1440 йил 12 сафар | 2018 йил 21 октябрь, якшанба
Минтақа:
UZ EN RU AR
Сахобалар хаёти

Ҳазрати Абу Бакр (19-қисм)

16:54 / 20.04.2017 778 Ўқиш режими + -

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

ЁЛҒОНЧИ ПАЙҒАМБАРЛАРГА ҚАРШИ

 (19-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари мўмин-мусулмонлар учун энг қора кун, оғир мусибат, улкан фалокат, таҳликали синов бўлгани ҳолда мушрик-мунофиқлар учун зўр хурсандчилик, интиқом умиди, фитна-исёнлар фурсати эди. Бутун Араб жазирасини, ҳатто бошқа ўлкаларни Ислом байроғи остида бирлаштирган, минг-минглаб одамларни Аллоҳнинг ҳақ динига даъват этган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орадан кетишлари йўқотилган мавқе ва мулклар алами, қўлдан кетган салтанат ва киборлик васвасаси гирдобида уйқуси қочган, иложсизликдан заҳарга тўлган неча-неча мушрикларнинг пайтавасига қурт тушириб қўйганди. Энди Пайғамбар орадан кетдилар. Энди у зот жорий қилган закот-жарималарни тўлашдан бош тортиш мумкин. Энди халифа Абу Бакр ҳукмронлигини ағдариб, яна эски нуфуз-мартабаларни қайтариб олиш вақти келди.

Абу Бакрнинг раҳбарликдаги илк кунлари таҳликали, бесаранжом, бир-биридан ваҳимали фитна-исёнлар пўртанаси бошланди. Араб жазирасининг у ер-бу ерида пайдо бўла бошлаган мутанаббийлар (сохта, ёлғончи пайғамбарлар) ҳам интиқом фурсати етганини англаб, исён-иғволарни авж олдириб юборишди. Уларнинг баъзиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирги йилларида ўзларини билдирган бўлса, баъзиси у зотнинг вафотларидан кейин пайдо бўла бошлади. Уларга эргашган баъзи араб қабилалари очиқ-ойдин Ислом динидан чиқмоқчи, шариатнинг бутун аҳкомларини рад этиб, аввалги ботил динларига қайтмоқчи эди. Бошқа бир қабилалар Исломдан батамом чиқмоқчи эмасди. Улар намоз ўқишга рози бўлишса, закот беришни инкор этишар, бир ибодатни қабул қилгани ҳолда, иккинчисини рад этиб, адашув томон юз буришарди. Динидан бутунлай қайтган муртадлар эса ёлғончи пайғамбарларга қўшилиб, уларнинг «тегирмонига сув қуярди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали тирикликларидаёқ Бани Ҳаниф қабиласидан Мусайламатул-Каззоб деган ёлғончи пайғамбар чиқиб, ҳатго Расули акрамга «Аллоҳнинг элчиси Мусайламадан Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадга», деб мактуб ёзишга ҳам журъат этганди. Бунга жавоб хатини Сарвари коинот «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан ёлғончи Мусайламага маълум бўлсинки», деган жумла билан бошлаган эдилар. Бани Тамим қабиласидан Сажжоҳ исмли бир аёл ҳам пайғамбарлик даъвоси билан ўртага чиқди. Ана шу аёл энди Мусайлама билан урушгани ўз тарафдорларини бошлаб чиқди. Бироқ Мусайлама ҳийла ишлатиб Сажжоҳнинг кўнглини топди ва унга уйланди. Бундан эриб кетган аёл «пайғамбарлик»ни эри Мусайламага туҳфа қилди. Ўз тарафдорларига унинг қўшинига қўшилишни амр этди. Икки мушрик, икки ёлғончининг издошлари Исломга қарши катта қўшинга айланди.

Яна Бани Асад қабиласидан Талҳа (Тулайҳа) ибн Ҳувайлид, Яманда Асвад Ансий деган ёлғончи пайғамбарлар ҳам пайдо бўлишди. Тўғри, Асвад Расулуллоҳ вафотларидан бир кун олдин қатл этилган эди. У мусулмонликни қабул қилган Яман волийи Бозон ўлимидан сўнг унинг ўғлини ўлдирди, хотинига уйланиб, Яманга ҳоким бўлди. Ва Яман аҳолисини Исломдан чиқишга буюрди. Асвадни энг содиқ соқчилар ҳимоя қилишарди, турган жойига одам тугул, пашшани ҳам ўтказишмасди. Шу сабабли мусулмон аскарлар уни анчагача қўлга олишолмади. Шунда хотини билан тил бириктирилди. Ярим кечада ҳарамига кириб, ўша ерда қатл қилишди. Боши кесилаётган Асвад хириллаб хунук овозда қаттиқ бақирди. Шовқинга чопиб келган соқчиларни унинг хотини тўсиб: «Зинҳор хонага кира кўрманглар, шовқин кўтарманглар. Унга ваҳий келяпти, адашиб кетиши мумкин», деб ичкарига қўймади. Шундан кейин яна масжидлар узра азони Муҳаммадиййа янграй бошлади, Яман халқи такроран Исломга кирди.

