1446 йил 4 рабиъус сони | 2024 йил 07 октябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (13-қисм)

16:20 / 21.04.2017 4911 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар 

БУЮК ИСЛОМ БИРОДАРЛИГИ

(13-қисм)

Рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқнинг дўстликларини эту-тирноққа тенглаш, қиёслаш мумкин эди. Этни тирноқдан ажратиб бўлмагани каби Аллоҳнинг расули ва у зотнинг энг яқин сафдошларини ҳеч нарса, ҳеч ким бир-бирларидан айира олмасди. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Менинг учун ўзининг суҳбати ва мол-дунёси борасида энг ишончли кишилардан бири Абу Бакрдир. Агар Раббимдан бўлак яна бир дўст тутадиган бўлсам, албатта Абу Бакрни дўст тутган бўлардим. Лекин Ислом биродарлигининг ўзи бизга кифоя қилади», деб марҳамат этганларининг ўзиёқ ана шу исломий яқинликнинг энг яхши таърифи эди. Ҳазрат Пайғамбаримизнинг «Машриқда ва мағрибда Абу Бакрдан кўра яхшироқ кимса топилмайди», деганларининг ўзиёқ бу зотга берилган энг яхши баҳо эди. Абу Бакр Сиддиқ ўзларининг энг суюмли, фозила, оқила, олима қизлари ҳазрат Оишани жаноб Расулуллоҳга завжаликка беришлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг Абу Бакрга ниҳоятда иззат-эҳтиром юзасидан Оишага уйланишлари ҳам ана шу дўстликнинг бир кўриниши эди. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз дўстлари ҳақида: «Бутун ер юзи аҳолисининг иймони Абу Бакр иймони билан тарозуда солиштирилганида унинг иймони босиб кетган бўларди», деб марҳамат қилганлар.

Ҳазрат Абу Бакр барча ғазотларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён бўлдилар, у зотни душманнинг ҳамласидан ҳимоя қилдилар, тушкунлик онларида далда бердилар, у зотнинг ёнларида туриб мардона жанг қилдилар, зарур ўринларда маслаҳат-таклифларини ўртага ташладилар.

Эсланг, Бадр ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш қўшинига қарши урушиш ҳақида муҳожирлар ва ансорнинг фикрини билмоқчи бўлганларида биринчи бўлиб Абу Бакр сўзга чиқдилар ва ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар. Бадр ғазоти мусулмонлар ғалабаси билан тугаганидан сўнг асирлар масаласи кўтарилганида ҳам ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб сўз олдилар ҳамда маълум ҳақ (фидя) эвазига улар ни озод этиш таклифини ўртага ташладилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина таклифлар ичидан ҳазрат Абу Бакрнинг таклифларини қабул қилдилар, асҳобнинг кўпчилиги ҳам буни маъқул деб топдилар. Ваҳоланки, кейинроқ бу хусусда танбеҳ моҳиятидаги илоҳий ваҳий ҳам нозил бўлди.

Эсланг, Уҳуд жангининг энг таҳликали, қалтис онларида, мушрикларнинг қўли баланд келиб, Ислом қўшини саросимага тушиб қолган бир пайтда Расулуллоҳнинг ёнларида ҳазрат Абу Бакр, Умар, Али, Абдураҳмон, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр, Талҳа каби энг яқин сафдошлари қолган эди. Фахри коинотни душман ўқидан жони кўзига кўринмай мардона ҳимоя қилганларнинг энг собити ҳам ҳазрат Абу Бакр эдилар. Ҳамро ул-Асад воқеасида ҳам душманни таъқиб этаётган мусулмонларнинг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг энг яқин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ боришарди.

Эсланг, Ҳудайбияда Абу Жандал можароси пайтида ҳазрат Умар чидай олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бироз ҳиддат билан таънаомуз гаплар қилганларида ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз тарафларида туриб: «Ҳазрат Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридирлар, нима қилсалар ҳам Аллоҳнинг амрига мувофиқ қиладилар», дея ҳазрат Умарни огоҳлантирган эдилар. Ҳудайбияда мунофиқларнинг алдовларига учмай, уларга қарши кескин раддия берган ҳам Абу Бакр Сиддиқ эдилар.

