1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

НАМОЗДА МАКРУҲ ИШЛАР

05:00 / 04.01.2017 5926 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

... Мусулмон инсон яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб Аллоҳ ила учрашиб, роз айтгани кетаётган бўлади. Бундай жиддий инсонга бекорчи, танбалларга ўхшаб қўлини гирра қилиш мутлоқо тўғри келмайди. Чунки, у масжидга кетаётгани учун намозда турган ҳисобланади. Мусулмон инсон қанчалар бахтли инсон. Яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон қадам босса худди намоз ўқиётган ҳисобига ўтади. Бориб намоз ўқиганда эса қанчалик даражага эришишни топиб олавериш керак.


ОСМОНГА НАЗАР СОЛИШ ВА АЛАНГЛАШ


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмларга нима бўлганки, намозда кўзларини осмонга қараб кўтарадилар!» дедилар. Сўнгра бу ҳақда сўзлари шиддатли бўлди ва: «Ёки, албатта, бу ишдан тўхтайдилар ёки кўзлари олинур», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Муслим келтирган лафзда: «Ёки қавмлар намозда кўзларини осмонга кўтаришдан, албатта, тўхтайдилар ёки бўлмаса, кўзлари уларга қайтмайди», дейилган.

Шарҳ: Намоз вақтида осмонга қараш намознинг хузуъини бузади, намозхоннинг хаёлини олиб қочади. Шунинг учун бу ишдан қаттиқ равишда наҳий қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, агар намозда осмонга қарашни тўхтатмасалар кўзлари кўр қилинади, деган маънодаги гаплари қаттиқ таҳдиддир.

Шунинг учун ҳам баъзи уламолар бу ишни, ҳаром, деганлар. Зоҳирий мазҳабнинг машҳур кишиларидан Ибн Ҳазм, ким бу ишни қилса, намози ботил бўлади, деган. Лекин машҳури бу иш макруҳдир. Ушбу ҳадисга амал қилиб, намоз пайтида ҳеч осмонга қарамаслигимиз керак.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда аланглаш ҳақида сўрадим. У зот: «У кисавурликдир. Шайтон банданинг намозидан уриб қолур», дедилар». Бухорий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда намоз ўқиётган одамнинг аланглаб бир томонларга қараши ажойиб ўхшатиш ила баён қилинмоқда.

Дарқақиқат, намоз ўқиётган банда кўзини бошқа томонга бурган они хаёли қочади, намозининг хушуъи нуқсонга учрайди, савоби кетади. Ўша аланглаган онининг савобини шайтон худди киссани ургандек, зудлик билан уриб олган бўлади. Шунинг учун намозхон инсон қиёмда турганида кўзини саждагоҳдан, рукуъга борганида оёғи учидан, саждада бурнидан ва ўтирганда кўкси аралаш саббоба бармоғидан узмай туриши керак бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилароқ, ўз намозимиз савобидан шайтонга ўғирлатиб юбормасликка ҳаракат қилайлик.

Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳ таоло намоздаги бандага мадомики, у алангламаса қараб туради. Бас, қачонки алангласа ундан юз ўгиради», дейилган.

Шарҳ: Қаранг, намозда алангламаслик қанчалик аҳамиятли экан. Намоз ўқиётган банда намозини хушуъ-хузуъ билан ўқиса, алангламаса Аллоҳ унга назар солиб қараб турар экан. Қачон банда, ўзи эътиборсизлик қилиб юзини Аллоҳдан бошқа томонга буриб, алангласа, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирар экан.

Шунинг учун намоз ўқиётганимизда Аллоҳ таолонинг ўзимизга назар солиб турганини ҳис қилмоғимиз, ўша назарга лойиқ бўлишга уринмоғимиз лозим.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнгга ва чапга кўз солар эдилар, аммо бўйинларини орқаларига бурмас эдилар». Яъни, ҳожат бўлса, кўз қирини ташлар эдилар. Аммо, юзларини қимирлатмас эдилар.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй, болагина, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар, ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», деган эканлар. Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатлари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижонияятини олиб келинглар», дедилар». Уччовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: «Хомийса» рангли ва аломатли ёпинчиққа ўхшаш кийим.

