1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

РЎЗАНИНГ НОЗИК СИРЛАРИ

05:00 / 11.01.2017 2983 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Инсоннинг йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Шунинг учун ҳам, рўза нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Жарайр ан-Наҳдийдан, у Бани Сулаймлик бир кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Рўза сабрнинг ярмидир…», дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Сабр эса нафснинг энг олий мақомларидан биридир.
Қолаверса, рўза тақвонинг асосий омилларидан биридир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз», деган (183-оят).
Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахс қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.
Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.
Тақво эса, ўз навбатида нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича асосий омилдир.
Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу унинг Аллоҳ таолонинг Ўзига изофа қилинишидир.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бунинг баёнини қилгандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман». Бешовлари ривоят қилган.
Рўзанинг бу каби фазлга эга бўлишининг иккита маъноси бордир:
Биринчиси: рўза ички амал ҳисобланади.
Иккинчиси: рўза Аллоҳ таолонинг душмани шайтонга қаҳр бўлганидир.
Маълумки, шаҳват емоқ ва ичмоқ ила қувватланади. Шаҳвати кучли бўлган одамга шайтон ўз амрини ўтказиши осон бўлади. Рўза тутган одамга эса шайтон яқинлаша олмайди. Рўзанинг фойдаларини санаб адоғига етиб бўлмайди.

РЎЗАНИНГ НОЗИК СИРЛАРИ

Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.
Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.
Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ, кўз, қулоқ, тилни оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборатдир.
Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ, қалбни пасткаш ҳимматлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳдан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир.
Ушбу мақомда хосларнинг рўзаси ҳақида бир оз алоҳида сўз юритиш мақсадга мувофиқ бўлур.
Аввал айтиб ўтганимиздек, омманинг рўзасидан фарқли равишда хосларнинг рўзаси аъзоларни гуноҳлардан тийишни ҳам ўз ичига олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Хосларнинг рўзаси солиҳлар рўзаси деб ҳам номланади. Бу даражадаги рўзанинг мукаммал бўлиши қуйидаги нарсалар ила рўёбга чиқади:
1.Барча ёқимсиз ва ёмон нарсалардан кўзни тийиш ҳамда қалбни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга машғкл қилмаслик.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Назар солиш шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким Аллоҳдан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ азза ва жалла унга қалбида ҳаловатини топадиган иймон беради», дедилар». Имом Ҳоким ривоят қилган.
2. Тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплар, жафо, хусумат, мақтанчоқликка ўхшаш нарсалардан тийиб, сукутни лозим тутиш. Уни Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати ила машғул қилиш. Бу тилнинг рўзасидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза сақловчидир. Қачон бирингизнинг рўза куни бўлса, фаҳш гап гапирмасин ва жоҳил бўлмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадор одамман», десин». Бешовлари ривоят қилган.
Бишр ибн Ҳорис раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, Суфёни Саврий: «Ғийбат рўзани бузади», деган.
Лайс қилган ривоятда Мужоҳид шундай дейди: «Икки хислат– ғийбат ва ёлғон рўзани бузадир».
Бу гаплар омманинг эмас, солиҳлар рўзасининг бузилиши ҳақидадир. Яъни, ғийбатчининг рўзаси омманинг рўзаси савиясида бўлаверади. Аммо ғийбати туфайли солиҳлар рўзаси даражасидан тушади.
3. Қулоқни эшитиш макруҳ бўлган барча нарсалардан, бошқача қилиб айтганда, юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳаммасидан сақлаш.
Чунки гапириш мумкин бўлмаган барча нарсани эшитиш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳаром егувчи билан ёлғон эшитувчини баробар санаган:
«Улар ёлғонни кўп эшитувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир», (“Моида” сураси, 42-оят).
4. Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан сақлаш ҳамда ифтордан кейин қоринни шубҳали таомлардан сақлаш. Зотан, қоринни ҳалол нарсадан сақлаб рўза тутиб, кейин ҳалол бўлмаган нарса ила ифтор қилишнинг маъноси ҳам йўқ.
Ҳаром динни ҳалок қилувчи заҳардир.
Ҳалол даво бўлиб, ози фойдали, кўпи зарарлидир.
5. Ифторда ҳаддан ташқари кўп еб қоринни тўйдириб юборишдан сақланиш. Бундай қилиш ила рўзадан кўзланган мақсад амалга ошмайди. Чунки рўзадан кўзланган мақсадлардан бири очликнинг таъмини татиб кўришдир.
Мазкур мақсадга эришиш эса, рўзадан бошқа вақтларда нонуштада тановул қиладиган таомни саҳарликда ва кечки овқатда тановул қиладиганини ифторда истеъмол қилиш билан бўлади.
Ифтордан сўнг қалби хавф ва ражо орасида изтиробга тушиб турмоғи лозим. Чунки рўзаси қабул бўлиб, муқарраб бандалар қаторига қўшилдими ёки қабул бўлмай, ғазабга учраганлардан бўлдими аниқ эмас – ку. Ҳар бир ибодатдан фориғ бўлгандан сўнг шу ҳолатда бўлиш лозимдир.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ кулиб ўтирган қавм олдидан ўтаётиб: «Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойини Ўз халқини чиниқтириш учун ва тоатида мусобақа қилиш учун жорий қилган. Бир қавмлар ўзиб кетдилар ва ютуққа эришдилар. Бир қавмлар қолиб кетдилар ва ноумид бўлдилар. Ўзувчилар ютган, аҳли ботиллар ноумид бўлган кунда ўйнаб кулганлардан ажабланаман», деди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аминманки, сиз мендан Йўқ. Ҳечам сустлаштирмайдиrdquo деган жавобни кутасиз. Аммо ҳақиқат шундаки, сустлаштиради... Агар рўзадор бўлиш деганда, сиз ейиш ва ичишдан давоми...

3349 17:24 / 26.05.2018
Савол саҳарлик қилиш қандай амал Жавоб саҳарлик қилиш мустаҳаб амалдир. Саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса ебичмасдан рўза давоми...

2122 17:30 / 19 март
Рамазон ойида нотўғри овқатланиш инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, рўзадорлар соғлом овқатланиш давоми...

2129 09:31 / 11 март
Солиҳ салафлар Аллоҳнинг Китобига бошқача эътибор беришар эди. Айниқса Рамазонда уларда ақл бовар қилмас даражада ажойиб бир ҳолатни кўрамиз. Баъзи солиҳ давоми...

1001 03:30 / 11.04.2023