1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ҳанафийлик мазҳабида таржиҳ усуллари

16:10 / 28.03.2017 2670 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таржиҳ (равшанлаштириш)дан мурод эса мазҳаб имомларининг турли қавллари ва ҳар хил ривоятларидан афзалини аниқлаб, равшанлаштириб беришдир. Бу таржиҳ соҳибларининг ишлари бўлиб, улар ривоят ва фиқҳий қарашлардан кучлисини танитишга, энг кучлисини ва энг қулайини танлашга етадиган билимга эга фақиҳлардир. Лекин далил кўрсатилмаган ҳодисаларга ҳукмлар истинбот қилишга ёки далилли ҳукмларга мухолиф бўлишга уларнинг ҳуқуқлари йўқ. Улар фақат равшанни равшан эмасидан (рожиҳни маржуҳидан), кучлини заифидан, саҳиҳ ривоятни саҳиҳ бўлмаганидан ажратишга қодир.


Таржиҳ қилиш турлари


Мазҳаб имомлари иттифоқ қилган ривоятда таржиҳ. Агар мазҳаб имомлари бирон бир масалага иттифоқ қилиб ҳукм айтган бўлсалар ва у “зоҳири ривоят”даги ривоятлардан ҳисобланса, унга фатво берилади, ундан бошқа фикр билдирилмайди.


Мазҳаб имомлари ихтилоф қилишган ривоятда таржиҳ. Агар бир масала ҳукмида Абу Ҳанифа (р.ҳ.) билан икки шогирди (соҳибайн) – Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Муҳаммад (р.ҳ.)дан бирови бирга бўлса, ўша ҳукм олинади. Зотан, шартлар мукаммал, тўғри далиллар топилган бўлиши аниқ. 

Агар Абу Ҳанифа (р.ҳ.) бир ҳукм, унинг икки соҳиби бошқача ҳукм билдирган бўлсалар, соҳибайннинг фикри олинади. 

Уларнинг ихтилофлари вақт ўтганлиги сабабли бўлган бўлса; қозилик ва муомала ишларида бўлса; зироат, қозихонага эҳтиёж тушадиган ҳолатларда бўлса, икки соҳибининг ҳукмига фатво бериш керак бўлади. Зотан, одамларнинг ҳолати ўзгарган бўлиши, қозилик ишларини амалиёт ўтаганлари учун икки соҳиби яхшироқ билиши мумкин. 

Бундан бошқа масалаларда (масалан, ибодат масалаларида) таржиҳ соҳиби бўлмиш мужтаҳид ихтиёрли: у ўз раъйига кўра афзал деб топган тараф фикрига фатво беради. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (р.ҳ.) бу ҳолатларда Абу Ҳанифа (р.ҳ.) қавли олинади, деган. Чунки бу қавл саҳоба ва тобиъинлар раъйига кўра бўлган бўлиши мумкин, бинобарин, бундай масалаларда Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг қавли кучли ҳисобланади.

Кўпчилик тадқиқотчилар ибодат масъалаларининг барчасида Абу Ҳанифа (р.ҳ.) фикрига, тажрибаси кўп бўлгани учун қозиликка тегишли масалаларда Абу Юсуф (р.ҳ.) қавлига, фароиз – мерос тақсимотига тегишли ҳукмларда Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) қарашига фатво берилади, дейдилар.


Мазҳаббошининг фикри бўлмаганда таржиҳ. Агар Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан бирон масалага ҳукм ривоят қилинмаган бўлса, унинг ҳукмини шогирдлар билдирган бўлсалар, унда Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг энг катта шогирди Абу Юсуф (р.ҳ.) қавлига фатво берилади. Абу Юсуф (р.ҳ.) қавли бўлмаса, Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) қавли эътиборлидир. Сўнг Зуфар (р.ҳ.) ва Ҳасан ибн Зиёд (р.ҳ.) қавлига фатво берилади. Ибн Обидин (р.ҳ.) фикрича, улар бу мартабада тенгдирлар.  “Фатовойи Сирожия”да айтилишича, мазкур шогирдлари тартибига амал қилиш далилларни кучли-кучсизини ажрата олмайдиган фатво берувчилар учундир. Агар далилларни таҳлил қила оладиган фатво соҳиби бўлса, кучли далилга суянган шахснинг қавлига фатво бериши лозим. 


Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва унинг шогирдларининг қавли бўлмаганда таржиҳ. Агар бирон масала ҳукмида Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва шогирдларининг зоҳир жавоби топилмаса, таржиҳ соҳиблари қуйидагича йўл тутадилар:

1)    Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва унинг шогирдларини топмаган мутааххирин фақиҳлар бир қавлга иттифоқ қилган бўлсалар, шунга фатво берилади.

2) Агар мутааххирин уламолар ихтилоф қилган бўлсалар, аксариятининг фикрлари олинади. Аниқроғи, Абу Ҳафс кабир (р.ҳ.), Абу Жаъфар Ҳиндувоний (р.ҳ.), Абу-л-Лайс Самарқандий (р.ҳ.), ат-Таҳовий (р.ҳ.) каби таниқли ва эътимодли фақиҳлар қўшилган фикрга фатво берилади.

3) Агар мутааххирин уламолардан ҳам бирон бир фикр айтилмаган бўлса, таржиҳ соҳиби бўлган шахс масала ечимига чуқур назар ташлайди, уддасидан чиқиш учун бор имкониятини ишга солади, оқибатини ўйлаган ҳолда бир ечимни ўртага қўяди. 

“Хония”да келтирилишича, таржиҳ соҳиби бўлмаган, ижтиҳодга қудрати етмайдиган муфтий замонасининг энг фақиҳ одамидан сўрайди, жавобни унга ҳавола қилади; агар ўз юртида бундай одам топилмаса, бошқа шаҳардаги кучли фақиҳга мактуб йўллайди ва унинг жавобига кўра фатво беради.


“Зоҳири ривоят”да келтирилган қавллар ҳар хил бўлганда таржиҳ. Одатда “Зоҳири ривоят”дан нақл қилинган иккита қавл бир неча суратда зикр этилган бўлади. Фатво берувчи муфтий уларнинг суратига қараб, қуйидагича фатво беради: 

1)    Икки қавл ҳам ҳеч қандай сифатсиз зикр қилинган бўлса, фатво бериш ихтиёрли бўлади. Муфтий икки ривоятдан хоҳлаганига фатво беради.

2)    Икки қавлдан бировига “асаҳҳ”, “авло”, “айсар”, “унга фалончи фатво берган”, “уни фалончи олган” ёки “бу фалончининг фатвоси” сифати берилган бўлиб, бошқасига ҳеч нарса дейилмаган бўлади. Бунда ҳам фатво бериш ихтиёрли бўлади. Муфтий хоҳласа, маълама қўйилган ривоятга фатво беради, хоҳласа (далили кучлилигини кўрса) ҳеч қандай сифатсиз келтирилган ривоятга фатво беради. Бунда ўзидан олдинги муфтийлар бировини маъламалик ривоятни ихтиёр қилмаган бўлсалар ёки омма халқ уни амалда қўллаётган бўлмаса, шундай қилади. 

3)    Икки қавлдан бировига “саҳиҳ”, “ълайҳи-л-фатво”, “авжаҳ”, “унга фатво бераман!” сифати берилган бўлиб, бошқасига ҳеч нарса дейилмаган бўлади. Фатво, албатта бу хилдаги маъламалик қавлга берилиши керак. Муфтий бировини ихтиёр қила олмайди.

4)    Икки қавлдан бировига “саҳиҳ” ёки “мухтор”, иккинчисига “асаҳҳ” ёки “фатво” сифати берилган бўлса, муфтий биринчи қавлга фатво беради. Икковидан бировини танлай олмайди.


Фиқҳий манбаларга таржиҳ. Агар фиқҳий матн китобларида бир масъала келса, бошқа манбалар унинг зиддини ёзсалар, таржиҳ матндаги масъалага бўлади. Бу ерда мўътабар, ҳанафийликда эътиборга олинган ишончли матн китоблари назарда тутилмоқда. Чунки, уларда асосан асл мазҳаб қарашлари акс эттирилган бўлади, аксар ҳолатда зоҳири ривоятдан нақл қилинади. 

Кейинги давр фақиҳларининг қарашлари ёки муаллифнинг ўз фатволари зикр этилган матн китоблари, жумладан, ат-Темиртоший (р.ҳ.)нинг “Танвир ал-абсор” ("Кўзларни нурлантириш"), Мулла Хусрав (р.ҳ.)нинг “Ғурар ал-аҳком” ("Ҳукмларнинг энг яхшиси") кабилардаги фиқҳий қарашларга танқидий ёндашиш керак бўлади. 