«Абу Жаҳм» розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан бўлиб Омир ибн Ҳузайфа ал-Қурашийдир. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хомийсани ҳадя қилган эди.

«Анбижонияяти» бир хил рангдаги қалин ёпинчиққа ўхшаш кийим.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Биров берган ҳадяни олиш ва унда намоз ўқиш жоизлиги.

2. Жойнамоз турли рангли, нақшли ва аломатли бўлса, намоз вақтида намозхонни машғул қилиб қўйиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бу иш содир бўлгандан кейин, бошқалар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

3. Биров берган ҳадяни агар у хафа бўлмаслигини билинса, ўзига қайтариб юбориб, ўрнига бошқасини сўраш мумкинлиги.

4. Жойнамоз бир хил рангда, содда бўлиши кераклиги.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда мудраб қолса, то ундан уйқу кетгунча ухлаб олсин. Бас, бирингиз мудраган ҳолида намоз ўқиса, эҳтимолки, истиғфор айтаман, деб ўзини сўкиб юборади», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф мудроқ босиб турган одам намоз ўқиши макруҳлигига далилдир.

Мудроқ босиб, уйқуси келган одам учун энг маъқул иш уйқудир. Ундан бошқа нима қилса, жумладан, намоз ўқиса ҳам яхши чиқмайди. Ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, гуноҳини кечирилишини сўрайман деб, уйқусираб ўзини сўкиб дуо қилиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам эҳтиёт бўлиш керак.


ТУФУРИШ, ҚЎЛИНИ БЕЛИГА ТИРАШ, ТОШЛАРНИ ТЎҒРИЛАШ ВА ҚЎЛ БИЛАН ИШОРА ҚИЛИШ


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда бўлса, у ўз Роббиси ила муножот қиладур. Бас, олд тарафига асло туфурмасин, ўнг тарафига ҳам, лекин чап томонига, қадамининг остига», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг аввалида намознинг қандай улуғ ибодат эканлиги оддий ва равшан иборалар ила васф қилинмоқда.

«Қачон бирингиз намозда бўлса, у ўз Роббиси ила муножот қиладур».

Ҳа, намоз ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб муножот қилиши, роз айтиши, сирли суҳбат қилишидир. Намоз Аллоҳ таоло томонидан бандага бутун дарди ҳасратларини тўкиб солиш, дилдаги тилакларини сўраб олиш учун берилган энг қулай фурсатдир. Бу фурсат банда учун улуғ шарафдир. Аллоҳ таоло ҳар ким билан ҳам яккама-якка қолиб роз айтишавермайди ахир.

Банда ўзига ўхшаган бошқа бир банда билан ёлғиз қолиб, унинг қабулида бўлса, ўзини ўнглаб, одоб-ахлоқли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. Ўша уни қабул қилган ожиз бандага нисбатан беодоблик содир этмасликка ҳаракат қилади. Бас, шундоқ экан Роббил оламийн ҳузурида бўлганда, ўзини яратган Холиқи, унга ризқ берган Розиқи, унинг барча ишларининг тадбирини қилиб турувчи Мудаббири ва Тарбиякунанда Роббиси–Аллоҳ таоло ила муножот айтишганда, албатта, ўзини юксак одоб ила тутиши керак. Модомики, банда намозда Роббиси ила муножот қилар экан:

«Бас, олд тарафига асло туфурмасин, ўнг тарафига ҳам, лекин чап томонига, қадамининг остига».

