1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (9)

05:00 / 01.03.2017 2813 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўққизинчи ҳикмат


“Ҳолатларнинг турли-туман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турли-хил бўлади”

Ҳолат деб, инсонда бир пайдо бўлиб, ўрнашиб қолмасдан ўтиб кетадиган вазиятга айтилади. Ҳолатлар икки қисм бўлади: Шахсий ва ижтимоий ҳолатлар. Келинг сўзни уларнинг биринчиси ҳақида бошлаймиз. Биз шахсий ҳолатлар деганда, сулук ва руҳий тарбия уламолари истилоҳидаги ҳолатни назарда тутамиз. У ички ҳис-туйғулардан иборат бўлиб, Аллоҳ таолонинг баъзи сифатлари ва гўзал исмлари ҳақида тўхталиб тафаккур қилиш натижасида келиб кетадиган ҳолатдир. Чунки, инсон руҳияти ана шу сифатлардан таъсирланиб, ўз соҳибини унга муносиб амал қилишга ундайди.
Шунингдек бошқа бир инсон Аллоҳ таолонинг буйруқларидан бўйин товлаб, ҳаром-ҳариш ишларга ғарқ бўлиб юради. Сўнг, Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан унинг ҳолати ўзгаради-да, аввалги аянчли ҳолати унда Аллоҳ таолонинг азобидан қаттиқ қўрқувни, Аллоҳ таолонинг олдида ўтмишини эслашидан аламланиш ва хижолат бўлишни пайдо қилиб кетади.
Масалан, ўтган солиҳ зотлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг раҳмат, карам, эҳсон, мағфират ва афвининг кенглигидан иборат гўзал исм-сифатлари ҳақида кўп тафаккур қиладиганлари бўлган. Шунинг учун ҳам унинг диний хатти-ҳаракатлари Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишдан иборат мустаҳкам пойдеворга асосланган гўзал ишлар бўлади. Қачонки одамларга Аллоҳ таолони эслатса, уларга фақат У зотни бандаларига фазли, карами ва неъматларининг кўплиги ва мағфиратининг кенглиги ҳақида гапиради. Тоат-ибодатларга ҳам ана шу ҳис туйғунинг ундови билан юзланади. Яна улардан баъзилари Аллоҳ таолонинг қаҳр, иқоб каби сифатлари, кенг қамровли кескин Илоҳий салтанати ва У зот ҳаддан ошганлар ва золимларга ваъда қилган азоб ҳақида кўп тафаккур қилганидан унинг диний ҳатти-ҳаракатлари қўрқув ҳисси ғолиб бўлган киши ҳолатига асосланган бўлади.
Хусусан ўтмиши бўйин товлаш, Аллоҳ таолонинг буйруқларидан қочиб узоқда бўлиш ва гуноҳу-маъсиятларга ғарқ бўлиш билан ўтган зотлардаги қўрқув ҳисси, Аллоҳ таолонинг ҳаққида йўл қўйган камчиликлари ва ёмон ҳолатини ҳис қилиш янада зиёда бўлган. Мана шу руҳий-шахсий вазиятлар ҳолат деб номланади. Чунки, у ўз соҳибига бир рўбарў бўлиб унда бир оз туриб, кейин ўтиб кетади. Гоҳида яна қайта келиши ҳам мумкин. Унинг қанча қолиши учун белгиланган вақт йўқ. Шунинг учун унинг туриб қолиши узоқроқ муддат бўлиши, гоҳида эса қисқа бўлиши мумкин.
Ўтган солиҳ зотлардан узун кечаларда мутлақо ухламайдиганлари бўлган. Масалан, Довуди Тоий раҳматуллоҳи алайҳ. У зот кечалари Аллоҳ таолога муножот қилиб: “Илоҳим, Сен ҳақингда ўйлашим дунё ташвишларини эсимдан чиқариб юборди. Мен билан уйқуни ўртасини тўсиб қўйди” дер эдилар.
Улардан бирлари Фузайл Ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ, у зот Арафотда ҳожилар билан турганларида бошқалар каби дуо қилмади ва ўша жойда ўқиладиган маъсур зикру авродларни ҳам ўқимади. Чунки, у кишини ўзига-ўзи зулм қилиб юрган оғир ўтмишини эслаши натижасида бир ҳолат эгаллаб олиб, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб хижолат бўлиш ҳисси қамраб олган ва дуо-ю, зикрлар билан машғул бўлишдан тўсиб қўйган эди.
Исҳоқ ибн Иброҳим ат-Тобарий Арофатда Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ билан бирга бўлганини ривоят қилиб айтади: “Мен Фузайл ибни Иёз раҳматуллоҳи алайҳни асло дуо қилганини эшитмадим. Фақат ўнг қўлини пешонасига қўйиб олиб, бошини қуйи солганича одамларга билдирмай йиғларди. Мана шу ҳолатда то одамлар тарқаб бўлгунча давом этди. Охири, ўрнидан туриш олдидан бошини осмонга кўтариб уч маротаба: “Эй, Аллоҳ, қасамки агар мени кечирган бўлсанг ҳам ҳузурингда шармандаман”, деди”.
Яна у зотларнинг орасида ушбу ҳолат зоҳирида тоат-ибодат саналадиган нарсани қилиб қўйганда истиғфор айтишга ундайдиганлари бўлган. Масалан, Сиррий Сақатий раҳматуллоҳи алайҳ у зот ўзлари: “Бир марта: “Ал-ҳамдулиллаҳ” деганим учун ўттиз йилдан бери Аллоҳга истиғфор айтаман” деган. У кишига: “Қандай қилиб, бунинг сабаби нима?” дейишганда. У: “Бағдодда ёнғин бўлди. Ўша пайт ёнимга бир одам келиб: “Сизнинг дўконингиз омон қолди” деди. Шунда мен: “Ал-ҳамдулиллаҳ” дедим. Шунинг учун ҳозиргача ана шу айтган сўзимдан пушаймондаман. Чунки, мусулмонларга етган ёмонликдан ўзимга яхшиликни истаган бўлиб қолдим” деди.
Яна ўшандай зотлардан баъзиларини ҳолати рўзадор бўла туриб рўзасини очиб юборишга ундаган(нафл рўза назарда тутиляпти). Масалан, Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳ. Йўлда сувфуруш ёнидан ўтиб кета туриб унинг: “Мендан сув ичган кишини Аллоҳ раҳм қилсин” деган сўзини эшитиб, дарҳол унинг олдига бориб, қўлидан сув ичдилар. Шунда шериклари: “Рўзадор эмасмидингиз?” деди. У зот: “Ҳа, рўзадор эдим. Лекин унинг дуосидан умид қилдим” дедилар. Мана шундай хатти-ҳаракатлар гоҳида тоат-ибодатларни фақат ташқи кўринишига қараб, кишиларни ички кечинма ва ҳолатларини эътиборга олмайдиган кишилар томонидан танқидга учраши мумкин. Чунки, улар барча одамларнинг ҳар қандай ҳолатдаги тоатини зоҳирини кўриб тоат деб билади ва ташқи кўринишидан хилоф бўлиб кўринган ишни ҳам ҳамма ҳолатларда шариатдан четга чиқиш ва динга хилоф қилиш деб билади. Лекин бундай юзаки қараш хато, балки хатарли ҳамдир. Ундан ҳушёр бўлиш ва огоҳ бўлиш барчага вожибдир. Мана шу Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматда : “Ҳолатларнинг турли-туман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турли-хил бўлади” деб баён қилган сўзларининг маъносидир.
Демак, амал Аллоҳ таоло томонидан қабул қилиниши ва савоб берилиши фақат унинг ташқи кўринишидаги номига боғлиқ эмас. Балки, бутун вужуди билан Аллоҳ таолога юзланган мусулмон кишининг қалбидан ўтаётган ҳолатга боғлиқдир. Дарҳақиқат Арафотда бир жамоа ҳожилар билан бирга турган Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳни ажратиб қўйган ҳолатдаги амалининг кўриниши Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш ва хижолат бўлиш ҳиссиётларига ғарқ бўлиш эди. Чунки у зот хаётидаги Аллоҳ таолодан қочиб, бўйин товлаб юрган оғир ўтмишини эслаб маҳзун бўлиб, қалбан надомат қилиб ўтирарди. Ҳеч шубҳа йўқки у кишининг ана шу ҳолати ўша ерда маъсур дуолар ва зикрларни такрорлаб дуо ва зикр қилиб ўтирганларнинг савобига тенгдир.
Сиррий Сақатий раҳматуллоҳи алайҳни бошқалардан ажратиб турган ҳолатдаги амалнинг тури бир маротаба ҳамд айтгани учун истиғфор айтган эди. Чунки у зот ўзларини бозордаги дўконлари ёниб кетган шерикларидан ажралиб қолиб дўконлари ёнмай омон қолганига хурсанд бўлиб ҳамд айтган ҳисоблаб пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолодан уялиб ҳижолат бўлди.
Довуди Тоий раҳматуллоҳи алайҳни ҳам ажратиб турган ҳолатдаги амалнинг навъи у кишини ҳар кеча ётиб ухлашдан тўсиб қўйувчи ана шу ташвишнинг ўзи эди. У кишини эгаллаб олган ҳолатни мулоҳаза қилинг. У ҳолат у зотга ётиб ухлаш учун ҳеч қандай ихтиёр қолдирмади. Яъни у киши ҳақида: “У Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мен рўза тутаман, оғиз очиқ юраман, кечқурун ухлайман ва аёлларни никоҳимга оламан” деган суннатларига хилоф қиляпти” дейиш мумкин эмас. Чунки у зот Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу суннатларига хилоф бўладиган бирор амални ўзи учун танлаб олгани йўқ. Балки у кишини эгаллаб олган ҳолат у зот ўзи ҳақида таърифлаб берган ухлай олмаслик ҳолатига мажбур қилиб қўйган.
