлашга ётди деб нотўғри ўйлаган эканман. Малласоч йигит ёнбошлаган ҳолатда қўлида тасбеҳ билан такбиру таҳлилларни бошлаб юборган эди. Вақт бомдодга яқинлашгани учун кўпчиликни мудроқ олган, шайтон васвасани кучайтирган. Бояги йигитни ҳам уйқу элитиб, ҳозир қўлидан тасбеҳ тушиб кетса керак, деган хаёлда бир неча бор у томонга кўз ташлаб қўйдим. Йўқ, ҳар гал тасбеҳ доналарининг оҳиста ўтишини, лабларининг пичирлаётганини кўравердим. Бир оз вақт ўтгач, у ўрнидан дик этиб турди-да, яна Каъбага юзланиб, дуога қўл очди. Оврупалик нотаниш йигитнинг бунчалик ихлос билан ибодат қилаётганини кўриб, совға-салом илинжида дўкон кезиб, меҳмонхонада беҳуда суҳбатлар ва уйқу билан қимматли қанча вақтларини совурган айрим инсонлар эсимга тушди. Мусулмон бўлмаган ўлкада, мусулмон бўлмаган кишилар орасида улғайган бу йигитнинг Аллоҳ таолога муҳаббати ҳар биримиз учун энг яхши сабоқ эди.

Ёки мана бу воқеага нима дейсиз? Ҳаж кунлари одатдагидай ярим тунда Ҳарамга етиб бордим. Пойабзалимни ечиб, энди дарвозадан кирмоқчи бўлиб турганимда ажиб бир манзаранинг шоҳиди бўлдим. Қорачадан келган бир йигит (афтидан, турк бўлса керак) икки ёшлар чамасидаги, жингалак сочли қизчасини кўтариб масжидга кириб кетаётган экан. Қизча дадасининг елкасига бошини қўйганича донг қотиб ухлаб ётибди. Жажжи қўлчаларининг бири отанинг бўйнига чирмашган, бошқаси ёнга осилган. «Боланинг уйқусини бузиб, ярим тунда масжидга олиб келиш шартмиди?» деган бир фикр хаёлимдан ўтди. Ҳатто бу бемеҳр отадан бироз ўпкаланган ҳам бўлдим.

Қизчасини кўтарган турк йигити «Бисмиллаҳ» деб Ҳарамга қадам қўяр экан, елкасида ўтирган қизчаси уйқу босган кўзларини очолмаган ҳолатда бир неча бор «Ассалам, йаа Байтуллоҳ!», «Ассалам, йаа Байтуллоҳ!» дея Масжидул-Ҳаромга салом берди. Ҳайратдан қотиб қолдим. Бутун вужудимга титроқ кирди, кўзимга ёш қалқди. «Субҳаналлоҳ!». Шундай мурғак ёшдаги, уйқудан кўз очолмаган ҳолатдаги қизалоққа Аллоҳнинг Байтига салом билан киришни ким ўргатган? Ҳатто уйқусираётган бўлишига қарамай, бундай салом айтишни у қайси бахтли инсонлардан ўрганган? Боягина жажжи қизалоғига меҳрсизликда айблаб, ич-ичимдан ёқтирмай турганим турк йигитнинг олдига бориб, маҳкам қучган ҳолда: «Раҳмат сизга! Шундай ажойиб қизчани тарбиялаганингиз учун Аллоҳ сизга икки дунё саодатини берсин!» деб дуо қилгим келди.

Шунда лоп этиб кечагина бўлиб ўтган воқеа ёдимга тушди. Жума намозида издиҳом катта бўлишини билганимиз учун масжидга эртароқ етиб бордик. Жойлашиб, зикруллоҳ, Қуръони Карим тиловати билан машғул бўлдик. Шу пайт кейинги сафдан эшитилаётган гап-сўзлар диққатимни тортди. Эътибор қилмай деб олдимдаги китобга тикилдим. Бироқ орқадаги юртдошларимнинг суҳбатлари фикримни чалғитаверди. Сабрим тугаб, ортга ўгирилдим. Соч-соқоли оқарган, етмишларга бориб қолган бир қария ўрта ёшлардаги шеригига нечта фарзанди борлиги, каттасига қаердан участка қилгани, уйларни қандай қургани, ҳовлига нима дарахтлар ўтқазгани ҳақида узундан-узун ҳикоя бошлаган эди. Жума хутбаси бошланди ҳамки, уларнинг баланд овоздаги суҳбати тугай демасди. Улар эса биргина менинг эмас, ён-атрофдаги намозхонларнинг норози нигоҳларига ҳам парво қилмай гаплашаверишди. Шу муносабат билан кеча кўнглимга тошдай ўрнашиб қолган ўкинч музини ҳартугул бугун бу мурғак қизалоқнинг уйқусираган лабларидан учган сўзлар эритиб юборди...