Эсланг, Буюк Ислом инқилоби бўлмиш Макка фатҳи арафасида Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Абу Бакрни чорлаб ўнг ёнларига ўтқаздилар, ҳазрат Умарни чақириб чап ёнларидан жой бердилар. Маккага ҳужум қилиш-қилмаслик ҳақида уларнинг фикрларини сўрадилар. Маккани фатҳ этиш учун юришга қарор қилинди ва йигирма йил давом этган «Ислом-мушрик» даъволашуви поёнига етди.

Эсланг, ҳижратнинг тўққизинчи йилида жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни ўзларига ноиб этиб, ҳажга кетаётган карвонга ҳаж амири қилиб тайинладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу жуда кўп мусулмонга бош бўлиб ҳаж қилдилар, уларга ҳаж фарзларини ўргатдилар.

Эсланг, Табук ғазотида Абу Бакр розияллоҳу анҳу энг катта байроқнинг яловбардори вазифасида қатнашгандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни Нажд ўлкасидаги Бани Қилоб ва Фазора жангларига аскарбоши қилиб жўнатганларида Абу Бакр кофирлар билан аёвсиз жанг қилганлар ҳамда зафар билан қайтганлар

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳеч бир фикрда, ҳеч бир маслаҳатда Аллоҳнинг расулига ихтилофда бўлмаганлар. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидан бўйин товламай, ҳеч қандай тараддудсиз бажо келтирганлар. У зотнинг бирон раъйларига қарши ўлароқ фикр ҳам билдирган эмасдилар. Қандай масала юзага чиқмасин, қандай ҳодиса рўй бермасин, ҳамма ҳолатда Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ учун болаларидан ҳам, аҳли аёлидан ҳам, энг яқинларидан ҳам севиклироқ, азизроқ, ҳурматлироқ бўлиб қолавердилар. У зотнинг ризолари, кўнгил хушликлари учун ҳамма нарсадан ҳеч қандай кароҳиятсиз, осонгина воз кеча олардилар. Бу Аллоҳ ризолиги йўлида, Аллоҳга бўлган улуғ бир иймоннинг кўриниши ўлароқ, Аллоҳнинг расулига нисбатан буюк бир садоқат, дўстлик, фидойиликдан ўзга нарса эмас эди

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хитоб қилиб: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло (бу) дунёдаги ва Ўз ҳузуридаги бандалари орасидан бир бандани афзал кўрди. Мен (ҳам) Аллоҳ таоло ҳузуридаги (яъни, Аллоҳ таоло афзал кўрган) ўша бандани афзал кўрдим», дедилар. Шунда Абу Бакр йиғлаб юбордилар. Биз: «Абу Бакр нима учун жаноб Расулуллоҳ Аллоҳ таоло афзал кўрган бандани афзал кўрганлари учун йиғлаётирлар?» деб таажжубга тушдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни афзал кўрувчи, Абу Бакр эса у зотни барчамиздан ҳам яхшироқ кўрувчи ва билувчи киши эдилар».

Бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, намозда ўқиб юришим учун менга бир дуо ўргатинг», деб ўтиндилар. Шунда у зот алайҳиссалом: «Аллоҳим, мен ўзимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақат Сен мағфират қиласан. Бас, ҳузурингдаги мағфират ила мени афу этгин, менга раҳм айлагин. Албатта Сен мағфиратли, раҳмли Зотдирсан»,деб ўргатдилар.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони «ўзига кўп зулм қилган» киши – Абу Бакрга ўргатганлар. Умматлари орасидаги энг улуғ зотга, иймони энг мукаммалига, Қуръон ўқиганида кўз ёшини тиёлмайдиган қалби ҳалимига, ўзлари жаннати, деб башорат берганилари, бутун мўминларнинг иймони тарозининг бир палласига, уники бошқасига қўйилса, иккинчи паллага қўйилган унинг иймони оғир келади, деб васф этганлари, Умарнинг хулқи унинг ахлоқи олдида денгиздан бир томчи, деб баҳолаганлари ўша Абу Бакрга ўргатганлар!..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят этилган хабарларни қабул этишда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кўп эҳтиёткор эдилар. Бир гал одамларни тўплаб хутба қилдилар. Хутбаларида:

— Сизлар Расулуллоҳдан бир неча ҳадис ривоят этяпсизлар. Ривоятларингизда ихтилоф (ҳар хиллик) ҳам учраяпти. Сизлардан кейинги авлод янада зиёда ихтилофга тушадилар. Бу ҳолда Расул алайҳиссаломдан бир нарса ривоят қилманглар. Борди-ю, сизлардан ихтилофли бир масала сўровчилар чиқиб қолса, ўртамизда Китобуллоҳ бор, денглар. Китобуллоҳнинг ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром билинглар, – дедилар.