Шунингдек Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳ мешкобчининг: “Мендан сув ичган кишини Аллоҳ раҳм қилсин!” деган сўзини эшитган пайтдаги у кишини эгаллаб олган ҳолатдаги амал ҳам ҳудди шундай бўлган. Чунки у зот мешкобчининг солиҳ, аҳли тақво инсонлигига ўзларида тўла ишонч ҳосил қилиб, унинг дуоси туфайли Аллоҳ раҳм қилганлардан бири бўлишдаги иштиёқлари таъсирида рўзани очиб, мешкобчининг қўлидан сув ичдилар. У кишининг мақсади шу баҳона билан рўзанинг машаққатидан қочиш эмас. Балки қалб орзулари бўлган Аллоҳнинг раҳматига тезроқ эришиш бўлган холос. Шунинг учун у зот ҳақида: “Лекин фуқаҳолар нафл ибодатга киришиш билан уни адо қилиш вожиб бўлади дейишган-ку!” деб бўлмайди. Чунки фуқаҳолар ўз ижтиҳодларига асосланиб шундай дейишган. Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам буни жуда яхши билган бўлишлари билан бирга у кишини эгаллаб олган ҳолат у зот майл қилган ижтиҳодга йўллаб қўйган.
Агар сиз ҳам Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ огаҳлантирган ушбу ҳақиқатни тушуниб етсангиз ва биз сизга юқоридаги солиҳларнинг ҳолатарини мисол қилиб шарҳлаб берган ҳақиқатни идрок қилсангиз ана шундай Аллоҳ таоло билан бирга бўлган ҳолатлари турли амаллар ва ҳатти-ҳаракатлар қилишга ундаган Раббоний солиҳ зотлар ҳақида танқид ёки ёмон гаплар билан тилингизни узайтирмайсиз.
Яхшилаб билиб олингки, ундай амаллар ички руҳий ҳолатлар сабабли турли хил бўладиган амаллар жинсига киради. Инсонлар Аллоҳ таолога яқинликлари, У зотнинг сифатларини идрок қилишлари ва У зотнинг азамати-ю буюклигини ҳис қилишга ғарқ бўлишда тафовутлидирлар. Масалан, гоҳида улар орасида яхши таомларни тановул қилишдан ўзини узоқ оладиган ва лаззатли ширинлигу ичимликларни кетидан қидириб топиб баҳраманд бўлишдан юз ўгирадиганларини кўришингиз мумкин. Яна баъзиларини агар Аллоҳ таоло унга ана шу покиза неъматлардан ҳеч бир қийинчиликсиз етказиб қўйса ундан ҳузурланиб баҳраманд бўлганларини ҳам кўришингиз мумкин. Биринчи тоифа инсонларнинг у қилган ишида ўзининг ихтиёри бўлмайди. Чунки уни эгаллаб олган холат худди ўлимга хукм қилиниб, ижро қилиш майдонига олиб кетиш олдида қўрқувдан кўнглига олдига қўйиб қўйилган лаззатли таом сиғмайдиган инсон каби, лаззатли ва яхши таому ичимликлардан тўсиб қўяди. Раббоний зотлар ҳам ана шу ўлим жазосига олиб кетилаётган одам мисоли яхши таом ва иштаҳали, лаззатли неъматларни кўнгилларига сиғдира олмаганлар. Лекин иккинчи тоифа инсонлар эса, уларда ўз хоҳиш иродаси бўлади. Чунки ундай кишиларни ҳолати Аллоҳ таолонинг лутфу марҳамат, афв ва икром сифатларини идрок қилиш сабабли хурсандлик ҳолати бўлади. Шунинг учун улардаги ички ҳис-туйғулар уларни Аллоҳ таолонинг: “Сен: «Аллоҳнинг Ўз бандаларига чиқарган зийнатларини ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» – деб айт. Сен: «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса (фақат ўзларига) хосдир», – деб айт” (Аъроф сураси 32-оят) деган сўзига амал қилишдан тўсмайди.
Мана шу тушунча биров: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига лаззатли таомларни харом қилганмидилар?” ёки яна бошқа биров: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва тобеъинларда ўзларига мавжуд мубоҳ лаззатлардан маҳрумликни ўзига фарз қилиб олганлари бўлганми? дейиши хато эканини билдиради. Чунки биринчи тоифа инсонларнинг ҳолати ўзларича Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ёки саҳобаларининг сийратларига хилоф қилишни ихтиёр қилиб олган инсонлар ҳолати эмас. Агар шундай бўлганда биз уларга эътироз билдириб, уларни бидъатчиликда айиблаган бўлардик. Лекин ҳолатлари уларга ғолиб келиб, уларни эгаллаб олган ҳис-туйғулари натижасида ўз ихтиёрларини йўқотишган. Улардаги ҳис-туйғулар ҳам мажбурий ҳаяжонланиш бўлиб уни ҳаром ёки ҳалол деб сифатлаб бўлмайди. Ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари орасида ҳам будай ҳолатлар улар билан покиза неъматлар билан ҳузурланиш ўртасини тўсиб қўйганлари бўлган. Масалан, саййидимиз Абу Дардо ва саййидимиз Абу Зар ва бошқа кўплаб саҳобалар розияллоҳу анҳум каби.
Аммо, иккинчи ижтимоий ҳолатларга келсак. Ундан мурод инсон ҳаётида дуч келадиган ҳолатлар бўлиб, масалан, уйланмаган ҳолатидан оилали бўлиш ҳолатига ўтиши, бекорчилик, бўш юрган ҳолатидан кейин маълум бир иш ва вазифаларга боғланиб қолиши ва ҳоказолар. Ҳаётий ўзгаришларда бундай ҳолатларга ҳар биримиз рўбарў бўламиз, ана шуларнинг барчаси ижтимоий ҳолатлар деб номланади. Агар сизга мана шу маълум бўлган бўлса, билиб қўйинки Аллоҳ таоло бандаларга фарз қилган асосий амрлари Аллоҳ ва Росулига иймон, беш вақт намоз, закот, рўза ва Байтуллоҳни ҳаж қилиш каби дин арконлари бўлган ибодатларни бажаришда ҳар қандай ҳолатдаги инсонларни барчалари бирдек мукаллафдирлар. Лекин ушбу асосий ибодатлардан кейинги турли хил ижтимоий ҳолатлардаги амаллар эса мусулмон кишининг ҳолатига қараб Аллоҳ таолога яқинлашиладиган энг муҳим амал ва ибодатлардан ҳисобланади. Бунинг учун ҳар-бир шахс ўз масъулиятини ҳис қилган ҳолда нияти соф бўлиши ва Аллоҳ таолонинг розилигини топишни мақсад қилиши шарт.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барчангиз масъулдирсиз ва ўз масъулиятингиздан сўралурсиз. Амийр масъулдир. У ўз масъулиятидан сўралур. Эр киши аҳли байтида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур. Аёл киши эрининг уйида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур. Огоҳ бўлингким, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, дедилар.
Мана, биз сизга ушбу ҳақиқатни қуйидаги намуна ва мисоллар билан ёритиб берамиз:
Бир уйланмаган йигит. Унда ўзидан бошқа ҳеч кимни масъулияти ҳам йўқ. Ушбу йигит қилиши керак бўлган Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи амаллар, барча мусулмонлар бажариши шарт бўлган асосий фарзлардан кейин, у қўшимча нафл ибодатларга кўпроқ вақт ажратиши, Қуронни тажвидга мувофиқ ўқишни бевосита устоздан ўрганиши ва тиловатни кўп қилиши, илмий мажлисларга қатнашиб диний билимини оширишидир. Албатта булар ўзининг шахсий ҳаётини қуришдаги келажакда зарур бўладиган дунёвий ўқиш ва касб-ҳунар билан машғул бўлишидан қатъий назар, биринчи ўринга қўйилиши лозим бўлган ибодатлари ҳисобланади.
Қачонки ана шу йигит уйланса, бас энди, оилали, ўзи ва аҳли оиласига масъул шахсга айланади. Шунинг учун бу йигит уйланмасидан олдин Аллоҳ таолога яқинлашиш учун қилиб юрган тоат-ибодатларига катта ўзгартириш киритиши керак бўлади. Биринчидан оиласини боқиш, барча эҳтиёжларини таъминлаш ва уларни бошқа бировларга қарам бўлиб қолишдан ва ҳаромдан сақлаш мақсадида сабаби тирикчилик қилиб ишлаши энг муҳим ибодатларнинг ажралмас бир қисми эканини билиши зарур. Шу билан биргаликда ишдан қайтганда оиласи даврасида бирга ўтириб очиқ чеҳра билан дўстона суҳбат қуриши, фарзандларнинг тарбиясини назорат қилиб, ҳидоят йўлида бардавом бўлишларига ёрдам бериши ва уларга дунё ва охират яхшиликларини ўргатиши ҳам ана шу ибодатларнинг энг асосий қисми бўлиб, ҳеч шубҳасиз бу йигитнинг ҳаётига кириб келган янги кўринишдаги бу амаллар шариат ҳукмига кўра солиҳ амал саналади. Йигит ушбулар билан бир қаторда бу янги ҳолатга киришдан олдинги шуғулланиб юрган қўшимча нафл ибодатлар, илм билан машғул бўлиш ва Қуръон тиловатидан ҳам маълум вақтларда вазифа қилиб олиб ўз насибани олиб туриши лозим. Бу масалани иккинчи ҳикмат шарҳида “Мидҳат Пошшо” бозори савдогарлари мисолидаги воқеълик билан тушунтириб берганимиздек вақтни тўғри тақсимлаш билан амалга оширилади.