Эй ҳожи биродарим, Ҳарам ҳудудидаги Сафо ва Марва тоғлари орасида юриб-югуриш, яъни саъй қилишни ҳам олиб кўринг. Ҳазрати Ҳожар онамиз қучоғидаги чақалоғи – ҳазрати Исмоил алайҳиссалом учун сув излаб, икки тепалик – Сафо ва Марва ўртасида бир неча бор югуриб бориб-келганлар. Саъй – қора танли бир жория бўлган ҳазрати Ҳожарнинг бутун инсониятга ибрат бўлиб қолган буюк таваккули, фидойилиги рамзидир. Аллоҳ таоло ҳазрати Ҳожарнинг саъй‑ҳаракатларини ҳусну қабул этиб, то қиёматга қадар мўминларга шу амални ўрнак этиб, ибодат қилиб берган. Саъй пайтида ҳар бир ҳожи қалбида сақлаб юрган эзгу тилакларини айтиб, Каъбага юзланиб, Роббига дуолар қилади. Шундан сўнг ҳожилар Замзам қудуғига бориб, бу шифобахш сувдан тўйиб-тўйиб, қониб-қониб ичадилар, ҳазрати Ҳожарнинг сув топгандаги қувончини юракдан ҳис этадилар.

Сиз эътибор ҳам бермай гавжум кўчаларини кезиб юрган Маккаи мукаррама Уммул-қуро, яъни «шаҳарлар онаси» деб таърифланган. Бу шаҳарда охирзамон Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммаднинг киндик қонлари тўкилган, у зотга ватан бўлган, унга Аллоҳнинг илк ваҳийлари инган. Унинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир тоши, ҳар бутаси табаррук, ардоқли, кўзга суртарли азиз. Унинг бирор овлоқ жойи йўқки, ўша ерга охирзамон Пайғамбари, инсонларнинг энг комили, Аллоҳ таоло томонидан бутун оламларга раҳмат этиб юборилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак қадамлари тегмаган бўлсин!

Умуман сиз ҳаж ибодатини ўтаётган, асосан саҳродан, тошлоқ ва қумликлардан иборат бўлган бу юртнинг ҳар бир гўшасида қандайдир бир тарихий воқеа, сийрат китобларига муҳрланган ғазот ва юришлар, Аллоҳнинг каломи олий бўлиши йўлидаги шиддатли жанглар бўлган. Аллоҳ назари тушган бу заминга қанчалаб содиқ саҳобийларнинг, буюк фотиҳларнинг, атоқли олимларнинг, улуғ валий зотларнинг муборак қони тўкилган. Абдуллоҳ ибн Умардай улуғ саҳобий саҳрода кетаётиб, бир жойга етганда ҳамиша туясидан тушар ва энгашиб ўтар экан. Бунинг сабабини сўраганларга «Шу ерда бир дарахт бор эди, Ҳазрати Расулуллоҳ унинг тагидан худди шундай энгашиб ўтардилар», деб жавоб берган. Саҳобалар Пайғамбарга ана шундай эргашишган. Моликий мазҳаби асосчиси Имом Моликдай зот ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак қадамлари теккан заминда уловда юришни ўзларига эп кўрмай, Мадинаи мунавварада ҳамиша яёв юрган эканлар. Улуғ салафларимизнинг кўплари Ҳижоз ерларига илк қадамларини босишганида ҳамма нарсадан олдин бу табаррук тупроқни ўпиш билан ўз эҳтиромларини изҳор этишган.

Эй ҳажга борган биродарим! Иш шундай экан, нигоҳингизни мовий осмондан, муҳташам қаср ва бинолардан, гавжум дўконлардан бир зумга узиб, оёғингиз остига бир қаратинг! Сиз ўз яқинларингизга қандай ҳадя харид қилишнинг хаёлини суриб бепарвогина кетаётган ана шу йўлканинг остида қанча-қанча номдор саҳобаларнинг, мужоҳидларнинг, улуғ зотларнинг ҳоки поклари ётибди. Шунинг учун Макка ва Мадинада бўлганингизда дунё матоҳларига ўралашавермай, шу нарсалар ҳақида ҳам бир оз фикр юритсангиз яхши бўлармиди!

Эй ҳожи биродарим, сиз ҳаж пайтида борадиган ёки турадиган ҳар бир жой ва масканнинг ўз ўрни, ўз тарихи, ўз аҳамияти, манфаати бор. Ҳожилар учун Маккаи мукаррамада юриш ҳазрати Иброҳим, ҳазрати Ҳожар, ҳазрати Исмоил алайҳимуссалом ва ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган ерларда юришдир. Арафот маърифатга, Муздалифа шуурга эришиш жойларидир. Арафотда туриш – маҳшарнинг бу дунёдаги кичик бир кўринишида ҳозир бўлишдир.

Эй ҳожи биродарим, Мино водийига келганингизда сизни қандай туйғулар чулғашини билмадиму, аммо минглаб чодир тикилган бу жойнинг фазилати, аҳамияти ва қадри сиз ҳозиргача кўрган барча шаҳар ва қишлоқларнинг шарафи, қадридан устунроқдир. Минода ички ва ташқи, маънавий ҳамда жисмоний шайтонлар билан мужодала этиш учун тош отиш ўринлари – жамарот бор. Яна бу ерда қурбонлик сўйиб, ҳазрати Иброҳим ва Исмоилнинг тақвоси, таваккули ва итоаткорлигидан ўрнак олиш имкони бор.

Арафот ва Муздалифада иймони зиёдалашиб, қалби ойнадек мусаффо бўлиб қолган мўмин Минода шайтонга қарши зўр бир мужодала бошлайди. Инсонни Аллоҳга ибодат қилишдан чалғитадиган ҳар бир нарса шайтондир. Шайтонни тошбўрон қилиш ёмонликлар, ноҳақликлар, зулм ва зўрликни инкор қилишдир. Минода катта, ўрта ва кичик шайтонларнинг рамзини тошбўрон қилиш ҳазрати Одам ва ҳазрати Иброҳим алайҳимассаломларнинг суннатларига эргашишдир. Бу амал иймонга қарши курашган ёвуз кучларга қарши адоват изҳор қилиш ва улардан ғолиб келишнинг тимсолидир. Ҳаж ибодатининг якунига етиб келаётган ҳожи бу саъй-ҳаракати ила шайтонга ва унинг йўлига эргашганларга ўзининг нафратини изҳор қилади. Айни пайтда ўзининг шайтони лаъинга асло эргашмаслигини эълон қилади.

Мана бу воқеани эса қоғозга туширгани ҳам истиҳола қиласан, киши! Бу не кўргиликки, бундан бир неча йил аввал бир «ҳожи» акамизнинг мана бундай мақтанишларини ушбу гуноҳкор қулоқларимиз эшитган эди: «Маккада кун шунақанги исиб кетдики, гўё таналар эриб кетаётгандек бўларди. Ҳамма автобусга тушиб, Арафот деган жойга «экскурсия»га кетди, мен эса меҳмонхонада кондиционерни охирги совуғига қўйиб, мазза қилиб дам олдим». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаж – Арафотдир» деганлар... Арафотга қадам босмаган, ҳеч йўқ бир неча лаҳза унда турмаган кишининг ҳажи ҳаж бўлмайди. Ҳажнинг энг муҳим фарзи бўлмиш Арафотдаги вақфада (туришда) ҳар ким ўзининг ҳолатини чуқур мушоҳада қилади – қаерда тургани, қалбининг аҳволинини сарҳисоб этади. Арафот турли ирқ, миллат ва маданият вакиллари бўлган мўминларнинг Яратганга қуллик қиладиган маскандир. Саҳиҳ ривоятларда келишича, Арафотда турган ҳожи дуоим мустажоб бўлдимикин, деган шубҳага борса ҳам гуноҳкор бўлади, яъни бу ерда дуоларнинг ижобат бўлишига шубҳа қилиш ҳам мумкин эмас.

Ҳижратнинг ўнинчи йили Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаж қилиб, Арафотда дунёнинг тўрт томонидан келган бир юз йигирма минг ҳожи ҳузурида оламшумул Вадо хутбаларини қилганлар. Арафотда Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ниҳоясига етган. Имом Бухорий ривоят қиладилар: «Яҳудийлар Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб, «Сизлар бир оятни ўқийсизлар, агар ўша оят бизга нозил бўлганида, буни байрам қилиб олган бўлур эдик», дейишди. «Мен ўша оятнинг қачон, қаерда, қандай нозил бўлганини биламан. Аллоҳга қасамки, бу арафа куни бўлиб, биз ҳам Арафотда эдик», деди ҳазрати Умар. – Бу ушбу оятдир: «Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Ислом динини танладим» (Моида сураси, 3-оят).