Эътиборли матн китобларида келган масала билан фатоволардаги фатво, шунингдек, матнларга ёзилган эътиборли шарҳлардаги масала билан фатоволардаги фатво қарама-қарши бўлиб қолса, матн ва шарҳларга таржиҳ қилинади. Бу ҳолатларда масъалага сароҳатан фатво маъламаси қўйилмаган бўлса шундай қилинади. Яъни, аввал фиқҳий матндаги масъала олинади, шарҳдаги масъала эса фатоводаги масъаладан олдинга қўйилади. Лекин, бу ерда билиш керак бўлган нарса бор: матнлардаги гапда саҳиҳлик маъламаси бўлмасдан шарҳ ёки фатоволардаги унга қарама-қарши фикрга саҳиҳлик маъламаси қўйилган бўлса, албатта сароҳатан саҳиҳлик сифати берилган қарашга фатво бериш лозим бўлади. Яъни, “тасҳиҳи илтизомий”дан кўра “тасҳиҳи сариҳий” муқаддам қилинади.

Сўфи Аллоҳёр (р.ҳ.) баъзи фиқҳий манбаларнинг мартабаларини бундай тартибда зикр қилган: “Хулосат ал-фатово”, “Қозийхон”, “Муҳит”, “Захира”, “Мултақит”, “Хизона”, “Қунйа”. 

“Одоб ал-муфтиййин ва-л-мустафтиййин” номли асарда машҳур ва ишончли манбаларни бу тариқа саналган: “ал-Ҳидоя”, “ал-Кофий”, “Қозийхон”, “ал-Фусул” (ал-Имодий), “Хулоса”. 

“Ҳидоят ал-муфтиййин”да эса фатво олиш учун китобларнинг тартибини бундай зикр қилинган: “ал-Хулоса”, “Фатовойи Қозийхон”, “ал-Муҳит”, “аз-Захира”, “Хизонат ал-муфтиййин”, “Хизона ал-фатово”, “ал-Мултақит”, “ал-Қунйа”, “ал-Фусул”, “ал-Ҳидоя”, “ал-Кофий”, “ан-Ниҳоя”, “ал-Кифоя”. 

Мавлоно Фасиҳуддин (р.ҳ.) фатво олиш учун энг афзал ва энг яхши китоб “Хулоса” эканини қайд қилган экан. 


Истеҳсонга таржиҳ. Агар икки қавлнинг бири истеҳсон, яна бири қиёсга кўра бўлса, истеҳсонга фатво берилади. Фақат ўн битта масъалада қиёсга фатво берилган. Абу Ҳафс Нажмиддин ан-Насафий (р.ҳ.) уларнинг сонини йигирма иккитага етказган.


Вақфга фойдалироқ қавлга таржиҳ. Агар икки масъаладан бири вақфга фойдали, манфаатли бўлса, унга фатво берилади. Шунинг учун вақф ҳуқуқини кўпроқ ишлаб чиққан Абу Юсуф (р.ҳ.)нинг қарашларига фатво берилади. Демак, унинг ҳукмларидан қуйидагиларни келтириш мумкин:

♦ Вақф қилувчи ўз вақфини мутаваллийга топшириб, қозихонада расмийлаштириши шарт эмас, ошкоро вақф қилганини айтиши билан вақф қилингани қонунан кучга киради ва вақф қилинган нарса унинг мулкидан чиқади;

♦ Шериклардан бири шериклик ерда ўз ҳиссасини вақф қилиши мумкин;

♦ Вақф қилувчи вақфдан келадиган ҳосилни ҳаётлик даврида ўзига, вафотидан сўнг эса фақирларга бўлишини шарт қилиши ёхуд мутаваллийлик ўзида ёки авлодларида қолишини шарт қилиши мумкин;

♦ Вақф қилувчи хоҳлаган вақтда вақфни бошқа ер (нарса)га ўзгартиришни шарт қилиши мумкин;

♦ Вақф ҳосилини бирор тоифа (авлодлар, фақирлар, мударрис ёки талабалар)га муайян қилиб шарт қилиш мумкин. Агар таъйинланган тоифа топилмаса, ўз-ўзидан фақирларга берила бошланади.        


Замона аҳлига мувофиқроқ бўлган қавлга таржиҳ. Агар одамлар урфига яқин, уларга осонлик туғдирадиган бўлса, ўша қавл инобатга олинади. Жумладан, уч имом Қуръон таълимига ҳақ олишни жоиз кўрмаганлар, мутааххирин фақиҳлар эса вақт ўтиши билан диний ихлос камайиб кетганлиги, ҳақ олмаслик диннинг зое бўлишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, зарурат юзасидан таълимга ҳақ олиш жоизлигига фатво берганлар. 