Намозхон инсон рўбарўсига қараб туфурса, Аллоҳга қараб туфурган бўлади. Ўнг томонига туфурса яхшилик, ҳалол-пок нарсалар учун ажратилган томонига туфурган бўлади. Ноилож туфуриши керак бўлса, чап томонига оёқ остига бўлиши керак. Чунки, туфутки каби ноқулай нарсаларга чап томон ажратилган.

Албатта, бу маъно ўша давр воқеълигидан келиб чиқиб айтилган. У пайтлар қуруқ ерда намоз ўқиларди. Масжидларга, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига ҳам жойнамоз тўшалмаганди. Сўнгра, одамлар Исломга янги кирган, кўпгина одоб-ахлоқларини ўзлаштириб бўлмаган эдилар.

Албатта, чап оёқнинг остига туфуриш бугунги кунги масжидларимизга ва намоз ўқийдиган жойларимизга тўғри келмайди.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлни белга тираб намоз ўқишдан қайтардилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Қўлни белга тираб туриш мутакаббирлик аломатидир. Намоз эса, банда ўзини энг хор тутиши лозим бўлган мақомдир. Ўз Роббиси ҳузурида гуноҳлари кечирилиши ва сўровлари берилишини хоҳлаган банда қўлини белига қўйиб керилишнинг ўрнига, тавозуъ ила, ўзини хокисор олиб туриши лозим.


Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда турса, тошларни тўғриламасин. Чунки, раҳмат унга юзма-юз турган бўлади», дедилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ерда гап сажда қиладиган жойдаги майда тошлар ҳақида кетмоқда. Агар у тошлар сажда қилишга монеъ бўлмаса, тегмаслик керак. Монеъ бўлса, бир марта ҳаракат билан текислаб олса жоиз. Майда тошлардан бошқа саждагоҳда бўлиши мумкин бўлган нарсаларнинг ҳукми ҳам шу.

Намозхон инсон саждагоҳидаги нарсаларни намозда туриб тўғрилаш билан яхши иш қилган бўлмайди. Аввало, бу ҳаракати билан намозининг хушуъига футур етади. Қолаверса, ҳадиси шарифда айтилганидек:

«Чунки, раҳмат унга юзма-юз турган бўлади».

Намозда туриб саждагоҳидаги нарсани супуриб ташлаган одам, гўёки, намоз туфайли ўзига тушиб турган Аллоҳнинг раҳматини супуриб ташлаган бўлади. Шунинг учун намоз ўқишдан олдин жойни яхшилаб тайёрлаб олиш керак.


Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. Бас, қачон салом берсак, қўлларимиз билан, ас-салому алайкум, ас-салому алайкум, дер (ишора қилар) эдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга назар солдиларда:

«Сизларга нима бўлди? Қўлларингиз ила худди отнинг қимирлаб турган думига ўхшатиб ишора қиляпсизлар? Қачон бирингиз салом берса, шеригига бурилиб қарасин, қўли билан ишора қилмасин», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда намозни аста-секин турли ортиқча гап-сўз ва ҳаракатлардан холи қилиб бориш жараёнидан бир кўриниш васф қилинмоқда. Бошқа ҳадислардан билганимиздек, намоз янги фарз бўлганида одамлар унда баъзи гапларни гапиришаверар, ҳаракатларни қилишаверар эдилар. Аста-секин уларни тўғрилаб келинди.

Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳу қилаётган ушбу ривоятда баён қилинишига намозда салом берилганда ўнг ва чап томонга қўл билан салом ишорасини ҳам қилишар эканлар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни манъ қилибдилар.

Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан ўта зарур бўлмаса, намозда қўл билан бирор ишора қилиш макруҳ экани ҳақидаги ҳукмни олишган.

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, намозда қўлимиз билан ишора қилмаслигимиз керак.


