1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (14-қисм)

21:18 / 21.04.2017 6912 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

РАСУЛУЛЛОҲ СИРЛАРИНИНГ СОҲИБИ

(14-қисм)

Ҳазрат Умарнинг қизлари Хафса бинти Умар илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Ханийс ибн Хузофа ас-Саҳмийга турмушга чиққанди. Бу киши Бадр ғазоти қатнашчиларидан эди. Ханийс Мадинада вафот этиб, Хафса тул қолди. Шунда ҳазрат Умар қизларини муносиброқ бир кишини топиб, унга турмушга беришни хоҳладилар. Қизларига дўстлари Абу Бакр Сиддиқ ва Усмон ибн Аффондан бошқа яна ким муносиб эр бўлиши мумкин? Ана шу хаёл билан ҳазрат Усмоннинг ҳузурларига бордилар.

—  Эй Усмон, қизим Хафса тул қолган, хоҳласангиз, уни сизга никоҳлаб қўяман, шуни хотинликка олмайсизми? – дедилар.

— Мен бироз ўйлаб кўрайин, кейин жавобини айтарман, – дедилар ҳазрат Усмон.

Орадан бир-икки кун ўтди, лекин ҳазрат Усмондан хабар бўлмади. Кейин у кишиУмар ибн Хаттобга учраб:

— Шу кунларда уйлана олмайдиган кўринаман, – деб жавоб қилдилар.

Шундан сўнг ҳазрат Умар Абу Бакр Сиддиқни топиб, у кишига таклифларини изҳор қилдилар:

— Агар истасангиз, тул қолган қизим Хафсани сизга никоҳлаб қўяман.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бунга жавобан лом-мим демадилар. Бунга ҳазрат Умарнинг жаҳллари чиқди, Абу Бакрдан ўпкаландилар: «Усмон-ку узрларини айтиб кетдилар, Абу Бакр эса ҳатто жавоб қилиб қўйишни ҳам эп кўрмадилар-а!».

Орадан бир неча кун ўтиб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хафсани ўзларига сўраттириб, Умар ибн Хаттобникига совчи жўнатдилар. Ҳазрат Умар катта хурсандчилик ва мамнуният билан қизларини Аллоҳнинг расулига никоҳлаб бердилар.

Кейинчалик бир куни Абу Бакр ҳазрат Умар ни учратиб:

— Хафсани менга завжаликка таклиф қилганингизда лом-мим демаганим учун мендан хафа бўлганмисиз?

—  Ҳа, – дедилар ҳазрат Умар.

— Менга қилган таклифингизга жавоб беролмаганимга жаноб Расулуллоҳ ўз суҳбатларида Хафса хусусида сўз очиб, унга уйланмоқчи бўлганларидан хабардорлигим монелик қилган эди. Бу нарса у зотнинг сирлари эди, мен уни ошкор қила олмасдим. Агар жаноб Расулуллоҳ уни олмаганларида мен уйланган бўлар эдим, – дедилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларРасулуллоҳга нима бўлди9қисмАбу Куҳофанинг ўғли Абу Бакр розияллоҳу давоми...

6010 16:30 / 21.04.2017
Бу улуғ саҳоба ҳақида кўп билсакда, яна такрортакрор ушбу шахснинг сиймосидан маълумот олгиси келаверади кишининг. Сарлавҳанинг ўзиданоқ ўқувчи қайси саҳоба давоми...

7912 11:21 / 13.02.2022
Имом Молик Куфа аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзи юборган бир лашкар омилига .Менга етган хабарга кўра, сизлардан давоми...

1809 12:04 / 14.12.2024
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Умар Хайбардан ерга эга бўлди. Сўнг у ҳақда маслаҳат қилиш давоми...

2122 09:41 / 06.06.2025
Аудиолар

230324 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148894 14:35 / 11.08.2021