Замон ўтиши билан ҳукмлар ҳам ўзгаришига зарурат, урф, ҳолатлар ўзгариши сабаб бўлади. Бу билан мазҳаб доирасида турган ҳисобланади, ундан чиқиб кетган, дейилмайди. Ана шундай фатволарга кўчанинг лойи кийимга тегиши афв этилиши; ҳунарманд бирор нарсани қилмасдан аввал ҳақ олиши; даласига сув оладиган одам олиш вақти, сув миқдорини айтмасдан ҳақ тўлаши; ҳаммомга кирувчи у ерда туриш муддати ва сувни ишлатиш миқдорини таъйин қилмасдан ҳақ тўлаши; нонни ўлчамасдан қарз олиш ва бериш мумкинлиги кабилар киради. 


Эътиборли икки китобда икки ривоятга ҳам саҳиҳлик маъламаси қўйилгандаги таржиҳ. Баъзида икки фиқҳий асарда бир-бирига зид икки ривоятга фатво маъламаси қўйилган бўлади. Шунда муфтий китобнинг эътиборлисидаги фатвога амал қилади, эътиборсизроқ китоб қавли олинмайди. 

Баъзида эса мазҳабда эътиборли ҳисобланган икки асарда бир-бирига зид икки ривоятга ҳам фатво берилган бўлади. Фатво берувчи муфтий бундай ҳолатда нима қилиши керак? 

Агар икки ривоятнинг ҳар бирига бир хил лафз билан фатво берилган бўлса, масалан, икки ривоят ҳам “Ҳува-с-саҳиҳ!” (У саҳиҳдир!) ёки “Ҳува-л-асаҳҳу!” (У саҳиҳроқдир!) ёхуд “Алайҳи-л-фатво!” (Фатво унгадир!) ё “Биҳи йуфто!” (Унга фатво қилинган!) деб сифатланган бўлса, муфтий ўзи хоҳлаган ривоятни олади. 

Агар маълама лафзлари ҳар хил бўлса, қуйидагича йўл тутилади:

1)    Икки ривоятнинг бирига “фатво” лафзи қўйилган бўлса, унга амал қилинади. Зотан, “фатво” лафзи фақатгина саҳиҳ ривоятга қўйилган бўлади, лекин ҳар бир саҳиҳ ривоятга ҳам фатво берилавермайди. Чунки, ривоятнинг ўзи саҳиҳ бўлгани билан замон ўзгариши ёки бошқа зарурат юзасидан унга фатво берилмаслиги мумкин. Демак, “фатво” лафзи билан сифатланган ривоят икки нарсани – фатвога, яъни амал қилишга изн бўлганини ҳамда ривоятнинг саҳиҳ эканини ифодалайди.

2)    Агар икки ривоятга ҳам “фатво” лафзи қўйилган бўлса, “Биҳий уфто!”, “Алайҳи-л-фатво!” каби чекланган, чекланишни белгиланганига амал қилинади. Чунки бу “фатво фақат шунгагина бўлади” деган маънони ифодалайди. Икковидан ҳам кўра ижмоъни ифодалаб келгани учун “Алайҳи амалу-л-уммат!” (Уммат амали унгадир!) маъламаси афзал.

3)    Агар икки ривоятнинг бирига “асаҳҳ”, иккинчисида “саҳиҳ” лафзи билан маълама қўйилган бўлса, кўпчилик уламолар фикрича, “асаҳҳ” дейилган ривоятга фатво берилиши керак. Баъзи фақиҳлар “саҳиҳ” ривоятга фатво беришни маъқул кўрадилар. Чунки, саҳиҳ фасоднинг муқобилида, асаҳҳ эса саҳиҳнинг муқобилида бўлиб, саҳиҳни олган афзал. Баъзилар кўпинча “асаҳҳ”нинг муқобилида шозза (кам учрайдиган, мақбул бўлмаган) ривоятни топганлари учун “саҳиҳ” лафзи билан маълама қўйилган ривоятни олган афзал, дейдилар. “Ғунйат ал-мустамлий” ("Илтимос қилувчи учун етарли") номли китобда икки улуғ фақиҳдан бири “асаҳҳ”, иккинчиси “саҳиҳ” деб фатво берган бўлсалар, “саҳиҳ” дейилган фатво олинади, дейилган. Чунки, икки имом ҳам буни “саҳиҳ” деган бўлиб чиқади, демак, иттифоқ қилинган қавлни олган афзал.  


Бир китобда икки ривоятга ҳам саҳиҳлик маъламаси қўйилганда таржиҳ.    Агар бир китобнинг ўзида икки ривоятга ҳам саҳиҳлик маъламаси қўйилган бўлса, маъламани қўйган фақиҳларга қаралади ва илми юқори бўлган фақиҳ қўйган маъламали ривоятга фатво берилади. Агар билими тенг икки фақиҳ икки ривоятнинг бирига “саҳиҳ”, яна бирига “асаҳҳ” маъламасини қўйган бўлсалар, муфтий ихтиёрлидир. 