ТАОМ ҲОЗИР БЎЛГАНДА ВА ҲОЖАТ ҚИСТАБ ТУРГАНДА НАМОЗ ЎҚИШ


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кечки таом қўйилса-ю ва намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Қачон кечки таом тақдим қилинса, Шом намозидан олдин, ундан бошланглар. Кечки овқатингиз деб шошилманглар», дейилган. Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Намоз билан таом бир вақтда тўғри келиб қолсаю намознинг вақти бемалол бўлса, олдин таом танавул қилишдан бошланади. Чунки, инсондаги таомга бўлган эҳтиёжи намозига футур етказиши мумкин. Намозда ҳам таом хаёлига келиб, намоз ўқигандек ҳам бўлмайди. Намозни зеҳн ва фикр холи бўлганда ўқиш керак. Шунингдек, таомга ўхшаш кишини хаёлини олиб қочадиган бошқа эҳтиёжлар бўлса, олдин уларни қондириб олиб кейин хотиржам равишда, кўнгилни бир жойга қўйиб намоз ўқишни бошлаши керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таом ҳозир бўлганда намоз йўқ. Уни икки томондаги чиқинди қистаб турганда ҳам», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Таом ҳозир бўлганда намозни кейинга суриш. Албатта, намознинг вақти чиқиб кетгунча таом еб ўтирилмайди.

2. Сийгиси келиб турган одам ҳам намоз ўқимасин.

3. Қозои ҳожати қистаб турган одам ҳам намозини кейин ўқисин.

4. Қорни дам бўлиб, ел қистаб турган одам ҳам намоз ўқимасин. Бундай ҳолларда бўшаниб олиб, янги таҳорат қилиб, кейин хотиржам намоз ўқилади.


Анас розияллоҳу анҳудан саримсоқ пиёз ҳақида сўралди. Бас, у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ушбу экиндан еса, бизга яқин келмасин ва биз билан намоз ўқимасин», деганлар», деди». Икки ҳадисни Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ерда гап саримсоқ пиёзни хом ҳолида ейиш тўғрисида кетмоқда. Уни хом еган одамдан ноқулай ҳид чиқиб туриши ҳаммага маълум. Киши саримсоқни хом еб олиб масжидга борса, ўзидаги нохуш ҳид ила ҳаммага озор беради. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтганлар.

Бинобарин, саримсоқ пиёздан бошқа нарса туфайли, ундан келадиган озор ҳосил бўладиган бўлса у нарса ҳам манъ қилинган бўлади. Мусулмон инсон масжидга озода, хушбўй бўлиб бориши керак.


СОЧНИ ЙИҒИШТИРИШ ВА КИЙИМНИ ЕРГА СУДРАШ


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ тик туриб намоз ўқиётган Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтди. У (Ҳасан) соч ўримини орқасига турмаклаб олган эди. Абу Рофеъ ечиб юборди. Бас, Ҳасан унга ғазаб ила назар қилди. У бўлса: «Намозингни ўқи. Ғазаб қилма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бу шайтоннинг тўқимидир», деганларини эшитганман», деди». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Инсон намоз ўқиганида, сажда қилганида, унинг барча аъзолари, бутун вужуди ҳатто кийимлари ҳам иштирок этиши керак. Агар эркак киши сочини қайтариб турмаклаб олса, ўша ҳолатга футур етади. Шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда кийимни осилтиришдан ва одам оғизини тўсишида наҳий қилдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳолатлар кўпроқ Арабистон шароити ва у ердаги халқларнинг одатларидан келиб чиққан. Маълумки, уларда эркаклар ҳам узун кийим киядилар. Нафақат узун кийим киядилар, балки кийимини узун қилиш ила фахрланар эдилар.

Шунингдек, арабларда салласининг бир тарафи ила оғзини беркитиб юриш одати ҳам бор эди.

Ислом дини кибру ҳавога боғлиқ ҳамма нарсаларни манъ қилганидек, кийимни фахр, кибру ҳаво билан судраб юришни ҳам манъ қилди. Намоздан ташқарида манъ бўлган нарса, намозда манъ бўлиши турган гап. Шунингдек, киши намозда оғзини бирор мато билан тўсиб олиши ҳам макруҳдир.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ жалла зикруҳу изорини судраган одамнинг намозини қабул қилмайди», дедилар».