Мадинаи мунаввара... Мунаввар, нурафшон, фазилатли шаҳар. Маккаи мукаррамада ҳаж арконларини адо этган ҳожиларнинг иккинчи зиёратгоҳи. Самолётда Мадинага учган ҳожилар учун ҳажнинг илк зиёрати шу табаррук заминдан бошланади. Бу ер Ислом нурини бутун оламга ёйган Набий алайҳиссаломнинг шаҳридир. Бу муқаддас заминнинг ҳар бир қарич тупроғи инсониятга Ислом зиёсини етказган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, асҳоби киромнинг оёқларига пояндоз бўлган. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом Ислом рисолатини поёнига етказиб, ўз умматларига топширмоқ учун туғилиб-ўсган ватанларини тарк этиб, бу ерга ҳижрат қилганлар. Илк Ислом давлатини шу ерда қурганлар, ваҳий нузулининг бир қисмини шу ерда қабул қилганлар. Ислом даъвати якунига етгач, ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом шу ерда Рафиқул аълога интиқол қилганлар ва шу ерда дафн этилганлар. Шу тариқа Мадина Аллоҳнинг энг суюкли бандасини, Бани башарнинг энг афзалини ўз бағрида сақлаш шарафига ноил бўлган.

Масжидун‑Набий Пайғамбар алайҳиссалом ҳижратларидан кейин бино этилган илк масжиддир, ер юзида Масжидул‑ҳаром ва Масжидул‑Ақсодан кейинги энг фазилатли саждагоҳдир. Бу ерда Ҳазрати Расулулоҳ алайҳиссалом, у зотдан сал нарида ҳазрати Абу Бакр, у зотнинг ёнларида эса ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумо дафн қилинганлар. Мазкур масжид Расулимиз алайҳиссаломнинг ҳам уйлари, ҳам мадрасалари, ҳам қароргоҳлари бўлган. Шунинг учун ҳожилар асосий вақтларини ушбу масжидда ўтказиб, фарз намозларини шу ерда адо этишлари керак. Аммо кўп ҳожиларимизнинг бу тансиқ дамларнинг қадри ва фазлини яхши англамай, кўп вақтларини меҳмонхонада, бефойда суҳбатлар билан ё дўкон кезиб ёки ошхоналарда ўтказиб юборишлари афсусланарлидир.

Эй ҳожи биродарим, энди бир ўйлаб кўринг: тили, ранги, миллати, урфи, маданияти турлича бўлган миллионлаб мусулмонлар бир тану бир жон бўлиб адо этадиган ҳаж ана шундай муҳим аҳамиятга эга. Аллоҳ таолонинг наздида оқнинг қорадан, арабнинг ажамдан, форснинг фарангдан фарқи йўқлигини кўрсатувчи гўзал ва муҳташам ибодатдир. Ибодат нияти билан муқаддас ерлар томон қилинган ушбу сафар кишига ўзининг маънавий ҳаётини янгидан сарҳисоб қилиш, анбиёлар рисолати билан мунаввар бўлган бу қайноқ ўлкада яшаш, Ислом тарихини янгитдан ўрганиш, ўзликни англаш имконини беради. Ҳаж ибодати мўмин‑мусулмонлар учун камолот чўққисидир. Шундай бўлгач, сиз ҳаждаги ҳар бир кун, ҳар бир соатнинг қадрига етинг! Кўп вақтингизни ибодатларга, бу табаррук юртда содир бўлган ишлар ҳақида фикр қилишга, улардан ибратланишга, гуноҳлардан покланиш учун кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилишга бағишланг! Хаёлингиз яқинлар ва фарзандларга қандай совға харид қилиш, динимизда мутлақо бўлмаган «ҳожи оши»ни қаерда ва қандай ўтказиш, сизни кутиб олишга кимлар чиқиши каби бефойда фикрлар билан банд бўлмасин. Бунинг ўрнига ҳажингизни Аллоҳ қабул қилдими, унинг мукофотига сазовор бўла олдингизми, ҳажнинг барча арконларига риоят этиб, уни тўкис қилдингизми – ана шу мулоҳазалар устида кўпроқ тафаккур қилинг! Шунда ҳажингиз мабрур, унинг мукофоти жаннат бўлади.