Аммо бу сўзлардан муроди олийлари ривоят дарвозасини тақа-тақ ёпиб ташлаш эмас, балки нақл қилинган ривоятларни шоша-пиша қабул этмаслик ва бу бобда исботлаш ва синчиклаб ўрганишни илтизом эттирмак эди. Зеро, ўзлари ҳам баъзиларга нисбатан оз бўлса-да, ҳадис ривоят қилганлар ва ривоят этилган хабарларни қабул қилганлари ҳам воқедир.

Бир марта бир хотин набирасининг ҳиссасидан мерос олиш учун у зотга мурожаат этганида:

— Аллоҳнинг китобида сенга бирор нарса берилажагига дойр бир оят кўрмаяпман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бу масалага дойр бир нарса деганларидан хабардор эмасман, – дея жавоб қилдилар ва масалани ёнларида ҳозир турганлардан сўрадилар.

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу оёққа қалқиб:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам судус (олтидан бир қисмини) берар эдилар, – дедилар.

Абу Бакр:

— Бу ишни сендан бошқа билганлар ҳам борми? – дея сўрадилар. Шунда Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб бу воқеани билишларини айтгач, у хотинга олтидан бир қисмини олиб бердилар. Бу қисса кўрсатадики, ҳазрат Абу Бакр Сиддиқнинг у хутбадан муроди олийлари эшитилган ҳар бир ривоятни текшириб аниқлашга тавсия бўлган, зинҳор, Аллоҳ сақласин, хаворижлар айтган маънода «Аллоҳнинг китоби бизга етади», демоқчи эмасдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ таоло йўлида ниманики бўлмасин, бир жуфтдан садақа қилса, қиёмат куни «Эй Аллоҳнинг бандаси, бу қилган хайру эҳсонларинг учун ато этилган савоблардан биридир», деб жаннатнинг барча дарвозаларидан чақирилади. Ким намоз аҳлидан бўлса – намоз дарвозасидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса – жиҳод дарвозасидан, ким садақа аҳлидан бўлса – садақа дарвозасидан, ким рўза аҳлидан бўлса – рўза дарвозасидан (Раййон номли дарвозадан) чақирилади», деб марҳамат этганларини эшитдим. Шунда Абу Бакр: «Барча дарвозалардан чақирилувчи киши учун бунинг зиёни йўқ (аксинча, бу Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган иззат-икроми белгисидир). Ё Расулуллоҳ, бир киши ўша дарвозаларнинг барчасидан чақириладими?» дедилар. У зот: «Ҳа, шундай! Эй Абу Бакр, мен сизнинг барча дарвозалардан чақирилувчи кишилардан бири бўлмоғингизни истайман!» дедилар».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Улар мени маломат қилишаверди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб бориб, ёлғон гапирсаммикин, деб ўйладим. Сўнгра уларга .Бундай узр давоми...

2556 11:09 / 25.05.2021
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар.Сафарнинг оғир йўллари,7қисмПайғамбаримиз алайҳиссалом ва Абу Бакр давоми...

5040 16:33 / 21.04.2017
Динимиз ndash Ислом наслнасабни пок сақлаш, шармуҳаё, бировга нопок назар билан боқмаслик каби гўзал маънавий ахлоқ ва одобларга чорлайди. Бугунги фаровон давоми...

2203 09:00 / 12.08.2023
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан.Аллоҳ таолонинг .Сен .Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман,, деб айт,, ояти ҳақида сўралди.Бас, Саъид ибн давоми...

5017 19:34 / 21.04.2017
Аудиолар

131233 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51736 14:35 / 11.08.2021