Шарҳ: «Изор» иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, тананинг киндигидан паст томонига тутилиб олинадиган узун матодан иборат бўлади. Изорни судраб юриш ҳам арабларда кибру ҳавонинг бир тури бўлган.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изорини осилтириб - ерга судраб намоз ўқиётган бир одамни кўриб қоладилар. Шунда унга, бор, таҳорат қилиб кел, дейдилар. У бориб таҳорат қилиб келади. Кейин яна унга, бор, таҳорат қилиб кел, дейдилар. У яна бориб таҳорат қилиб келади. Ана шунда бир одам:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни таҳорат қилиб келишга икки марта амр қилидингиз?» дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтадилар.

Демак, намозхон одам фахр, кибру ҳаво ила кийимини осилтирмаслиги ва шунга ўхшаш ишларни ҳам қилмаслиги керак. Аксинча ўзини хокисор тутган ҳолида намоз ўқиши лозим.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозда кибр ҳаво ила изорини осилтирса, бас у Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас», дедилар». Икки ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас» деганлари Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч қандай қадри қиймати йўқ, деганларидир.

Ушбу ҳадисда намозда манъ қилинган кийим осилтириш кибру ҳаво учун бўлгани эканлиги очиқ лафз ила таъкидланмоқда.

Кибру ҳавони хоҳлаган мутакаббирни Аллоҳ таоло, у ўйлаган нарсанинг тескариси, қадр-қийматсизлик билан жазолаши турган гап экан.

Шунинг учун намоз пайтида инсондан ҳеч бир томондан, ҳатто кийимидан ҳам кибру ҳаво иси чиқмаслиги керак. Ўта хору-зор бўлган ҳолда намоз ўқиш лозим бўлади.


ЭСНАШ, ПАНЖАЛАРИНИ ГИРРА ҚИЛИШ ВА ПУФЛАШ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозда эснаш шайтондандир. Қачон бирингиз эснаса, иложи борича қайтарсин», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Бухорий «Халқнинг бошланиши» бобида келтирган лафзида қўйидагича:

«Эснаш шайтондандир. Бас, бирингиз қачон эснаса, иложи борича қайтарсин. Чунки, агар, ҳооҳ, деса шайтон ундан кулади».

Шарҳ: Эснашни ҳамма халқлар ҳам яхши нарса, деб билмайдилар. Эснаш энг ози дангасалик аломатидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни шайтондандир, демоқдалар. Шунинг учун уни доимо, айниқса, намозда қайтаршимиз керак. Бўлган бўлмаганга эснайвериб, шайтонга кулги бўлмаслигимиз керак.


Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра масжидни қасд қилиб чиқса панжаларини бир бирига гирра қилмасин. Чунки, у намоздадир», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ишончли санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Панжаларни бир-бирига алмаштириб гирра қилиш беҳуда иш бўлиб, ножиддийлик аломатидир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан қайтармоқдалар. Мусулмон киши доимо жиддий бўлиб, беҳуда, беъмани ишларга яқинлашмаслиги ҳам керак. Ҳатто, ўшандоқ нарсага аломат бўладиган ишни ҳам қилмаслиги керак.