    Агар бир фақиҳ томонидан икки ривоят ҳам саҳиҳликка қарор қилинган бўлса, у ҳолда “асаҳҳ” дейилган ривоят олинади. 

    Агар бир фақиҳ томонидан икки ривоятнинг бирига “асаҳҳ”, “саҳиҳ” ёки “аҳват”, “авло” каби маъламалардан бир қўйилиб, бошқасига ҳеч нарса қўйилмаган бўлса ҳам муфтий ихтиёрли. Хоҳлаган ривоятни олиши мумкин. Чунки, ўша маъламанинг ўзи бошқа ривоятнинг саҳиҳлигини ифодалайди. Бироқ, бу ерда маълама қўйилган ривоятни олиш афзал ҳисобланади. Бирор китобда бир масала бўйича учта қараш маъламасиз кетма-кет келтирилган бўлса, аввалгиси ёки охиргисига таржиҳ қилинади, ўртада келтирилган қараш эътиборга олинмайди. 


Бошқа мазҳаб фатвоси билан тенг келиб қолганда таржиҳ. Гоҳида ҳанафийлик мазҳабидаги фатво билан бошқа мазҳаб фатвоси тенг келиб қолади. Шу ҳолда икковини ҳам адо этиш мумкин бўлса, икковини ҳам бажаришга фатво берилади. Масалан, таҳоратни “бисмиллоҳ” билан бошлаш ҳанафийликда суннат, шофиъийликда фарз. Агар ҳанафий мазҳабидаги кимса “бисмиллоҳ”сиз таҳорат қилса, таҳорати дуруст бўлади, шофиъийликда дуруст бўлмайди. Лекин, таҳоратни янгилаш мумкин, зотан, таҳорат устига таҳорат олиш нур устига нурдир. Бинобарин, фатво берувчи “бисмиллоҳ”сиз таҳорат қилган кимсага, янгидан таҳорат олишни буюради. Бироқ, мазҳаблар орасини жамъ қилиш мумкин бўлмаса, ҳар ким ўз мазҳабига амал қилади. Жумладан, витр намозида қунутни рукуъдан аввал қилинади, шофиъийликда эса рукуъдан кейин ўқилади. 


Икки муфтийнинг фатвоси бир-бирига тескари келиб қолганда таржиҳ. Қози бир нарсага ҳукм қилса, муфтий унинг ҳукми нотўғрилигини айтса, авом қозининг ҳукмини олишга мажбур. Агар фатво берувчи далиллар билан бир нарсанинг ҳалоллиги ёки ҳаромлигига ёхуд дуруст ё дуруст эмаслигига фатво берса, фатво сўровчи ўшани юритади, гарчи иккинчи бир фатво берувчи унинг тескарисини айтса ҳам. “ал-Қунйа” ("Эгалик қилиш")да: “Агар ҳанафийлардан икки фатво берувчи бир ҳодиса бўйича икки хил фатво берса, омма ибодатлар борасида ҳаром ва нодуруст, муомала бобида эса ҳалол ва дуруст деганнинг фатвосини олади”, дейилган. “ал-Мултақит” ("Териб олувчи")да: “Омма халқ анча олдин ўтиб кетган уламоларнинг гапларига эмас, балки ўз замонаси уламосининг қарашларига эргашишга мажбур. Чунки, даврининг олимлари аввалгиларнинг фатволарини яхши билади, тўғри тушунади”, дейилган.      



Бу Ҳамидуллоҳ Беруний (Аминов Хамидулла) таълиф қилган "Ҳанафийлик фиқҳининг асосий тамойил ва тушунчалари" номли асаридан олинган парча.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби ўзидаги хусусиятлар омил ўлароқ тез ва соз ўсди, тезликда турли ўлкаларда кенг тарқалди. Унинг ўсиши ва тарқалишининг бош омиллари учта1. Абу давоми...

2891 16:12 / 28.03.2017
Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача давоми...

4247 16:14 / 28.03.2017
Савол Биров мазҳабларни инкор қилса, уларни ёмон деб ҳисобласа, ҳадис китобларига эргашишни даъво қилса, унинг ҳукми қандай бўлади У бидаътчи бўладими ёки давоми...

5180 09:33 / 29.03.2017
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни улуғ имом, катта имом деб номлайди. Ҳақиқатда ҳам у киши бунга сазовор давоми...

5215 16:15 / 28.03.2017
Аудиолар

120092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41762 14:35 / 11.08.2021