Кези келганда шуни эслаб ўтишимиз лозимки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган видолашув хутбаларида: “Огоҳ бўлинглар! Албатта, аёлларингизнинг зиммасида сизларни ҳақларингиз бор. Албатта, уларнинг ҳам сизнинг зиммангизда ҳақлари бор” деганларидек ва юқоридаги ҳадисда: “Эр киши аҳли байтида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур” деб огоҳлантирганларидек эркак кишининг зиммасида аёли ва фарзандларининг риоясини қилиш мажбурияти бор. Агар эркак киши: “Мен кўпроқ нафл ибодат қилишим керак, зикрларни кўпайтириб, вирду вазифаларимни бажаришим керак” деб, уйининг бир бурчагига қамалиб олиб ёки бирон-бир ҳонақоҳга бориб, ётиб қолиб туну-кун ибодат билан машғул бўлса, оиласини ўз ҳолига ташлаб қўйиб уларнинг моддий таъминоти, еб-ичиши ва таълим-тарбиясига эътибор бермаса, шубҳасиз Ислом шариатига хилоф тарзда катта хато қилган гуноҳкор ҳисобланади. Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ривот қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи қутини берадиган(яъни ўз қарамоғидаги) кишини зое қилмоғи етарлидир” дедилар. Яъни бу инсон бошқа гуноҳ иш қилмаса ҳам, ўз қарамоғидаги шахсларни етарли таъминлаб қўймаса ёки бепарволик қилса гуноҳкорлиги учун ана шуни ўзи етарли бўлади. Чунки у қилаётган ибодатлар нафл бўлиб, у юз ўгирган нарсалар эса зиммасидаги вожиб бўлган ҳақлардир.
Келинг ушбу масалани янада яхшироқ тушуниб олишимиз учун асри саодатдаги бир воқеани ва у ҳолатни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай муолажа қилганларини эслаб, ибрат олайлик. Ёшлигида мусулмон бўлган саҳобий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида зуҳду тақвода, кўп ибодат қилиши, кўп рўза тутиши ва жуда кўп Қуръонни хатм қилиши билан танилган эди. У киши ўзига-ўзи сўз бериб: “Модомики ҳаёт эканман, кечасини қоим бўлиб, кудузини рўзадор бўлиб ўтказаман” деган эди. Ҳатто у кишининг отаси Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳу Қурайшлик энг гўзал қизларнинг бирига уйлатиб қўйганда ҳам, куёв бўлмиш ҳеч нарса ўзгармагандек, яна кечалари тинмай ибодат қилиб, кундузлари рўза тутиб юраверади. Бу ҳақда отаси Амр розияллоҳу анҳу насиҳат қилса ҳам, у киши ўзини ибодатга берилганлиги ва ёшлик ғурури таъсирида ота насиҳатини қабул қимайди. Ушбу вазиятдан хабар топган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чақириб: “Ундоқ қилма. Рўза ҳам тут, оғзининг очиқ ҳам бўлсин. Бедор ҳам бўл, ухлагин ҳам. Албатта, жасадингни сенда ҳаққи бор. Албатта, икки кўзингнинг сенда ҳаққи бор. Албатта, жуфти ҳалолингни сенда ҳаққи бор” дедилар. (имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган)

Шу ўринда ушбу масалани ҳар томонлама янада яхшироқ тушуниб олишимиз учун имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни ҳам эслаб ўтамиз. Унда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл кишига эри (уйда) бор бўла туриб, унинг изнисиз нафл рўза тутиши ҳалол бўлмайди” дедилар. Эътибор беринг “Ҳалол бўлмайди” деганлари ҳаром бўлади деган маънони ифода қилади. Демак, эрининг изнисиз нафл рўза тутиб ибодат қилмоқчи бўлган аёл аслида эрининг ҳаққига риоя қилмагани ва нафлни деб вожибни тарк қилгани учун гуноҳ иш қилаётган бўлади Яна юқоридаги ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл киши эрининг уйида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур” дедилар. Бу билан у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат ҳукмига кўра аёл киши эрининг уйида уй ишларини идора қилувчи ва эрининг мулкини муҳофаза қилиб, риоя қилувчи уй бекаси эканини эълон қилмоқдалар. Шунинг учун аёл киши зиммасидаги масъулятни ҳис қилган ҳолда уй ишларини тартибга солиб, фарзандларини ўз вақтида еб, ичиб, озода усти-бош билан мактабга боришларини назорат қилиб турса ва хонадонидаги саришталикка риоя қилиб турса, фарзандларини боқиш учун ишлаб, меҳнат қилиб ажру-савоб олиб келаётган эри билан савобда баробар шерик бўлади. Ҳатто мана шундай риояли аёл энг асосий фарз ибодатларни ўз вақтида адо қиладиган аёл бўлиши шарти билан эри ва фарзандларини риоясини қилиб толиқиб ёки вақт ажрата олмасдан қўшимча нафл ибодатларга улгурмаса ҳам, баъзи бир кечалари нафл ибодат билан бедор бўлгани учун чарчаб, фарзандларини еб-ичишига ҳам, кийимларини тозалигига ҳам эътибор бермай ўз ҳолига ташлаб қўйган, ўз масъулиятига беписанд аёллардан ажрда устундир (Бу ўринда ярим кунини сериал кўриш, соатлаб телефонда гаплашиш билан ёки бирон бир қўшни уйига чиқиб олиб чақ-чақлашиб ўтирадиган аёлларни гапирмаса ҳам бўлади).
Иккинчи мисол: Бир заводда ойлик ҳақ олиб ишлайдиган ишчи. Барча мусулмонларга бирдек фарз бўлган асосий ибодатларни бажаргандан кейинги бу ишчининг Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодати ана шу заводнинг раҳбари ишониб топшириб, шартномада келишилган ўз ишини пухта ва ўз вақтида бажаришидир. Бунинг маъноси шуки ишчи шартномада келишилган иш вақтини ҳаммасини ўша ишни яхшилаб бажаришга сарфлаши вожиб бўлади. Лекин беш вақт намозни фарз ва суннатлари билан ўқиш ва унга таҳорат қилишга кетадиган вақт мустаснодир. Чунки фуқаҳоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим: “Агар иш берувчи ишчи билан масалан саккиз соат ишлашга шартнома тузишса-ю, намоз вақтларини эсдан чиқариб ёки эътиборга олмай истисно қилишмаса ҳам ўз-ўзидан ўша вақтдаги намоз вақтлари шартномадан мустаснодир. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳаққи бандаларнинг ҳаққидан муқаддамдир” дейишган. Яъни иш пайтида намоз вақти бўлиб қолса сўзсиз унга вақт ажратилади. Лекин ишчига иш вақтидан намозга таҳорат қилиш ва фарзу суннатни ўқишдан ташқари ортиқча вақт сарфлаб қўшимча нафл намозлар ўқиш, тиловати Қуръон қилиш ва агар шаръий бўлса ҳам бирон бир илмни ўқиб ўрганиш билан машғул бўлиши мумкин эмас. Чунки ушбу инсоннинг ижтимоий ҳолати ундан бошқача кўринишда Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатни бажаришини тақоза қилади. У ибодат эса, шартномада ўз зиммасига олган вазифани сидқи дилдан яхшилаб бажармоғидир. Агар ана шу ишни бажаришда нияти холис Аллоҳ таоло учун бўлса, шубҳасиз, ўша нафл намоз ўқиган ва Қуръон тиловат қилган кишига бериладиган ажрни тўлалигича олади.
Аммо кўплаб ишчилар намоз вақти бўлганда намозга бориб келишни зиммаларидаги вазифани бажаришдан узоқроқ бўлиш ва ўз дангасаликларига баҳона қилиб, намозга кетадиган вақтни керагидан ортиқ узайтириб юборадилар. Кўпинча ишчилардан иборат бир гуруҳ намозхонлар намоздан кейин тўпланиб олиб, бир-бирларига гап отиб суҳбатлашиб ўтиришади. Ёки улардан баъзиси намоздан кейин ўтириб олиб ўзича Аллоҳ таолога яқинлашмоқчи бўлиб тиловати Қуръон билан ёки бошқа диний китобларни ўқиб ўтириб вақт ўтказаётганини ҳам кўришингиз мумкин. Лекин шариат ҳукмига кўра бу қилган иши жавобгарликни вожиб қиладиган гуноҳ саналади. Сабаби шундаки, унинг ана бу нафл ибодатларга сарфлаган дақиқалари шахсий мулки эмас, балки у шартномада кўрсатилган иш вақти бўлиб, иш берувчининг мулки ҳисобланади. Ишчи эса, намоздан кейинги қилган иши билан гарчи зоҳири ибодат бўлса ҳам, бировнинг ҳаққига душманлик билан тажовузкорлик қилган бўлади. Ушбу шаръий ҳукм динимиздаги барча шариат манбаларининг ижара бобида собитдир.
Яна шунингдек кўплаб ишчилар иш вақтида ўз ишларини чала, юзаки бажарадилар. Бундай хатти-ҳаракатлари билан ё улар ўз ишларини тўғри бажариш учун бор қобилятларини ишга солишдан эриниб ялқовлик қилишади ёки корхона раҳбарига нисбатан қалбларида ҳиқду ҳасад борлиги учун унинг иши ривожланиб кетишини кўролмасдан ана шундай йўл тутадилар. Ваҳоланки, уларнинг кўплари бу беписандликлари шариат мезони ва ҳукмида намозида беписандлик қилиб ёки ундан тезроқ қутилиш учун шошилиб баъзи фарзу вожибларини тарк қиладиган одамнинг хато қилмишидан кам эмас. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ишчидан талаб қиладиган тоат, балки ибодатнинг тури зиммасидаги вазифани бажаришдан ортиқ эмас. Шунинг учун ишни бажариш асносида ишчидан раҳбарига нисбатан содир бўладиган ҳар қандай хиёнат Аллоҳ таолога нисбатан қилинган хиёнат ҳисобланади.
Шунингдек раҳбарлик ишларини бажарувчи ўз идорасидаги раҳбар шахс ҳам асосий фарз ибодатларни бажаргандан кейинги уни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодати зиммасидаги вазифани пухта бажариши эканини билиши вожиб бўлади. Яна Аллоҳ таоло унинг қилган иши эвазига берадиган ажру-мукофоти бўш вақтлари бор обид инсонлар Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида бажарадиган нафл ибодатлар, тиловоти Қуръон, зикрлар ва бошқа тоату-ибодатларнинг ажру-мукофотидан кам эмаслигини ҳам билиши вожибдир. Лекин ана шу ишни бажаришда нияти Аллоҳ таоло учун холис бўлиши ва ўша иши шариатга мувофиқ ва халққа манфаатли бўлиши шарт. Шу каби турли даража ва мартабадаги сиёсий вазифаларда ишловчи шахс ҳам, Аллоҳ таоло барча бандаларига бирдек буюрган асосий фарз ибодатларини бажарганидан кейин, Аллоҳ таоло рози бўладиган ибодат у кишига нисбатан айтганда идорадаги хонасига кириб олиб тинмасдан зикру тасбиҳ айтиб ёки нафл намозларни ўқиши эмас, балки унинг ибодати ўз вазифаси бўлган халққа хизмат қилиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қадриятларини муҳофаза қилиш ва тинч осойишта, фаровон ҳаёт кечиришларининг тадбирини қилиш билан бўлади.
Мусулмонларнинг раҳбари ёки ўринбосари ёки аъёнларидан бирортаси мазкур вазифаларнинг риоясини қилиш мақсадида тунни бедор ўтказадиган бўлса, мана шу иши шубҳасиз Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатлар мезонида кечаси таҳажжуд ўқиб, дуо-ю истиғфор ва зикрлар билан бедор бўлган зоҳид обидларнинг ибодатидан кам эмас. Фақатгина ана шу сиёсий майдонда хизмат қилувчи шахсларнинг энг асосий мақсадлари Аллоҳнинг розилигини топиш бўлса бўлди. Шу билан бирга ана шу хизмат вазифалари барча бандаларга баробар фарз бўлган энг асосий ибодатларни ўз вақтида адо қилишдан тўсмаслиги ҳам шарт қилинади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларини турли хил тоату-ибодатларини бажаришлари учун уларнинг куч-қувватлари ва қобилятларини ҳар-хил тафовутда қилиб қўйди. Шунинг учун ҳар-бир куч, қобилият соҳиби ўз иқтидорига муносиб амалларни бажариши лозим. Ана шу иқтидорларнинг турли хиллигини воқеъликда кўришингиз мумкин.
Масалан, Аллоҳ таоло бир инсонни шаръий илм-маърифатларни тўла эгаллашга иқтидорли қилиб қўяди. Шунинг учун у доим ўқиб ўрганиш, изланиш билан ва турли хил воситалар орқали илмни тарқатиш ва дарс бериш билан машғул бўлади. Демак, мана шу иш Аллоҳ таоло томонидан у инсонга юкланган ибодат ҳисобланадиган амалнинг бир кўринишидир.
Бошқа бир инсон эса, илмий савияси юқори бўлмаса ҳам Аллоҳ таоло берган иқтидори билан муросасиз, жанжаллашган одамларни яраштириб, ўрталарини ислоҳ қилиб юради. Демак, Аллоҳ таоло берган бу инсондаги иқтидор ҳам, уни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи солиҳ амалларнинг бир туридир.
Яна бир учинчи инсонни ҳолатига назар солсангиз юқоридаги мазкур ишларнинг унисига ҳам, бунисига ҳам алоқаси йўқ. Лекин у ҳам Аллоҳ таоло берган иқтидор билан доим инсонларнинг хизматида, уларнинг ҳожатларини бажаришда ва уларни турли озорлардан ҳимоя қилишда ғайрат билан ҳаракат қилиб юради. Демак, мана шу хатти-ҳаракати Аллоҳ таоло томонидан унга белгиланган солиҳ амалларнинг бир туридир.
Шундай қилиб Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Ҳолатларнинг турли-туман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турли-хил бўлади” деган сўзлари билан ушбу ҳикматда назарда тутилган маъно ҳаммамизга очиқ-ойдин маълум бўлди.