Мусулмон инсон яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб Аллоҳ ила учрашиб, роз айтгани кетаётган бўлади. Бундай жиддий инсонга бекорчи, танбалларга ўхшаб қўлини гирра қилиш мутлоқо тўғри келмайди. Чунки, у масжидга кетаётгани учун намозда турган ҳисобланади. Мусулмон инсон қанчалар бахтли инсон. Яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон қадам босса худди намоз ўқиётган ҳисобига ўтади. Бориб намоз ўқиганда эса қанчалик даражага эришишни топиб олавериш керак.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг Афлаҳ исмли ғуломимизни сажда қилаётиб (ерни) пуфлаётганини кўриб: «Эй, Афлаҳ, юзингни тупроқ қилавер», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан саждагоҳ ёки бошқа жойлардаги чанг, тупроқ ёки шунга ўхшаш нарсаларни намоз ўқиётган одам пуфлаши макруҳлиги чиқади. Бунга ўхшаш ишларни намозни бошлашдан олдин яхшилаб ўрнига қўйиб олиш лозим. Ибодат қилаётган одам, уни берилиб қилиши керак. Баъзи бир чанг ёки шунга ўхшаш нарсаларга эътибор бериши, уларни пуфлаш намозни берилмай ўқиётганликнинг аломатидир. Намозхон намоз туфайли бу дунёда пешонасини ёки юз қўлини чанг қилса, у дунёнинг шармандалик чанг-ғуборидан холос бўлади.


Хулоса


Ҳанафий уламолар барча далилларни чуқур ўрганиб чиқиб намозда макруҳ ҳисобланадиган нарсаларни айтиб ўтганлар. Ўшалардан баъзиларини эслаб ўтамиз;


1. Намознинг вожиб амалларидан бирортасини қасддан тарк қилиш макруҳи таҳримийдир.

2. Рукуъга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш.

3. Намознинг суннатларидан бирортасини қасддан тарк қилиш.

4. Иккинчи ракъат қироатини биринчи ракъат қироатидан узун қилиш.

5. Фарз намозда бир сурани бир ракъатда такрор ўқиш.

6. Қуръондаги тартибга хилоф тартибда қироат қилиш.

7. Рукуъ ва саждада қироат қилиш.

8. Қўли билан кийим, бадан ва соқолни оз миқдорда ушлаб ҳаракат қилиш.

9. Панжаларини бир бирининг орасига киритиш.

10. Қўлини белига қўйиш.

11. Кўзини юмиб олиш.

12. Беҳожат аланглаш.

13. Қўзини осмонга қаратиш.

14. Бир оёғини кўтариб туриш.

15. Ҳожат қистаб турганда намоз ўқиш.

16. Туфлаш.

17. Эснаш.

18. Саломга ишора билан алик олиш.

19. Фарзнинг кейинги икки ракъатида сура ёки оят қироат қилиш.

20. Сочни турмаклаб, енгни шимариб олиш.

21. Чўнқайгансимон ўтириш.

22. Билакларини ерга тираш.

23. Ўта кўримсиз кийим билан намоз ўқиш. Яхшиси бўла туриб.

24. Инсон ёки ҳайвоннинг расми бор кийим билан ўқиш.

25. Намозда туриб оят, сура ва тасбиҳларни қўл билан санаш.

26. Салласининг пашига сажда қилиш.

27. Ёниб турган оловга қараб намоз ўқиш.

28. Кийимни киймай елкасига ташлаб олиб ўқиш.

Ва бошқалар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Нафл намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози давоми...

6847 05:00 / 31.12.2016
Оталардан бири айтади .Мен отамонам, опам ва акаларим билан бирга кўп қаватли уйда яшар эдик. Бир куни квартирадан масжидга шошилиб чиқдим. Йўлда мени ранжитадиган давоми...

912 14:00 / 07.02.2023
Бир ота айтади .Мен уйимда бир қути сақлар эдим. Унинг ичи фарзандларимга ёқадиган нарсалар ва ҳар хил ўйинчоқларга тўла эди. Фарзандларим жамоат намозларини давоми...

2004 14:00 / 25.11.2021
Жума кунининг бошқа кунлардан афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Улардан бири шуки, жума куни айнан жума намози учун ғусл қилиб, намозга эртароқ кeлган, намоз ва масжид давоми...

9000 10:27 / 01.12.2017
Аудиолар

120104 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41772 14:35 / 11.08.2021