Ёлғончи пайғамбарларга эргашган осийлар тобора ҳаддан ошишарди. Улар ҳатто Исломнинг бош шаҳри Мадина устига юриш қилиб, Пайғамбар шаҳрини ишғол қилиш режасини тузишарди. Ислом олами таҳликалар, бўҳронлар, исёнлар қаршисида қолган эди. Аммо бу фитналар халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг матонатларини бука олмади, саросимага солмади. Ҳазрат Абу Бакр иродаларини ишга солиб, заковат ва қатъият билан душманни маҳв этиш, жаноб Сарвари коинот қуриб кетган Ислом мамлакатини муҳаққақ катта фалокатдан қутқариб қолиш йўлини топа билдилар. Бир томонда пайғамбарлик даъвоси, иккинчи томонда закот бермаслик иддаоси билан ҳокимиятга қарши отланган кучларга қарши уруш очдилар.

Аммо халифалик хавфсизлигини ўйлаб, айрим саҳобалар улар билан вақтинчалик сулҳ тузишни таклиф этишди. Ҳатто ҳазрат Умардай саҳобийларнинг улуғи ҳам Абу Бакрга:

— Закот бермаётганлар билан урушмай турсангиз, – деб маслаҳат бердилар.

— Намоз ўқиганлари ҳолда закотдан бўйин товлаганларга қарши қандай урушамиз, ахир уларнинг иймони бор-ку? – дея эътироз билдирди бошқалар.

Аммо ҳазрат Абу Бакр бундай ўйламадилар:

— Аллоҳга қасамки, намоз билан закотни бир-биридан ажратувчиларга уруш очаман! Расули акрамга (закот ўлароқ) берилган бир туя анжоми ёки бир эчки боласини ҳам менга беришдан қочганларга қарши шу қўлларим қилич тута олмай қолгунича жанг қиламан!

Ҳазрат Абу Бакрнинг тўғри раъйларини, буюк исобатларини асҳоб тўғри тушунди, маъқуллади. Ҳазрат Умар халифанинг қатъият, жасорат, тўғри мулоҳазаларидан ҳайратгатушиб:

— Аллоҳ ҳазрат Абу Бакрнинг кўксиларини очиб, у кишига ҳақиқатни кўрсатиб қўйган экан, мен ҳам у зотнинг раъйлари ҳақиқат эканини англаб етдим, – дея эътироф этдилар.

Ҳазрат Абу Бакр исёнкорларга қарши ўн нафар қўмондон бошчилигида қўшин жамладилар. Бундан аввалроқ исёнчиларга огоҳлантириб мактуб ҳам жўнатдилар. Асосий қўшинга улуғ саркарда Холид ибн Валид қўмондон бўлди.

Мусайлама жангда қутурган ит каби ўлим топди. Аввал унинг тарафдорлари Икрима қўшинидан енгилмай қолганди. Холид ибн Валид ўз қўшинидан уч баробар кўп душманга қарши чиқди. Жуда шиддатли ва қонли Ямома жанги бошланиб кетди. Холид Мусайламани мубораза майдонига чорлади, аммо унинг юраги бетламади. Шундан сўнг унинг қўшини парокандаликка юз тутди. Қочиб қолган Мусайламани бир вақтлар Уҳуд ғазотида Исломнинг улуғ қаҳрамони ҳазрат Ҳамзани ўлдириб маломатга учраган ҳабаш Ваҳший ҳалок этди. Расулуллоҳ амакиларининг қотили бўлган бу ҳабаш Исломнинг катта душманларидан бирини ўлдириб кўнгил доғини ювди. Ямома жангида мусулмонлардан икки минг, Мусайлама қўшинининг эса деярли бари (йигирма минг киши) ҳалок бўлди.

Холид Тулайҳа қўшинини ҳам тор-мор этди. У хотинини отга мингаштириб қочиб, аранг жон асраб қолди. Кейин ҳар ерларда яшириниб юрди. Абу Бакр вафотларидан кейин халифа Умар ибн Хаттоб ҳузурларига тавба қилиб келди, Исломни қабул қилди.

Ўша таҳликали кунларда халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг пухта ўйлаб, ақл ва қатъият билан иш тутганлари туфайли ёлғончи пайғамбарлар ва диндан қайтганларга қарши Ридда урушлари мусулмонлар зафари билан тугади. Расулуллоҳ вафотларидан икки ой ўтмасданоқ бошланган иртижо ва иртидод ҳаракатлари яшин тезлигида бостирилди, қотиллар жазоланди. Қисқа фурсатда Араб жазираси итоат остига олинди, Абу Бакр розияллоҳу анҳу раҳбарлик қилаётган давлат мустаҳкамланди. Ҳамма нарса Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асл ҳолига қайтди...

Ўша кунлар ҳақида мўминлар онаси Оиша розийаллоҳу анҳо шу гапларни жуда тўғри айтгандилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бақо гулистонига кўчгач, Мадинада нифоқ ўрмалаб қолган, араблар ёппасига диндан қайта бошлаган эдилар. Аллоҳ таоло Абу Бакрнинг қўли билан уларни яна қайтадан жам этди. Абу Бакрнинг бошларига тушган кун агар пурвиқор тоғ бошига тушса эди, албатта бу уни ўрнидан қўзғотиб юборган ва майда-майда қилиб ташлаган бўларди».

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар давоми...

877 16:31 / 21.04.2017
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келгунларича Мадина шаҳри Ясриб деб аталар эди. Ясриб арабчада ёмонлик маъносини англатади. давоми...

614 19:36 / 21.04.2017
Ўзларининг кунялари билан машҳур бўлган бу улкан саҳобий Абу Толҳанинг тўлиқ исмлари Зайд ибн Саҳл ибн Асвад ибн Ҳаром ибн Амр ибн давоми...

694 19:50 / 21.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли икки набиралари, ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳронинг жигаргўшалари Имом Ҳасан ва Имом давоми...

692 19:39 / 21.04.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat