1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

ТАЯММУМ ҲАҚИДА

05:00 / 04.01.2017 8572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шарҳ: «Таяммум» сўзи луғатда «қасд қилиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса: «Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга суртиш таяммумдир».


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб: «Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У киши билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар сув бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар. Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», деди.

Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан ман қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар. Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди. «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар», деди. Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди): «Эй, Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», деди. Оиша айтадики: «Сўнг мен минган туяни турғизган эдик. Мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».

Шарҳ: Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолган Байдаа ёки Зотул Жайш номли жойлар Мадинаи Мунаввара билан Маккаи Мукаррама орасидаги маълум жойлардир.

Ушбу ҳодиса билан танишар эканмиз, саодат замонида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромлар ҳаётидан, ўшал ўхшаши йўқ ажойиб жамиятнинг ўрнакли ҳаётидан бир лавҳанинг шоҳиди бўлдик. Бу улуғ ҳаёт содда, камтарона ҳаёт ҳам эди.

Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолиб, охирги замон Пайғамбари бошлиқ бутун бошли бир аскарни тўхтатиб қолган, уларни машаққатга солган мунчоқлари ўн икки дирҳам (тийин) қийматга эга бўлиб, уни ҳазрати Оиша опалари Асмаа розияллоҳу анҳодан қарзга олиб таққан эдилар. Лекин худди ана шу ўн икки дирҳамлик мунчоқ мусулмонларга қиёмат кунигача осонлик яратувчи ҳукм - таяммум ҳақидаги Қуръон оятининг нозил бўлишига ҳам сабаб бўлди.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Ислом жамияти ҳаёти ана шундоқ ажойиб ҳаёт эди. Бу ҳаётга Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, гоҳо Расули орқали, гоҳо Қуръон орқали тузатишлар-у, йўлланмалар юбориб турар эди. Йўқолган мунчоқ ҳам, бир саҳобийнинг хатоси ҳам оламшумул аҳамиятга молик ишга айланиб кетиши ҳеч гап эмас эди.

Бунинг устига Ислом жамиятининг аёл кишига бўлган эҳтиромини қаранг! Ўн икки дирҳамлик мунчоқ учун қанчалик ишлар бўлиб кетди. Оиша онамизга бўлган бу ҳурмат бошлиқнинг хотини бўлганлари учун, эрларининг мавқеълари учун, саҳобалар томонидан бўлаётган тилёғламачилик ёки хушомад эмас эди. Балки кўпчиликнинг чин қалбдан қилаётган эҳтироми эди. Баъзи кишиларнинг Оиша онамиз устиларидан у кишининг оталари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга шикоят қилишлари шуни кўрсатиб турибди. Яъни, норози бўламан, шикоят қиламан, деганларга йўл очиқ эди. Ўша шикоят қилган кишиларга ҳеч ким бир нарса демагани фикримиз тўғри эканига далилдир.

Мазкур оддий ва содда, пок ва олий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошчиликларидаги, саҳобаларнинг иштирокларидаги ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг аралашувидаги намуна ҳаёт ўзининг барча баланд-пастликлари билан Қуръоннинг ҳаётга татбиқи ва қиёматгача мўмин-мусулмонларга ўрнак бўладиган, турли ҳукмлар ва ҳикматлар келиб чиқадиган ҳаёт эди.

Келинг, ушбу ўзимиз ўрганаётган ҳадисдаги келтирилган мисолдан ўша улкан ва соф ҳаётнинг бир парчасидан қанчалар фойда олишимизни биргалашиб кўриб чиқайлик:


1. Эр сафарга ўзи билан хотинини олиб бориши мумкинлиги.

Агар бу ҳодиса ғазот учун борилаётганда бўлганини эътиборга оладиган бўлсак, ҳатто, урушга ҳам олиб бориш мумкинлиги.

2. Аёл кишининг эри учун ўзини безаб кўрсатиш мақсадида мунчоқ ва шунга ўхшаш тақинчоқлар тақиши жоизлиги.

3. Ўзида йўқ тақинчоқни бировдан қарзга олиб та- қиш мумкинлиги.

4. Бировдан қарзга олинган нарса билан сафарга чиқиш мумкинлиги.

5. Йўқолган нарсани излаш кераклиги.

Чунки Исломда беҳудага молни зоеъ қилишлик ман қилинган.

6. Аёл кишининг кўнгли учун унинг нарсасини топишда ёрдам бериш зарурлиги.

7. Аёл кишининг баъзи хархаша ва ноқулайлик келтириб чиқаришларига нисбатан сабрли бўлиш кераклиги.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга бир оғиз сўз айтмаганлар.

8. Оилали аёл устидан эри туриб отасига шикоят қилиш мумкинлиги.

9. Бирор кўнгилсиз ишни унга сабабчи бўлган одамдан кўриш саҳобалар ичида ҳам бўлганлиги.

10. Таҳорат суви йўқ жойда тўхтаб туриш мумкинлиги.

11. Ота эри билан ўтирган қизининг олдига рухсатсиз кириб бориши мумкинлиги (албатта, олдиндан розилик бўлса).

12. Ота оилалик, уйлик-жойлик қизига ҳам одоб беришга ҳаққи борлиги.

13. Хотинининг сонига бош қўйиб ухлаш мумкинлиги.

14. Ухлаётган одамга озор етмасин, деб машаққатга сабр қилиш лозимлиги.

15. Сув йўқ бўлганда таяммум қилиш жоизлиги.

16. Таяммумга ният лозимлиги.

17. Таяммум барчага баробар эканлиги.

18. Оиша онамизнинг фазллари.

19. Оли Абу Бакрнинг баракали экани.

Бошқа бир ривоятда ушбу ҳодисадан кейин Пайғам баримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:

«Мунчоғингнинг баракаси қанча ҳам кўп экан», деганлари ва яна бошқа бирида Усайд ибн Ҳузайр у кишига:

«Сенга қачон ўзинг ёқтирмайдиган бир иш бўлса, албатта, ундан Аллоҳ мусулмонларга яхшилик келтиради», деганлари зикр қилинган.

20. Ислом енгиллик, кишиларни машаққатга қўймайдиган дин эканлиги. Сув топа олмай қийналиб турган кишиларга тупроқ ила таяммум қилишга рухсат бериш шундандир.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши Асмаадан мунчоқ қарз олган экан, йўқолиб қолибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан (баъзи) одамларни уни излаш учун юборибдилар. Бас, намоз вақти бўлиб қолиб, таҳоратсиз намоз ўқибдилар. Сўнгра келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда шикоят қилибдилар. Ана шунда таяммум ояти нозил бўлибди. Усайд ибн Ҳузайр (Оишага): «Аллоҳ сени яхшилик ила мукофотласин. Бас, Аллоҳга қасамки, қачон сенга ўзинг ёқтирмайдиган бир иш етса, албатта, ундан Аллоҳ сен учун ва мусулмонлар учун бир яхшилик чиқаради», деди». Иккала ҳадисни бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ривоят олдингисини тўлдириб келмоқда. Унда қуйидаги нарсалар зикр қилинмоқда:


1. Оиша онамиз мунчоқни опалари Асмаадан қарз олганлари.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан баъзи одамларни мунчоқни излаш учун юборганлари. Демак, шундоқ ҳам қилиш мумкин эканлиги.

3. Ўша пайтда намоз вақти бўлиб қолгани.

4. Мунчоқни излаш учун юборилган кишилар бетаҳорат намоз ўқиганлари.

5. Ўзларича қилган ижтиҳодларининг тўғри ёки нотўғри эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлари.

6. Аллоҳ таолонинг мусулмонлар ҳаётига бевосита аралашиб, пайдо бўлган муаммони ҳал қилгани.

7. Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳунинг Оиша онамизга мақтов гаплари. У киши нақиблардан эдилар. Яъни, Минодаги мадиналикларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берган байъатлари учун танлаган ўн икки кишидан бирлари эдилар.

8. Оиша онамиз туфайли бу ҳадисдан бошқа вақтларда ҳам мусулмонларга хайр-барака бўлгани (мисол учун «Ифк ҳодисаси»да).

ТАЯММУМНИНГ САБАБЛАРИ ВА БОҒЛАНГАН ЯРА УСТИГА МАСҲ ТОРТИШ ҲАҚИДА


Имрон ибн Ҳусойн ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан намоз ўқимай, ажраб четда турган бир одамни кўриб қолдилар ва: «Эй, Фалончи, одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима ман қилди?» дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга жунублик етган эди. Сув йўқ», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен учун пок тупроқ бор. У кифоя қилур», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Шариатга хилоф иш қилган одамни кўрганда, ундан нима учун бундоқ қилганини сўраш лозимлиги. Ўзидан сўрамай туриб, унинг устидан ҳукм чиқариб юбормаслик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан намоз ўқимаган одамни кўриб, унга:

«Сен жамоат билан намоз ўқимаганинг учун фалон бўлдинг», демадилар. Балки:

«Одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима ман қилди?» дедилар. Сўнгра унинг жавобига қараб, ҳукм чиқардилар.

2. Сув топа олмаган одам таяммум қилиши.

3. Жунубликдан ҳам таяммум қилиш мумкинлиги.

Таҳоратнинг ўрнига қилинадиган таяммум ҳам, ғуслнинг ўрнига қилинадиган таяммум ҳам бир хил бўлади.

4. Таяммум учун пок тупроқ бўлиши кераклиги.

Бу ҳам Ислом шариатининг мусулмонларга иложи борича осонлик яратишига далилдир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, пок тупроқ, агар ўн йилгача сув топа олмаса ҳам, мусулмоннинг покланиш воситасидир. Қачон сув топса, уни баданига етказсин. Албатта, ўша хайрлидир», дедилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Покиза тупроқ сув йўқ пайтида покланиш воситаси экан.

Яъни, ибодат учун таҳорат ва ғусл ўрнига ўтадиган рамзий покланиш воситасидир.

2. Таяммум учун вақт чегараланмаганлиги.

Унинг қанчагача давом этиши сувнинг бор ёки йўқ эканига боғлиқлиги.

3. Сув топилиши билан таяммум бузилиши.

4. Етарли сув бор жойда узрсиз таяммум қилиб бўлмаслиги.


Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга Бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот: «Эй, Амр, жунуб бўлиб туриб шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар. Мен ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини у кишига бердим ва:

«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганларини эшитганман», дедим.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар». Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Амр ибн Осс ибн Воил Суҳамий ал-Қураший, кунялари Абу Абдуллоҳ (574-663 милодий) Хайбар йилида Исломга кирдилар.

Бу зот Холид ибн Валид ва Усмон ибн Толҳа билан учовлари Мадинага ҳижрат қилишади ва Исломга кирганликлари хабарини бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилишади. Сўнгра Аллоҳдан гуноҳларини кечиришни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом ва ҳижрат, олдинги гуноҳларни ўчиради», деб марҳамат қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амр ибн Осс Қурайш қабиласининг солиҳ кишиларидан», деганлар.

Амр ибн Осс арабларнинг паҳлавонларидан эдилар.

Бу зот ҳаммаси бўлиб 39та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан ўғиллари Абдуллоҳ, Абу Усмон ан-Наҳдий, Қобиса ибн Зувиб ва бошқалар ривоят қилишган.

Аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни Зотус Салосилга, сўнгра, Уммонга бошлиқ қилдилар. Кейинчалик Шом, Миср ва Фаластинда бир неча йил амир бўлиб турдилар.

Бу зот вафот этишидан олдин кўп йиғладилар Ўғиллари: «Нега йиғлаяпсиз, ўлимдан қўрқаяпсизми?» деб сўраганларида, у зот:

«Ўлимдан кейин нима бўлишлигимдан қўрқаяпман», дедилар. Шунда ўғиллари:

«Қўрқманг, отажон, ҳаётингиз яхшилик билан ўтди, Исломга кирдингиз, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлдингиз. Шом ва Мисрни фатҳ этдингиз», деди.

Амр ибн Осс айтдиларки: «Менинг ҳаётим уч қисмга бўлинади. Олдинига кофир эдим, агар шундоқ ҳолатда ўлганимда, инсонлар Худога шукр, бундан қутилдик, дейишар эди. Сўнгра Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлдим, агар шундай ҳолатда ўлганимда, жаннатга тушишим аниқ бўлар эди. Булардан кейин амир бўлиб, бойликлар ва ҳашаматли уй-жойларга эга бўлдим. Булар мени фойдамга ёки зараримга бўлдими, шу тўғрида билмасдан армондаман».

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 43 санасида Фитр ийди куни Мисрда вафот этдилар. Ўғиллари Абдуллоҳ жанозаларини ўқидилар ва ана шу ердаги Миқто қабристонига дафн этилди.

«Зотус Салолил» ғазоти Мадинаи Мунавварадан ўн кунлик йўл масофасида бўлган бир жойнинг номи билан аталиб қолган. Бу ғазот 8-ҳижрий сананинг Жумадул уло ойида бўлиб ўтган.

Ҳадис қаҳрамони Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтишларича, ўша пайтда қаттиқ совуқ экан. Ғусл қилса, ҳалок бўлишдан қўрқиб, таяммум қилган ҳолда шерикларига Бомдод намозига имом бўлибдилар. Воқеъадан хабардор бўлган шериклар энди намозимиз нима бўлади, деб ўйлаб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилибдилар. У киши иқрор қилиш учун Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ишнинг ҳақиқатини сўрабдилар. У киши ишнинг ҳақиқати ҳақида хабар бериб, ўз фикрларини айтганларидан кейин кулиб, индамабдилар.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари бўлади. Яъни, бошқа бир кишининг қилган ишини шариатга тўғри келишини иқрор этишлари бўлади.

Бу ҳадисни ушбу фаслда келтиришдан асосий мақсад, сув бўлса ҳам ўзига зарар етишидан қўрққан одам совуқ ва шунга ўхшаш монеъликлар туфайли таяммум қилса мумкинлигига далил келтиришдир.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Совуқ туфайли ҳалок бўлишидан қўрққан одам таяммум қилса жоиз.

Шунингдек, душмандан ёки ваҳший ҳайвондан қўрқиб сув ололмаса ҳам таяммум жоиз.

Сув ўта совуқ бўлгани учун ундан зарар кўришдан қўрққан одам ҳам таяммум қилса жоиз.

2. Таяммумли кишининг таҳоратли кишиларга имом бўлиши мумкин эканлиги. Баъзи уламолар бу Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга хос, у киши бошлиқ бўлганлар, дейишади.

3. Шаръий ишларда иштибоҳ тушиб қолганда олим ва раҳбар кишидан сўраш ва иштибоҳ сабабчиси устидан шикоят қилиш дурустлиги.

4. Бировнинг устидан шикоят тушганда дарҳол ҳукм чиқармай, унинг ўзидан ҳақиқатни сўраб билиш зарурлиги.

5. Исломнинг осонлик дини экани.

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бор вақтларида ҳам ижтиҳод қилиш мумкин бўлгани.

7. Қилган ишига Қуръон оятидан далил келтириш.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даргоҳлари кенглиги.

9. Баъзи қизиқ нарсалардан кулиш мумкинлиги.

10. Исломда инсон ҳаёти ва соғлиги ўта қадрли эканлиги.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир сафарга чиққан эдик. Биздан бир кишига тош тегиб, бошини ёриб қўйди. Сўнгра ўша одам эҳтилом бўлиб қолиб, ўз шерикларидан: «Менга таяммумга рухсат топасизларми?» деди.

«Сен сувни ишлатишга қодир бўлиб турганинг- да, биз сенга рухсат топа олмаймиз», дейишди.

Бас, у ғусл қилди ва ўлиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда у зотга бу ҳақда хабар берилди. Бас, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни қатл қилишибди. Аллоҳ уларни қатл қилсин! Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?! Албатта, жоҳилликнинг шифоси саволдир. Унга фақатгина таяммум қилмоғи, жароҳатга латта боғламоғи, сўнгра унинг устидан масҳ тортмоғи ва баданининг қолганини ювмоғи кифоя қилар эди», дедилар». Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Улкан саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ривоятда ҳам саодат асридаги ҳаётнинг кўринишларидан бири ҳақида сўз бормоқда.

Баъзи кишилар томонидан содир этилган хато, унинг аламли оқибати ва натижалари баён қилинмоқда. Аммо ўша даврдаги хатолар ҳам, аламли ҳодисалар ҳам беҳуда кетмай, асрлар давомида мўмин-мусулмонларга фойда келтирадиган амалга айланар эди.

Сафарда тош тегиб, боши ёрилган саҳоба розияллоҳу анҳуни олайлик. У киши сафарда бўлсалар ҳам, бошлари ёрилиб жароҳатлансалар ҳам, ўзини поклаш, ибодат қилишнинг пайида бўлдилар. Ярадор одам ғуслнинг ўрнига таяммум қилса бўладими-йўқми, билмас эканлар. Шерикларидан бу ҳақда сўрадилар. Шериклари ҳам билмас эканлар, лекин эҳтиёткорлик йўлини тутдилар, қийин ва хатарли бўлса ҳам асл ибодатни қилиш керак, деб ўйладилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иш тамоман бошқача эканини баён қилиб бердилар.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Бир ҳукмни билмаган одам шерикларидан сўраши лозимлиги.

2. Доимо намозни қолдирмасликка ҳаракат қилиш лозимлиги.

3. Раҳбарнинг йўқлигида бўлиб ўтган ҳодисалардан уни хабардор қилиш кераклиги.

4. Бир масалани аниқ билмай туриб, фатво бермаслик кераклиги.

5. Билимсиз фатво бериб, ёмон оқибатга сабаб бўлиш оғир экани. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Уни ўлдиришибди, Аллоҳ уларни ўлдирсин!»

6. Билмаган нарсани сўраш кераклиги.

«Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?!»

7. «Албатта, жоҳилликниг давоси саволдир».

Шунинг учун биламайдиганлар биладиганлардан доимо сўраб иш қилиши керак.

8. Жароҳатли одам ғусл ва таҳорат пайтида жароҳатига сув тегизмаса жоизлиги. Агар жароҳатни боғлаб олган бўлса, ўша боғланган латта устидан масҳ тортишнинг ўзи кифоя қилиши. Жароҳати йўқ аъзоларини ювиши, кераклиги.

9. Исломнинг осонлик дини экани.

10. Исломда инсонинг ҳаёти ва унинг соғлиги олий даража қадрланиши.



ТАЯММУМНИНГ КАЙФИЯТИ ҲАҚИДА


Аллоҳ таоло: «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар. У ила юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар», деган.

Шарҳ: «Пок тупроқ» - Шофеъий ва Ҳанбалий маз- ҳаблари тушунчасида ғуборлик тупроқ ва қумни англатади.

Ҳанафий ва Моликий маҳзаблари тушунчасида эса тупроқ, қум, майда тошлар каби ер жинсига мансуб барча нарсаларни ўз ичига олади.

Ушбу ояти каримага амал қилиб таяммум қилган одам аввал ерга икки кафтини уриб, улар билан юзига масҳ тортади. Кейин икки кафтини ерга яна уриб, чап кафти билан ўнг қўлига, ўнг кафти билан чап қўлига масҳ тортади.


Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир одам келиб: «Мен жунуб бўлдим ва сув топа олмадим», деди.

Бас, Аммор ибн Ясир Умар ибн Хаттобга: «Эслайсанми, мен билан сен икковимиз сафарда бўлган эдик. Сен намоз ўқимаган эдинг. Мен эса тупроққа ағанаб, сўнгра намоз ўқидим. Кейин эса буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. Бас, у зот: «Албатта, сенга мана бундоқ қилмоғинг кифоя қилар эди», деб, ерга икки кафтларини уриб, уларга пуфлаб туриб, сўнгра улар билан юзларига ва икки кафтларига масҳ тортган эдилар», деди». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан жунуб одам ҳам таҳорати йўқ одамга ўхшаб таяммум қилиши кераклиги чиқади. Ҳазрати Умар ва Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳумоларнинг сафарда жунуб бўлиб қолишлари ҳодисасида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг намоз ўқимаганлари, сув топиб ғусл қилиб, ўқишни ният қилганликларидандир.

Бошқа ривоятларда у кишининг Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳуга «Сув топмагунингча намоз ўқимай тур», деб берган маслаҳатлари ҳам келтирилган.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Билмаган нарсасини биладиган одамдан сўраш зарурлиги.

2. Бўлиб ўтган нарсани шеригининг ёдига солиш.

3. Шариатда қиёс жоиз эканлиги.

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу ғуслга қиёс қилиб, жунуб бўлганларида тупроққа думаладилар.

4. Бўлиб ўтган иштибоҳли нарсани бошлиқ, олим кишиларга зикр қилиш.

5. Шаръий масалаларни янада тушунарли бўлиши учун иложи бўлса, амалда қилиб кўрсатишлик.

6. Қандоқ кайфиятда таяммум қилиш баёни.

7. Имом Молик ва баъзи кишилар ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб таяммумда кафтига масҳ тортса бўлди, чиғаноғигача масҳ тортмаса ҳам бўлаверади, дейишган.

Аммо жумҳур уламолар, жумладан, Ҳанафий маз- ҳаби уламолари ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида ва бошқа ҳадисларда келган маънони эътиборга олиб, билакларига чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади, деганлар.

8. Агар чангли тупроққа кафтларини урса, пуфлаб юбориш суннат эканлиги.

9. Шундан Абу Ҳанифа, чанги йўқ ер жинсига уриб пуфламай таяммум қилса бўлаверади, деганлар.

10. Ислом динининг енгиллик дини эканлиги.


Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Беъри Жамал томондан юриб келдилар. Бас, у зотга бир киши йўлиқиб салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга алик қайтармадилар-да, девор томон бориб, юзларига ва икки қўлларига масҳ тортганларидан кейин, унга алик қайтардилар». Бешовлари ва Шофеъий ривоят қилишган. У келтирган лафзда: «Юзларига ва икки билакларига масҳ тортдилар», дейилган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абул Жуҳайм розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Абул Жуҳайм куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг исмлари Абдуллоҳ ибн Жуҳайм ибн Ҳорис ас-Самма ал-Ансорийдир.

Бу зот саҳоба Убай ибн Каъб сингилларининг ўғиллари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар.

Бу кишидан Башир ибн Саид ал-Ҳазрамий, Муслим ибн Саид, Ибн Аббоснинг қуллари Умайр, Маймуна онамизнинг қуллари Абдуллоҳ ибн Ясорлар ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб салом берган одам, Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳунинг ўзлари эканлиги Имом Шофеъийнинг ривоятларида келган экан.

«Беъри Жамал» Мадинаи Мунавварага яқин жойлардан бирининг номи.

Бошқа ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саломга жавоб қайтарганларидан кейин «таҳоратим йўқ эди, ўша ҳолатда сенга алик олгим келмади», деганлар.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Деворга қўлни уриб таяммум қилиш мумкинлиги.

2. Таяммумда билакларга масҳ тортиш кераклиги.

3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимо таҳоратли юришга ҳаракат қилганлари.


Абу Довуд Ибн Умардан келтирилган ривоятда: «Бас, икки қўлларини деворга урдилар ва улар билан юзларига масҳ тортдилар. Сўнгра яна бир марта уриб, икки билакларига масҳ тортдилар. Кейин ҳалиги одамга саломга жавоб қайтара туриб: «Мени сенга салом қайтаришимдан фақатгина таҳоратли бўлмаганим ман қилди», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоят олдинги ривоятни тўлдириб ва унга баъзи аниқликлар киритиб келмоқда. Жумладан, юзларига масҳ тортиш учун алоҳида, билакларига масҳ тортиш учун алоҳида деворга кафтларини урганлар. Ҳамда салом берувчига нима учун унинг саломига дарҳол алик олмаганларини баён қилганлар.


ХОТИМА

АГАР ТАЯММУМ ҚИЛИБ НАМОЗ ЎҚИСА-Ю, СЎНГРА ВАҚТ ЧИҚМАЙ ТУРИБ СУВ ТОПИЛСА, НАМОЗИНИ ҚАЙТАРМАЙДИ


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «У киши Журуфдан қайтиб келаётиб Мирбадга етганларида таяммум қилдилар. Юзларига ва икки қўлларига масҳ тортдилар ва Аср намозини ўқидилар. Сўнгра Мадинага кирдилар. Қуёш кўтарилиб турар эди. Намозни қайта ўқимадилар.» Бухорий, Молик ва Шофеъийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: «Журуф» Мадинаи Мунаварадан уч мил узоқликдаги жой бўлиб, у ерда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мулклари бор эди.

«Мирбад» эса туя боғлайдиган жой бўлиб, Мадинаи Мунаввара билан Журуфнинг орасида жойлашган эди.

Ҳазрати Ибн Умардек зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан билмаган бўлсалар, бундоқ ишни қилмасликлари эътиборидан бу ҳодиса ривояти ҳам ҳадислар қаторига қўшилган.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:


1. Сафарда бўлмаган одам ҳам таяммум қилиши жоизлиги.

2. Таяммум ила намоз ўқигандан сўнг вақт чиқмай туриб сув топиш имкони бўлса ҳам таҳорат қилиб, намозни қайта ўқиш зарурати йўқлиги.


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши сафарга чиқдилар. Намоз ҳозир бўлди. Икковларининг суви йўқ эди. Пок тупроқ ила таяммум қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра вақт чиқмай туриб сув топдилар. Бас, улардан бири таҳорат ва намозни қайтарди. Бошқаси қайтармади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, у зотга бўлган нарсани зикр қилдилар. Бас, у зот қайтармаган шахсга: «Суннатни топибсан. Намозинг кифоя қилади», дедилар. Таҳорат қилиб, намозини қайта ўқиганга эса: «Сенга икки марта ажр берилади», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Аллоҳу аълам.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан таяммум билан намоз ўқиб, вақт чиқмай туриб сув топилиб қолса, намозни қайта ўқимаслик афзал эканлиги чиқади. Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламолар шунга иттифоқ қилганлар.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Намозни таяммум билан бўлса ҳам тезроқ ўқиб олишга ҳаракат қилиш зарурлиги.

2. Ижтиҳод қилиш жоизлиги.

3. Таяммум билан ўқилган намозни қайта ўқимаслик афзаллиги. Чунки у намоз вақтида ҳамма шартлари мавжуд бўлган ҳолда ўқилган намоздир.


Шу билан таяммумнинг сабабларига оид баъзи ҳадислар мажмуасини ҳам ўрганиб чиқдик. Албатта, бу мажмуа барча ҳадисларни ўз ичига олган эмас. Энди ҳадисдан бошқа далилларни ҳам қўшиб таяммумга сабаб деб келтирилган омиллар рўйхатини кўриб чиқайлик:


1. Таҳорат ва ғуслга кифоя қиладиган сувнинг йўқ бўлиши.

2. Сувни истеъмол қилишга қудратнинг йўқ бўлиши. (Тутқун, қамалган, ваҳший ҳайвон ёки душмандан қўрққан шахслар каби).

3. Беморлик ёки дарднинг тузалиши ортга сурилиш хавфи.

4. Сувга ҳозир ёки келажакда эҳтиёж бўлиши.

Таҳорат қилиб қўйса ўша ҳаётий эҳтиёжга етмай қолиши.

5. Агар сув излаб кетса, моли ҳалокатга учраш хавфи бўлса.

6. Қаттиқ совуқ ёки сувнинг ўта совуқлиги.

7. Сув оладиган асбоб ёки воситанинг йўқ бўлиши.

8. Намоз вақти чиқиб кетиши хавфи.


Ислом шариатида таяммумни жорий қилишнинг ҳикматлари кўп. Аввало, таяммум осонликни кўзлаб жорий қилинган. Агар таяммумга рухсат берилмай, нима қилиб бўлса ҳам сув топиб таҳорат ва ғусл қилиш керак, дейилса, одамларга қийин бўлар эди. Чунки инсон ҳаётида турли ҳолатлар бўлиши мумкин. Доимо сув топилавермайди. Таяммумга рухсат айни муддао бўлган.

Бу рухсат ҳаттоки, Исломдаги ҳар бир енгилликнинг рамзига айланиб қолган. Кишиларда осонлик томонини олиш ҳақида сўз борганида: «сув бўлмаса таяммум», дейилган экан, энди бу ишни қилаверамиз-да», дейиш одатга айланиб қолган.

Иккинчидан, таяммум тартибни, одатланган ишни тарк қилмаслик чорасидир. Агар сув топмаган ёки буни ишлатиш имконига эга бўлмаган одамга таяммумга рухсат берилмаса, у ибодатларни вақтинча ташлашга мажбур бўлади. Бу эса уни ёмон нарсага одатланиб қолишига сабаб бўлади. Кейинчалик сув бемалол бўлса ҳам дангасалик қиладиган бўлиб қолади.

Учинчидан, таяммум намознинг қанчалик аҳамиятли ибодат эканини кўрсатади. Ҳадислардан ўрганганимиздек таяммум асосан, намоз учун ишлайди. Айнан намозни ўз вақтида ўқиш учун таяммум жорий қилинган.

Тўртинчидан, таяммум Аллоҳнинг амрига бўйинсунишнинг ёрқин намунасидир. Таяммум билан моддий маънодаги покланиш, яъни, кирни кетказиш ҳосил бўлмаслиги мумкин, лекин унда Аллоҳнинг амрига бўйсунишнинг, маънавий покланишнинг олий намунаси бор.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
26МатнТашаҳҳуд ҳолатида икки қўлларини икки сонларига қўярдилар ва Аттаҳийяту лиллааҳи вас солаваату ват тоййибаат, ассалааму ъалайка айюҳан набийю ва давоми...

3710 05:00 / 09.01.2017
Яъни, охирги вақти чиқмай туриб бир ракати ўқиб қолинган намоз, вақт чиқмай туриб ўқилган ҳисобига ўтади. Гарчи бир ракатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам.Абу давоми...

3199 05:00 / 04.01.2017
...Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунёнинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир ерда давоми...

3466 05:00 / 04.01.2017
САЖДАДАГИ ДУО МУСТАЖОБДИР...банда саждада турганида Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин бўлиб турганда эса сўраган нарсаси қабул бўлиши ҳам энг яқин давоми...

11064 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

118722 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40690 14:35 / 11.08.2021