Аллоҳ Расули алайҳиссаломнинг ваъдаларига кўра, ҳаж ибодатини мукаммал адо этган кишининг мукофоти жаннатдир. Ёш тўла кўзларини, покланиб, топ‑тоза бўлиб қолган қалбини Аллоҳнинг Байтидан уза олмай, ўз уйига қайтаётган ҳожи энди мутлақо бошқа инсондир. Зеро, у Ҳарами шарифда буюк пайғамбарлар юрган йўллардан юрди, улар қилган саъй-ҳаракатларни қилди, улар бажарган ибодатларни адо этди ва гўё ўша улуғ зотларнинг зумрасига дохил бўлди. Ҳаж ибодати гуноҳларига тавба қилган, хатоларини англаган, ҳаётини Ислом мезони билан сарҳисоб қилган ва умр китобидан янги, оппоқ саҳифа очган ҳожи учун янги, покиза ҳаётга қўйилган илк қадамдир...

Аммо минг афсуски, айрим ҳожиларимиз ҳаждан қайтиб келгач, ана шу саодатли онларнинг, ўхшаши йўқ ибодатларнинг, табаррук жойларнинг шукуҳини, фазлини, қадрини ҳис этишмаётир. Эски гуноҳларини бемалол қилиб юрган, ахлоқини яхши томонга ўзгартирмаган, ёмонликлардан тийилмаган, «ҳожи» деган номга номуносиб ҳаёт кечираётган айрим одамларнинг ҳам борлиги фикримизга далилдир. Ҳукумат ҳожиларимизга илтифот кўрсатиб, ҳаж мавсуми тугагач яна бир неча кун меҳмон бўлишлари мумкинлигини эълон қилганида «Мени тезда юртга жўнатмасанглар бўлмайди, эртага ҳожи ошига одам таклиф қилиб, қўйларни сўйдириб қўйганман» деган кишиларнинг ҳам чиққани фикримиз далилидир. Ҳожиларни олиб қайтадиган самолёт бир кунга кечикканида ҳожига хос бўлмаган сабрсизликдан, тоқатсизликдан ўзини қўйгани жой тополмай қолганларнинг ҳам борлиги фикримизга яхши далил бўла олади. Ибодатлар пайтида жони қийналиб кетганидан «Иккинчи бор бундай жойларга келмаганим бўлсин» деган сўзлар тилига чиқиб кетган ҳожи кейинчалик бу гапига афсусландимикин?!

Ҳа, ҳаж сиҳатгоҳ ёки ҳордиқ чиқариш уйида роҳатланиб дам олиш каби иш эмас. У мусулмоннинг иродасини, ихлосини, тақвосини, иймонини имтиҳон қилувчи масъулиятли ва машаққатли ибодатдир. Ҳаж Аллоҳнинг розилигини топиш, Ундан гуноҳлар мағфиратини сўрашнинг энг қулай имкониятидир. Ҳаж тавба-тазаррунинг, покланишнинг, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Унинг жаннатига эришишнинг воситасидир. Шундай экан, эй ҳажга отланаётган биродарлар, сиз ана шу катта ва муҳим имтиҳондан ўтишга тайёрмисиз? Эй ҳаждан қайтган биродарлар, бу ибодатнинг файзини, шукуҳини, моҳиятини чин дилдан англай олдингизми? Энди ҳаётингизни шунга муносиб равишда қура оласизми? Мана шу саволлар барчамиздан жавоб кутади...

 

Аҳмад Муҳаммад.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг умр сафари китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Бақара сураси, 199оятИслом давоми...

3570 18:44 / 23.08.2017
Абу Наср Таммор роҳимаҳуллоҳ ривоят қилади .Бир киши нафл ҳажга кетаётиб Бишр ибн Ҳорис роҳимаҳуллоҳ билан видолашгани келди ва сўради Мен ҳажга боряпман. Бирор давоми...

2798 11:01 / 21.07.2022
Талбия биз томонларда .лаббайка айтиш, номи билан машҳур. Ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида талбиянинг лафзлари, унинг фазли ва давоми...

69019 20:28 / 01.08.2020
Қурбон байрами кунлари риоя этилиши зарур бўлган алоҳида одоблар бор1. Бу байрам кунлари рўза тутмаслик.Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий давоми...

10089 17:00 / 18.07.2021
Аудиолар

118770 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40726 14:35 / 11.08.2021