Аммо, биз батафсил сўз юритган ушбу ҳикматнинг тарбиявий таъсирига келсак, юқоридаги мисолларда баён қилганимиздек Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи солиҳ амаллар ва тоат-ибодатлар маълум бир кўринишдаги ибодатлар билан чекланиб қолмагани ва инсонларнинг ҳолатига қараб турли-туман бўлишини билганимиздан кейин атрофимиздаги барча Аллоҳ таолонинг бандаларига нисбатан модомики мусулмон эканлар одоб билан муомала қилишимиз лозим. Яна сиз уларнинг баъзиларини ижтимоий ҳолатдаги турли хил иш, вазифалари билан машғул бўлиб, асосий фарзу суннатлардан ташқари нафл намоз, рўза ва зикру тиловатларга кам эътибор бераётганларини кўриб улар ҳақида ёмон гумонга борманг.
Шунингдек юқоридаги мисолларда эслаб ўтганимиз каби баъзи тақводор, зоҳид зотларнинг хатти-ҳаракатларидаги ташқи кўринишдан сизга дастлаб шариатга хилоф бўлиб кўринган ёки баъзиларини вараъ-парҳезкорлик бобида ҳаддан ташқари муболаға қилиб юборгандек бўлиб кўринган зотлар ҳақида ҳам ёмон гумонга бориб юрманг. Чунки ундай ишлар уларни эгаллаб олган шахсий-руҳий ҳолатларнинг натижаси бўлиб, у қилаётган ишларида уларга ҳеч қандай ихтиёр қолдирмаган.
Лекин вақеъликда кўп кўрганмиз, яна кўрмоқдамиз баъзи инсонлар Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтаётган ушбу ҳикматни тушуниб етмаганларидан ёки яхшилаб ўйлаб кўрмасдан ана шундай солиҳ зотлар ҳақида ёмон сўзлар билан тилларини узайтирадилар. Шунингдек яна баъзи инсонлар тилларини узайтириб, ижтимоий ҳолатдаги Аллоҳ таоло қўйиб қўйган масъулиятлари билан машғул бўлиб нафл ибодатларга, диний билимларини кучайтиришга ва кўпроқ тиловоту зикр билан шуғулланишга эътибор бера олмаётган кишилар ҳақида ҳам ёмон гаплар гапириб завқланишади. Билишмайдики, ана ўшаларнинг Аллоҳ таоло қўйиб қўйган вазифалари агар сидқи дилдан ихлос билан тўғри бажарсалар Аллоҳ таолонинг наздида ана бу зоҳирий нафл ибодатлардан кўра фойдаси ҳам, таъсири ҳам буюкроқдир.
Балки, ҳатто баъзи бир асосий фарз ибодатларда бепарволик қилаётган инсонларни кўрганимизда ҳам уларга тўғриликча эслатиб, самимий даъват қилишимиз вожибдир. Лекин улар ҳақида ёмон гумон қилишимиз мумкин эмас. Кўпинча Аллоҳ таоло уларни масъул қилиб қўйган вазифаларини бажаришлари асносида ана шу бепарволикларини тушиниб етиб, Аллоҳнинг тавфиқи билан тўғри йўлга ўтиб қолишлари мумкин. Буни ўзимиз кўплаб ана шундай инсонларнинг ҳаётида кўриб турибмиз.
Энди яна бир нарсани билиб қўйишимиз вожибки, бир кишини яхшиликка даъват қилиб, ёмонликдан қайтариш билан у инсон ҳақида ёмон гумон қилишнинг хатарлиги ўртасида катта фарқ бор. Чунки ҳеч қачон уларнинг бири иккинчисини келтириб чиқармайди. Яъни бизнинг вазифамиз ислом арконлари бўлган фарз ибодатларга бепарволик қилаётганларни насиҳат билан даъват қилиш ва айни вақтда улар ҳақида яхши гумон қилишга ҳаракат қилишимиз лозим. Шоядки, Аллоҳ таоло уларга ҳам тавфиқ бериб, яқин фурсатда У зотга қайтиб истиқоматда бўлсалар инша Аллоҳ!

Доктор Муҳаммадсаид Рамазон Бутий
Баҳодир Раҳматуллоҳ таржимаси
Масъул муҳаррир: Муҳаммад Айюб Усмон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган неъматлари беҳисоб экани ҳеч кимга сир эмас. У Зотнинг Ўзи Иброҳим сурасида .Агар Аллоҳнинг неъматини санасангиз, адоғига давоми...

425 19:00 / 24 март
16. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 718 сана ndash милодий 1318 санада Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида дунёга келдилар ва ҳижрий 791 сана давоми...

2776 19:00 / 12.11.2018
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган .Қуръонни кўтарган одамлар ухлаганда кечаси бедорлик билан, одамлар оғзи очиқ юрганда кундузи рўзадорлик билан, давоми...

3138 13:54 / 02.05.2020
1. Насиҳат диннинг мағизи, иймоннинг жавҳаридир.Шунинг учун дину диёнат ҳамда иймон мўминмусулмонларнинг Аллоҳ таоло учун, У Зотнинг Расули учун, Китоби учун, давоми...

2916 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

120088 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41756 14:35 / 11.08.2021